Marta o'qildi
Икки қутб . ҳикоя. Умид Али.(1978)
Жувон дераза олдида музтаргина турибди. Нигоҳи дераза кўзларига шитир-шитир урилиб, сирпаниб-сирғаниб тушаётган томчиларга қадалган.
Алланечук товуш таралади. Юракни ўртаб юборгудек аламли товуш. Гўёки ёмғир фиғон чекаётгандай, нола қилиб йиғлаётгандай.
“Бу қандай сир бўлди?” – ёмғир манзарасига қараб жувоннинг юраги ҳаприқади.
Деразадан нарёғи оппоқ туман, одамни ром этгулик ҳеч вақо йўқ. Бироқ ана шу туман бағрини ёриб, ёпирилиб урилаётган ёмғир жувоннинг нигоҳига ришта улаган.
* * *
Йўлакдаги эшик очилиб-ёпилди. Оёқ товушининг “дўп-дўп”и, кейин йўғон овозда кимнингдир йўталгани эшитилди.
Жувон сергак тортиб йўлакга шошиб чиқди.
Шаҳвари. Қўлида қаппайган елимхалта. Афт-ангори бир аҳволда, ивиб кетибди.
Жувоннинг эрига раҳми келди: “Шамоллаб қолмасин, бояқиш”.
– Ёмғир ёғишини туш кўрибманми, қўққисдан ура кетса де, палакат…
– Ундай деманг, – жувоннинг кўнглида уйғонган меҳр ўрнини алланечук оғриниш эгаллади, – ундай деманг!
Йигит анграйиб қолди. Севинчи ичига сиғмаётган рафиқасининг фавқулодда тўнини тескари кийиши таажжубга солди.
Жувон тумшайиб, ичкари кирди. Тағин дераза олдига силжиб борди. Маъюсҳол ёмғирни томоша қила бошлади.
Чордевор ҳаммомнинг эшиги товуш берди.
* * *
Йигит шалаббоси чиққан кийим-бошини жон-жаҳд-ла ўнг-чапга айлантириб, сиқди. Тоғорага шариллаб сув тўкилди. Ёмғир суви.
Йигит суви сизиб олинган энгил-бошини шундайгина дорга ёйиб қўймади. Бир-икки сира илиқ сувга чайиб олди. Шундан кейин дорда кийимларининг ҳовури кўтарилди.
* * *
Жувоннинг кўзларида ёш балқиди. Деразага термула туриб йиғлаб юборди. Товуш чиқармаслик учун лабларини қимтиб олди.
“Ғофил у, ғирт жоҳил… – койиган бўлди эрини. – Шугинани ҳақорат қилса-я, бефаҳм…”
Дераза сувга бўккан, ҳануз “кўзёш” тўкяпти.
“Ахир… ахир чора тополмай, ўзини шу ерга уряпти, нола қиляпти-ку, бу одам бўлса… эҳ…”
Жувон энди ҳовучи билан юзини яширди.
* * *
Йигит газ плитаси мурватини буради. Гугурт чақиб, олов ёқди. Қўлларини гуриллаб ёнаётган оловга қалади.
Ҳур-ҳур ёнаётган оловдан завқ туйди. Кўзлари яшнаб кетди унинг. Сезилар-сезилмас жилмайди.
Олов шуъласи йигитнинг бор вужуди узра таралди. Сўнг бу қалби… руҳига ўтди.
* * *
Туйқус ёмғир тинди.
Туман чок-чокидан сўкилиб, пора-пора бўлди.
Атроф тиниқлашди.
Рўпарадаги баланд уйлар, икки-уч терак бўйли катак-катак бинолар шундайгина кўз олдида ястаниб турди.
Мусаффо осмон тағин бўй берди. Тип-тиниқ.
Жувон дераза кўзларида илиниб қолган томчиларга ғарибгина боқди. “Шар-шарр”, “шитир-шитир”ларга ўрганган қулоқ ён-верга сер солди.
Йўқ, томчи товушлари батамом тинган; теваракни энди еру осмонга бўйлагулик “ку-ку”, “чирқ-чирқ”…лар эгаллаганди.
* * *
Йигитнинг чеҳраси ёришди. Ҳануз дераза олдида қозиқдай қадалиб турган жувон томон йўналди.
Йигит дабдурустдан парипайкарининг нозиккина елкаларини қучиб олди.
– Ана, офтоб ҳам чиқди, – астойдил шодланди йигит.
– Ёмғир… – қолган гапи бўғзида қолди жувоннинг.
– Қўйсанг-чи, офтобни қара, яшнатганини қара, олам нурга тўлди-ку…
Жувон индамади. Енгилгина бош ирғаб тасдиқлаган бўлди-ю, ичикди.
Ёмғирни қўмсади.
* * *
Тунда момақалдироқ гумбурлади. Яшин чақди. Сўнг теваракни “шитир-шитир” товушлар боса кетди.
Йигит бошини кўрпага буркаб олди.
Жувон тўшакдан сирғалиб чиқди. Дераза олдига шошилди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон
Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган.
2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, «Аъло кайфият» журнали бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Ҳозирда «Афросиёб» газетасида фаолият юритмоқда.
«Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» шеърий ва насрий китоблар муаллифи. 2009 йилда элликдан зиёд ўзбек ижодкорлари билан уюштирган суҳбатлари «Кўнгилга сайр» номи билан чоп этилди.
ziyouz
- - -