Marta o'qildi
"Қани эди..."...шеърлар. Маҳбуба Сувон Соқий қизи.
РУБОИЙЛАР
Мен каби ёлғизсан, азизим тупроқ,
Оғирдир танҳолик юкин кўтармоқ.
Мадад бер, етказгил охири Ёра,
Мушкулдир танҳолик ашъорин битмоқ.
***
Яхшилар кетдилар, ёмонлар қолди,
Чин сўзлар кетдилар, ёлғонлар қолди.
Шукурки, бор экан элнинг таянчи,
Хазонлар соврилди, қўрғонлар қолди.
Маҳбуба Сувон Соқий қизи
АЙТИШУВ
Йигит
Сен хақингда қайта ва қайта,
Чексиз варақ достонлар битсам,
Абадийлик хақида ёзиб,
Сарлавҳасин муҳаббат қўйсам.
Қиз
Сени куйлаб, дуторим чертсам,
Торларига илинса илинж.
Сенга атаб ғазаллар битсам,
Байтларидан тўкилса соғинч.
Йигит
Бу достонда қанча оғриқлар,
Қанча соғинч, қанча алам бор.
Хаёт шаъмин ёкиб турувчи,
Ногаҳоний сен - фаришта бор.
Қиз
Зиё бўлиб, қалбингга кирсам,
Қуёш бўлиб, ёғду таратсам.
Кўзларинга чўксаму мангу,
Меҳр номли қўшиқ яратсам.
Йигит
Бу туганмас достонлар аро,
Сенинг номинг тошга ўяман.
Китобларга ишонмай хатто,
Юрагимга ёзиб қўяман...
Маҳбуба Сувон Соқий қизи.
,,Кўҳинур"
16.10.2022 йил.
РУБОИЙЛАР
Қузғунлар кўзимни чўқиб кетдилар,
Юрагим чокини сўкиб кетдилар.
Ваҳ, ўнг-у сўлимга қараб улгурмай,
Фолбинлар қисматим тўқиб кетдилар.
***
Бу дунё катта бир ўйингоҳ экан,
Ҳақиқатнинг йўли рости- роҳ экан.
Ўзингни минг битта бозорга солма,
Аллоҳим даргоҳи қароргоҳ экан.
***
Ҳаётда рост сўзни девона айтар,
Ёмонлик бир куни ўзингга қайтар,
Яхшилик дастини тутгин эй, инсон,
Адашган бандани йўлидан қайтар.
***
Чаманда мен гўзал деди, атир гул,
Деди: Булбул менга берибди кўнгил.
Фасли хазон келиб, изғирин тургач,
Булбул ўчиб кетди,тўкилди буткул.
***
Дунё меҳварида айланар очун,
Фаслар алмашар, алмашар кун-тун.
Шу зайл умримиз ўтар-у кетар,
Қазо эшик қоқар алҳазар,бир кун.
Маҳбуба Сувон Соқий қизи
7.11.2022.
Мен само фарзанди, ерлик эмасман
Мен ғариб бир шоир,далли-девона,
Гоҳида шамдирман,гохи парвона.
Парвона қисмати куймоқ эрсада,
Жунун водийсида кездим мастона.
Мен само фарзанди, ерлик эмасман,
Қўлларингни бергин шамси-қамарим,
Кетдик самоларга қилмассан афсус,
Осмонимда бўлгин нурли ҳулкарим.
Самода зулм йўқ,осмон мусаффо,
Парқу булутларни қилиб халинчак,
Юлдузлар қаърига сингиб кетамиз,
Ой момо бўлармиш бизга беланчак.
Мен само фарзанди,юр, кетайлик,бас!
Висолга етамиз,сен ой,мен юлдуз.
Ерликлар риёкор,бизга кун бермас,
Ерда висолга ҳеч умид йўқ, афсус.
Аслида ошиқлар туғилмасданоқ,
Рухлари самода бўлмиш рухафзо,
Бобо қуёшни биз қилиб саждагоҳ,
Никоҳимиз ўқир кўкда Масиҳо.
Мен само фарзанди, ерликмас,асло,
Қўлларингни бергин моҳитобоним.
Сен содиқ Вомиқу,мен гўзал Азро,
Қара,қандай гўзал менинг осмоним!
Қўлларингни бергин менга мохитобоним....
✍Маҳбуба Сувон Соқий қизи
Қани эди...
Қани эди имконим бўлса,
Маҳшаргача ортингдан кетсам.
Йўқлик сари йўл олар бўлсам,
Ёнгинангда қайта тирилсам.
Бир умрга соянг бўлсаму,
Хоки-пойинг остида юрсам.
Қўлларингда танбуринг бўлиб,
Нолалаю-афғон чалиб берсам.
Менга атаб ёзган байтларинг,
Оташида шамдек эгилдим,
Қанча оғриқ,аламлар ичра,
Қайта-қайта сенга юкиндим.
Бири кам бу дунёлар аро,
Битта камим бўлди сенсизлик,
Сочларингдек тунларим қаро,
Қисматимга битдинг ёлғизлик,
Азизим...
Маҳбуба Сувон Соқий қизи.
18.09.2021й
Йўқолсин уруш!
Ўшанда ҳам фасли навбаҳор эди,
Ўшанда ҳам кўнгиллар баҳор эди.
Тинган эди,,Катюша,,нинг овози,
Янграр эди буюк ғалаба сози!
Ўйнаб,кулиб тиниқ осмон остида,
Карнай-сурнай садолари янгради,
Тинчиди тўпларнинг гумбурлоқ саси.
Ҳар гўшада ғалаба нашидаси
Сталинград,Будапешт остонасида,
Жангоҳларда қолди ўғлонлар ҳоки.
Қасам ичдик тинчлик кошонасида,
Етим қолган гўдак,бевалар хаққи.
Йўқолсин фашизм,бўлдик деб,ғолиб,
Энди сира,сира тўкмаймиз деб,қон.
Қасамларни буздик ғафлатда қолиб,
Азиз Ватан учун бергандик-ку жон!
Хали бир аср ҳам ўтмай орадан,
Яна гумбурлади бомба овози,
Дунёни тутдику гўдаклар доди,
Осмонни титратди она фарёди!
Эй,сиз, қардош рус ва украин оғам,
Тўҳтатинг бўлмасидан кеч урушни,
Одам Ато наслиданку сиз ҳам,
Истардик сизларни бахтли кўришни.
Бунчалар ҳам қаҳринг қаттиқ одамзод,
Бугун дунё чидолмагай нолангга.
Қачон бўлди сенга меҳр- оқибат ёт ?
Қонли тарих қолдирмагин болангга!
Йўқолсин фашизм,
Йўқолсин уруш!!!
Маҳбуба Соқиева.
4.03.2022 йил
МАЖНУНТОЛ
Сув бўйида маъюс мажнунтол,
Сочин ёйиб турибди ҳамон.
Унинг жондан азиз фарзанди,
Сойга чўккан экан бир замон...
Шундан бери кўтармаскан бош,
Боласини изларкан гирён.
Бу фироққа беролмайин дош,
Кеча-кундуз тўкаркан кўз ёш.
Фарёд уриб, сочи паришон,
Боласини соғиниб нолон
Кўрарманми дея, ногаҳон,
Сув юзини ўпаркан хар он.
Кўп замонлар ўтди шу зайл,
Умидини узмади наҳот!?
Мажнунтолга қўшилиб,йиғлаб,
Осмонда ой кўтарди фарёд.
Само чоки сўкилиб кетди,
Абри найсон қуйди жоласин.
Юлдузлар хам тўкилиб кетди,
Толни қучиб, гуё боласи...
Маҳбуба Сувон Соқий қизи.
ОНАЖОНГИНАМ
Эрта-сахар туриб очган дарвоза,
Юзи фариштадан олган андоза.
Қалби тиниқ,булоқ сувидек тоза,
Менинг мунисгина онажонгинам.
Овқат қилиб,нонлар ёпар куюнчак,
Иш буюрмас уйда туриб келинчак,
Қулоғига тақиб райҳону-чечак,
Менинг мушфиққина онажонгинам.
Ухламайди ўйлаб ўғил-қизини.
Той босарку,ахир отнинг изини.
Саксонда хам қўлда рўзгор тизгини,
Менинг хокисоргина онажонгинам.
Келинлар ҳам бир кун қариб,толади,
Молу-дунё бари ортта қолади,
Қайтар дунё,боласидан қайтади,
Менинг жону-жаҳоним онажонгинам.
Айтилмаган роз
Қирларни турналар эта бошлар тарк,
Яшил япроқлар ҳам сарғайиб қолди.
Зангор кўрпасига силкитиб этак,
Осмон ҳам кумуш тўн ёпиниб олди.
Қушлар кўча бошлар,чуғур-чуғур соз,
Кўклам видо чалган бир нола қолди.
Паришон ҳаёлим этиб сарафроз,
Қароғимдан оққан бир жола қолди.
Турна қур-қурига бўлиб жўр овоз,
Умидим қушлари этдилар парвоз.
Юракда бир тугун-айтилмаган роз,
Забонимда ўтлиғ битта
,,Оҳ,, қолди....
Бўлолмас ҳеч ким...
Бемор бўлсанг агар сочларинг силаб ,
Дардларингни олиб, вужуди титраб,
Ҳуш каломи ила эркалаб, сийлаб,
Мен каби ҳамдаминг бўлолмас ҳеч ким...
Олислардан келсанг бўлиб интизор,
Йўлларингга кўзин тикса-ю зор-зор.
Соғинчдан сарғайиб ҳар шому-наҳор,
Мен каби ҳамдаминг бўлолмас ҳеч ким.
Ёзган мактубларинг ёд олиб, такрор,
Ўзгалар севгисин айлабон инкор,
Дил розин то ҳануз этолмай изҳор,
Мен каби ҳамдаминг бўлолмас ҳеч ким .
Бевақт ажал келиб, кўз юмса ногоҳ,
Сўнгги бор йўлингда кўзи нигорон.
Сўнгги нафасда ҳам,исмингни пинҳон,
Такрорлаб ҳамдаминг бўлолмас ҳеч ким.
Мен каби ҳамдаминг бўлолмас ҳеч ким,..
хеч ким...
✍Маҳбуба Сувон Соқий қизи.
Асссалому алайкум азиз муҳлислар, дўстларим!
Мен Қарши шаҳрида туғилдим.
Самарқанд Давлат кооператив институтини товаршунослик факультетини рус тилида тугатиб. ,,Олмос,, Республика улгуржи заргарлик буюмлари базасида Қарши филиал раҳбари лавозимида ишладим.
Хозирги вақтда ижод билан машғулман.
Камтаргина ижодим қалбингизга йилт этган нур олиб кирса, ўзимни бахтиёр хис этардим.
Барчангизга яхши кайфият тилаган холда
✍Маҳбубангиз.
Шеърлар Маҳбуба Сувон Соқий қизининг Телеграм саҳифасидан олинди.
- - -