Мақола

Наврўз байрами тарихи ва трансформацияси. Акбар Идиев,Жаҳонгир Остонов.


Marta o'qildi

Наврўз байрами тарихи ва трансформацияси. Акбар Идиев,Жаҳонгир Остонов.

Наврўзни ҳар йили нишонлаймиз-у, лекин кўпчилигимиз бу байрамнинг тарихи ва қаерларда ўтказилиши борасида аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Айримлар эса фақат Ўзбекистонга хос байрам деб ўйлаши ҳам мумкин. Хўш, Наврўзнинг тарихи қандай, уни қачондан ва қай мақсадда нишонлай бошлашган? Ҳозирда қайси давлатларда тантана қилинади? Бугунги мақолада Oyina.uz колумнистлари билан шу каби саволларга жавоб излаб кўрамиз.

 

Манбалар нима дейди?

 

Наврўз атамаси Авесто ёзилган тилдан олинган бўлиб, “nava” – янги, “rəzаŋh” – кун, ёруғлик дегани. Бугунги форсчада “нав” янги, “рўз” кун, “янги кун” маъносини беради. Мазкур терминнинг илк ёзма манбаларда учраш тарихи милоддан аввалги II аср, яъни Парфия давлати ҳукм сурган даврларга тўғри келади. Аҳамонийлар даврида ҳам Наврўзга ўхшаш байрам нишонлангани тўғрисида археологик топилмалар орқали тахмин қилинган. Лекин Наврўз термини бирор ёзма манбада тилга олинмаган.

 

Авестога кўра, Наврўзга Турон ҳукмдори Афросиёб томонидан Эрон подшоҳи Сиёвуш ўлдирилган кун деб таъриф берилади. Шунингдек, бу кун янги йилнинг бошланиши сифатида алоҳида аҳамият касб этган. Фирдавсийнинг “Шоҳнома” эпосида Наврўзнинг вужудга келиши афсонавий подшоҳлар Қаюмарс ва Жамшид образларига боғланган.

 

Наврўз ҳақидаги пичоққа илинадиган тафсилотлар Сосонийлар даврига тўғри келади. Янаям аниқроғи, Ардашер I ҳукмронлиги йиллари Наврўз байрамига йилнинг асосий куни сифатида қаралган. Совғалар инъом этиш, шоҳнинг йирик қабул маросимлари, маҳбусларни афв этиш каби бугун ҳам амал қилинадиган одатлар шу даврда шаклланган.

 

Наврўзнинг тарихий илдизлари борасида жуда кўплаб манбаларда маълумотлар учрайди. Хусусан, Авесто, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Табарийнинг “Тарихи Табарий”, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Тафҳим”, “Қонуни Масъудий”,  Масъудийнинг “Муруж аз-заҳаб”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Муҳаммад Ҳусайн Бурҳоннинг “Форснома”, Ҳофизи Абрунинг “Зубдат-ат-таворих”, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий”, “Хазойин ул-маоний”, асарларида байрам ва унинг тарихига оид қайдлар мавжуд.

 

Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: “Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди. – Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар зижлари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган”.

 

Нишонланиш ва номланишдаги трансформациялар

 

Байрамнинг оммалашуви илк ўрта асрларга тўғри келади. Айнан ушбу даврда гуллаб яшнаган Сосонийлар империяси (224–651) ва Марказий Осиёнинг савдо алоқалари юксалган нуқтаси Сўғдда кенг нишонланган.

 

Кейинги даврда ислом кириб келиши билан байрамга оид қарашлар турлича кўринишга эга бўлган. Уларнинг баъзиси бу байрамни нишонлаш жоиз эмас деб ҳисоблашса (Абу Ҳафс Кабир ва Муҳаммад Ғаззолий), баъзилари нишонланиши мумкин деб ўз фикрларини билдириб ўтганлар.

 

Мазкур масалада Беруний келтирган маълумотлар қизиқ бўлиб, байрамлар икки турга бўлинган – дунёвий ва диний. Биринчи тоифадаги байрамларнинг дастлабкиси сифатида Наврўз қайд этилиши ҳам унинг эътиқодий аҳамиятга эга эмаслиги ҳақидаги қараш Х асрда устун бўлганидан далолат беради. Аммо Умар Ҳайём мазкур масалада асар ёзишига сабаб сифатида дўстининг байрамнинг яралиш тарихи ҳақидаги сўровини келтириб ўтиши ушбу асрга келиб Наврўзга оид маълумотлар бирмунча тарқоқ ҳолатга келиб қолган, деган хулосага етаклайди.

 

Наврўз байрами Аббосийлар халифалиги даврида дам олиш куни сифатида белгиланган. Халифалик заифлашганидан кейин вужудга келган Мовароуннаҳр ва Хуросондаги маҳаллий сулолалар, хусусан, Сомонийлар ва Бувайҳийлар даврида Наврўзнинг мавқеи янада ошди. Айниқса, Бувайҳийлар Сосонийлар давридаги айрим одатларни яна қайтарди. Кейинги туркий ва мўғул сулолалар ва давлатлар ҳукм сурган даврларда ҳам Наврўзни нишонлаш давом этди. Эронда Исломий инқилобдан кейингина унга қараш ўзгарган. Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё ва бошқа кўплаб туркий ва форсий халқлар яшайдиган ҳудудларда Наврўз асрлар бўйи байрам қилиб келинган.

 

Ислом тарихига оид манбаларда ҳам ушбу кунга оид тушунчалар кенг қўлланилганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.

 

Наврўзи Жамшидий афсонавий шоҳ Жамшид номига бориб тақалса, Наврўзи Султоний машҳур Салжуқий ҳукмдор Жалолиддин Маликшоҳ номи билан боғлиқ. Шу билан бирга, Сосоний ҳукмдор Пируз даврида ҳам трансформация юзага келиб, байрам Наврўзи Пирузи сифатида ном олган. Аммо ном ўзгаришига қарамасдан, асл моҳият ўзгармаган ва бу кун янги йилнинг бошланиш санаси сифатида нишонлаб келинган.

 

Замонавий дунёда Наврўз

 

Байрамдаги ритуаллар ва атрибутларнинг ҳудудлар миқёсида турлича эканлиги унинг маҳаллий шароитга мос ҳолатда шакллангани билан изоҳланади. Лекин бу жараён 1926 йилга келиб Совет ҳукумати томонидан социалистик республикаларда тақиқланиши билан бироз сусайди, аммо пассив кўринишда бўлса ҳам оилавий давраларда ритуаллар амалга оширилиши тўхтагани йўқ.

 

Сиёсий режим бироз юмшаши натижасида 1967 йили дастлаб Озарбойжонда оммавий Наврўз сайли уюштирилди. 1989 йил 26 февралда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети идеология комиссияси Расман республика ҳудудида Наврўз байрамини тиклаш тўғрисидаги тарихий қарорни қабул қилди.

 

Ҳозирда Наврўз Яқин Шарқдан тортиб Хитойгача бўлган минтақада кенг тантана қилинади. Эрон, Ироқ, Туркия, Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон, Россиянинг туркий халқлар яшайдиган ҳудудларида, Болқон яриморолидаги давлатларда жами 300 миллион аҳоли Наврўзни нишонлайди.

 

Акбар ИДИЕВ,

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторантлари

oyina.uz

- - -


< Orqaga qaytish