Мақола

Хатоларни тўғирлаш фасли.    Уллибиби Отаева.


Marta o'qildi

Хатоларни тўғирлаш фасли. Уллибиби Отаева.

Барча халқлар каби хоразмликлар ҳам аввало, дунёга пайғамбарлару азиз -анбиёларни берган мўътабар зот- оналарни эъзозлаб уларга нисбатан ўз ҳурмат-эҳтиромларини намоён этишга интилишган.Хива туманининг Саёт қишлоғидаги Бибиҳожар эна қабри ана шундай ёдгорликлардан биридир. Бу жаннатмакон аёл пиру устоз-Шайх Нажмиддин Кубронинг оналари бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг “Лисонут-тайр” асарида ул зотни замонасининг пешвоси эканлигини, валийлик қудратини улуғлаганлар:

Шайх Нажмиддин Кубро Қутби даҳр,
Бир назардин кимгаким еткурса баҳр,
Ёрубон нури валоятдин кўзи
Ўзлигидин айрилур эрди ўзи.

Бибиҳожар эна қабри Муҳаммад Раҳимхон 2 ( Ферузхон) даврида қайта таъмирланган.У ерда катта хонақоли масжид солинган.Бу муқаддас маскан сўнгги йилларда ўз кўринишини йўқотганди.Хайрият, унинг гумбаз, пештоқ айвонлари яна қайта таъмирланди.Кўркам кўринишли боғ ташкил қилинди.

Ичан Қаъладаги Биби Ровия қабри. Паҳлавон Маҳмуддай буюк зот назари тушган бу аёлга эъзоз рамзи сифатида унинг қабрига гумбаз қилиниб, эътибор билан сақланиб келинмоқда.

Бикажон бика мадрасаси. Бу мадраса Шоқаландар бобо номи билан ҳам аталади. Ота дарвоза билан Ота ҳовуз оралиғидаги бир минорали мадраса. Бикажон бика бефарзанд бўлган.Эри Шоқаландар аёлига меҳри зиёдалигиданми ва ё қайноғаси бўлмиш хондан истиҳола этибми Бикажонни талоқ қилолмаган. Фақат дарду дунёси қоронғу, зурриётсизликдан ичдан фарёд уриб дарвешларга қўшилиб кетиб қолган.Тақдир иззат-обрў, давлату зийнат билан сийлаган, лекин бепушт Бикажон, вафодор эрининг йўлларига кўзлари нигорон бўлиб, уни интизорлик билан кутаётгани рамзи сифатида ўз танмаҳрамига атаб мадраса қурдира бошлайди.

Шоқаландарсиз кунларини қурилиш ишларини кузатиш, бунёдкорлик ишлари билан ўтказмоқчи бўлади. Кунларнинг бирида ўз аъёнлари билан шикорга бораётган хон янги қурилаётган бино қаршисида тўхтаб, “бу кимга таауллуқли?”, дея сўрайди.
-Куёвингизга, тўғрироғи, синглингизга,-дейишади аъёнлари.
-Мендан берухсат-а?,-дейди хон ва қурилиш шу тахлит тўхтаб қолади.

Мунғайиб, чала ётган мадраса хоннинг хаёлига ўксик қалбли синглиси-Бикажонни солади.Шуям дунёдан беном-нишон ўтиб кетмасин.Қолаверса, масжиду мадрасани ҳеч ким орқалаб кетмайди-ку? Эл-юрт наф кўради, деган хаёлда хон ҳазратлари қурилишни давом этдиришга рухсат беради.Қарангки, бу тоқатли аёл номи ҳали-ҳануз ёдланиб келинмоқда. ( Ҳали омонлик бўлса яна неча юз йиллар дуои фотиҳа қилинажак!)

Тўрабекхоним! Бу салобатли , гўзал исм кўпчиликка таниш.Аёл киши оқилалиги, тадбиркорлиги рамзидай жаранглайди у! Ақл ва малоҳат ошиқлари ҳар доим ҳам мўл бўлган. Тўрабекхоним таърифини эшитган Султон Санжар унга ғойибона маҳлиё бўлиб қолади. Лекин Тўрабекхоним кўнгли “тирқ” этмаган кишига тегиб кетаверадиганлар хилидан эмасди.Уни забт этиш, бўйсундириш ҳам осон эмасди.Султон дарёни бўғиб, элни сувсиз қўяди.Ёвузликка қарши маккорлик деганларидай Хоним гўё Султонга тегишли розилик бергандай бўладию, дарёни бўғовдан чиқариб қочади.У янги қулунлаган отларни миниб йўлига бияларни ( янги бўшанган отларни) боғлаб қўйиб келганди.Отлар ўз жигарбандлари олдига тезроқ етишиш учун жон — жаҳдлари билан чопади.Шу тариқа Султон Тўрабекхонимга етолмай ортда қолиб кетади.

Ҳазорасп туманидаги Пичоқчи ( Султон Санжар ,Тўрабекхонимга қараб пичоқ отган), Жувондур ( ҳай, тўхта, тур, дея хитоб қилган) деган жойлар номлари ҳам ўша ривоят билан боғлиқ.Ниҳоят, Султон аёл кишидан енгилганим учун дунё юзи менга ҳаром дея, лашкарларига кўринишга ор қилиб тоғнинг ғорига пичоғини итқитиб ўзиям кириб кетган. Ўша мард, жасоратли, тадбиркор аёл шаънига Кўҳна Урганчда катта гумбазли мақбара қуриб қолдирилган.

Ушбу сатрларни тўлиб-тошиб ёзарканман, талабалик йилларимдаги бир воқеа ёдимга тушди. Гуруҳдош дугоналарим билан Самарқанду Бухоро, Қашқадарёю Сурхондарёнинг осори-атиқаларини томоша қиларканман ҳар гал6 “Эҳ, Хивага борсангизлар, бизнинг ёдгорликларни кўрсангизлар эди”,-дея фахрланиб, ора-сира Паҳлавон Маҳмуд, Жума масжид ҳақида гапириб қўярдим. Тегирмон навбати билан деганларидай ниҳоят ёзги таътилда дугоналар бизникига келишди. Ҳаяжонга тўлиб-тошиб ташрифни уйимиз яқини-Тошҳовлидан бошладик.

-Бу ер-хоннинг ҳарамидай бир гап бўлган. 40 қиз-40 кундош яшаган бу ерда. Мувурдак арава-қиз овловчилар гоҳ ўғринча, гоҳ катта пул эвазига узоқ-яқиндан қиз келтириб туришган.
-Э, ўлсин, хон бўлмай!
-Қочиб кетишса бўлмасмиди?!..
-Э,-ёш қизларнинг ваҳимасини босиш учун ҳазил аралаш давом этади кузатувчи,-ҳар бирининг қулоғи, бўнию қўлларини безаган тиллою забаржадлар сон-саноқсиз бўлган. Шунча олтин-кумушни ташлаб ақли бор аёл қаёққа ҳам қочарди!

Уёғи менинг қулоғимга кирмади. Заргарона нафислигу, маҳорат билан ишланган безаклар мафтун этолмади бизларни. Қани, ўша пайтда билсайдим, номларини юқорида санаганим ёдгорликларни! Эй яхшилар, шошманглар, хотин-қизларни қувиб тутиб, ҳадеб Тошҳовлига қамайверган эмаслар. Уларни эъзозлаб номларига обидалар ҳам ўрнатганлар, деган бўлмасмидим?

Хайрият, ўша кунлари қишлоқдан бизникига меҳмонга келган энам…Тарихнинг тирик гувоҳи жонимга оро кирган.
-Йўқ-ай…зино қилган, бузуқ йўлга кирганларни шундай жазолашган.Худо урибдими, бегуноҳни пишак билан бир қопга солиб!…Зиндонга ҳам ёмон иш қилганлар ташланарди,-дедилар энам. Қизлар енгил тин олгандай бўлишди, ниҳоят. Менинг қалбимда эса ушбу шеър туғилди!

ХИВА, МУЗЕЙДА.ХОН ЗИНДОНИДА

Деҳқонлар учунмас, асли зиндонлар
Ниятлаб қурилган каззоблар учун.
Қарзу фарз билишган хонлар золимдан
Олиб бермоқликни мазлумлар ўчин.

Лек нечун йўқ бунда қалбаки заргар,
Ё бир хиёнаткор ё бирор ўғри.
Бунда ҳам панд бериб ё фирибгарлар
Қочган, бўшатганча деҳқонга ўрнин...

Бу воқеалардан сўнг қанча сувлар оқиб ўтди.Замонлар, давр-давронлар эврилди.Тарихга муносабат ўзгарди.Энди янгича, тўғрироғи, ҳақиқат талқинини тингламоқчи бўлсангиз Хивамизга ташриф буюргайсиз

1993 йил апрел

Уллибиби Отаева 1948 йил 22 апрелда Хива шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1976). Дастлабки шеърлар тўплами — «Нашида» (1976). Шундан сўнг шоиранинг «Бармоқлар сеҳри» (1980), «Замин дарғаси» (1991), «Шукрона» (вафотидан сўнг чоп этилган, 1998) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Навоий ғазалига шарҳлар ёзган. 1996 йил Москва шаҳрида вафот этган; Хивада дафн қилинган.

  Хуршид Даврон кутубхонаси

- - -


< Orqaga qaytish