Мақола

Отам эккан лимонлар.           Марям Аҳмедова.


Marta o'qildi

Отам эккан лимонлар. Марям Аҳмедова.

(Отам Қодир ҳожи хотирасига бағишлайман.)

Асли қишлоқ қизиман. Отам Қодирҳожи (раҳматли) касби ҳайдовчи бўлсада, ўзи ҳақиқий бободеҳқон инсон эди. Чунки бошқалар ўз томорқасидан йилда бир марта ҳосил олса, менинг отам ўн сотих томарқамиздан бир йилда уч мартагача ҳосил оларди. Шу боис унинг деҳқончиликдаги бу маҳоратига “мана-ман” деган деҳқонлар ҳам қойил қоларди.

Биз оилада 8 нафар фарзанд эдик. Онам қишлоқ тиббий пунктида ҳамширалик қилар ва барча рўзғор ишларини ҳам беминнат адо этарди.

Баҳор келди дегунча, дала ишлари бошланиб, бизга тиним бўлмасди. Отам қаттиққўл ва меҳнаткаш одам эди. Агар биз отам тайинлаб кетган ишни кечгача бажариб қўймасак, ундан роса дакки эшитдик. Шу боис мактабдан келардигу овқатланиб, уй ишларига шўнғирдик. Биримиз супур-сидир қилсак, биримиз қўй-эчкиларга қараш, даладан ўт олиб келиш ва бошқа ишларга тутинардик.

Энг ёмони сув ташиш эди. Қудуқдан сув чиқаришнинг ўзи бир азоб эди. Мол дегани шунақа тўймас юхо бўларканки, икки-уч челак сувни кўрдим демайди. “Тўймасвой”ларга ўт ташишни гапирмасаям бўлади. Кечгача дала-даштдан ўт ўриб, аравада олиб келиш, даҳлизда моллар учун егулик ўт ғамлаш нақ азобнинг ўзи эди. Агар ёзнинг ўртасида ўтлар қовжираб қолса, мозордаги ғумой ва ажриқ ҳам биздан қочиб қутулолмасди.

Отам бизнинг бўйнимизга юклаган ишлардан ташқари онажоним буюрадиган “уни опкел, буни олиб бор, фалончини чақириб кел” каби буйруқлар бундан мустасно. Шу сабабли бундай югур-югурлардан сўнг кечги овқатдан кейин дарс тайёрлашга ҳам ҳолимиз келмай қоларди. Отам ишдан қайтгач, тилимиз сақичланиб, дарс тайёрлашга киришдик.

Ишдан ҳориб-чарчаб келган отамга бўлар-бўлмас гап, шовқин ёқмасди. Дарс тайёрлаганимиздан сўнг ҳам ўзи мизғиётган бўлсада, отам бизни яна сўроққа тутарди. Агар отамнинг саволларига жавоб бера олмасак, дарсликни қайта ёдлашга тўғри келарди. Отам жуда билимдон одам эди. Унга уйимиздан тўрт қадам наридаги библиотекачи қучоқ-қучоқ китоб таширдик. Отамнинг айтишича, у мактабда барча фанларни аълога ўқиган экан. Камуйқу отам ишдан чарчаб келсада, тонггача битта китобни ўқиб, уни тугатишини ҳам билардик.

Отамнинг қатъиятли, босиқ ва камгаплиги, доим қобоғини солиб юриши ва бизни эркалатавермаслиги учун биз ва онам ҳам ундан қаттиқ ҳайиқардик. Шу сабабли отам тамадди қилганда онажонимнинг жони ҳалак бўларди. Ҳеч кимнинг овқатидан чиқмаган тош атай отамнинг овқатидан чиқса борми, нақ лаганни ташқарига ҳавола қилинар эди. Доим нимадир камчилик чиқишидан юраги зирқираб турадиган онам отамдан дакки эшитгач дарҳол бирор ишни баҳона қилардию, бир оғиз ҳам гап қайтармай ташқарига отиларди. Отам ўзича гапириниб қолаверарди.

Отамнинг қаттиқ қўллиги туфайли доим ўқишга берилган акам ва опам институтларга грант асосида ўқишга киришди. Андижон шаҳридаги тиббиёт олийгоҳи ва пахтачилик институтида таҳсил олаётган опам ва акам ёзги таътилда уйга келишса, биз укаларга нақ байрам бўларди. Чунки биз қиладиган юмушлардан бироз бўлсада озод бўлиб, бошимизга офтоб тегарди.

Ишларни ўз вақтида бажаришни доим пухта режалаштирадиган отам ўзи қаттиққўл ва жиддий бўлсада, жуда сахий эди. Берадиган панд-насиҳатлари жуда ўринли бўлгани учун унга ич-ичимиздан тан берардик.

Отамнинг ҳаётга, яшашга, орзу-мақсадлар сари чорловчи ўгитларининг ўша вақтда қалбимизга қанот бағишлаганини энди англаб етаман. Бу ўгитлар бизга қанот бўлиб, келажакка, оилага, она Ватанга меҳр-муҳаббат уйғотиб, ўзлигимизни англашга ундовчи даъват эканини ёшликда англаб етмаган эканман. Аммо ишдан безиб, чарчасак ҳам отамнинг ўгиту насиҳатлари дарсларни ўзлаштиришимизда, юмушларни чаққон, иштиёқ билан бажаришда куч-ғайрат ва ишонч бағишларди. Шу боис биз оилавий мактабда аъло баҳоларга ўқирдик.

— Ишни виждонан бажар, токи ўзингни-ўзинг алдама! Кетмонни ўрнига техника ихтиро қилмоқчи бўлсанг, ўқи! Илмни меҳнат билан бойитсанг, нонинг бутун бўлади, – дея таъкидларди доим отам Қодирҳожи Аҳмад ўғли.

Падари бузрукворимиз бадиий китоблар ўқишни ниҳоятда севардилар. Шу боис отам укамдан 3 ёш катта бўлишига қарамай кутубхоначини келин қилди. Бизга ҳам бўш қолдик дегунча китоб ўқишни тавсия қиларди отам. Агар бирор иш вақтида бажарилмай қолса, отамга "китоб ўқидим" десак, индамасди, лекин бирибир ўша ишни кеч бўлсада, бажартирарди.

Баҳор келди дегунча укаларим билан томорқадаги ерни ағдаришга киришардик. Ҳовлимизда қишки олма дарахтлари роса кўп эди. Отамнинг ихтироси билан, очиқ жойга полиз экинлари, дарахт тагида жўхори экиларди. Бодринг-помидор жўяклари тепасига жуҳори, лавлаги экамиз. Олмалар қуртлаб кетмаслиги учун икки-уч марта дориланарди. Кузда улар ширага тўлгач, теришни бошлардик. Отам олма тераётганимизда уларни зада едирмасликка, битталаб яшикларга жойлашимизгача кузатиб турарди. Ана шундай пайтда эҳтиёткорлик билан ишлашга ҳаракат қилардик. Чунки отамнинг жаҳли бурнининг устида турарди. Олмалар жойланган яшикларни ертўлада асраб, айни қиш пайтида отам усти ёпиқ юкмашинасида уларни Туркманистонга олиб кетиб, пуллаб, уйга совға-саломлар билан қириб келарди. Ўшанда уйимизда нақ байрам бўлиб кетарди.

"Меҳнатнинг нони ширин", деганларидек, меҳнатнинг ортидан қишлоқда биринчилардан “Волга” машинасини олдик. “Бу ҳалол меҳнатимизнинг самараси”, – деган эди ўшанда отам раҳматли фахр билан.

Ҳа, қишлоқнинг меҳри иссиқ, бағри қайноқ. Қани, эндиям ўша меҳрни топа олсам?!

Айниқса, узун сочларини бошига икки марта айлантириб чамбарак қилиб олиб, рўзғор ишларини "учиб-қўниб" бажарадиган волидаи беозориминг тандирда ёпган хушбўй патиру - ширмой нонлари, ялпизу қовоқсомсаларининг мазасини ҳозиргача унута олмайман.

Онаизорим ҳозир майиздеккина момога айланган. У энди биз фарзандларнинг меҳр-муҳаббати, суҳбатимизу дийдоримизга интиқ. Қаттиққўл падари бузрукворимиз эса аллақачон ҳаётни тарк этган.

Ҳаёт ташвишлари ила ота-онамизнинг ўгит ва тарбияси биз фарзандлар учун шу тариқа орзу ва мақсадга айланди. Волидам ва падари бузрукворимнинг меҳри, бизга доим яхшиликни соғиниши туфайли бугун барчамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топдик.

Йиллар баъзан тизгинсиз, шафқатли ва шафқатсиз, мазмунли ва мазмунсиз кечди. Вақт доим олдинга одимлади, йўллар, манзиллар поёнига етаверди, ўткир ва навқирон нигоҳларни ажинлар қоплади...

Отам умрининг охирги дамларигача кетмон билан тиллашди, ер чопди, ҳосил етиштирди. Бошқалардан беминнат кўмагини аямади. Шундай кунларнинг бирида деҳқончиликда нафақат қишлоқда, балки туманда ном чиқарган раҳбарлар отамни йўқлаб қолишди.

— Ҳожи бобо. Сиз ернинг тилини яхши тушунасиз. Уйингизда ҳам иссиқхонангиз ҳам бор. Туманда иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни йўлга қўйишда ёрдам берсангиз...

Отам кекса бўлсада, раҳбарларнинг сўзини икки қилолмади. 70 ёшдан ошганига қарамай, лимон экиш ва парваришлаш ишларига киришиб кетди.

Орадан 4-5 йил ўтиб, лимонлар ҳосилга кириб, катта ҳосил олинди. Отам тумандаги тадбирдан хурсанд ҳолда уйга қалин гилам ва телевизор билан кириб келди. Бу совғалар туман раҳбарияти томонидан отамнинг ҳалол меҳнати эвазига берилган мукофот эди.

Шу тариқа туманда лимончилик йўлга қўйилди. Отам тўрт нафар укамнинг ҳовлиси ҳам иссиқхоналар ташкил этишда кўмаклашди. Барча иссиқхонада бирдай тер тўкиб, меҳнат қилди. Лимонлар шиғил-шиғил ҳосилга киргач, туман деҳқон бозорларини ҳам лимон билан таъминлади. Ҳалол меҳнатдан топилган даромад эвазига отам тумандаги бир гуруҳ қариялар билан ҳаж сафарига отланди.

Энг қувонарлиси, сафардан қайтган отам умуман бошқа одамга айланганди. Унинг юз-кўзларида мамнунлик ва меҳр барқ урарди. Бу умр бўйи қилинган меҳнат, реза-реза пешона тери, кўз нури, қалб сурури ила она ерга бахшида этилган меҳнату фарзандлар камолини кўриш, ўзликни англаш, асосийси, Оллоҳнинг иймонга йўллаганининг меваси эди.

Отам ҳар ишда бизни рағбатлантира оладиган мўйсафид ва маслаҳатгўйга айланганди. У кайвони сифатида ҳам тўй-маъракаларда маслаҳатгуй эди. Аммо бўш қолди дегунча иссиқхона ва томорқадан чиқмас, қаламча етиштириб, одамларга лимон кўчатларини инъом этарди. Бизникига қўшни қишлоқлардан лимон кўчати сўриб келганлар кўп бўларди.

Шундай кунларнинг бирида қартайиб, ҳарсиллаб қолганига қарамай ер чопаётган отам мажолсиз ҳолда ерга чўккалади. Кичик укам дарҳол отамни опичлаб уйга олиб кирди ва унга сув тутди. Ҳамшира келинимиз отамнинг қон босимини ўлчади. Қон босими анча юқори эди. Унга дарҳол керакли ёрдамни кўрсатдик.

Марям Аҳмедова.Чапда.

84 ёшни қоралаган отамга кексалик ўз ҳунарини кўрсатаётган эди. Унинг юраги ҳарсиллаб, нафаси етишмай қийналарди. Шифохонага ётқизишимизга эса кўнмадилар. Ўшандан кейин отам қайта ўнгланмади. Кундан-кунга ҳолсизланиб, кўзидаги нур сўниб бораверди. Отам сўнгги бор ўзи етиштирган лимонларни кўришни сўради.

Укам унинг отамни кўтариб, иссиқхонага олиб кирди. Отам нафасини ростлаб, олгач:

— Менга тешани бер. Лимонларнинг тагига теша урай.

Отамнинг феълини биладиган укам дарҳол тешанинг олиб келиб, отамнинг қўлига тутқазди. Отам бир силтаниб ерга теша уради. У ҳолсиз қўллари билан ерни юмшата бошлади. Бир-иккита теша ургач намхуш тупроқ гувраниб ҳар томонга сочилди. Отамнинг қўли шалвираб, қўлидан теша ерга тушди. Шунда у:

"Одам қариганда кучдан қоларкан. Қара, кичкина матоҳни ҳам кўтара олмаяпман. Энди яшашимга ҳожат ҳам қолмабди...

Ўша куни отам тинч ухлади. Тонгда у юраги куяётганидан нолиб, муздек айрон сўради ва уни ичиб кўзларини юмди. Унинг қўллари укамнинг қўлларини излаб топди ва уни қаттиқ сиқди. Отам қайтиб кўзини очмади.

Отам вафот этган ўша йили негадир лимонлар битта ҳам мева солмади. Ўша йили қиш қаттиқ келиб, лимонларнинг барини совуқ уриб кетди. Отам лимонларни ҳам, ҳосилни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди.

Баҳор келгач, укам иссиқхонага қайтадан янги лимон кўчатларини ўтқазди...

Марям АҲМЕДОВА.

- - -


< Orqaga qaytish