Шеърият

27 - ноябрь.Шоир Асқар Маҳкам тўғилган кун. Мактуб.   шеърлар.   Асқар Маҳкам.


Marta o'qildi

27 - ноябрь.Шоир Асқар Маҳкам тўғилган кун. Мактуб. шеърлар. Асқар Маҳкам.

Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж. Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

033

* * *

Дийдор олис кетди дарёлар қадар,
Дийдор кўчди ердан юлдузлар қадар.
Дийдор ерга кирди жувонмарг каби,
Бунча олис кетди азиз дийдорлар…

* * *

Мен бу шамолларга нима ҳам дердим.
Улар ўзимдан-да тантиқ ва худсар.
Мен умримнинг ярмин уларга бердим,
керак бўлса борин берардим агар.

Улар мендан хабар элтар бувимга,
сигирларга, мозор толларига ҳам.
Сариқ хазонларни сочар юзимга,
баргрезон боғларга қўйганда қадам.

Кейин даричамиз остида ётиб
итдек улиб чиқар то тонгга қадар.
Бувим топиб олар мени йўқотиб,
секин яниб қўяр: «Асқар, эҳ Асқар!..»

Похолларга ётиб ой думалайди,
сой бўйида бир қиз ўлтирар хомуш.
Сунбул сочларида жим ўрмалайди
пастқам кулбаларда мудраётган туш.

Шамол бадар кетар тепалар ошиб,
дарича ортида ўчар садолар.
Яна бурунгидек ақлдан озиб,
бошини тошларга урар дарёлар…

***

Оғир-оғир қуюлар туман,
Оғир тоғлар чўккандай бўлар.
Туман бўлиб ўтар кўнгилдан
Туманлардан кечилган йўллар.

Реза-реза томчилар ташлаб,
Сочларингга сингар изғирин.
Лабларингни тўймайди ялаб,
Қилич каби яланғоч қуюн…

Оғир-оғир қуюлар туман.

МАКТУБ

Во дариғо…
Во дариғ…
Дариғ…
Сен машҳарга ёқув ердасан
Мен бу ерда танҳо ва ғариб
«Ғариб бувим сен қаердасан…»
Кийганим оқ
кийганим кўкдир
ай тупроғим қандай бандасан?

Ичим менинг қаро куюкдир
куйган бувим сен қаёқдасан…
Ҳей садқайи одам кет Асқар
Ким бўлибсан
бир саёқдасан…
Манглайи шўр
ичгани заҳар
шўрлик бувим сен қаёқдасан…

БУВИМГА ЮБОРИЛМАГАН МАКТУБ

Яна ёмғир ёғар тўзғиб, тирқираб,
осмон томоғида ярақлар ханжар…
Бу тўзонлар аро манзилгоҳ истаб,
умринг қай соҳилга ташлади лангар?..

Сўққа муслимадек ваҳдат ғорида
туйдинг руҳ косасин заҳру болини,
рўшино кунларинг рўшноларида
оҳулар тўлғотди кумуш ёлини…

Ой бистари куйиб битган нафасдан
фариштанинг товус қаноти ёнди
ва какликлар учиб кетди қафасдан,
пичоғини тишлаб қотиллар қолди…

Гумдон кечаларда бир гумроҳ каби
талмовсирар сарсон-саргашта шамол.
Гарчи бу шоҳ, гарчанд бу гадо қабри,
сенинг қабринг менинг бошимда, Аёл!..

Мени ўлдиролмас қисмат бари бир,
бир кун оёғингга қайтарман ўзим, —
Мушкил кунларингга гунаҳкор, мункир,
мункиллаган бувим, муслимам, бувим!

Нечун яна фарёд, нечун яна зор?
тақдир ҳамон тўзмас чориқларида…
не-не юлдузларнинг синиқлари бор
байтулҳазан кулбанг ёриқларида.

Яна ёмғир… Хайр, ёлғизим бувим!
Яна ёмғир… Хайр, мен энди қайтай…
У на яздон руҳи, на жим-жит ўлим, —
маймун йиғисига қолган бир мендай…

БУВИМГА МАКТУБ

Бувигинам,
бормисан омон?
Омонмисан
намчил тонгларда?
Оёқларинг оғрирми ҳамон
мўрисимон намозшомларда?

Мен уйғоқман,
жон буви, гапир,
киприкларим толиқсин, майли,
кўчаларга термилма, ахир,
кўзларингнинг оқи сарғайди.

Итлар узоқ-узоқ акиллар
далаларнинг
намчил бағрида.
Юлдузларнинг нури чарсиллар
лойсувоқ том сомонларида.

Тушларингда кўрасан кимни,
қизарганда уфқлар лаби?
Ёстиғингга чўккан бошингни
мен севаман шу Ватан каби.

Тиришади шом ажинлари,
милтирайди дарчада чироқ,
иблисона гўзал тунларни
мен севаман шеърдан-да кўпроқ.

Кофарниҳон бир зум тинчимас,
тўлқинлари
соч каби қўнғир.
Кофарниҳон –
бир ўткинчимас,
Кофарниҳон – мунгли куйчидир.

Мен севаман
дарё-ю тунни,
тўлқинланар
ёғдулар тарам.
Орзу эди қисиматга дўнди,
бирозгина шоирлигим ҳам.

Бувигинам
ёнсин чироғинг,
оппок тунлар тўлғоқсиз ва жим,
доғлар аро қотди нигоҳинг,
чекдим,
унинг доғини чекдим.

Биз дунёда шундайин элмиз:
«Жигар» деймиз куямиз, лекин,
болаларим улғаяр менсиз,
танирмикан энди отасин…

Дарё…
Дарё оқаверади
олисларга ташлаб ғулғула,
бироқ ой ҳам оқаверади,
тўлқинларда
сачрайди шуъла.

Ҳураверар
итлар ҳам токи
ёт шарпалар кезаркан тунда,
булар бари қисматдир боқий,
бу қисматбоз кўҳна очунда.

Лек, билмайман,
тун суронлари
ва дарёнинг тўзон тўлқини,
уйғотса-да руҳсиз жонларни,
уйғотолмас мангу уйқуни.

Лек, билмайман,
чарчоқ кўзларинг
кўчаларга сочилган онда,
узоқларга ёлғиз термилиб
топарсанми мендан нишона?..

Йук,
рўёлар васвасаси бу,
бу тун аро униққан унлар.
Кўзларимга ботмоқда уйқу,
хайр, буви,
хайрли тунлар.

И Ш Қ

Куюк бир жон эдим, жону жаҳоним ўртади Ишқ, Ишқ,
Сўнгаклар сирқираб сингайки, қоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Қиличлар тиғида қон ўрнида чаҳ-чаҳлади булбул,
Ёниб жон хокидан ақлу имоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Тириклик қиссасин бир сўз ила мен достон қилдим,
Суханпардоз, тазарру қил, забони ўртади Ишқ, Ишқ.

Маним сайёра умрим йўлларин ситоралар айтсин,
Ки ҳар қайга оёқ қўйдим, товоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Бир усрук кўз оловида куйиб ёндим самандардек,
Менга жон берди, аммо устухоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Сирим айтсам, қўпар ғавғо, кавокиб дашти ўртангай,
Заминим ўртади Ишқ, осмоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Дема Фарҳоду Мажнун ўтди олам доридан буткул,
Ҳаётим ўртади, ҳар лаҳза оним ўртади Ишқ, Ишқ.

Муҳаббат аҳлини олам аро афсоналар этдим,
Кел, эй шеър Ишққа айлан, ном-нишоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Мен—одамзода наслин ким баён айлар эса, билсин,
Ки аввал-охирим Ишқ, хонумоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Ким эрди комил ул саҳв айлади, Ишқ—бу хатолиғдир,
Хатойим ўртади, яхши-ёмоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Насиб этмас менга жовид буюк Ишқдан бўлак савдо,
Маконим ўртади, ломаконим ўртади Ишқ, Ишқ.

Умр ўтгай, қолур мендан Муҳаббат отли бир олам,
Ҳама умр ўртанурман, ошиёним ўртади Ишқ, Ишқ!

***

Ном-нишон қолмади Одам меҳридан
тарақлаб ёпилди Ишқ эшиклари…
Чаноққа тортилган таранг теридан
ғаразли тикилар оч тешиклари.

Бу тупроқ бир замон мусулмон эди,
кўчкидек улоқди тўрт ёнга қабри…
Суронлар йиртқичдек тортқилаб еди
муаззин тупурган Ишқ жигарини…

тобора қораяр моҳтоб — мўмиё
сил булут тиллари билан ялайди…
Бу замин пўстакка айланди гўё
итлар тишларида осиб талайди.

Қоп-қора йўлларда беҳуш югурдим
такрорлаб энг кўҳна калималарни.
ҳар дарахт, ҳар япроқ остида кўрдим
номусин йўқотган заифаларни…

Нималар санчилмас бу ерда кўзга
балчиққа беланди самовий чирой…
Масжид тепасида минора узра
маъюсгина боқар ёлғиз ярим ой…

***

Довулларга солганлар юган
давру даврон сурганлар қани…
Баҳодирлар ларзага солган
замин чалчиқ билан қопланди…

кўзлар қўрқар йўлбарс теридан
чақин каби чақмас бўсалар.
Йигитларнинг нозик белидан
қучиб борар девдек жуссалар.

«Севдим» демас ҳеч кимса йиғлаб
ҳеч кимда йўқ бир пуллик қадр…
Тоғлар худди ўтин орқалаб
бораётган эшакка ўхшар…

Умр ўтар ёлғон ўйиндек
гўё ҳеч ким туғилмас ўлмас…
Ҳеч ким ахир бу дайди дунда
мардоналар ўтганин билмас…

КАРБАЛО

Бодларга бодлар бош урар
қумга Язийдлар тош урар
бардошга бардош урар
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Қонингни ичганлар қани?
Қотилни қучганлар қани?
Боши “карт” учганлар қани?
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Эй воҳ Ҳусайн! Эй воҳ Ҳусайн!
Бошсиз тананг-ла қайдасан?..
Сен то абад шармандасан
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Дунё—Язийд! Дунё – Язийд!
Дунё азалдан мустабид
Ул ёнда ит бул ёнда ит
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Зайнабми бу? Заҳроми бу?
Қон-қақшаган Куброми бу?
Ёхуд Расулуллоҳми бу?
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Ҳой базми Жамшид истаган
Зайнаб сени лаънатлаган
Саййидларин каллаклаган
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Ҳар ёнда қон қонлар қаро,
Шул ҳам мусулмонликми оҳ!
Шул ҳам мусулмонми Худо!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Табризга келдим додлар!
Табризда-да фарёдлар!
Ҳайҳотлар! Ҳайҳотлар!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Бошим менга даркор эмас
Ҳеч ким бу бошга зор эмас
Ҳеч ким Имомдек хор эмас
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Кел эй Язийд мен ҳам шаҳид
Кел қатралаб қонимни ют!
Бошдан-оёғим ичра ўт!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Мақсад бу шеърдан доддир
Ким Дунё бир жаллоддир
Унда Язийдлар шоддир
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Бир шоири озурдамен
Лек биргина орзудамен
Кўрсам Язийдни гўрда мен
Эй Карбало!
Эй Карбало!

СЎНГГИ НУҚТА

Қайтадан ҳувиллаб қолди юрагим
дарз кетиб эскирган идишдек бўм-бўш.
Улоқиб ётибди бўлак-бўлагим
елкамда бош эмас ошёнсиз қуш…

Қўлимдан тутганлар тобут дастасин
тутгандек оҳиста қўйиб кетдилар
Ўқидим ёронлар жанозасини
Ёрларим жанозам истаб келдилар…

Йўқ эди гул зоти
барида хорлар…
Кўр эмас эдинг сен сўйлагин кўзим…
Бир уйда бўридек яшаган “ёрлар”
бир коса сув бермас дўстларни кўрдим…

Ош тутди вафодан қасам ичганлар
миннатнинг заҳарли косаларида
Оқибат тиғ урди илким тутганлар
адоват деворин сояларида…

Xurshid Davron kutubxonasi.

  Yuklab olish uchun bosing

< Orqaga qaytish