Шеърият

Ёруғ ғамлар,нурли қайғулар.  шеърлар.  Гулжамол Асқарова.


Marta o'qildi

Ёруғ ғамлар,нурли қайғулар. шеърлар. Гулжамол Асқарова.

 

Таскин

Қўй йиғлама, оғрийди бошинг…
Шавкат Раҳмон

Қўй, йиғлама, руҳимга қўшил,
Юракларинг урсин мен билан.
Бу дунёда неки бор мушкул,
Боғлайверма қаро тун билан.

Кўп ёзғирма, бу тақдир, насиб,
Айблама, тонма, ранжима.
Қаро тунлар яралган асли,
Оппоқ туйғуларнинг мавжидан.

Кел, келақол, Сен ахир нурсан,
Борлиқ сени айлар тўтиё.
Мен тоабад сенга интиқман,
Нурга мангу зордек бу дунё.

Нур

Изтиробдан зерикдингизми?
Чарчатдими кўзим ёшлари.
Ўз қисматим олдида яна
Жим эгилиб қолди бошларим.

Бироқ сизни севаман қаттиқ,
Бахш этдингиз олов туйғулар.
Тортиқ этмиш қалбингиз менга,
Ёруғ ғамлар, нурли қайғулар.

Бу нурлардан қамашди кўзим,
Нурга чайдим юзларимни мен.
Кўрай десам Сизни яхшироқ,
Очолмаяпман… кўзларимни мен…

Асраб қол

Бегонаман дема, жоним оғрийди,
Бегонасан дема, йиғлайди руҳим.
Кўнглимнинг бағрига яшриниб олиб,
Йиғлаяпман сокин, йиғлаяпман жим.

Мен фақат шу кунлар жуда ожизман,
Фақат шу кунларда йўқман ўзимда.
Мен қанча ҳайдамай, қанча кет демай,
Қайғулар кетмайин қолди кўзимдан.

Қачондир бахтлар ҳам қайтар-ку ахир,
Қачондир кўксингга қайтар-ку ҳислар.
Илтимос, баҳорим бўлиб асраб қол,
Токи ўлдирмасдан бу совуқ кунлар…

* * *

Раҳмат, қўлларимдан тутганинг учун,
Ташаккур! Қорларда кутганинг учун.
Минг раҳмат кўксимни нурларга кўмиб,
Тақдирим йўлидан ўтганинг учун.

Ва минг бор тақдирга таъзим, азизим,
Яхши-ёмонимда ёрлигинг учун.
Пешонамда исминг ёзилгани ва
Кафтим чизиғида борлигинг учун…

Менсиз ҳам

Балки фаришта ҳам асрамас мени,
Ёмонман-ку, балки урмас мени жин.
Лекин, илтимосим, ҳеч қачон айтма,
Менсиз ҳам ҳаётинг чиройлилигин.

Менсиз ҳам бахтиёр, шод яна хуррам,
Кўзингда қувончлар билан яшасанг.
Менсиз ҳам хотиринг бўлса агар жам,
Боғингда гулласа гуллар турфа ранг.

Менсиз ҳам ҳар кунинг ўтса осуда,
Менсиз ҳам бахтдан шод ва мамнун кулсанг.
Агарки сен мени соғинсанг жуда,
Жаннат чорласа ҳам бормасман билсанг.

Севмай қолдим дема, бу сўздан қайтгил,
Биламан бу тақдир азаллигини.
Фақат қандоқ қилиб тушунай айтгил,
Менсиз ҳам ҳаётинг гўзаллигини.

Нома

Қоғозлар ичига кўмилиб қолдим,
Оғир куй чалмоқда бўғзимдаги най.
Мана ўтирибман бенаво, бедил,
Хавотир олсам ҳам хабар ололмай.

Ҳолинг нечук ўзи дўсту ҳамроҳим,
Не учун кўксингда кечмоқда жанглар?
Кетдими кўзингдан қайғулар расми,
Қолдими кўксингда илоҳий ранглар?

Кел, мени қутқаргил, жоним, азизим,
Бу ҳижрон дастидан чарчадим, толдим.
Мен нега ҳисларинг тўлқинидамас,
Қоғозлар ичида кўмилиб қолдим?!

Хавотир

Мени унуттирар иш қоғозларинг,
Узоқлаштиради қалам, дафтарлар.
“Ёдларингдан ўчиб бораётирман”,
Юрагимда шундай хавфу хатарлар.

Лазиз туйғулардан айирса агар,
Унутилиб кетса ишқ овозлари.
Бори ташвишларга қирон келсину,
Ёниб кетсин барча иш қоғозлари…

Қисқа қўнғироқлар… салом-аликлар,
Совуқ суҳбатларда умр ўтса гар.
Сочдан тирноқ қадар музлаб ўтарман,
Илоҳий ҳислар-ла севмасанг агар…

Азизим, муқаддас ришталар ҳаққи,
Уйғот юрагингни ғафлат хобидан.
Илтимос, севгинг-ла қутқаргил мени,
Унутилиб кетиш изтиробидан!

* * *

Бунчалар ҳам ёруғдир исминг,
Бунча ҳаётбахшсан, азизим.
Бу дунёда сен каби мени
Жондан ортиқ севмади ҳеч ким.

Севилмадим… узоқ йиғладим,
Тангрим сени айлади тортиқ.
Бу дунёда ҳеч ким сен каби
Севолмади жонидан ортиқ.

Нафасларинг уйғотди ҳар тонг,
Тушларимда кўрдим тунлари.
Сенинг севгинг билан уйғундир,
Бахтиёру бахтсиз кунларим.

Минг ташаккур ҳаммаси учун,
Яхшиямки топганман сени.
Юрагимдек яқин кел менга,
Олислардан чорлаб тур мени…

Меҳр нима?

Олис йўллар юриб толиқдим жуда,
Меҳр сувларини ичирдингиз Сиз.
Ҳатто кечирмадим ўзимни ўзим,
Бори айбларимни кечирдингиз Сиз!

Меҳр деганлари нима аслида,
Меҳр – қалбимизнинг оппоқ елкани.
Ўзини ўзи ҳам севолмаганни,
Бағрингга жим босиб севмоқ дегани!

Сенинг исминг

Сени севдим, сени унутдим,
Ва йўқотдим дунёнинг рангин.
Сенинг исминг айтилган жойда,
Менинг бошим эгилмиш мангу.

Сўрар экан мендан одамлар:
“Қани сенинг жону жаҳонинг?”
Мен бошимни эгиб айтарман:
“Куйиб кетмиш менинг жаҳоним!”

Бу ҳақорат ва бу таҳқирлар
аро маъюс борарканман мен.
Ўз-ўзингга маҳлиё бўлиб,
Бошинг мағрур юраркансан Cен!

Бўлди энди тугат савдони!
Бас қил энди, бу ўйин тамом.
Бу алдовлар, бу хиёнатлар
Мени таъқиб айламиш мудом.

Энди йўлим бормас сен томон,
Энди сендан бегона ёдим.
Ахир ишқнинг ҳадсиз бағрига
Тўлиб кетмиш менинг фарёдим!

Кўк бағрига тўлса-да ҳар тун,
Васл излаб юлдузлар, ойлар.
Кетаяпман… чорлади мени
Сенинг исминг айтилмас жойлар…

Узоқ йўллар

Мен узоқ йўлларни яхши кўраман,
Чунки узоқ юрдим узоқ йўлларда.
Ва ҳар бир қадамда ўйлаб юраман:
Нечун пойингизда хорман гуллардай…

Мен узоқ йўлларни яхши кўраман
Гарчи етказмади сизга бу йўллар.
Қирларнинг бағридан жимгина ўтсам,
Мени эслармикан қизғалдоқгуллар?..

Мен узоқ йўлларни яхши кўраман
Гарчи бу йўлларда тўкилди қоним.
Туманли йўлларда кўп узоқ юриб,
Сизни узоқ кутдим… султоним!

Мен узоқ йўллардан умид қиламан:
Гарчи кўп доғ бўлди бу йўлда диллар.
Сизни юрагимга яқинлаштирар,
Мени Сизга элтар бу узоқ йўллар…

Савол

Фалак!
Эшикларинг қаерда сенинг?
Қайғу!
Бешикларинг қаерда сенинг?
Эй дил!
Қўшиқларинг қаерда сенинг?

* * *

Ўз йўлини ўзи топган одам
Мен ўз йўлимни топиб олдим…
Ўзим топган йўлда юрибман
Адашиб ўзим…

Умр

Худойим!
Баъзан яратганингга шукр деймиз.
Баъзан нега яратдинг деймиз.
Шундоқ ўтяпти
Умримиз.

Мен

Ибодатим чала,
Тоатим чала,
Чала менинг
Ёзган шеърларим…
Чала иморатдек
Битмадим сира…

Истеъдодли шоира Гулжамол Асқарова 1978 йил 5 март куни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Бешдарғат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. 2001 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. «Дил фасли», «Рўшнолик», «Бедор қўнғироқ»,»Бахт дастхати» номли шеърий китоблари нашр этилган.

Манба: “Китоб дунёси” газетаси, 2013 йил 5(152)-сон

Xurshid Davron kutubxonasi.

- - -


< Orqaga qaytish