Маданият, санъат

Ўтда ёнмаган гизли оламлар.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Ўтда ёнмаган гизли оламлар. Саломат Вафо.

     “Агар Сиз бир одам билан унинг тилида гаплашсангиз. Сиз шу одамнинг қиёфасига мурожаат қилган бўласиз. Агар Сиз ўша одамнинг  она тилида  гаплашсангиз  Сиз унинг юрагига мурожжаат қилган  бўласиз” деган  эди Нельсон Мондела. 

    Улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Бўронли бекат” асарида  бошига туя териси  ёпилиб хотирасидан айрилиб  манқуртга айланган бечора қисмати ҳақида ҳикоя бор.

  Инсон, халқлар  хотираси учун  ватанлар тарихи ҳақида жуда қадим замонлардан  савашлар олиб борилади. Бизга тарих эрадан олдинги 356  - 323 йилларда яшаган  Александр Македонскийнинг 12 минг  ҳўкиз терисига олтин билан битилган  “Авесто”нинг ёққанидан хабар беради. Абу Райхон Беруний  “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида УII асрда Марказий Осиёга бостириб келган "Қутайба Хоразм тарихини ва ёзувини биладиган одамларни  қатл этди” деб ёзган эди надомат билан.

   Нега Қутайба Хоразм тарихи  ёзилган китобларни  гулхан этиб  уч кунлаб ёқди экан?.

  Шу ўринда азалий бир савол туғилади..Дунёнинг энг қадимий цвилизация марказларидан ҳисобланган  Марказий Осиёда, ҳусусан Хоразмда 328  йилларда нега  муқаддас “Авесто” китоби ёқиб юборилди?. Абу Райҳон Беруний  ҳасрат билан “Қутайба эски Хоразм ёзувини биладиган одамларни қатл эттирди. Бу юрт тарихи акс этган китоблар ёқилди” деб  ёзди буюк даҳо, фикрим таъсирини ошириш учун такрор ёзмоқдаман..

  Яқин тарихда коммунистлар нега Марказий Осиё халқлари алифбосини икки – уч маротаба ўзгартирди?.

  Александр Македонский давридан бошлаб то Совет Иттифоқи дахрий коммунистларигача жаҳон майдонида зулм байроқларини кўтарган  босқинчилар аввал миллий ўлкаларнинг  ёзуви, алифбосини йўқотмоқчи бўлган.

  Ёзув – бу тарих демакдир.Ёзув – бу халқлар, элатларнинг авлодлардан авлодларга  олиб ўтадиган хотираси, шонли тарихи ҳисобланади.  Ёзуви унут бўлган миллат бир кун ҳалоқатга учрайди. Халқ  ва миллат сифатида тарих саҳналаридан йўқолади..Бунга советлар даврида этнос сифатида ҳалокатга учраган тили, миллати унутилган  Сибир кичик  туркий халқларининг  аянчли тақдири мисол бўла олади.

   

  Бугун бутун дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси бизни яна тарихимиз билан юзма-юз келтирди. Чунки, ўз тарихини англаган  миллат кучли, барча синовларга дош бера оладиган  бўлади.

   Жаҳон телевидение каналлари пандемия карантини  олам иқтисодига миллиард доллорлар зарар келтириб “иқтисодий тушкунлик” келтириб чиқарди  деб хабар бермоқда. Аммо, масаланинг мотивациясига эътибор қаратилса  халқаро пандемия аввало маълум бир вақт карантинда ўтирган дунё халқлари рухиятида тушкунлик пайдо этди. Чунки, инсонлар онгсиз мавжудод эмас-ки, ўз тўдасидан айрилган аъзоларни сассиз-садосиз ташлаб кетаверса.. Океан ортидаги Америка, ёки Италияда пандемияга  берилаётган қурбонлар ёзувчи ва она сифатида менинг кўзларимдан ёшлар  оқизади.

  21 асрда Буюк уруш даврларидек одам боласининг ўлими гўё кундалик ҳолатга айлангандай туюлади.  Италия газеталарининг барча саҳифалари коронавирусдан вафот этган катта-кичик, бой-камбағал италянларнинг  некрологлари билан тўлиб  тарқаган экан. Интернет саҳифасидан бу хабарни ўқигач, ишонинг, балки, италянларга тасалли берадиган, кўнгил сўрайдиган одам қолмагандир деган фикр билан ўзимнинг Фейсбук саҳифамда Италян қардошларимизга ҳамдардлик билдирган эдим.  Инсоният тарихида газеталар  инсон ўлимлари ҳақидаги информация билан  бу қадар  тўлиб – тошиб чиқмаган экан.

   Бундай балою-офат коронавирус пандемия вабоси  даврида  эл-улус қай даражада  иродали бўлмоғи керак?. Инсонлар бу оғир ва маюс кунларда неларга суяниб яшамоғи лозим?.

  Бугун ҳаётимизга бостириб келаётган  глобализация тўфонларидан , бир хил қора тусли  маданиятдан  ёшларимиз қалбини қандай асраб қоламиз?.Биз уларга қай тарзда: сенинг ота – боболаринг улуғ  инсонлар  бўлган.. боболаринг дунё харитасининг кун чиқаридан кун ботишгача бўлган улкан  ҳудудларида яшаган.Сен шавкатли  боболарингга фахрли ўғлон, суюкли қиз бўлишинг учун ..буларни билишинг лозим дея .. қай тарих  битиклари ва қай манъбаларни кўрсатамиз?.

  Қадим замонларда шарқ ҳақонлари, ҳусусан хоразмшоҳлар турли даврлар ва халқлар  тақдирини акс эттирган китоблар қўлёзмалар  ёзгани учун битикчига  шу китобнинг оғирлигича олтин ҳадя этган экан.

    Жаҳонда   буюк империялар қурган буюк туркий халқлар тарихи  акс этган баҳоси олтинга тенг  асарлар дунёнинг қай музей, кутубхоналар кунжида мудрамоқда. Бизга маълумки, тарихимизнинг бебаҳо қимматли парчалари турли даврларнинг инквизиторлари тамонидан ёқилди. Сувларга  оқди, тупроққа кўмилди.

Балки,  асрлар давомида бирлаша олмаган туркий  халқлардек, туркий дунё  тарихи  жаҳоннинг қай мамлакатлари кутубхоналарида сочилиб ётибди?.

  Маълумотларга қараганда  Марказий Осиё халқлари,Ўзбекистоннинг, ҳусусан Хоразмнинг  тарихи...   санскрит, хитой, эски турк тили, форс, уйғур ва араб тилида қўлёзмаларга  битилган эди. Тарихнинг очилмаган ҳақиқатлари  мамлакатимизда қўлёзмалар институти, Шарқшунослик университети фонди ва Маъмун академияси каби бошқа ташкилот, музейларда тадқиқотга мухтождир.

 Манба:https://kun.uz/news/2020/01/08/qolyozma-asarlarning-saqlanishi-restavratsiyasi-va-organilishi-qay-ahvolda-qolyozmalar-fondiga-videosayohat..

   Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида: 26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин тошбосма, 5 мингдан зиёд тарихий ҳужжатлар  сақланмоқди.Булар қаторида ХIII – ХIХ асрларда Мовароуннахр, Хуросон, Туркистон заминида битилган  қўлёзма ва тошбосмалар, XVII-XVIII асрларда Ғарбий Европада чоп этилган китоблар асл манба сифатида муҳим аҳамият касб этади. Булар билан бирга фондда илк чоп этилган газета ва журналлар сақланади.

    Шарқ мамлакатлари, ҳусусан Туркиянинг янги очилган мухташам “Халқ кутубхонаси”да туркий халқлар, ҳусусан Марказий Осиё мамлакатлари  тарихига оид    4 миллион босма нашр ва 120 миллион электрон файллар йиғилган  экан.Кутубхона жамғармасига  134 тилда битилган  100 мамлакатдан  келтирилган китоблар жойлаштирилган экан.  

 

   Суратда: Туркия "Миллат кутубхона"си.

Манба:https://uzjournals.edu.uz/cgi/viewcontent.cgi?article=1025&context=iiau

  Бу  ноёб  тош битиклар, қўлёзмалар..қачон ўрганилади?..Асрлар чанги остида ётган тарих, даврлар, урушлар, қонлар, ватан билан қўшилиб ёнган тақдирлар, улуғлар – авлиёлар, Турон тупроғи остида инграб ётган жонлар қачон тилга киради?. Аҳир, йиллар ўтиши билан биз аждодларимиз тарихидан, қалбидан, руҳидан узоқлаша бошладик, етти ота авлодини танимаган ёт бир авлодлар даври  юзага келмоқда..Нахотки, ўртача ўттиз – қирқ йилдан сўнг  бизда ҳам тўқ ҳаётдан зериккан, мегаполисларда ҳақиқий ҳаёт изларини қумсаб деразаларига сунъий қуёш, сунъий сувлар шарқироғини қўядиган, на ватан, на ота – она, на эркак ва на аёл фарқини билмайдиган дунёбехабар вужудга келса..Келажаги японларнинг кадакуси ҳодисаси билан    якунланиши мумкин бўлган авлодларнинг заволли ҳаётига  кодланган эшик, энг сўнгги  моделдаги камералар билан қўриқланадиан дарвозалар, баланд сарой деворлари ҳам тўсиқ бўла олмаса..Балки, бу фикрлар мавзудан узоқ одамлар учун фантастик ҳаёллар оқимидай туюлар..

  Биз кўпдан буён ёзиб келмоқдамиз. Туркий халқлар тарихи, маданияти, фалсафаси, этнографияси, ёзуви, адабиёти ҳақида асарларни  асосан оврўпа олимлари, ҳусусан юнон олимлари ёзган эди. Маълумки, ҳар қандай асар замон ва муаллифнинг муносабати билан ёзилади. Оврўпа олимларининг Марказий Осиё халқлари, ҳусусан Хоразм тарихига нохолис муносабати  балки Александр Македонский.. бу юртларда жаҳоннинг энг қадимий динларидан ҳисобланган  1200  хўкиз терисига олтин нуқралари  билан ёзилган муқаддас  “Авесто” ни ёвузлик билан оловда куйдирган даврлардан бошлангандир. Шарқда Искандар Мақдалусий деб номланган  ҳукмдор “Авесто” асарининг ўзига зарур қисмларини  ватанига олиб кетган,негадир қолган  қимматбаҳо  бўлимларини ёқиб юборган.

  Қадим Турон тарихи жаҳон тарихини катта қисми ҳисоблангани учун туркий халқларнинг ёзилажак янги тарихини объектив ўрганиш учун дунёнинг ҳар жойида  сочилиб ётган  туркий тилли республикалар тарихига алоқадор асарларнинг асл, фото, сканерь ва факсимле нусҳаси  юртимизга олиб келиниши лозим.

   Юқорида таъкидлаганимиз Ўзбекистон  қўлёзмалар институти, музейлар фонди, академиялар жамғармаси  ва бошқа махсус ташкилотларда сақланаётган қўлёзмаларни  хорижий манбалар билан қиёсий ҳолатда тадқиқ этилиб янги тарихни ёзишга киришиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Эрон ИРси Миллий кутубхонаси.

  Биз мақоламиз давомида  не сабабдан Александр Македонскийни муқаддас “Авесто китобини куйдириб юборгани ҳақида такрор – такрор ёзмоқдамиз.  Асли “Авесто”да қандай куч ва қандай мўъжиза бор эдики, у аввал юнон босқинига, сўнг Қутайба зулмига дучор бўлди..  Бу билимлар мажмуасининг бугунги Туркий тилли мамлакатлар тарихига алоқаси ва қадри  не чоғлик эди?. Қаранг, манба:  

http://xorazmiy.uz/uz/pages/view/285

  Хиндистоннинг  Калкутта давлат кутубхонасида сақланадиган “Авесто”нинг энг қадимий қисмларида: кенг қирғоқли ва кема юрар дарёлари ўз тўлқинларини Иската (Скифия), Паурута, Моуру (Марв), Харайва (Арея), Гава (сўғдлар яшайдиган юрт), Хваразм (Хоразм) мамлакатлари томон элтувчи... дарёлари бор» деган таърифлар  бор. Шубҳасиз, «кенг қирғоқли, кема юрар дарёлар» бу Амударё ва Сирдарё бўлиб, “Авесто” тасвирлаган мазкур шаҳарлар Ўрта Осиё шаҳарларининг бу икки дарё қирғоқларида жойлашганларидир. Шунга асосланиб, биз Зардуштнинг ватани, зардуштийликнинг илк макони ва Авестонинг келиб чиқиш жойи деб – Хоразм, тарқалиш йўналиши деб – Хоразм-Марғиёна-Бақтрияни айта оламиз.

  “Авесто” ҳақида Абу Райҳон Беруний (в. 1048 й.) шундай ёзади: «Йилнома китобларида бундай дейилган: подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида [Авестонинг] 12 минг қорамол терисига тилло билан битилган бир нусхаси бор эди. Искандар оташхоналарни вайрон қилиб, уларда хизмат этувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборди. Ўша вақтда Авестонинг бешдан учи йўқолиб кетди».

Эрон Абаян қишлоғи.

 “ Авесто”нинг 6 асрларда Эронда ҳукмронлик қилган Сосонийлар сулоласи шоҳи Хисрав V ҳукмронлиги даврида ёзиб тугатилган, кейинчалик паҳлавий тилига таржима қилиниб асосий  матнга  шарҳлар берилган. Бу  «Зенд» номи билан маълумдир. 

  “Авесто” олдин 12 минг мол терисига ёзилиб, ҳажми ғоят катта бўлгани учун ундан фойдаланиш осонлашиши ниятида «кичик Авесто» яратилди, дея ойдинлик киритган эди Абу Райхон Беруний.

  VII асрда Сосонийлар давлати парчаланиб, араб босқинчилари, Эрон ва Ўрта Осиёни босиб олгач, Зардуштийлик ҳам зарбаларга учраб, унга ишонувчилар қувғин ва таъқиб остига олингач Авестонинг аксарият бешдан уч қисми йўқолган.

  Ҳулоса шуки, “Авесто”  зардуштийликнинг муқаддас ёзуви ҳисобланган, 2000 йил давомида яратилган 5 дан 3 қисми йўқолиб кетган.

 У Апастак, Овисто, Овусто, Авесто, Авасто каби шаклларда ҳам ишлатиб келинган. “Авесто”  Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон, ҳусусан Хоразм халқларининг исломгача даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятини ўрганишда муҳим ва ягона манбадир. Зардуштийлик дини расмий тус олгунига қадар Авестонинг бўлаклари Турон ва Эрон замини халқлари орасида яшаган.

  Олам тарихи  кўздан кечириладиган бўлса фожеавий табиат катаклизмалари бўронлари инсониятга катта  талофат келтирар экан. Шундай ҳодисалар юз берганки, туфонлар, ваболар даврида одамзотни  бир – бири билан бирлашиш, яқинлашишдан бошқа йўли қолмас экан.

  21 асрнинг миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган коронавирус пандемияси даврида  дунё  халқларининг  “буюк тушкунлик”дан..бизни буюк тарихимиз, бизнинг  “Авесто”миз асраб қолар экан. Чунки, мустаҳкам оғочлар,  Хоразмнинг юз йиллик  виқорли гужумлари томири   тупроққа  чуқур киргани учун ҳам йиқилмайди. Бизнинг илдизларимиз эса қўлёзмаларга йиғилган  тарихимиз ва улуғ “Авесто” китобимизгача узангандир.

  Юқорида баён қилган  солнома ва фактлардан келиб чиқиб таклифларимни баён қиламан:.

  Биринчи: Туркий тилли республикаларда,  Ўзбекистонда бевосита Қўлёзмаларни ўрганадиган, тадқиқ этадиган Қўлёзмалар унверситетлари(бу ишчи номи)ташкил этилиши лозим. Асли қадим оламда Шарқ ..академиялар ватани ҳисобланган эди.  Масалан, Боғдодда “Байт –ал -Ҳикма ”, юқорида таъкидлаганимдай Хоразм Маъмун академияси, Хива кутубхонаси.. Насафий бу  зиё масканига “Бундай улкан кутубхона олдин ҳам бўлмаган, кейин ҳам бўлмайди,у ердаги қўлёзма асарлар фонди  Марвдаги кутубхонадан қолишмайди” деб баҳо берган эди. Самарқандда темурийлардан мерос қолган   Улуғбек кутубхона мактаб-обсерваторияси(ХV аср) ташкил бўлган эди.

   Эронда энг қадимий академиялар ташкил топганини таъкидлашни истар эдим. Мелодий V аср бошларида  форс диёрининг жанубий-ғарбий  Хузистон ҳудудидаги  қадимият академияси, сўнг  Табриз академиялари(ХIII аср) мавжуд бўлгани  қўлёзма асарлар жўғрофиясининг кенг экакнлигини кўрсатади.

Эрон ИРси университетлари.

  Эрондаги Теҳрон университети, Эрон миллий университети, Фаробий,Шероз, Машҳад, Исфахон, Табриз ва бошқа университетларда 1 миллион  673 мингдан ошиқ талаба ўқир экан.Эрон ИРси   аҳолисининг олий маълумотлилик  даражаси қатлами..  дунё бўйича  олдинги ўринларда турар экан.Эрадан олдин  “Авето”давридан тортиб бугунги кун тарихи акс этган асарлар, қўлёзмалар.. мамлакатнинг йирик кутубхонаси  1935 йилда ташкил  топган  Эрон Миллий кутубхонаси, Парламент кутубхонаси(1924йил) ва бошқа фаолият кўрсатаётган  1500 дан ошиқ  кутубхоналарида сақланар экан.

Демак, форслар мамлакати кутубхоналаридаги қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва қадимий   университетлари тажрибаларидан унумли фойдаланса бўлади.

  Самарқандга араб, форс, турк, санскрит, юнон, лотин, арман тилидаги кўплаб бебаҳо қўлёзмалар Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Арманистон каби давлатлардан, Истамбул, Брусс, Исфахон, Ҳамадон, Шероз, Бағдод, Басра, Дамашқ каби қадимий маданият ўчоғи бўлган шаҳарлардан олиб келинган эди.

  Олимларнинг таҳминича, Амур  Темур Самарқандга VIII асрнинг биринчи чорагида айнан Басрадан Куфий хати билан кўчирилган Қуръони Каримнинг нусхасини олиб келган экан.

    Хоразмда сақланадиган қўлёзмаларда асосан ўғиз ҳақонлари, туркий юртлар, Хоразмшоҳлар тарихи акс этгани учун университетларнинг бири  “Маъмун академия”си анъаналарини давом эттирган ҳолда  Хоразмда очилиши лозим.  Бу университет биноси анъанавий Хоразм услуби ва замонавий меъморчилик тамойиллари  жамланган  Хивадаги “Нуруллавой” саройи кўринишида бўлиши лозим.Университетнинг “Авесто”ни ўрганадиган махсус факультети ташкил бўлмоғи лозим. Балки, юқоридаги университетлар бир шаҳарчага жойлашиб, у “Авесто” деб аталиши керакдир.Хоразмда шу кунгача  Урганч шаҳрида "Авесто" номидаги  боғи бор эди.

  Суратда: Урганч Давлат университети.

    Туркий тилли давлатлар  тарихига оид манбалар Туркиянинг  дунё бўйича ўнлаб  катта университетларидан  бири  1453 йилда турк султони Фотиҳ Меҳмет тамонидан асос солинган Истанбул университети, турк халқларининг йўлбошчиси Мустафо Отатурк  тамонидан  1937 йилда асос солинган ҳарбий ҳаракатлар туфайли сал кейинроқ  1957 йила барпо бўлган  Отатурк университети, Мармара университетлари ва  Туркияда тарихи юз йилларга туташадиган  Тўпқопи, Сулаймония кутубхонаси, Кўпурлу кутубхонаси, Цельса кутубхоналарида ҳам  тарихий асарлар сақланади. 

  Бугунги кунда  Аҳмед Ҳамдий Танлинар адабий музей кутубхонаси,Мехмет Акиф Эрсўй адабий музей кутубхоналари фаолият кўрсатаётган экан.Демак, кутубхоналарда ишни замон талаби асосида ташкил қилиш  ва  китобларни реставрация этиш бўйича  Туркиянинг  катта тажрибаси мактаб вазифасини ўташи мумкин экан.

   Суратда: Туркия Отатурк номидаги Миллий университет.

  Иккинчи:  Бизда, Ўзбекистонда қўлёзма асарларни реставрация қилиш билан шуғулланадиган махсус мутахассислар йўқ. Ноёб манбалар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва босма асарлар реставрация лабараториясида таъмирланади. Кутубхоналар мутахассислари  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчилари ҳисобланади. Аммо институтда ҳам қўлёзма асарларни  тикловчиларни тайёрлайдиган  махсус бўлими  йўқ. Шу маънода бу йўналишда миллий кадрларни  тайёрлаш  долзарб муаммо ҳисобланади. Мутахассислардан   араб, форс тилларини билиши талаб қилинади. Бундай  ходимларни ишга жалб этиш учун  маош ҳам  мураккаб меҳнатга  яраша юқори бўлиши керак.Уларнинг ҳозирги ойликлари 500-600минг сўм атрофида экан.

 Ўзбекистон, балки туркий мамлакатлардаги кутубхоналарда қўлёзмларни тадқиқ этадиган  эский туркий тил, форс, араб тили, ёзувини биладиган  минглаб  ноёб мутахассислар хизматига зарурати бор. Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги  Маданият ваколатхонаси  тамонидан Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва лицейларида  форс тили ўқув хоналарини таъсис этиш ва уларни ривожлантириш тўғрисида тадбирлар амалга оширилмоқда.Балки, ўша ўқув масканларида кутубхона ва бошқа муассасалар учун  қадимий қўлёзмалар реставраторларини тайёрлаш имкони бўлар.Бу жараён  ёшларни реал маънода иш билан  таъминлаш имконини беради.

  Учинчи:   Қўлёзмаларни тадқиқ этиш жараёнига бош бўладиган эски турк тили, форс тилини биладиган мутахассис олимларни Туркия ва Эрон ИРси университетларидан  чорламоқ лозим. Бизда  ноёб мутахассисларни тайёрлашга  кўп вақт, йиллар керак бўлгани учун шу  йўлни тутмоқ мақсадга мувофиқдир.

 Тўртинчи:  Тарихимиз акс этган  қўлёзмаларни ўрганиш жуда катта меҳнат  талаб этадиган жараёнидир, шунинг  учун юқорида таъкидлаганимдек соҳага  минглаб мутахассислар керак бўлади. Бунинг учун коллеж ва лицейларда шарқ тилларини чуқур  ўрганиш ишини йўлга қўйилиши даркор.Шарқ тиллари, ҳусусан турк,  форс тиллари  ўқитиладиган коллеж ва лицейлар тизими Таълим вазирлиги дастур  режасига киритилмоғи лозим.

  Тўғри, бу тадбирлар давлат бюджети учун оғирлиқ қилар..Аммо, биз уйимизни қуриш учун меъморлар ўқитамиз. Дунёвий шон – шуҳратимиз учун футбол гуруҳлари  трансферларга юз минглаб доллорлар   пул сарфлаймиз.

  Наҳотки, миллат ўзлигини, келажаги учун пул сарфлашдан ўзимизни тиямиз.

Ўзбекистон  Алишер  Навоий номидаги Миллий кутубхонаси.

   Мен мақола  давомида Александр Македонскийнинг не учун “Авесто” асарини ўтга ёққани ҳақида такрор – такрор ёзмоқдаман. Қарангки, Македонский эрадан олдинги 300 йилликларда бу улуғ китобни ҳаммасини куйдириб юбормаган..Аҳир у  дунё фалсафасининг  отаси Аристотелдан таълим олган эди. Дунё мамлакатлари кутубхоналаридан  ўлжа олинган китобларни устози Арастуга юбориб турарди. Александр   32 ёшли файласуф  ҳукмдор сифатида  “Авесто”нинг буюк эътиқод асари эканини ва бу китобга эга бўлган халқлар  бирлашиб бир кун дунёни эгаллаши мумкинлигини англаган. Балки, шунинг учун ҳам шону-шавкатлар тўзони  чўққисида  аёл зотига қайрилиб қарамаган Александр ..суғд маликаси гўзал  Равшанакка ўйлангандир. 

   Александр  Македонскийнинг “Авесто”нинг ҳаммасини  куйдириб юбормаганлигида ёвуз бир фалсафа бор эди.  Унинг Авестонинг  куйдирилмаган қисмларининг Грецияга олиб кетишида... қора  бир фатна бор эди.   

   Александр Македонский  ва тарих замонларида кечган Қутайбалар  ҳар қандай ҳолатда босқинчи ҳукмдор бўлгани боис,  бу ўлкаларни “Авесто” китобидан жудо қилиб мангу зулмат оламида қолиш режасида эди.  Этибор беринг, “Авесто” асаридаги жой номлари  ва исмлар бизга бегонадай туюлади. Чунки, бизнинг она “Авесто”миз Греция  орқали дунёни  беш – ўн маротаба айланиб, балки 20 асрдан сўнг... асранди фарзанддай қовушмай, ҳадди сиғмай остонамизда бош эгиб  турибди.

  

  Бугун 21 аср одамлари учун  “Авесто”нинг Эрондами ёки Хоразмда   пайдо бўлганини аҳамияти йўқ. У шикастланган, маълум қисмлари йўқолган бўлса ҳам мавжуддир.   Энг муҳими у бизни буюк Эрон эллари билан, туркий халқлар билан биралаштиради.

  “Авесто”  адоқсиз океанлар бағридаги кемаларни ҳалокатдан асровчи сўнмас маёқлар каби дунёнинг турли кутубхоналарида ёғду сочиб турибди.

  Биз не учун муқаддас “Авесто” ҳақида бот – бот тўҳталмоқдамиз. Чунки,  инсоният тарихи акс этган  асарлар ва қўлёзмалар улкан вужуд бўлса, “Авесто” эса, вужуднинг юраги, қалби ҳисобланади. Хотирасиз миллат бўлмайди,  улуғ аждодларимизнинг шон-шуҳратга беланган, суръонли, гоҳ енгилиб, гоҳ зафар қазонган, мағлубият, ғалабалар шукуҳи сингган, бетлари орасидан гоҳ ҳасратлар, гоҳ ишқ қўшиқлари янграб турадиган қўлёзмалар рўёбга чиқиши учун инсонлар кўмагига мухтождир. Биз яқин орада халқаро кучларни бир жойга йиғиб, йиллар шамолида сарғайган қўлёзмаларни дунёга намоён этмоғимиз лозим. Зеро, тарих...замонларни, халқларни, инсон юрагини кўтариб турадиган йиқилмас, завол билмас  буюк устундир.

     22-28 октябрь 2020 йил

  Сайт дахлсизлиги яна бузилган.Матнга 15дан ортиқ хато киритилган. Сўзлар алмаштирилган...матннинг баъзи  парчалари таҳрир этилиб  тушунарсиз ҳолатга келтирилган. Айниқса бу интервенциядан мақоланинг 2 - қисми  Эрон кутубхона ва қўлёзмаларига алоқадор қисми кўп зарар кўрган.Илтимос, яна хато учраса Фейсбук саҳифам орқали хабар беринг. Баъзи сабабларга кўра шу мақолани қийналиб ёзган эдим.  2020 йил 29 октябрь соат 19.31. Мақола хато ва қайтариқлардан тозаланди.

  Тошкент

Мақола  www.nurzamon.uz  сайтидан олиниб қайта юкланмоқда.

- - -


< Orqaga qaytish