Ҳикоя, шеър

Уфқлар ортида зангор йўл бор.  шеърлар. Ҳалима Аҳмедова


Marta o'qildi

Уфқлар ортида зангор йўл бор. шеърлар. Ҳалима Аҳмедова

МУНОЖОТ

Эй дард, кўзларимга солмагин парда,
Мен ёнган оташнинг кулимасми сен?!
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин —
Жавоби, ҳам сўлғин гулимасми сен?!

Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тулдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳали топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар хаёт номини.

Туннинг дарахтида пишган олмалар —
Юлдузлар ҳидидан айланар бошим…
Агар, ошиқ бўлсанг мискин жонимга,
Кўнглингга келмасин аччиқ  кўз ёшим.

Эй дард, ёлвораман
Аллоҳ ишқила,
Қоронғу нигоҳим этгил мунаввар.
Бедард шамол каби кезай боғларни,
Куёш уфклардан келтирса хабар.

Осмонга юксалган дарахтлар каби
Зумрад ҳаволарни туйиб яшайин.
Ўлимдан қўрқмаган майсалардайин —
Ўзимни бир бора суйиб яшайин.

Эй дард, кўзларимга солмагин парда…

ВАТАН

Мен ҳеч кимга кўтармадим қўл,
Ва ҳеч кимга етмас зиёним.
Аммо сенинг олдингда тупроқ,
Айб қилгандай титрайди жоним.

Райҳонларга чулғаниб кетган —
Онам ҳиди келади сендан.
Биламанки хокисоргинам,
Сен ҳеч нарса кутмайсан мендан.
Маломатга қолиб бу бошим,
Сенга бағрим бериб ётган чоғ.
Юпатдинг ҳам, тушундинг мени —
Дўсту яқинларимдан кўпроқ

Мен туғилган кунимдан бошлаб,
Талпинганим сен бўлдинг, ишон.
Сенинг зарра-зарраларингда —
Ҳақ жамоли бўлди намоён.
Ўзга тупроқ тортмас дилимни,
Жойнамозим ўзинг, чўкдим тиз.
Ахир сендан юрагимгача
Боғлаб турар илоҳий илдиз.

Болам деб хўп яйратдинг мени,
Имкон бердинг ўйнаб кулгани
Фақат мени ўлгандан сўнг ҳам —
Қучоғингга олсанг бўлгани

***

Жуда гўлман,
Жуда бефаҳм,
Ишонаман, ким нима деса.
Ҳатто дарахт бўлишин айтиб,
Алдаб қўяр
Кичкина майса.

Муҳаббатнинг кўчаларида
Минг адашиб алданганим рост.
Юпатаман ўзимни гоҳо:
Алданиш ҳам ошиқларга хос.

Ғанимлардан шикоятим йўқ,
Дўстлар мени алдади ёмон.
Гарчи умид, орзуларимни
Меҳр билан этганман эҳсон…

Ҳаёт эса қистайди ҳамон:
Яхши кун бор олдинда,
Югур…
Кўп алданиб чарчаган кўнглим
Не учундир,
Бўлар беҳузур.

Мен ҳам энди анойи эмас,
Ҳаёт, мени алдама сен ҳам:
Ўша кунга етиб боргунча
Ўлмайсан, деб,
Аввал ич қасам.

***

Бегуноҳ парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда..
Майсаларга айлансам,
Қоламанми ёдингда?!

Райҳон барги силкиниб,
Юз очса шаббодага,
Шабнамга кўнгил берсам,
Қонаманми бодага?!

Ишқ фаслидан адашиб,
Дил сўраса қалдирғоч.
Карбало дашти учун
Жоним бўларми хирож?!

Субҳидам кокилларин
Тараса малак ёғду.
Мендан умидин узиб,
Ташлаб кетарми қайғу?

Бегуноҳ Парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда
Ҳалимадан воз кечсам
Қоламанми ёдингда…

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизликда адашган манму?
Оллоҳ, кафтларингда бир куни
Майса бўлиб эгиламанму?

* * *

Ёмғир каби ёғилса жоним,
Қароғларим бўлармикин жом?
Тиғ урилган бағрим қонига
Юрагини чаярму оқшом?

Мен нур бўлиб ўпсам жимгина,
Дил шаҳрининг эртакларини,
Тилларида сўзлашаманму
Онам қабрин чечакларини?

Қушлар кўзин қорачиғида,
Асир этиб кўмилган манму?
О, жаҳаннам оташи, сандан
Қочиб, санга интиламанму?

Кўз ёш каби силқиган жонни
Ичканида ичиккан дийдор,
Дил қонидан ман сарҳуш ўлсам,
Бандангманму, айт, Парвардигор?!

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизлиқда адашган манму?..

* * *

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Кишанлар ясадим қоронғу тундан.
Қонаган оёғин кўзимга суртиб,
Бир юрак сўрадим телба Жунундан.

Вужудни хокистар этди аланга,
Япроқни куйдирди тийра бўзларим.
Қайта дарахт бўлиб юксатарманми,
Тупрокқа тўлганда ишқли кўзларим?

Яратган, азобинг ичра очилдим,
Гарчи нигоҳингда ниҳон эдим ман.
Заминга хокистар бўлиб қоришдим,
Қушлар кўзидаги осмон эдим ман.

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Ашким дарёсидан юраккинам нам.
Дилнинг кўз ёшини қурита олмас
Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам.

Сўнгагим ичида оққан баҳорлар,
Ё раб, музлагайми умрим сўнгида?
Менинг ишққа тўла ўжар юрагим
Чирсиллаб ёнмоқда кўзим ўнгида.

Ёнган юрагимни кўмаман ўзим,
Япрокдар бандида қолар доғларим.
Бир кун дарахт бўлиб юксалсам, Оллоҳ,
Мени танигайми кузги боғларим?!

* * *

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Балки у хаёлим, балки афсонам.
Покиза кунларин шу йўлга боглаб,
Кечмоқда қисматим — йўловчи санам.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Юрагим вужуддан кетар ситилиб,
Яшайман кимнингдир ёдидан қочган –
Адашган арвоҳдай унга интилиб.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Руҳимни излайман, қайда у, эвоҳ?
Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,
Унда кўмильганми руҳим бегуноҳ?

Уфклар ортида зангори йўл бор,
Ўлим эрк устига қадалган туғдир.
Кетаман, қонталаш уфқ ортига,
Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?
Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,
Сен кимни изисан, кўзимдаги мунг?
Уфқлар ортида зангори йўл бор…

* * *

Тонготарда уйғотинг мени,
Шудрингларни тинглайин бир оз.
Таскин берай ёлғиз дарахтга
Юрагимнинг титроғига мос.
Тонготарда уйғотинг мени,
Ўқий осмон очган китобни.
Майсаларга юзимни босиб,
Улар билан кутай офтобни.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Чалай сувлар қўнғироғини.
Капалаклар уйидан топай
Болалигим кўзмунчоғини.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Қизғалдоқни қўяй эркалаб.
Ҳар гиёҳга, ҳар битта гулаг
Гўзал тушдек боқайин яйраб.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Кўкдан сўрай ишқнинг йўлини.
Уфқларга кўмиб келайин
Саркаш Ҳалиманинг кўнглини.

* * *

Қадр деган бозорларда мени арзон сотдинг, эй дўст,
Суягимни давраларнинг итларига отдинг, эй дўст.

Оллоҳ слоган назар эди, малакалардан хабар эди –
Гул кўнглимнинг сирларидан тўқиб ётдинг, эй дўст.

Мен нур дедим нигоҳингни, савоб балсам гуноҳингни –
Юзимга қоралар чаплаб, яна кулиб қотдинг, эй дўст.

Умидимни хароб айлаб, кўзимни макрда бойлаб,
Жонимга гулханлар жойлаб, дил қонимга ботдинг, эй дўст.

Ҳалимани бадном этиб, пинҳон ажалини кутиб,
Ҳасаддан зардоблар ютиб, дўзахни уйғотдинг, эй дўст.

* * *

Салом, бошим узра айланган хазон,
Келдингми, кўнглимда этавергин сайр…
Кўзимга гўдакдек жовдираб боққан
Ям-яшил умидлар, хайр энди, хайр…

* * *

Агар гуноҳкорман — гуноҳим сенсан,
Агар бепаноҳман — паноҳим сенсан.

Xudshid Davron kutubxonasi

- - -


< Orqaga qaytish