Маданият, санъат

“Эй Баҳодир, ғам ема ҳар иш худо тақдиридур”..  Саломат Вафо


Marta o'qildi

“Эй Баҳодир, ғам ема ҳар иш худо тақдиридур”.. Саломат Вафо

                                     

  “Нуржон Ботир” тарихий лавҳалари.Ортиқбой Манглибоев. “Қувончбек -   Машҳура” нашриёти 2019 йил.

 

Дилбарим гул юзлидур, лаъли лабида холи бор,
Ғунчаи хандондир оғзи, лабларида боли бор,
Қош қоқиб имо қилур, ҳар кимни кўрса оли бор,
Ҳамма дерлар шул санамни неча сандек ёри бор,
Ишқ аро тушдим, қўлим тут, ё Али дулдулсувор.

 

     Болалигимдан улуғ хон аммаларим, яъни Нуржон Ботирнинг оҳтиқларининг... бобоси ҳақидаги ҳикояларини эшитиб улғайганман.Аммаларимнинг хон амма дейишга асосим  бор эди. Уларнинг учалови ҳам оппоқ, қалин сочлари узун, тутумлари эса оқсуяклар, хон хонадонига  хос эди. Уч аммам  таом еганда  кечадан қолган овқат емас, умрида дори ва укол олмаганди. Аммаларим ниҳоятда ширин сўз, меҳмондўст,одатлари бўлакча эди. Улар юз-қўлини уч хил сувга юварди. Юзини совуқ сувга, қўлини йилимжи сув ва оғзини иссиқ сувга чаярди.Ўша ҳикояларнинг бирида ”Саломат, буванг Нуржон Ботир  урушдан уйга қайтганида пўстинини силкитар экан, уйнинг ҳар ёқига Нуржон Ботирга отилган  бешотар  ўқлари думалаб кетаркан. Анам, Ботир буванинг болалигидан орқасида панжанинг изи, яъни ҳазрат Алининг беш панжаси изи бор эди ” деб сўйлаб ўтиришарди. Мен аммаларимнинг суҳбатларини “Шумбола” фильмидаги “..андоғ урибдики.. белигача ерга кирибди” деган жойларига ўҳшатиб  ишонмай кулиб юрардим.

  “Сиз мартувлар биринг ҳам менга ўҳшамадингиз, сизлар ануви  аммаларингиздай  қоралпақлара ўҳшадингизлар дер экан”..Шукуржон момом қизларига.Чиндан Раҳмажон аммам ва Ёқутжон аммам  думалоқроқ юз бичимили эди. Акамнинг апикаси Ўғилжон бутун умр Урганчда яшаб Монққа қайтишни орзу қилган шаддод, бир оз жаҳлдор бўлиб,  аммам ва акам Матёқуб Вапаев сариёнғиз, қирра бурун.. бир –бирига ўҳшашарди.

  Устоз, тарих ўқитувчиси, ўткир қалам соҳиби Ортиқбой оға Манглибоевнинг “Нуржон Ботир” асарини ўқиб ҳам юқоридаги воқеаларни, суҳбатларни  эсладим. “Нуржон Ботир”асарида ҳам Нуржон Ботирнинг  икки марта дор ва кундага олиб келингани тарихий фактлар асосида баён қилинган эди. Буларни ўқиб..энди ўзим ҳам улғайиб аммаларимнинг “”..ҳазрат Алининг панжаси изи ” ҳақидаги сўзларида жон бормикан деб ўйладим.

  Ҳатто сўзимнинг бошида  келтирган ғазал парчасида ҳам Нуржон Ботирнинг ўзи “Ишқ аро тушдим, қўлим тут, ё Али дулдулсувор” дея таъкидлайди. 

  Тўрт беш йиллар олдин акам, Матёқуб Вапаев, яъни Нуржон Ботирнинг оҳтиқи,невараси, “Саломат, бувамиз Нуржон Ботир ҳақида билганларингни ёзиб бер. Ортиқвой бир китоб ёзажак” экан деган эди. Тўғриси, ўша вақтда Хоразмда яшайдиган ўқитувчи одам  қандай китоб ёзар экан. Нуржон Ботирнинг тақдири мураккаб замонларга тўғри келган деб унча эътибор бермаган эканман.

  Дўстим, шоир Баҳром Рўзимуҳаммад  куни кеча ““Нуржон Ботир” китоби чиқди.  Истасангиз интернетдан  электрон вриантини ташлай” деди. Асар етиб келиши билан  эрталаб икки –уч соатда ҳаяжонланиб, хотираларга берилиб ўқиб чиқдим. Қаршимда  намоён бўлган янги ёзувчининг асаридан ҳайратланардим. Асарнинг тили равон, тасвирлари тиниқ эди. Ёзувчи асарни яратишда кўп изланган ва жуда кўп асарларни ўқиб чиққан эди.  “Хоразм шоирлари ва навозандалари”, “Феруз”, Лаффасийнинг “Тазкираи шуаро“, “Ўзбекистон тарихи”, Огаҳийнинг  “Шоҳид ул - иқбол”, Баёнийннг  “Шажарайи Хоразмшоҳий” ва  таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Аср қотиллиги”  асарлари, Хоразм тарихи, ҳусусан Хоразмнинг 1900 – 1924 йиллар тарихи ва чор  Россияси  генерали Кауфман Хоразмда олиб борган сиёсатини  чуқур ўрганганлиги  аён бўлади. Аммо ўрганиш бошқа, ушбу маълумотларни... афсонавий тарихий шаҳс ҳақида  хронологик тартиб билан асар  ёзиш бошқа эди. Энг мақтовга лойиқ жойи устозимиз Ортиқбой Менглибов тарих, Нуржон Ботир  шаҳси ва Хоразмдаги тарихий вазиятни нейтрал мақомда, яъни позицияда ..бирон  тарафга ён босмасдан ёзишнинг уддасидан чиққан. Яна  эътироф этадиган тамони “Нуржон Ботир” тарихий лавҳалари асари  Ўзбекистоннинг катта ёзувчиларидай  маҳорат билан ёзилгандир.

 Оғироғриқлар билан шуни ёзмоқдаман. Ота - онам, ҳатто Саъдулла оғам тирик бўлганда эди. Улар бу китобни кўриб не чоғлик бахтиёр бўларди. Саховатли Саъдулла оғам қўчқор сўйиб асар  тақдимотига келганларни  уйига чиқарган бўларди Афсус, у улкан дарёлар оқиб кетди.

   Энди “Нуржон Боир”асарини ўқигач қуйидаги мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман:

  Биринчидан: асарда  Нуржон Ботир образи  Хива тарихидан юлиб олинмай, ўша давр Хива мухити,Нуржон Ботир билан бир даврда яшаган тарихий шаҳслар тақдири иштирокида  ёритилган.

  Иккинчидан: Асардан мен билмаган фактлар, Муҳаммад Мурод девонбеги, Шихназарбой ва бошқа қаҳрамонлар  тақдири ҳақида изчил ҳикоя этилади.  Ҳусусан, Хоразм экологик табиати, дарёлар тошиб оққани, қалин тўқайлар кўп бўлгани учун йўлбарслар яшаганлиги  маълумоти,Нуржон Ботирнинг  овчилиги ва йўлбарс билан олишуви саҳнасини ҳаққоний тасвирлаган. Тўғриси, аммаларим йўлбарс билан олишув воқеасини  айтишганида улар ўз баболарига ҳурмати туфайли бир оз бўрттириб юборишган деб  ўйлардим. Демак, бу факт халқнинг орасида ҳам мавжуд экан.

  Учинчидан:  Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз  чор Россияси билан “Гандимён” шартномасини имзолагандан сўнг хонлик, ҳусусан, хонлик амалдорларининг ўзаро муносабатини янги фактлар билан тасвирлаган.

  Тўртинчидан: Муҳаммад Раҳим Феруз давридаги Хоразм Хива адабий мухити батафсил очиб берилгани  боис, ўқувчилар  Нуржон Ботирнинг  шоирлиги, созандалик қобилиятидан хабардор бўлишади. Ушбу асар муаллифи Ортиқбой Манглибоевнинг катта ютуғи ҳисобланади.  

  Аммаларим Нуржон Ботирнинг уч та  ғазал девони  бўлган деб айтишарди. Бу  девонларнинг биронтаси бизгача етиб келмагани жуда афсусланарлидир.

   “Нуржон Ботир ” тарихий лавҳалар китоби  ҳақида  ботир авлоди вакили ва ёзувчи сифатида баъзи  фикрларимни баён қиламан.

      1.1917 йилги революция арафаси Марказий Осиё мамлакатлари, ҳусусан Хива хонлиги учун мураккаб давр ҳисобланган. Ана шу алғов  -далғов замон, материаллари кўплиги боисми, асарда Нуржон ботир образи воқеалар қоришувида  қолиб кетган, ҳатто баъзи ўринларда асар бош қаҳрамони Муҳаммад Мурод девонбеги образимикан деган фикр туғилади. 

    2. “Нуржон Ботир” асарида “..Нуржон Ботир қароқчилиги боис Феруз билан муносабатлари мураккаб бўлган .” деган факт келтирилади. Марҳамат, мен ўқувчиларнинг диққатини Нуржон Ботир қароқчи бўлганми, ўғри бўлганми деган гипотезага қаратмоқчиман. Аммаларимнинг айтишича ва “Оловли йиллар” асарида Нуржон Баҳодирхон жуда жасур, қўрқмас, адолатли одам экан.Ўша, 1980 йилларда  Хивада авж олган “Оғабек” зиёфатида баҳс боғлаб Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг энг севимли ахал зотли отини,( маълумотларга қараганда  бу отнинг саройдан чиқишига  бағишлаб махсус “Хон чиқар” куйи ёзилган экан)ўша машҳур отни   Нуржон Ботир 12 пахсали отхонадан  туёғига этикни тескари кигизиб олиб чиққан. Чунки, Ичон қалъа кўчаларига тош ётқизилган бўлган. Ва шу кечаси от билан Аму дарёдан сузиб ўтиб Тўрткўлнинг ичкари қисмидаги ўз танишларининг хонадонига олиб бориб боғлайди.  Шу от воқеасидан сўнг  Нуржон Ботир от ўғриси номини олади.

  “Нуржон Ботир” асарида от ўғирлашга боғлиқ яна бир воқеа интерпритация қилинади.

  Яна қариндошларим,аммаларимнинг хабар беришича, туркман ёвмут  уруғлари билан муносабатлар зиддиятли бўлган. Ёвмутлар эгалик қилган карвонларни ва элга қайишмайдиган золим ва зиқна бойлар карвонини Нуржон Ботир бошчилигидаги  тўп йўлини тўсган. Ва  ўлжаларни ўз лашкарлари орасидаги  камбағал йигитларга ва уларнинг камбағал қўни- қўшниларига бўлиб берган. Бу ишларни Нуржон Баҳодирхон  ўн саккиз, йигирма ёшларида жони ичига сиғмай юрган, қони қайноқ вақтларда қилган.

  Яна бир ҳолатга эътиборингизни тортишни ҳоҳлар эдим. 1900 йилларда Хоразм лексикасида “қароқчи” сўзи деярли қўлланилмаган, бу сўз “босмачи” шаклида талаффуз этилган. Шунинг учун чор Россияси  Ўзбекистондаги миллий озодлик ҳаракатларини йўққа чиқариш учун уларга  қароқчи-босмачи деган ёрлиқ ёпиштирилган. “Қароқчи..” сўзи, масалан, Кариб денгизи қароқчиси маъносида..  кенг масштабда қўллангани учун.. бу сўз “Тазкираи  шуаро” каби асарлар  кўчирилганда ёки нашр қилинганда муҳаррирлар  тамонидан қўшилган ёки ўзгартирилган  бўлиши мумкин.   

  3. Нуржон Ботир ва Исфандиёрхон муносабатлари ҳақида. Асарда ёзилганидек 1900 йилларда туркманлар, Эрон туркманлари  билан муносабат, Хоразмга қатновчи каровонлар тақдирини ўз тасирида ушлаган Нуржон Ботирнинг  мавқеи .. беқарор, қўрқоқ ва фитначи бўлган Исфандиёрдан кучайиб кетади. Ҳокимнинг  ўғли Эшоннафас рус ва немис тилларини билади.Ботир  ҳалок бўлганидан сўнг отасининг ўрнига ҳоким бўлади ва совет даврида сургун қилинади.   Нуржон Ботирнинг ўзи рус тилида сўйлаша олган. Нуржон Ботир ҳозирги “Маҳтумқули” фермер хўжалиги ҳудудида Нуруллабой саройига ўҳшаган 12 пахсали ганчкор сарой қурдиради. Бу сарой 1974 йилларда совет даврининг ғаразли сиёсати туфайли бузиб ташланади..

  Бу ўзгаришларнинг барчасидан ғазабланган Исфандиёр Моноқ беклиги ҳокимини ақлини жойига киритиб қўйиш мақсадида Нуржон Ботирнинг гўзал қизи Шукуржонни  харамга олдириш тадбирини уюштиради. Аммо шу кун кечаси Исломхўжанинг содиқ одамлари   босқин ҳақида Нуржон Ботирга хабар беришади.Бобом  анамизни шу кечаси яқин қариндошига никоҳлаттириб беришга улгуради. Боболармизнинг сайи-ҳаракати билангина биз Вапаевлар сулоласи муборак Моноқда  ёруғ дунё юзини кўрган эканмиз.

  4. Яна “Нуржон  Ботир” асарида шундай тенденция бор эдики, ўзаро зиддиятлар туфайли вазир Исломҳўжа ва  Нуржон Ботир  Исфандиёрхон буйруғи билан ўлдирилади, дейилади. Тўғри, кўпгина  расмий манъбаларда шу маълумот учрайди. 

  Аммо, бугунги замон психология фанида манипуляция деган услуб бор.  Яъни  турли интригалар, сохта хатлар, бўҳтон, туҳматлар билан  одамларни гиж-гижлаш орқали  ва ўз қатл режаларини бировнинг  қўллари билан бажариш..

  1913 йилда  Исломҳўжа ва Нуржон Ботирнинг  ўлдирилиши бу қатл режасининг орқасида Марказий Осиё мамлакатлари,  ҳусусан Хоразмда манфаатлари катта бўлган Англия разведкаси ва чор Россияси моҳир охранкасининг қўли борлигини кўрсатади. Бу аср қотиллигини бажаришга буюртма берган Исфандиёрхоннинг ўзи ҳам 1917 йилда ўлдирилади. Шу таҳлит қардошлар эти  бир-бирига  едирилиб, тарихан  буюк ўлка бўлган   Хоразм... поезд йўллар, заводлар, касалхона ва мактаблар қуриб ривожланиб яна Хоразм давлати бўлмаслиги учун энг катта устунларидан бири ..Нуржон Ботир  йиқитилади.

 5. Нуржон Ботирни туғилиши ва вафот этган санъалари ҳусусида..

  Аммаларимнинг  ва “Нуржон Ботир” асарида Ботир авлодлари сифатида номи келтирилган тарих ўқитувчиси  Омонгалди Машарипов ҳам “ Нуржон Ботир 1862 йилда сендан юз аввал туғилган” деб айтишар эди. Шунда у 20 ёшида эмас, 27 ёшларида Моноққа ҳоким бўлиб тайинланган бўлади. Мен 1962 йил  15 январда Моноқда туғилганман. Асарда Нуржон Ботирни 1870 йилда туғилган деб ёзилган. Аммо, бу санъаларнинг қай бири тўғри эканлиги ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ..

  Барча қариндош-уруғларимиз, ҳусусан хон аммаларим.. бобомиз Нуржон Ботир 1913 йилда Ғозовот қалъасида Шомми кал билан бўлган  урушда Саидмурод ботир деган лашкарбошиси тамонидан орқа тамондан отилган дейишарди. Айтишларича, урушда “Нуржон Ботир ўлди” деган овоза тарқаганидан сўнг уруш тўҳтаб қолади. Ғозовот қалъаси дарвозаси очилиб Шомми кал отида чиқиб келади. Ва аввалдан ошнаси бўлган Нуржон Ботирнинг жонсиз танасини қучоқлаб йиғлаган экан.

  1985 йилда Нуржон Баҳодирхоннинг хоки “Зорлиқ бува” қабристони олма боғига кўчирилганда отам Матёқуб Вапаев бобомизнинг бош чаноғида орқа тамонидан отилган  ўқ ўрни  бор эди деган эди. Дойимиз Омонгалди Машариповнинг айтишича бобомизнинг қўл ва оёқ суяклари нормал одамнинг оёқ қўлларида тўрт  бармоқ узун бўлган экан.

  6. Нуржон Ботирнинг мақбараси жойлашган Шовот тумани аввалги “Коммунизм” ҳозирги “Маҳтумқули” фермерлар хўжалигида мақбара қурилиши ҳақида фикрларим бор. Акамнинг кичик опабийиси Ўғилжон аммам, акам опаларига опабийи деб чақирарди.Балки, ул жаннатий Шукуржон момомиз ўғилига  шундай деб ўргатгандир. Ўғижон аммам рухан кучли одам бўлгани учун акам Матёқуб Вапоевга “Матёқуббой, бувамиз Нуржон Ботирнинг қони шу ерга тўкилган. Саъдуллага айтсанг, шу ердан бувамга бир ёдгорлик қурсак” дейди. Менинг  2018 йил 13 мартда вафот этган жаннатий  Саъдулла оғам у вақтда Шовот тумани пахта тозалаш заводининг директори эди. Оғам Саъдулла Вапаев жамоа хўжалиги раисидан руҳсат сўраб, Урганчда  арихтекторларга жуда катта мақбара режасини чиздирган эди. Бу воқеаларнинг ичида ўзим ҳам борман. Жамоа раиси ўз лавозимидан қўрқиб  катта мақбара қуришга руҳсат бермаганидан сўнг  шу кичикроқ мақбарани қурдиради. Оғам мақбарани иситиш тизимларигача ўтказиб яшаш мумкин бўлган ҳолатга келтиради. Ўша вақтда нафақадаги Ўғилжон аммам Урганч бозоридан турли мевали оғочлар кўчатини олиб келиб экади. Буларни батафсил ёзаётганим,   Герастрат деган одам “Артемида” тарихий ибодатхонасига ўт қўйиб номи тарихда қолган эди. Шу маънода, узр деб ёзай асарда тасвирланган  “мақбарада ўтириб дуо қилган  Рўзмат Сапаев (Ўғилжон аммамнинг ўғли)” ҳам Урганчда мол-мулк устида уришиб бобосининг уйига ўт қўйиб юбориб қамалган эди. Сўнг яшашга жойи йўқлигидан мақбарага келиб ўрнашиб, онаси ва бошқа қариндош-уруғлар мақбарага келиб ётмаслиги учун иситиш тизими ва газ плитисини қўпориб сотади. Афсуски, асарда Р.Сапаев ёзилган менинг бунёдкор  Саъдулла оғам Вапаев ҳақида маълумот йўқ. Китобга мақбара қурган одамнинг  ҳатто расми ҳам киритилмаган. Китобнинг оригинал вариантида Нуржон Баҳодирхонинг тўғридан-тўғри вориси бўлган акам Матёқуб Вапаев ва бизнинг олти нафар фарзанд Саъдулла, Саломат, Турсуной, Шуҳрат ва Эргашдан иборат катта  оиламиз ҳақида батафсил маълумотлар борлигидан хабарим бор эди. Айнан Нуржон Ботирнинг набиралари Раҳимажон Машарипова, Ёқутжон Вапаева, Ўғилжон Вапаева ва Матёқуб Вапаевлар оиласига алоқадор маълумотлар ва уларнинг бобоси ҳақидаги хотиралари олиб ташлангани учун асарда мувозанат йўқолиб, Муҳаммад Мурод девонбеги биринчи ўринга чиқиб қолган.

  Акам.. жияни   Рўзмат Сапаевни  “олтин жиллиси” дерди. Рўзмат оға..уни ҳам худо раҳматига олсин, онаси Ўғилжон аммам  экдирган барча мевали оғочларни қўпориб олиб  ўрнига шоли эккан экан. Ўша қишлоқдан кимдир “шу ерга шоли эксанг, олтин бор жой билинади” деб уни мазаҳ қилган экан.Шундай қилиб Рўзмат оға  яшнаб турган  мевали боғни қўпориб ташлаб, шоли эккан. Шолидан ҳам ҳосил ола олмаган, Нуржон Ботирдан қолган олтин хазинасини ҳам тополмаган экан.

    “Нуржон Ботир” асарини ўқиб  улуғ олим Улуғбекнинг энг сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Манкбурни ҳақида  айтган сўзларини эслайман. Буюк олим ва шоҳ шундай деб лутф қилган экан. “Жалолиддин Хоразмшоҳ шундай жасур жангчи бўлганки, унгача ҳам ундан кейин ҳам бундай буюк жангчи бўлмаган. Жалолиддин Манкбурни шундай буюк курашчи эдики,  ҳатто буюклик сўзи унинг олдида бош эгарди” деб ёзган Мирзо Улуғбек.

   Чиндан ҳам Хоразм тарихида курашиб жон берган баболаримиз, ҳусусан, Муҳамад Мурод девонбеги,Исломхўжа, Шихназарбой ва Нуржон Баҳодирхон ҳам агар Жалолиддин Хоразмшоҳдай кенг майдонда  жанг қилганида, балки улар ҳам тарихда Жалолиддин каби ёруғ юлдуз бўлиб қолиши мумкин эди. Ҳар бир аждодимиз, ҳусусан шоир, саркарда, жамоат арбоби Нуржон Баҳодирхон жасурликда, ботирликда, билим ва тадбир қилишда тарихда яшаб ўтган аждодларимиздан кам эмасди. Бу давр ҳусусан Нуржон Ботир тақдирининг  тарихда ёритилмай қолганига кўп факторлар сабаб бўлган эди. Биринчидан: айни ўша 1900 йилларда Хива хонлиги сўнгги даврни бошдан кечираётганлиги эди. Бунинг устига Нуржон Ботирнинг барча Хива хонлари билан муносабати зиддиятли бўлгани учун..Моноқ беклиги ҳокими ҳақида ёзишга  кўп тарихнавислар хонлардан қўрқишган.

   Ва Хоразм тарихи, Хива хонлиги давридаги вазирлар, хокимлар, шоиру- олимлар  тақдири .. халқ ва миллат  ўз тарихи билан ғурурланмаслиги ва мангу манқурт бўлиб қолиши учун аёвсиз йўқотилган, подшоҳ боболаримиз авлодларга золим, қонҳўр деб кўрсатилган.

    Бу китобни ёзиб улуғ аждодларимиз дуо -  савобига қолган Ортиқбой Менглибоев, муҳаррир  Баҳром Рўзимуҳаммад ва тақдирзчи Болтавой Бекматовларга чексиз ташаккурлар айтаман.

    “Нуржон Ботир ” тарихий лавҳасида шундай таъсирли сўзлар бор. “Нуржон Ботир шундай паҳлавон эдики, ҳатто уҳлаб ётганида ҳам душманлари уни ёнига келишга қўрқишган”.

 Узр, деб ёзайин.

  Ҳақиқатдан, Нуржон Баҳодирхон ўз бобом бўлгани учун эмас, Хоразм халқи тарихида Жалолиддин Хоразмшоҳдан сўнг ҳеч ким у каби адолатпарвар, саховатли   халқ қаҳрамони даражасига кўтарилмаган. Ва халқ уни ўз афсоналари, қўшиқлари хотирасида ардоқламаган.

  Бобомиздаги ботирлик ва жасурликни раҳматли акам Матёқуб Вапаев ва Омонгалди оғам Машариповда кўраман. Ул жаннатий оғам Саъдулла Вапаевнинг саховат ва меҳр, муҳаббатда бобомга ўҳшатаман.  Менга ҳам дўстларимиз бошимга тушган кўп қийинчиликларга енгилмасдан курашаётганим учун “Саломат Вафо, Сиз хотин-қизларга хос бўлмаган ҳолатда жасурсиз”  дейишади.

   Мен жасур эмасман, Боболарим Нуржон Баҳодирхон бошлаган сўзни давом эттираётганим учун бу отойи-бувамизнинг бошимга соябон бўлган дуои-фотиҳаларидир, деб ўйлайман.

- - -


< Orqaga qaytish