Marta o'qildi
"Севги қилар тантана, мазлумнинг кўз ёшида"..турк шеърияти. Аҳмет Ялчинкая.
ҲИКОЯ
ҳазон япроғи эди у куни замон
ва аёл хиёнат туғди
садафдан
етти зарпечак умрини яашаб
фарёд фарёдига
етти маҳал тушаркан қулаб
замон оқсар эди у куни
қон Қирмизи эканлигин билса-да
илон туғилди бирдан
сувлар тескари оқди / йўқ қуриб қолди
у кун қорасовуқ яширин
оловга ташланди
оловни бўғди
ва тўхтаб қолди
тўхтаб қолди хивчинларни кутаётгандек гўё
етти кун ухламаган тегирмон
ҲИЖРОН АЗОБИ
сени кел демасман
сен каби бепарво мен ҳам
узоқ иқлимлардан чорламасман йўқ
хавотирга сира тушмасман
учратиб қолсанг
булбулсиз боғларга
қочарман
(эҳтимол шунда ҳам қалбимни
жароҳатларсан балки)
олис денгизларга кетарман сузиб
қанийди тезроқ унутсам сени
(эҳтимол кемам оқизиб келар
узоқ иқлимлардан қошингга мени)
ХОТИРА
Ул олис хoтиралар забтига олар яна,
Қуёшни, юлдузларни йўқотиб қўйган жойда.
Осмон сари юксалар, ўтдай ёниб, оҳ, бу сас,
Зулмат кўксини тилиб, оғушга олар кунни.
Ўз юртида қонаган юрак яраси битмас,
Ул олис хoтиралар забтига олар яна.
У эски кўчаларда янграган қўшиқ саси,
Кишан ва занжирларни узган саҳар муждаси.
Севги қилар тантана мазлумнинг кўзёшида,
Ва бапоён юртларнинг тупроғида, тошида,
Билурман; ғолиб келар озодлик нашидаси,
У эски кўчаларда янграган қўшиқ саси,
Ҳасратнинг тўлқинлари ёйилди кенгликларга,
Заҳарлар болга дўнди, зиндонлар – гул боғчаси.
Олис хотираларни мудом солади ёдга,
У эски кўчаларда янграган қўшиқ саси.
Аҳмет Ялчинкая
Турк тилидан Жаббор Эшонқул ва Ғайбулло Бобоёр таржимаси
- - -