Marta o'qildi
Ўғлимга мактублар. Шеърлар. Карим Баҳриев.

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА
Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан.
Менга ҳам аталган бир қатим нур бор,
Ҳаво бор – тўлдирдим кўкракларимни.
Яна етиб келдим ўзингга, баҳор,
Офтобинг иситди суякларимни.
Бўлди, адо бўлди тизгинсиз қувват,
Энди сиғинарман мен ўз ғоямга.
Энди ўз ёғимда қоврилгум фақат,
Салом бергум фақат мен ўз соямга.
Мени кечирингиз, ўқимас, майли,
Бировга ёқмаса ғамангиз сўзим.
Билдим, қутқаролмас одамни одам,
Агар қўл чўзмаса Аллоҳнинг ўзи.
Тупроқнинг хуш иси, қушлар чуғури,
Майсалар шивири дилимга яқин.
Туғилган ҳар киши дам ўтган сари
Секин бораверар ўлимга яқин.
Туғилмаган ўлмас, ўлар туғилган,
Туғилган онингдан ёй тортди тақдир.
Кўз очган заҳотинг бир ўқ отилган,
Умринг – шу ўқ келиб топгунча вақтдир.
Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.
1992 – 2011
ШУЛ МАМЛАКАТДА
Наҳот бағринг тилинган эмас,
Элнинг дарди билинган эмас,
Ҳақорат гар шул мамлакатда
Шеърларинг ман қилинган эмас.
Қора рўйхат боқсалар эди,
Қўлга кишан тақсалар эди.
Ҳеч бўлмаса ёзганларингни
Гулханларда ёқсалар эди.
Золимлари амалдан банги,
Халқ сукутда, улкан сабрда…
Ким ростгўйдир – қамоқда банди,
Ким ҳалолдир – ётар қабрда.
Ким жасурдир – ўққа учибди,
Ким ботирдир – қафасда барбод.
Уяласан – ҳануз тириксан,
Уяласан – сен ҳануз озод.
Дорга томон бошинг кўтарсанг,
Гулчамбарни ёпар оломон.
Кўкрагингни ўққа тутарсан,
Шақирлатиб тақарлар… унвон.
1990
ИЛТИЖО
Руҳим, энди шу саҳар тирил,
кўзим, тоза гулларга қара –
улар ҳозир байроқдай қизил,
юрагимдай бағри қон, яра.
Руҳим, энди шу тонгда қўлла,
ўтиб кетар бошимдаги ғам,
қара, ўтиб кетмасдан гуллар,
учиб кетмай баргдаги шабнам.
Пок нурларни тўйиб симиргин,
ўтиб кетар дайди шаббода,
кўриб қолгин: бир қатим ёғду
бир сен учун ўйнар ҳавода. …
Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,
учиб битма, баргдаги шабнам –
ўтиб кетар, ахир, сизларга
боқиб йиғлаётган ана шу одам.
1984
ТИЛСИМЛИ ДУНЁ
Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.
Бунда сувлар шилдираб мангу
қучиб ётар тупроқни хушбахт;
бир тонг зангор гулбарг бўлар-у,
шовуллайди шамолда дарахт.
Бунда бари дилбар ва ширин,
тирикликка тўймас — дил ярим…
Юртдошларнинг қалбига яқин
йўлни излаб ўтар кунларим.
Фақат оқшом жимирлаб само
хаёлимга қуяди бир ғам –
мен севган шу тилсимли дунё
кирмас сенинг тушларингга ҳам.
1984
ЭВРИЛИШ
Турғун даврга чизги
Бугун Азон эмас, уйғотар Гимн,
Масжидга киришга патта керакдир.
Совутларни қўйдик йўлакка тўшаб,
Куллиётни қозон тагига ёқдик.
Энди ўт тулпорлар югурмас кишнаб,
Отни сўйиб едик, шунақа ишлар.
Жанггоҳларга пахта экиб ташладик,
Музейларга тушди кескир қиличлар.
Кесилиб қоғозга айланди изсиз
Шоирлар «сарвқад» деб ёзган чинорлар –
Уларга битилди дунёқарашни
Шакллантирувчи илғор шиорлар.
Демак, сиз бекорга турибсиз ҳуркиб,
Ҳеч ким уйғонмади биз айтган сўздан.
Бугун ўлтирибмиз чивинни қўриб,
Энди қўрқмаса ҳам бўлади биздан…
1983
Материаллар Карим Баҳриевнинг Факсебук саҳифасидан ва интернетдан олинди.
- - -