Marta o'qildi
Шарқ тиллари: Форс тилини ўрганамиз. Саломат Вафо.
“Кишининг ўзи етмаган ерга сўзи етар” халқ мақолидан.
2007 йилда Чет тилларни ўқитиш бўйича Америка кенгаши томонидан ўтказилган тадқиқот доирасида хорижий тилларни ўрганаётган болалар мактаб дастурида математикага кўпроқ соат ажратилган, аммо чет тилларни умуман ўқимайдиган ўқувчиларга нисбатан, математика бўйича яхшироқ натижаларни кўрсатгани аниқланди. Ҳайратланарли томони йўқ — бошқа тил асосларини ўрганиш ўқувчида мантиқий фикрлашни уйғотади.
Тил ўрганиш бугун ҳам, бундан юз йил олдин ҳам энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.Шунинг учун ҳам жадид боболаримиз тил ўрганиш, халқни маърифатли қилиш масалаларини долзарб мавзу сифатида кўтариб чиқишган.
Тарихан Буюк Ипак йўлининг гавжум чорраҳаларидан бирида жойлашган юртимиз бир вақтнинг ўзида кўплаб маданиятлар билан ўзаро таъсир ва алоқада бўлган. Бағрикенглик халқимиз менталитетининг бош фазилатларидан бири бўлиб келган. Шу боис қадимдан юртимизда чет тиллардан, асосан, анаткак (санскрит), табғач (хитой), тўхри (ўрта форс тили) тиллари ўргатилган бўлса, ўрта асрларга келиб, кўпроқ араб ва форс тилларини ўқитиш эҳтиёжи юзага келди.
XIX асрнинг охирларидан бошлаб эса, рус тили ва маданиятини ўрганиш кун тартибига чиқди. Ўша кезлар буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий "Ойина" журналида "Икки эмас, тўрт тил лозим" мақоласи билан "Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур" деган ғояни илгари сурди.
Бизнинг давримизга келиб тил ўрганиш масаласи қандай аҳамият касб қилди?.Ўтган асрнинг 90-йилларидан Ўзбекистонда Шарқ тиллари ўқитиладиган мактабларга муносабат ўзгарди.Бунга турли хил омиллар сабаб бўлди. Айниқса, араб, форс тиллари диний оқимларнинг кириб келиши, ислом динининг кенг тарқалиши орқали ёшларда турли муносабатлар шаклланишига олиб келади, деган фараз илгари сурилди. Шарқ тилларини ўқитишдан кўра илғор Ғарб тилларини ўргатишга асосий эътибор қаратиш зарур деган қараш пайдо бўлди. Бирин-кетин Тошкент, Фарғона, Наманган, Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятлардаги Шарқ тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган 2-3 тадан иборат умумтаълим муассасалари оддий мактабларга айлантирилди.
Турли сабаблар туфайли шарқ тилларини ўрганиш иккинчи даражали тадбирга айланиб қолди.Бу борадаги анъаналар, йиллар давомида йиғилган тажрибалар унутила бошлади.
Умуман, инқилобий даврларда яшаган жадид боболаримиз тил масаласига қандай ёндошган эди?.
Беҳбудий “Икки эмас, тўрт тил лозим”мақоласининг сўнгида келтирган исбот ва далилларига таянган ҳолда Туркистон мактабларида ҳам туркий, ҳам форсий бирга ўқитилиши мақсадга мувофиқ деган хулоса берди.
Беҳбудий (умум)туркий тилни «Таржимон» газетаси воситасида ўзлаштирганини баён қилар экан, «она тилим форсийдир, ёзган туркчамни руҳоний ҳожам ‘Таржимон’ саҳифаларидан таҳсил этдим», деган фикрни илгари суради..
Манба:http://www.marifat.uz/marifat/ruknlar/fan/1187.htm
Мисол тариқасида форс тилини оладиган бўлсак, ўтган вақт давомида форс тилини ўрганишга бўлган қизиқиш камаймади.Шу боис эътиборингизга форс тили ҳақидаги маълумотни ҳавола этамиз.
Форс тили ҳинд-европа тиллари оиласининг ҳинд-эрон тармоғига мансуб. Дунё миқёсида тахминан 150 миллион киши бу тилда сўзлашади: асосан, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бир қисм аҳолиси. Қадим замонда шарқда Ҳиндистон чегара минтақаларидан шимолда Россиягача, Форс кўрфазининг жанубий соҳилларидан, ғарбда Миср ва Ўрта ер денгизигача бўлган ҳудудда ушбу тилда гаплашишган.
Мавзуга қайтамиз.Шарқшунослар етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган, республика бўйича бор-йўғи 30 тага ҳам етмайдиган хитой, ҳинд, араб, форс, урду тилларига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг йўналиши ўзгартирилиб, фақат Ғарб тиллари, хусусан, инглиз тили ўқитила бошланди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги шарқ тилларига йўналтирилган 24-, 22-, 119-, 272-мактаблар бошқа фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига айлантирилди.
Бу шарқ тилларини ўрганмоқчи бўлган ёшларга катта қийинчилик туғдирди.Мамлакат бўйлаб ушбу тилларни ўрганувчилар сони кескин камайиб кетди.
Бугунги кунда мамлакатимизда шарқ тилларини ўрганишга муносабат тубдан ўзгарди.Айни пайтда юртимизда ташқи сиёсат, иқтисодий-ижтимоий, маданий, ғоявий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли илгари йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф қилинди.Ўнлаб мактаб лицейларнинг шарқ тилларини ўргатиш фаолияти тикланмоқда.
Бу соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида президент қарори ҳам қабул этилди..
Ўзбекистон республикаси президентининг 16.04.2020 йилдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан Шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилди.
Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
2020 йил 1 июлга қадар Университет ҳузуридаги академик лицей фаолиятини танқидий ўрганилиб, унинг фаолиятини такомиллаштириш, қабул жараёнига қўйилган талабларни қайта кўриб чиқишни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
ёзма ёдгорликлар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан Университет бепул таъминланди.
Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва музейлари ҳузурида Университетнинг адабий ва тарихий манбашунослик йўналишларида кадрлар тайёрловчи кафедраларининг филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Диний масалаларда ҳам шаффофлик таъминланиб, ишлар тўғри ташкил қилинмоқда.Мамлакатимизда юзлаб янги масжит ва талабалар асосан араб ва форс тилида ислом динини чуқур ўрганадиган мадрасалар қурилмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати миллатларнинг ўзлигига, бошқа халқлардан ажралиб турувчи хос хусусиятларига чанг солаётган ҳозирги глобаллашув жараёни билан боғлиқ. Бу жараёнга қарши тура оладиган куч сифатида миллий мерос ва қадриятлар майдонга чиқмоқда. Маънавияти бутун халқни ҳеч қайси куч, ёт мафкура, оломон маданияти йўлдан оздира олмайди.
Бу вазифаларни изчил амалга ошириш учун ҳам юқори малакали шарқшунос кадрларни тайёрлаш, шу жумладан, манбашунослик ҳамда матншунослик бўйича мутахассисларни етиштириш муҳим ҳисобланади.
Чунки форс ва араб тилида яратилган ўрганилиши лозим бўлган юз минглаб қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари юқорида таъкидлаганимиздай илмий текшириш институтлари,кутубхона ва музейларда сақланмоқда.
Кейинги даврда мамлакатимизда шарқ тилларини ўрганишга катта аҳамият берилаётганлиги, президент қарори қабул қилинганлиги, бу қарор асосида шарқ тилини ўрганиш бўйича Наманган ва Хивада техникумларнинг очилиши, турли лицей ва мактабларни шарқ тилларини ўрганишга йўналтирилиши, бу соҳада жиддий ислоҳатлар олиб борилаётганини кўрсатади.
Сўзимиз сўнггида форс тилини ўрганувчилар учун янги маълумот ҳавола этамиз.
Эрон Ислом жумҳуриятидаги Саъдий Шерозий жамғармаси форс бӯлмаганлар учун форс тилини виртуал ӯрганиш курсларининг очилишини маълум қилади.Синовдан ӯтган қатнашувчилар Саъдий Шерозий жамғармасининг халқаро стандартлар асосидаги гувоҳномасини қӯлга киритишади.Форс тилини ӯрганишга қизиқувчилар "https://amooz.saadifoundation.ir" манзили орқали Саъдий Шерозий жамғармаси сайтига кириб, виртуал ӯқув курсларига ёзилишлари мумкин.
Эндиги масала ёшларимизни бошқа шарқ тиллари билан бирга араб ва форс тилларини чуқур ўрганишида қолди.Келгусида шарқ тилларини пуҳта ўрганишга бел боғлаган ёшларга зафарлар тилаймиз.
Мақолани тайёрлашда Абдураҳим МАННОНОВнинг “Шарқ тилларини ўрганиш эҳтиёжи:муаммо ва ечимлар” матнидан фойдаланилди.
- - -