Шеърият


Marta o'qildi

"Бир китоб ўқидим,сарлавҳаси сен.."..шеърлар. Малика Тавфиқ.

БОЛАЛИГИМ.
Қайда қолди соф, беғубор болалигим,
Оқиб кетди мен чўмилган ариқларда!
Қолган ёди, ширингина ҳаёллари,
Яшаяпди юракдаги ёриқларда.
Изласам ҳам топилмасди ҳеч муаммо,
Отажоним елкасидан тушмас эдим,
Энди эса меҳрибонлар сероб, аммо,
Бир эркалик қилишга ҳеч сиғмас ҳаддим!
Ҳарҳашалар қилар эдим ҳаддан ошиб,
Сўзим сўзу, истакларим қонун эди!
Ким нечанинг кўнгли билан ҳисоблашиб,
Илтифотлар қилишим шарт ўзим энди!
Золим йиллар ўша жажжи қизалоқни,
Турмуш деган оғир йўлга бошлаб кетди,
Бу дунёнинг ташвишлари беҳижолат,
Юзларимга изларини ташлаб кетди!
Тонгда қўнган шудрингдан ҳам эдинг тоза,
Фариштадек гуллардан ҳам эдинг сўлим.
Тушларимга кириб тургин ҳеч бўлмаса,
Суратларда қолиб кетган болалигим!
   *                       *                  *
Кимнидир йўқотмоқ бу оғир эмас,
Оғирдир яшамоқ ҳар куни йиғлаб.
Юрак яна бироз чидаб берса бас,
Унутиб олсайдим сени амаллаб!
Юрсам кўчаларда тирилар изинг,
Уйимда деворлар киради тилга.
Ҳар кун суратингни чизасан ўзинг.
Ўзинг тўкиб кетган мажруҳ кўнгилга!
Елкамни эзади армон деган юк,
Кулсам, кулгуларим олар бўғзимдан.
Лекин қийноғинг ҳам шунчалар суюк,
Қизғаниб кетаман уни ўзимдан!
Кун бўйи ҳаёлинг этар фаромуш,
Хажринг яноғимга босаверар лаб.
Тунлари умидинг майидан сарҳуш,
Соғинчинг бағрида қоламан ухлаб.
Соатлар бир лаҳза олмайдилар тин,
Йиллар бирон марта олмас танаффус.
Қанча авайламай, асрамай, лекин,
Хотиранг кексайиб бормоқда...
Афсус!
Шундай яшаяпман...
Омонат бўлиб,
Билсанг, борлиғимни барбод этгансан.
Менинг Қуёшимни қўйнингга солиб,
Ойимни етаклаб олиб кетгансан!
 
*                    *                       *
Мусофирнинг қисматига қилманг ҳавас,
Кўз ёш томган шўр ошини татиб кўрмай.
Ўзга юртнинг ердек тақир тўшагию,
Тошдек қаттиқ болишида ётиб кўрмай!
Муҳокама қилманг уни беҳижолат,
Ич-ичидан не дарди бор билар ўзи.
Уйингиздан кетиб кўриб бир кун фақат,
Кейин ўша мусофирга тиланг тўзим!
Ўзингизни бир боргина "ҚЎМСАШ" деган,
Дунёда энг баланд дорга осиб кўринг.
Болангизни соғинганда ўзинимас,
Суратини бағрингизга босиб кўринг!
Осон билманг...
Бошингизга тушмасин ҳеч,
Кўз ёшларин йиғса дарё бўлармиди.
Милтиқ тираб турсангиз ҳам унга қолса,
Унга қолса шу қисматга кўнармиди!
Бошга тушмай бир нималар демоқ осон,
Ўзи билар ҳар ким ўздан ўтганини.
Билмайсизку нима сабаб ютганча жон,
Узоқларга бошин олиб кетганини!
Мусофирнинг қисматига қилманг ҳавас,
Кўз ёш томган шўр ошини татиб кўрмай...
  *                    *                      *
СЕН...
Бир китоб ўқидим, сарлавҳаси сен,
Ва сенинг ҳақингда бошдан оёғи.
Мазмунини яхши тушунмадиму,
Аммо кўз ёшларнинг йўқдир адоғи.
Ҳар вароғ сўнгида чўкаверди тун,
Ҳар янги вароғда порлар офтобинг,
Балки мен минг бора ўқишим учун,
Чиройли яратган Аллоҳ китобинг!
Ўтган кунларингда кездим фаромуш,
Аралашмоқ бўлдим муаммоларга.
Қанча саҳифасин ўқидим ҳомуш,
Қувонсанг шод бўлдим сен билан бирга!
Тугатдим,
Ва қайтдим бошига яна,
Яна ҳар мисрага кетдим тўкилиб.
Ўқилмаган бетлар қиларди гина,
Ўша саҳифанинг чети букилиб.
Кундузлар қўлимдан қўймасдим бир зум,
Ёстиғим остида тунлар китобинг,
Мен ундан ўқидим севаман деган,
Ҳеч кимга бермайман деган хитобинг!
Харфлар тизилиб дедилар бу чин,
Ишон сўзларимга, бегумон ишон.
Одамлардан кўнглим қолиб кетгану,
Наҳот китоблар ҳам сўзласа ёлғон?!
Бир китоб ўқидим,
Сарлавҳаси "СЕН"...
Малика Тавфиқ
 
Шеърлар шоиранинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish