Хабар

Толорларда қолган ифор.  Гулчеҳра Нуруллаева хотирасига..    Саломат Вафо


Marta o'qildi

Толорларда қолган ифор. Гулчеҳра Нуруллаева хотирасига.. Саломат Вафо

       

  Қиз болалигида ҳамма кимларнидир ўзига қаратгиси келади. Кимлардир кийиниб, ясаниб пардоз қилиб...Мен ҳам Тошкентда Пушкин кўчаси 1 - уйда жойлашган Ёзувчилар уюшмасида матн терувчи бўлиб ишлаб юрганимда  Гулчеҳра опага ўхшаб киприкларимга туш қўйгим келарди.Гулчеҳра Нуруллаева 1982 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раис котиби бўлиб фаолият кўрсатганда..  навқирон 44 ёшида эди.         

Шоиранинг ижодий биографияси ҳақида сўз:Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган (1956—1964). «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961—1967) журналида ишлаган. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган.

  Шоиранинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилган. Шу кунгача ўндан ортиқ тўпламлари эълон қилинган.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) китоблари чоп этилган эди.

 У пайтда Гулчеҳра опа уюшманинг маликаси, биз оёқ-қўли чаққон хизматчи қизлари эдик. Шоира ўша оловли 90 - йилларда Ўзбекистон мустақиллиги ва давлат тили ҳақида оташин шеърлар ўқирди.

   У пайтларда гўшт, пишлоқ,школад, кофе, сут махсулотлари  камроқ бўлгани учун уюшма раҳбарлари Сарвар Азимов,Одил Ёқуб, Жамол Камол, Мамадали Маҳмудов ва Гулчеҳра Нуруллаеваларнинг жонкуярлиги, ташкилотчилиги билан биз ижарагир қишлоқи буюк ялангоёқлар дориломон кунларда яшар эдик. Нафақат биз, ҳозиргача кўз олдимда турадиган уюшма қоравуллари бўлган.. уйига мамнун бўлиб тансиқ озиқ-овқат ташийдиган мўйловдор амакилар, ҳайдовчилар, сафида бирон ўзбек бўлмаган бухгалтериянинг кибор ходимлари ҳам  уюшмада ишлаётгани учун боши осмонга етар эди.

 Ўша даврларда  марказқўмнинг машҳур  котибаси ўзининг русча, европача тарбиясига содиқ қолган  Раъно Абдуллаева ёқа,енгларига  мўйна тутилган тўқима кўйлаклар, кофта – юбкалар кияр, катта ой тоши кўзли кумуш узуклар тақар эди.Балки, шу давр раҳбар аёлларига шундай кийимлар урф бўлгани учун Гулчеҳра опа ҳам жуда ярашиқли кийинарди. Ҳар кун опа ишга келганида биз  матн терувчи соадатмандлар иккинчи қаватда  ишлаганимиз боис, опани кўриш ва улар сепган фаранг атирларини ифорини тотиш учун бир таҳлам қоғозларим билан бўсағада анқаярдим.  Гулчеҳра опа  баланд пошналарда, фаранг ифорларини таратиб,  қизил гиламларни босиб, барча билан бир-бир сўрашиб, баъзан фаррош хотинларнинг дардини тинглаб  мағрур ўтиб кетарди. Байрам тадбирлари,тўғилган кунларда, у ҳатто бошқаларнинг туғилган куни бўлса ҳам, уюшма адабиёт фондининг раиси Мамадали Маҳмудовнинг соф ўзбекча сахийлиги билан бизга ҳам гул бераверишарди. Гул ва совғаларни малоҳатли шоира  Гулчеҳра Нуруллаева берарди. Тадбирдан сўнг албатта, уюшмамиз ертўласидаги Мамадали Маҳмудов  Истатнбул деб ном қўйган ресторанга тушиб, ўзимизни сал кам рахбарларидай, балки, дунёнинг қалби Истанбул шаҳридагидай ҳис қилиб  давралардан жой олардик. Унутилмас суҳбатлар, шеърият оқшомлари бўларди. Қайси шаҳарлардандир сафардан қайтган устозлар Гулчеҳра Нуруллаева ва Жамол Камоллар  бизга совғалар тарқатишарди.

  Бизнинг ёшлигимиз шундай меҳрли даврда ўтган эди-ки, Гулчеҳра опа ёш шоирларга кўмак берар, ёки ёши улуғ ёзувчиларни муаммоларни ҳал қилиб юрарди. Раҳматли Мамадали Маҳмудов барча  эълон қилинган ва эълон қилинмаган йўқсил шоир, ёзувчиларнинг норасмий хомийси эди. Бутун мамлакатнинг шаҳар,овул, элатларидан йиғилган хаваскор, ёш ижодкорлар, эрмак талаб ёшлар..биров китоб чиқариш, биров пул илинжида  Мамадали аканинг изидан тўп-тўп бўлиб эргашишарди. Жамиятнинг бу хил қавми Мамадали аканинг биринчи қаватдаги катта кабинетини тўлдириб ўтирар, устозимиз навбатма-навбат уларнинг илтимосини бажариб, жамиятнинг аллақайси юксак идораларига қўнғироқ қилаётиб, одам кўплигидан  баъзан янглишиб кетарди.

  “..кимга телефон қилаётган эдим, ука отинг ким эди..сени..” дер эди кулиб.

  Буюк устозимиз Одил Ёқуб менга ўҳшаган ўнлаб ёшларга китоб чиқартириб берар, ёки уй олиб берар эди. Ул жаннатий устозим Одил ака 1989 йилда “Ғалабанинг 40 йиллиги”, ҳозирги “Тузел” мавзесидан 4 хона уй олишга буйруқ чиқарган  эди.

  Ишонинг,  орадан ўтган 30 йил мабойнида  шоира қора ва бошқа ранг рўйхатларга тушгани боис  Гулчеҳра опани кўрмадим. Гарчанд, Тошкентда яшасак-да..  

  Бир марта опа  “Озодлик”радиосига интервью берасизми" дея  қўнғироқ қилганини эслайман. Кейин боғлана олмадик, интервью учун ҳам раҳбарлари руҳсат бермадими,  кўриша олмадик.  

   Мен ўзбек халқининг улуғ, курашувчан шоираси Гулчеҳра  Нуруллаеванинг эълон этилган таъзияси  сувратлардаги сочлари оппоқ аёлни танимадим. Менинг кўз олдимда  Гулчеҳра опа ҳали ҳам вақтга ва замонлар бўҳронига енгилмаган мўйнали либослар кийган, катта кумуш узуклар таққан ва  уюшманинг кимлар юрмаган зиналардан мағрур кўтарилаётган Гулчеҳра Нуруллаева эди.

  Шоирани эсласам, опанинг табассум қилаётган сиймоси ва уюшманинг рус дворянлари саройи услубида қурилган  кенг зиналари, толорлари аро тарқаган ўттиз  йиллик фаранг атри ва ҳаяжонли одамлар ила  тўла залда буюк минбарларда туриб шеър ўқиётган виқорли қиёфаси гавдаланади.

   Назаримда Гулчеҳра опа Нуруллаева билан совет даври  адабиётнинг  улкан даври вақт дарёларида оқиб кетгандай бўлди. Кимлар кетди бу дарёларга ..Зоҳир Аълам, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Аҳмад Аъзам, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Эркин Воҳид, Абдулла Орип..Энди, уларнинг номлари ва шеърлари халқимизнинг бебаҳо хазинасига айланди.

   Мен    шоир ва ёзувчи дўстларимнинг бугунги муваффоқиятларида ўтмиш  устозларимизнинг меҳнати, хизмати ва меҳр - муҳаббати бор деб ўйлайман. Буларни қалби дарё устозлардан меҳр кўрган инсон сифатида ёзаётганимдан, устозларни ёдлаётганимдан юрагимда фахр туяман.

   Қадрли шоира Гулчеҳра Нуруллаева 2021 йил 16 январь куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу хабарни Фейсбук саҳифаларида ўқиганимда, назаримда мен билган Гулчеҳра опа билан янгиликлар лентасида қалқиётган хабар ва сувратлар орасида аллақандай номутаносибликми, адолатсизлик бор эди. Гўё, биз учун азиз бўлган Гулчеҳра опанинг номига, шаънига..не деяйин-ки, ўлим деган сўз нолойиқ ва адолатсиз  эди.  

  Ул жаннатий  шоира Гулчеҳра Нуруллаева ҳам ана ўшандай устозларимизнинг бири эди.Сўзимга нуқта қўймоқчи бўлмоқдаман..аммо, андухли бир оғриқ бунга йўл бермайди. Афсус..ватан ва миллат учун курашган, ҳатто умрининг оғир кунларида буюк бўсағаларга мукофот, ёки пул таъмаси билан бормаган шоирамизнинг бирорта унвони,мукофоти йўқ экан. Ўзимга тасалли бераман, элнинг муҳаббати ва назари Гулчеҳра Нуруллаева учун буюк мукофотдир, балки.. Мукофот керак эмас деймиз, аммо, қадрлими-қадрсизми мукофот  деган  кичик  қизил қути ичига жойлашган эътирофнинг  шундай сўнг сўз каби битиклар  ёзаётганда ўрни билинар экан.(Устоз Эркин Самандаров каби кўплаб тарихий романлар ёзган ёзувчида ҳам мукофот йўқ) экан).

  Нима ҳам дер эдик, бир вақтлар баланд минбарларда ёниб шеър ўқиган, сепган фаранг атирлари уюшма зиналари, толорлар, қаватлари аро таралган Гулчеҳра Нуруллаева..ўзининг ёниқ шеърлари билан барча мукофотлардан баланд эди.

  Устознинг оҳиратлари обод бўлсин. Ётган жойлари ёруғ бўлсин,деймиз. 

 24 январь 29921 йил.

  25 январь соат 8.55да матни яна кўриб чиқдим. Одатдагидай киритилган 7 та хатони тўғирладим. Шафқатсиз троллар ҳатто толор сўзини "болор"га ўзгартирибди. Бу шафқатсизлик дасхати, не тонг-ки, менга таниш эди..балки, мен унинг кимлигини билар эдим...Яна хато учраса менга Фейсбук саҳифам орқали хабар беринг. Илтимос..

 

- - -


< Orqaga qaytish