Хабар

Туркия элчиси Ҳалима Худойбердиева номли   ижод мактабига ташриф буюрди.


Marta o'qildi

Туркия элчиси Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактабига ташриф буюрди.

   Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмет Сурейя Эр жаноблари, элчихонанинг таълим бўйича маслаҳатчиси Али Эюпкожа, маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Алпарслан Акинжи ҳамда Туркия телевидениясининг бир гуруҳ вакиллари ташриф буюрди.

Ижод мактабида “Дўстлик мадҳи” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Нуфузли меҳмонларни муносиб кутиб олган Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил дастлаб тадбир иштирокчиларини муассасада ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, Президентимиз томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг истеъдодини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган 5 та ташаббус йўналишлари бўйича тўгарак фаолиятлари ва ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан таништирди.

“Дўстлик мадҳи” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирни мактабнинг иқтидорли, ижодкор ўқитувчилари Моҳидил Зияева ҳамда Ҳусниддин Ҳаитовлар ўзбек ва турк тилларида олиб борди.

Тадбирда Жалолиддин Румийнинг “Dostlar gün bügün”, Нозим Ҳикматнинг “Kerem gibi”, Юнус Эмрэнинг “Gönüller yapmaya geldim”, Ҳалима Худойбердиеванинг “Доруломон кунлар келди” ҳамда Муҳаммад Исмоилнинг “Дўстлик мадҳи” шеърларини турк ва ўзбек тилларида мактабнинг иқтидорли, ижодкор ўқувчилари Гулбаҳор Ёрқинова, Севинч Саидова, Шаҳзода Ҳамроқулова, Гулсанам Турғунбоева, Шаҳло Давронбекова ҳамда Зулҳаё Мингбоевалар ўзбек ва турк тилларида ёддан ифодали ўқиб берди.

Ўқувчилар томонидан айтилган турк ва ўзбек тилидаги шеърлар меҳмонлар томонидан юксак баҳоланди.

Шунингдек, тадбирда ўқувчилар томонидан турк миллий рақси “Zeybek”, ўзбек рақслари “Ўзбекистоним”, “Лазги”, қорақалпоқ миллий рақси “Қорақалпоғим” рақсларини маромига етказиб ижро этилди. 

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмет Сурейя Эр жаноблари тадбир сўнггида сўзга чиқиб, ўқувчиларнинг билими, истеъдоди, тил ўрганишга бўлган қизиқишлари, тадбир давомида намойиш этилган бадиий чиқишларининг ҳар бирини эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон – Туркия давлатларининг маданияти, тарихи азал-азалдан бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги ҳақида тўхталди. Бу икки давлатнинг алоқалари ҳар бир соҳада, давлатларимиз ривожининг ҳар бир жабҳасида намоён бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мехмет Сурейя Эр жаноблари томонидан ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоилга “Туркия – ўзбекистонлик журналист ва фоторассомлар нигоҳида” номли халқаро фотокўргазмада иштирок этганлиги учун сертификатини тантанали равишда топширди.

Туркиялик нуфузли меҳмонлар, ўқувчиларнинг тадбирдаги барча бадиий чиқишлари, турк тили тўгараги ўқитувчиси Насибахон Қўзиева ҳамда тарбиячилари томонидан кўтаринки руҳда ташкил этилганлиги мақтовга сазовор эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

“Дўстлик мадҳи” маънавий-маърифий тадбири барчада катта таассурот қолдирди.

А.ҚАЮМОВ,  Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

- - -


< Orqaga qaytish