Мақола

Инобатнинг ойдин йўллари.


Marta o'qildi

Инобатнинг ойдин йўллари.


        
Бугун – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, журналист, сиёсий шарҳловчи, шоира Инобат Нормуродова таваллуд топган кун. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси шоиранинг шукрона куни ва касб байрами билан табриклаб, ижод оламида бардавомликни тилайди.
Инобат Нормуродова 1961 йил 27 июнда Қашқадарё вилояти Китоб шаҳрида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетини, 2011 йилда эса Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 1984-1991 йилларда “Шарқ юлдузи” адабий-бадиий журналида фаолият олиб борган. 1991 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлар бош муҳарририятида муҳаррир, катта муҳаррир, “Давлат ва жамият ҳаёти” бўлимида сиёсий шарҳловчи вазифасида хизмат қилиб келмоқда.
Инобат Нормуродова “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Саодат”, “Гулхан”, “Амударё”, “Қарақалпоқ эдибияти”, “Ҳалқ сўзи”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қорақалпоқ тонги”, “Китоб дунёси” каби қатор газета ва журналларда ҳамда “Қашқадарё баёзи”, “Кифти-об гулдастаси”, “Ёшлик” альманахи китобларда туркум шеърлари эълон қилинган.
Ижодкорнинг 1991 йилда “Соғинч соҳили”, 1994 йилда “Кўнгил қушлари”, 2019 йилда “30-уй”, 2021 йилда “Кунларимни учирди еллар”, “Қадимги қўшиқ”, “Оқ сув” шеърий китоблари нашр этилган.
Инобат Нормуродова 1990 йилда “Саодат”, 1991 йилда “Шарқ Юлдузи” журналининг фахрий ёриқлари билан тақдирланган. Самарали меҳнатлари учун “2019 йилнинг Энг фаол тележурналисти” деб топилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати

          Оила қуришга улгурмаган қаҳрамон

“Мен тоғангнинг изини излаб Белоруссияга бордим. У ерда қабри бор, қабридан бир сиқим тупроқ олиб келганман. Журналист бўлсанг, ўрган, ёз, санга катта материал бўлади”, деди. Ўша пайтда Шарофжон Орифийда айрим ҳужжатлар, тоғамнинг хатлари бор экан. Тиловат холамдан олиб кетган экан.

1977 йилнинг охирлари – 1978 йилнинг бошлари эди. Мактабни тамомлаб, Тошкентга – журналистикага ўқишга кетаман, деб учиб-қўниб юрган кезларим. «Шаҳрисабз тонги» газетасига шеърларимни олиб борардим. Муҳаррир Бозор Намозов мақола ва шеърларимни таҳрир қилиб, газета саҳифаларига тайёрлаб берарди. Бир гал борсам, хонада оқ юзли, тўлароқдан келган бир киши бор э

Билсам, ҳалиги киши шаҳрисабзлик таниқли журналист Шарофжон Орифий экан. Номини яхши биламан, аммо ҳеч ўзларини учратмаган эдим. У киши менга кўп насиҳатлар берди. Сўнг «Бир томчи қон» деган кичкина китобчага дастхат ёзиб, қўлимга тутқазди. Китобда тоғам – Совет Иттифоқи Қаҳрамони Шоди Шойимов ҳақида мақола ҳам бор экан.

«Мен тоғангнинг изини излаб Белоруссияга бордим. У ерда қабри бор, қабридан бир сиқим тупроқ олиб келганман. Журналист бўлсанг, ўрган, ёз, цанга катта материал бўлади», деди. Ўша пайтда Шарофжон Орифийда айрим ҳужжатлар, тоғамнинг хатлари бор экан. Тиловат холамдан олиб кетган экан. Журналист бўлиб то ўзимни тутиб олгунимча Шарофжон Орифий ҳам, Бозор Намозов ҳам оламдан ўтиб кетди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин).

Бозор ака онамга узоқроқ қариндош бўлиб, қўшни яшаган. Хуллас, ўқишни битириб оилали бўлдим. Кетма-кет фарзандлар туғилди. Шаҳрисабз шаҳридаги ҳозирги 10-мактаб Шоди Шойимов номи билан аталарди. Қачон у ерга борсам, мактабга кириб ўтардим. Шаҳар марказида Шоди Шойимов номли кинотеатр, ундан ташқари хотира майдонида бюсти ҳам бор эди. Ҳар доим бўлаларим, ака-укаларимиз билан бориб турардик. Ким оила қуриб, ФҲДЁдан ўтса, аввал шу жойга бориб гул қўйиш одати эди.

Бундан бир неча йиллар аввалги воқеалардан ҳамманинг хабари бор. Уруш қатнашчиларини эсламай қўйдик. Исмлариниям айтмадик. Тоғамнинг бюсти шаҳарнинг қайси бир четига сурилди. Шаҳарнинг қиёфаси тубдан ўзгариб кинотеатр ҳам бузилиб кетди. Менда кинотеатрнинг расми йўқ, аммо кимдадир бўлиши керак, излаяпмиз, топилиб қолса ажабмас.

Шоди Шойимов кўнгилли бўлиб жуда эрта урушга кетган. Ўша чоғда жуда ўт-олов, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини оладиган «безори» бола бўлган экан. «Ҳеч нимадан қайтмас, қўрқмас ва жудаям қайсар эди, гапига кирмаган болани кўтариб ҳовузга улоқтирар, ёки даштга обориб оёғидан тутга осиб қўяр эди», деб эслайдилар раҳматли Зулайҳо катта онамиз.

Шоди Шойимов 1937 йил отасидан, 1939 йилда эса онасидан айрилиб, тўрт ёшли Тиловат синглиси билан Турсунтош момомизнинг, яъни катта бувимизнинг қўлларида қолган. Ерга урса кўкка сакрайдиган, ғайрати ичига сиғмайдиган ўсмир болани эплолмаган катта бувимиз икки қизи билан бева яшаётган кенжа қизлариникига кўчириб қўяди. Кенжа қиз –Зулайҳо катта онамизнинг айтишларича, қанчалик бохабар бўлишмасин қайдандир «ишкал» чиқариб юраверар экан. Ғайрати ичига сиғмаганидан ўзини урушга ёздириб келди, деб эслайдилар катта онам. Кўп ўтмай урушга кетди. Кетаётганидан жудаям хурсанд эди. Гўё у боради-ю ҳаммасини тинчитиб келади. Шунинг учун «тез келаман, мени кутинглар,” деб кетди. Биринчи хатларида Фрунзе деган жойдаман, милтиқ отишни ўрганяпман, деб ёзди. Ўша хатларини Шарофжон Орифийга бергандик, деганди.

Ёшлигимизда катта онам, холамлар билан байрамларга борганимиз, айниқса, ғалаба байрамларидаги эътирофлар бизни жуда хурсанд қиларди. Ёшгина жони увол кетганини тушуниб етмасакда «Герой тоғамиз» борлигидан қувонардик. Кинотеатрнинг тепасидаги тоғамнинг исми фамилиясини кўриб фахрланиб қўярдик.

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йил буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда «Ғалаба боғи» ташкил этилди. Кўркам, чиройли дам олиш маскани бунёд бўлди. Борган сари камайиб бораётган уруш фахрийларимиз, қаҳрамонларимиз бағрига шамол тегди. Хотиралар жонланди. Шуларнинг қаторида афсонавий қаҳрамон, тоғамиз ҳам борлигидан шукур қиламиз. Унда Шоди Шойимов қаҳрамонлиги ифодаланган махсус павильон бор. Одамни тўлқинлантиради. Музейга кириб ўнг томондан юрсангиз бир қўлида белкуракчаси билан немис солдатини ураётган солдат ҳолати тасвирланган инсталляция. Худди тирикдай. Унда Днепр дарёсини кечиб ўтишда иштирок этган ўзбек йигитининг жасорати, отишмада милтиғининг ўқи тугаб ўз қўллари билан немис газандаларининг додини бераётгани ифодаланган.

Шундай. 2-Белоруссия фронтининг 50-армияси, 385-пиёда дивизиясининг 1266-пиёда полкидаги 2-батальон автоматчиси Шоди Шойимов Днепр дарёсини кечиб ўтиб асосий кучлар келгунига қадар кечув йўлини ҳимоя қилиб турган. Автоматининг ўқлари тугаб 13 нафар душман билан қўлда жанг қилган. Воқеага гувоҳ бўлган Дашновка қишлоғи аҳли бу қорачадан келган довюрак йигитчани яхши эслаб қолишган. Маълумотларга қараганда ўқ тегмаган, аммо курашда жароҳатланиб эртасига 1944 йил 28 июнда вафот этган. Ҳозир шу қишлоқда қабри бор. Дашновкаликлар афсонавий, баҳодир йигитни шу ерга дафн қилишган.

Урушга кетганида бор-йўғи 17 ёш, 18 ёшида эса жасорат кўрсатиб, қаҳрамон бўлган. Вафотидан сўнг 1945 йил 21 мартда Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Ленин ордени ҳамда «Олтин юлдуз» медали билан тақдирланган. Ҳаракатдамиз. Оллоҳ насиб айлаб қабридан бир сиқим тупроғини келтириб боболаримиз, оналаримиз қаторига қўйсак руҳи биздан шод бўлар эди. Мақсадимиз шу.

Инобат НОРМУРОДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

- - -


< Orqaga qaytish