Маданият, санъат

Масхарабозлар ўйини.   янги ҳикоя.  Саломат Вафо


Marta o'qildi

Масхарабозлар ўйини. янги ҳикоя. Саломат Вафо

     

 

Ўзбекистоннинг Шимолий ғарб қисми саҳролар ўртасида жойлашган Хоразм вилояти  овул –элатлари 2000 йилликларга келиб ҳувиллаб қолди. Бу юртнинг ёзи куйдирадиган жазирама, қиши туфласа тупук қотадиган қаҳратон совуқ эди. Шу йили  Хоразмнинг қаҳратон қишининг сўнгги кўринмай, талакхоналадаги дон - дунларнинг ости кўриниб  қолган эди. Эрталаблари элатга келадиган “иссиқ нон” деб ёзилган қутисимон кўк машин  келиши билан элатнинг елим халта, қопчиқ кўтарган бола – бақра “нон галди..нон галди..” дея дўконларга ёприлишарди. Одамлар буғдой ундан думалоқ юпқа чўрак уй нони ёпмай қўйган эди.Моноқ элати одамлари қишлоқдаги дўкон ва лавкалардан бўйнигача қарз бўлиб қолди. Қарздорлар тонгда дўкон очилмасдан, ёки қош қорайганда дўкондорларга кўринмасдан ўтарди. Узун қиш бўйи  тўй бўлиб  эт дўконларда савдо қайнар, сабзи, картошка, пиёз, мева - чева сотадиганлар, буғдой  тегирмончилари, келин либослари, парда тикадиганлар, сандиқсозлар, мебел сотувчилар иши тақа - тақ тўҳтаган эди. Элатнинг ўрис йўл дейдиган катта трасса  йўлининг бўйига жойлашган  тўйхоналарнинг эшикларига қулф осилган, пардалари ёпилган эди. Нонвойхонада иссиқ хоразмча патир ва  мойли қат - қат сўлқиллоқ патирлар ёпилмай қўйган эди.  Қорақум ва Туркманистон  тиконли сим чегара ҳудуди оралиғида яшайдиган  Моноқ одамлари йиғиб-териб  тўй этади ёки қишлоқнинг  ёши улуғи вафот этадиган бўлса  кўмади...гўё  булар ҳаётининг  асл моҳиятини шу “А” дан “Б” нуқтагача ташкил этарди. Эрталаб жам бўлган хотин –халаж вилоятнинг барча бозорлари, касалхоналарига жўнар, кечқурун яна биргалашиб мангу ёшлик шарбатини ичгандай “ваҳоҳо”лашиб қайтишарди.

   Одам қайнаб ётган Тошкентдан чиқиб  кўм - кўк  адир тоғли..олислардан Регистон гумбазлари, Гўри Эмир ялтироқликлари, Бибихонум масжити, Шохи Зинда мақбаралари   ва  Бухорода  Пойи Калон минораси, Нақшбандий ва мангу  гўзал келинчакдай Ситораи Мохи Хосса рангли деворлари минорларини босиб, йўлнинг тенг ярми  Қорақум саҳроларини қоқ иккига бўлиб  Хоразмдан ўтадиган   “Тошкент-Москва”поезди йўлидаги оғочлари сийрак, шўр босган..овлоқ бекатларидан бири эди Моноқ..

 ..Тороллло..ротоло...ротол..ло..отолло..

   Ғалати эди бу халқ. Етти ёшдан етмиш, саксон, тўқсон ёшгача, гадосидан тортиб подшосигача ..ўтда ҳам, сувда ҳам ўйнайверади. Россиянинг аллақайси шимолий шаҳарларда ишлайдиган хоразмликлар таёқ,тоғораларни чалиб қўши айтгани интернетларда айланар эди.   Балки, харакатлар..им - ишоралар билан дунёга бор дардини айтиш учун масхаравоз бўлиб ўртага тушар..”Чағаллоқ”, “Норим -норим”,”Мўри”, “Хубимбой”,”Сурнай Лазги”си  ўйинарини ўйнар..Тўйларда  оқ, қизил, кўк рангли қурамиш  чакман,эчки терисидан  тумоқ кийган масхарабозлар оёқларини икки тамонга тарвайтириб “торолло..лилло..ло..лилло..торолло лилло ..ло.. лило..” дея “Ашшадароз” ўйинини ўйнар..Куннинг ҳар соатида  сурнай, қўшнай,буламон оҳанглари харратларлар жамидан кўкка ўрлаганда..Хоразмнинг  бир тамони Қўшкўпир, бир тамони Хивагача бўлган   жами масхаравозлари қўзғоларди.

  Торолло ..лилло..лололло...торолло ..лилло...

  Созлар  тилида..ибтидода Хоразмда ясалган тор тилида.. қорли ўрмонда  оғочлар қулади..темир эшиклар ёпилди...олов уйғонди.. дея сўйларди. Бир замон қора қозонда тошаётган оппоқ қаймоқли сутрдай.. қўшнайлар  иг тортган келиндай “ийй..иииввииивв..” ун чиқариб  қўшиларди..Унга “..эй кимсан сен..сенда юрак борми..қалб борми..умрингда бир дафъа бўлса-да севганмисан..ошиқ бўлганмисан..”  деб жўр бўларди. Борлиқ билан иши йўқ ... сурнай ..тороллолилло.. лол..лилло..дея  харратлар Хоразмнинг  қалби деб  ёзган шойир хотин йиқилди..ёзар хотин йиқилди..деб.. ҳаволарни сермаб чала кетишди.

..Торолло ..лилло ...лололо..ротоло..ротолло..

    “Боқ, Ёқуб қўшнай қаррибди, қаррибди.бечора..Анови оға-ини Пирнафаслардан дами етмай  орқада қолди..Эй, ҳар гун 24 соат ичинда  буларни эшитаман. Ҳов, мана бу бахтиқора чўтирни қара..озондан кечгача  телевизорда  халқни алдайди..Сабр қилсангизлар туннелнинг сўнгида Сизларга нур кўсатаман..Эй, сан нани гўрсатасан..10 йилдан бари..” дейди катта йўл бўйидаги дўкон эгаси .. ҳаво илиқ бўлса ҳам  оёғига туркманларнинг гулдор жун жўрропини кийган Анабийи.

   Торолло лилло ло лилло..торолло лилло..

  элат осмонини қоплаб олган наволарнинг ичидан сурнай саси ёш йигитлардай отилиб чиқиб янграй кетди. Гўё хоразмнинг эчки терисидан оқ  тумоқ,  қизил, қора, кўк  рангли қуроқлардан либос кийган  юзлаб масхарабозлари сурнай оҳангига уйғониб майдонга чиққан эди.

  Бўйлари баланд резинкага ёпиштирилган  ясама соқол қўйган  юзлаб  масхаравозлар..ҳар қадам ташлашида қарс қоқиб, улкан бешиктебратардай тебраниб..ерларни гурсиллатиб – гурсиллатиб  сакрашарди. Хоразмнинг жами масхарабозлари ясама сақоллари ва эчки тумоқи орасида ялтираётган кўзларини жунун билан қисиб, юзига ниқоб таққан японларнинг “Но”театри актиёрларидай қарашлари, ҳаракатлари, имлари билан недир демоқчи бўларди. Балки, масхарабоз қиёфасида юрагидагини гапирар, аммо.масхарабознинг ҳам дарди борлигига одамнинг ишонгиси келмасди..

..тороло..лилло..лололо..

 Тарванглаб.. ҳар қадамида ийййиий..уввийй...ииий...яна орада оламнинг ола  - тасир қоришуви вақтида  нафас ростлаб олган қўшнай   дард тўлғоғи тўҳтамаётган  келиндай чакишиб  оҳанглар денгизига қўшилди.

 Иййй..ййй..иийййии уввв..бир дардим бор менинг..

  “Бугун харратлардан  хабар бўлар.. Божжи тилипоннинг тўйи экан. Тўйни гуни ҳам аниқ..  аммо куёв ҳали Колимада ойлиқини ололмасдан юрган эмиш. Бир –икки манглайи шўр болаларни  оёғини совуқ олганмиш. Озондан харратларни кайфи жойинда, қара Биви..” дейди Анабийи дўкончи қаршидаги дўкон эгаси.. қизил ипик рўмолни хоразмча айлантириб  ўраган  қирқ ёшларидаги  хотинга.

  “Ўлмагий харратлар, шуларни борлигини айтинг. Бу жам хоразмшоҳлар даврида Кўна Урганчда, бу ёғи  Мадрийимхон[1] давриндан отойи-бувойи соз тор  ясийди,қўшнай ясийди, сурнай ясийди..Нияти ойдин   буларни..Қўли тахтадан, ёпишқоқ елимдан ва тери ошлашдан чиқмайди. Тор ҳам, қўшнай ҳам, сурнай, доира ҳам тут, ўрик ва қўй терисидан ясалади.”

  Трололлило..лоло..ина..ина..ротолло..

“ Анабийи апика..”Қалампир.уз” деганни ўқидингизми..Моноқдан чиққан Аломатми, Саломатми деган ёзувчи хотин  ..умр бўйи ҳеч кало бўлмаган Садат жилли ётиб чиққан жойда ётиб чиқибди.. ” ..

  “..ҳов, на учун   шу  журналист харратларлар ҳақинда ёзган эди. Ибий, товба харратларни ёзгани  учун  ташлашибдими?.Харратларлара на бўлибди..уларнинг аждодлари  Нуржон Баҳодирхон[2] ҳокимлиги даврида Хивадан кўчиб келишганди. Улар соз ясаб, соз чалиб элнинг  тўй- маъракасини ўтказиб  кун кечириб юрган бечоралар..ку..Ўзи элатда эркак қолмади, ҳамма ишга кетди. Уларни Ўрозвой харрат ушлаб турибди-да эркак қолмаган юртда.. ”.

  Дўкондор хотинлар   чашгоҳгача харидор бўлмаган вақтларида мактаб ўқувчиларининг 50 - 100 саҳифалик, варақланаверганидан ялтираб, турли тус сиёҳларда ёзилган кирланиб қаппайиб қолган, муқовасига “Қарз”деб ёзилган дафтарчани олиб ҳасратлашишарди.

  “Элат эркаклари Қулсоридан қайтмади.Харротлар жамидаги хотинлар  ҳам қарзни қайтармади ”.

  “Москвага кетганлардан хат-хабар йўқ эмиш. Ойжоннинг қизи ҳам қўнғироқ қилмабди. Ўтган кун элат отес[3]лари номусдан ўлди..Сапира момони тобутини кўтаришга одам топилмабди”.

  Шовот кўприги  тамонидан даранг-дурунг, танғир-тунғур,така – тум..машиналар вағиллаши, одамларнинг қичқириқлари эшитилди. Ийййиий..уввийй...иии... Торолло лилло ло лилло..торолло лилло..

   “Сўнабика ..Бозорвой  тилипонни тўйи қутли бўлсин..”.

   Одамлар японларниниг бир кунлик  капсула мехмонхонасидан   чиққан йўловчилардай эшиги олдига чиқиб қишлоқ осмонининг бир чекасида ботишни унутиб  қизғиш баркашдай ҳавода сузаётган қуёшга боқдилар. “Тўй бошландими?. Божжи тилипон ўрисдан келибдими?”. Моноқ  элатда бўладиган   тўйларнинг кимники эканлиги унча қизиқ эмас эди. Бутун элат биров уларга тўйга айтса айтмаса ҳам она арига эргашган асал арилардай “Гўзойдин”  тўйхонасига биров эшакда, биров велосипедда, аксар элат хотин-қизлари  қишлоқ автобусининг энг сўнгги  рейсида  келишарди.

   Ҳар кун чошгоҳда элатни қоқ иккига бўлиб ўтадиган “Тошкент – Москва “ поезди Қорақумнинг сўнгги бекатини босиб ўтиб  асабий  вупиллади. Кекса паравоз..”қоч поезд йўлдан..сигирингни ол, қўйингни ол, болангга маҳкам бўл..қоч поезд келди..” дерди бўрқсиган буғ ва тутунлар орасидан.

 Бутун Моноқ одамлари уйида, молхонасида, элатнинг якка-ягона тиббиёт бўлимида укол олиб ётиб, тегирмончилар карта ўйнаб чарчаб, келинлар бувакларини бешикка белаб, эрта тонг чой ичиб бўлгандан тушлик овқатни ғамини еб  бўшаб қолган ун ҳалталарни  юрак оғриғи билан кўраётган бекалар..кеча кўп ичганидан боши оғриётган нафақахўр ёшуллилар ..поездда моноқлик эркаклар  элатга қайтаётганмикан деб умид қиларди. Улар уйлари олдидан ўтган шағалли йўл четига чиқиб бир тўйхона ва бир масжит тамонга боқарди. Туш пайтида вақт - бевақт бериладиган худойиларда сутга қорилган, қовриладиган шакарли бўғирсоқ, қатламалар ва   юмшоқ текин шавладан умидвор бўлиб.. қўл телефони рақамларини теришарди. “Боззи на гап..” деган сўзлар Ucell,  Billine  компаниялари ҳаво тўлқинларида  Хоразм, Қорақалпоқ у ёғи..  авваллари бир эл бўлиб яшаган ҳозир тиконли сим тўсиқнинг  ортида  қолган.. тақдирлари телба юртбошининг қўлида қолиб гоҳ бутунлай нашаванд бўлиб қамаладиган, гоҳ очликдан дўкон тахталарига терилган шифобахш чойларни ичиб кекирадиган одамлар...  Дошҳовузи    осмонида акс - садо берарди. “Эй Боззи..эй Сардор..Йўлли..на гап..на гап..”Гўзойдин”ни эшиги очилибдими?”..

   Дўконлар, машина устахоналари, элатда ягона чучвара пишадиган ивирсиган тамаддихона кунда -  шундалари, минг хил товуш чиқариб аллақачон тонгда Урганч бозорига бориб икки  бўлка нон, сабзи - пиёз, икки -учта қавоқ олиб йўлга чиққанлар  “Гўзойдин” тўйхонасида бирон ҳаракат борми дея син солишарди.

   Моноқ элининг  харратларлар тўпи осмонида довул уйғонгандай оғочлар ҳасратли чайқалади..Яна  навқирон бир куч қўй терисидан тортилган доирани..хоразмликлар “дарё..” дейдиган думалоқ доирани..думбала..думбалақ  кок..тақ..тақ..чала  кетади..Тор чалинади.. соз оҳангларида Хожихоннинг, Назира Юсупованинг оғир солдомли нафаси..Олмахоннинг залворили товуши ..дунё тарихида Паҳлавон Маҳмуддан  сўнг хинд подшосидан  иккинчи марта фил туҳфа олган Комилжон Отаниёзовнинг нафаслари сингган эди.. ииий..ввв..уввв... сурнай оҳанги баландлайверади. Гўё  бу юртнинг одамларига шу  мусиқа асбоблари билан жон киргандай ўз - ўзидан жонланиб ёнидаги  одамни танимаса ҳам сўйлайверади.

  “Поезд келибдими, “Гўзойдин”тўйхонанинг ошпазлари, фаррошлари  йўлдан ўтдими?”.

  Моноқ элатининг одамлари машҳур изтопар  Шерлок Холмсдай изқувар ва топқир  бўлиб, бугунги кун ғамини  ё тўйга бориш, ёки масжитда бериладиган худойидаги юмшоқ қўй ширасида пишган қорма шавлаларни ейишни..яшириб нима қилишади тўйгунча ичиб дўндиқча ўйинчи қизларга ёки безбет масхарабозларга қўшилиб ўйнашни  ўйлашарди.

  Тороллоли..ло лоло..Ҳув кулранг ятироқ тўронғилларнинг отида Кат қалъасида.. океанлар ортида улкан қуруқлик.Америка бор деган Абу Райҳон Беруний туғилган эди..У  ҳам барча оёқ яланг, иштонсиз болалардай худонинг берган куни янграйдиган ва юртнинг масхарабозлари енгилмаган лашкарлардай ..сурнай оҳангига аллақандай ибтидойи имлар, қумпишиклари, шоғоллар,тулкилар, қушлар ҳаракатига ўҳшатиб гердайиб, тарвайиб..соллониб..соллониб  қадам ташлаб..тороллоли.ло..ло ло деб қарс қоқиб..ўйнаган чиқар...

  Хоразмнинг бор  масхарабозлари “Божжи тилипон тўйинг муборак бўлсин..” ўйнаб келишарди.

  Сурнайнинг хазин саси, қарслар, қум пишиклар, сакраш дупурлари  товушлари қоришувида Моноқ осмонида Шовотга яқинлашиб қолган “Тошкент-Москва”  поездининг ҳорғин вуппиллаши эшитилади. Ер ва осмон оралиғи товушлар симфонияси ичида шақирлашлар,” пис.. пис”, вағиллашлар эшитилиб..элатнинг ҳар тонг Урганчга йўл оладиган “Отайўл” русмидаги эски кичик автобуси пайдо бўлади. Чор арофга ..”Урганчдан гапирамиз...бугун дўғилган кунини нишонлаётган барча хоразмлик 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган элдошларимизни табриклаймиз. Қани гетдик. Сизларни шарафингизга Отажон оға Худошукуров куйлайди.”Умр ўтар.. ”..

   Автобуснинг олтмиш ёшларидаги кенг соябонли  шапка, турк учувчилари, ёки харбийларининг эски  хизмат либосини кийган Анорбой ҳайдовчиси радиони товушини пасайтириб кулимсирайди. “Э, булар дўғилғон манглайи шўрларни дўғилғанина  минг пушмон аттиради..” У чиғатой элатидан Туркияда ишлаб келган йигитлар бериб кетган харбий кийимини меҳр билан  қоқиб-силкиб ёқаларини тўғирлаб қўяди. . Анорбой   тугун, ҳалта-ҳулта кўтарган, ҳафтанинг учинчи куни Ваянганбува қабристонига олиб бориб сўйишга тождор  патлари қизғиш ялтираётган хўрозлар, қопли картошкалар, оқ қанд, сап -  сариқ шоха новвот тугунларини кўтариб олган хотинларга ҳазиллашарди.

  “Бозорда нарса қолдими..хўрозом борми..хўрозингга ҳам билет оласан..”..

  “Хўроз на сани устингга миндими, бечора оёқ остида ётибди боғланиб, ана харратлар  чиқди..ҳалта..ҳалта оғочи  билан  чала ошланган қўй дериларини саситиб шулардан ол....ана ..ана  бу қул жамидаги Нурматни қўш  хотинларидан ол..” .

 “Калланг бузилдими сани..Жамила..қул жамидан пул  олсам..Нурмат банги ...чиқиб беш отари билан  манглайимдан отиб юрар  йўлимни топмасман..”..

  “Анорбой..эшитдингми..харратларларни тўйларни ушлаб  туради..Хоразмни ушлайди деб ёзғон журналист хотин Саадат жилли ётган жойдан яқинда чиқибди...Бечорани темир эшикли телбалар маконидан қизи Истанбулдан келиб   чиқарибди..  ”.

  “Пахта заводи  директорининг укасида..биламан у қизни дим чиройли эди. Ҳаммасиз уни Химма Малини деганга   ўҳшатардик”.

  Минг хил товуш чиқарган автобус шўр босган Ўрис йўлдан қайрилиб  Моноқ қалъасига етганда ғийиллаб  тўҳтайди. Атрофида сариқ толлар, тераклар ўсган йўл ғалати оломон издеҳоми билан тўсилган эди. Майдонда қутлуғ  пайғомни кутиб олиш   тараддутда  тор чалаётган Нурмамат харррат бошлиқ оқ соқолли чоллар, сурнай, қўшнай, буламан асбобини пуфлаб чалаверганидан кўз косалари каттайган, юзлари қизарган ўнларча .. сурнайчилар,  шерозий папах кийган 7-8 ёшли болалар тор чертар ва доира чаларди.

  Думбалақ..думбалақ..иииййй..иййии..

  Анорбой ҳайдовчи автобус ойнасидан бошини чиқариб, куй оҳангига  калласини лиқиллатади.Унинг ортидан автобуснинг барча ойнасидан аёлллар, сақолли эркаклар, ёш болалар, қизил тожли хўрозлар,лунжини танғиб  тиш докторидан келаётган ёш келинлар бош чиқариб анграяди. Радиодан диктор қизнинг “бугунги туғилган кунларини нишонлаётган дўстларимизни туғилган куни билан “жаноб Расул, Қорақалпоғим қўшиғи” билан қутлайди”..Майдонда ғалати оҳанг юксалар, хўрозлар қичқирар, ёш-қари йўловчилар бир - бирига тегажоқлик қилиб кулишарди.

  Автобус рўзиғор ташвишлари билан ҳориган тугун- терсак кўтарган хотин -ҳалаж, қоплар, ошланган терилар, тўй сарполари, қопли кўмир ортмоқлаб..эски кўприкдай нолакор товуш чиқариб темир йўл бекатига яқинроқ майдончада пассиллаб тўҳтади.

  Шовотнинг кунчиқар  тарафидан “Тошкент - Москва ” поезди паравозининг сўнги чинқириқлари.. ҳансироқлари эшитилди. Вуппп..вупп.. Харратлар жамининг барча мусиқий асбоблари ишга тушиб,  “Хуббимбой” энг авжига етганда негадир..куй таққа узилиб..қўшнайлар ..ииийий..увв.увв..дея нола чека бошлади.

    Ийй..иййй..уууввв..

   Ўнлаган қўшнайчилар улуғ жангга ҳозирланган лашкардай сафга турди. Сурнайлар, торлар, буламон, темир излари, автобуснинг минг хил нолакор товушлари қоришиб..боламм..боламм..деган оҳанг пайдо этарди.  Поезд ялтироқ темир излардан сирғала-сирғала дукирлаб юриб келиб тормоз бера.. бера секинлашди. Моноқ бекати.. “Тошкент - Москва ” поезди йўлидаги минглаган номли номсиз  кўримсиз, шўр, янтоқ, ажриқлар босган бекатларнинг бири эди. Мамлакат темир йўллари тизимининг кичик бекатлари  каби  бу ерда поезд икки дақиқа турар...олис Россия ўрмонлари кимсасизлиги, Сибир шаҳарларининг совуғидан ҳориган, Москвада ялтирбошлар хўрлаганидан безган хоразмликлар.. қозонда қоврилиб отилаётган маккажўхори бодроқларидай вагонларнинг ҳар бир эшигида ҳозир турар, улар тугун сумка, жамадонларини аёвсиз ерга отишар ва ўзларида чапдастлик билан сакраб қолишарди.

  Бу  сафар поезд оғир хасталикдан турган бемордай узоқ туришга ҳозирланиб асталаб келаберди..келаберди..Темир йўлига яқин жойда  елим қоғоз билан тўсилган қулбола  столларда писта, сигарет,нос, қутили арзон гаров печеньелар, витаминли конфетлар, сариқ, қизил, мовий тус бир марталик елим  ўйинчоқлар, ўралган ширин нонлар сотиб ўтирган хотин -халаж, майиб - мажруҳлар, автобусдагилар..харратларлар тўпининг чилдирма қоқаётган ёш болалари  “ана куёв келди..ана куёв...”. “Божжи тилипон галди..Божжи тилипон..”. “Урре..урре.инди тўй бўлади..” дея уйқудан уйғонган ипак қуртларидай бош кўтариб ҳайқира кетишди. “Тўй..тўй..ҳамма тўйа..”.Моноқликлар қуршовида  вагондан тушган Божжи Бозорбой  куёв тилипонни  Москванинг заҳ,  каламушлар таом ва калбасаларни еб қўядиган  ертўлаларида оғир ҳаёт кечиргани билиниб турарди.  Баланд бўйли, малла соч, оғир меҳнат қилаверганидан қўллари чўзилиб қолган  куёв синиқ жилмайиб, уни  қаршилашга чиққан кўз ёшини тўҳтата олмаётган онаси ва бир тўп ака-укалари билан урушдан  соғ-омон қайтган жангчидай соғинч билан қучоқлашарди..   “Опа, буни ўзингиз олинг” дейди у  пул солинган катта чарм сумкани ўрта ёшли онасига узатиб. Аёл сумкани жонхалак бағрига босади. У сумка билан ниятлар, қозон -  қозон хоразмча оқ палов, тандир - тандир патирлар, ялтироқ қора тўй  машиналари, “Гўзойдин” тўйхонасининг пули ва оппоқ либосли келин орзусини ушлаб турарди.

  ..Ииий..ийййи.увв..увааа.. йиғларди қўшнайлар..

    Ҳар сафар  бекатда икки дақиқа турадиган поезд бир  жойда депсинган занжирбанд филдай совуқ ҳамуза тортарди. Бирдан сумка кўтарган, рюзак елкалаган, қопларини иккилашиб кўтарган ўнлаб – юзлаб.. йигирма, ўттиз.. қирқ ёшли иссиқ кийинган эркаклар чекиниб харбий, милиция кийимидаги одамларга  йўл беришди.Ҳаводан мусибатнинг  иси келарди. Улар тез - тез юриб поезд сўнгида турган  мухрланган вагонлар эшигини тарақа – туруқ суриб  очишди..атрофга ҳовур тарқалди.. сўнгги вагон афтидан музхона   эди. Хизмат либосидаги одамлар сакраб чиқиб узун - узун қора ялтироқ ҳалталарни замбилғалтакларга солиб бекатда турган машиналар тамонга юришди.

   Шу вақт ҳали Хоразм.. Хоразм бўлиб рўй бермаган  фавқулотда воқеа юз  берди.. харратларларнинг  ўнлаган торлари, ўнлаган сурнайлари, ўнлаган  қўшнайлари, сонсиз доиралари....уввв.уввв..иийй..ийй..ийй..ҳар бири ўз тилида йиғлай бошлади..

..ииий..иии..уввв..торо..лолло..лоло...

   Бутун борлиқ майдон, йўловчилар, автобусдагилар аллақандай фожени  кутиб қотиб қолишди.

  Харратларларнинг Тўқманғит  уруғидан олти нафар  ака - укалар, тоға, жиянларнинг ўғилларли Москвадаги темир омборхонада тириклайин ёниб кетган экан.

  Ботишни унутиб қизил шафаққа дўнган қуёш алалқаёққа ғойиб бўлганди. Поезд йўллари осмонида чордона қурган хоразмлик паҳлавонлардай..қора булутлар қўш ташлади.

  Элатнинг кичик автобусидаги йўловчи хотин –халаж  аста пичирлашарди. “Кечаси уҳлаб ётганда ўт олган, булар эшикка  чиқа олмаган..омборхона ташқаридан қулфланган эди..Болаларнинг бири ҳам уйланмаган..Руслан Сардор деганини  борганига бир ой бўлган экан”.

     Бир ой олдин хоразмча чўрак тўла қопларни, сўйилган курка, “Аланга”нав оппоқ гуручини кўтариб  Москвага етиб борган моноқликлар  консерваторияда   ўқиш пулини тўлай олмаган талабалар эди. Ғаройиб овозга эга  торда қўшиқ айтадиган икки хофиз йигитни .. харратлар тақдири ҳақида ёзган  Аломатми, Саломат деган журналист..бу ёш хофизлар Хоразмнинг қалби дея атаган эди. Темир омборхонада ёнган қолган  тўрт нафар моноқликлар.. телбалар уйига ташланган ёзувчи хотин Аломатми, Саломатни  болалигидан танийдиган бирга ўсган.. энг сўнгги одамлар эди..

  Бекатда  тола - тўп бошланди. Майдонинг қоқ ўртасига кимлардир синиқ ёғоч қутилар, эзилган картон қутилар, шох-шаббалар, темир йўллардан чиққан ёғоч бўлакларидан гулҳан ёққан эди. Қорақумнинг Ғозоват  тамонидан тўйдан қайтган ола қуроқ чакмон, бошига эчки терисидан оқ  тумоқ кийган  ва ясама соқол ёпиштирган  юзлаган ширакайф масхарабозлар..ўзлари билан келган сурнайчиларнинг тантанавор “Сурнай Лазги”сига то то то..роро ло..ло..ак..така..там..там.. тезоб оҳангига  оёқларини тарвайтириб, кўксини осмон қилиб, ҳар қадамида  қўлларини сермаб  қарс  қоқиб ўйнаб келишарди..

   ”Божжи тилипон тўйинг муборак бўлғай..Божжи тилипон..”.

  Олов ҳам сурнай, қўшнай,тор товушидан куч олиб осмонга ўрларди.  “Сурнай Лазги”си дунёнинг барча ғамлари...кўзёшларига қарши.. уруш очгандай  кекса Жайхун каби  тошиб борарди. Ўнлаган сурнайларнинг қудратли саси оламнинг ўн икки тарафида уйғонган   Машҳар чоғи Буюк тирилиш кунида  жамики инсониятга  жон ато этган довул..тўфонга  ўҳшарди...

 ..торолилло..ротолло..ротолло..ротолло..

  Ширакайф сурнайчилар ва маст масхарабозлар  оҳанги ва ҳайқириқлари ..иийй...ийййй...увва...увв.. дея нола чекаётган харротлар сурнайи, қўшнайлари сасини  босиб кетарди.

  “Божжи тилипон, оғабейим...тўйинг муборак бўлсин..тўйинг муборак бўлсин..”.

  Ҳарротлар жами майдондан аста - секин юриб...кўкка ўрлаб ланғиллаб ёнаётган олов ортидаги юк машиналарига қараб тўҳташди..Иии...уввв..иийй... чалишарди..сурнайчилар, қўшнайчилар, тор чалаётган, доирачи ёш болалар йиғлар кўз ёшлари қип-қизил олов  акс этаётган юзларидан юмалаб тушарди.

  Оҳанглар, саслар, сурнайлар.. товушлар ўз тилида йиғлар эди.

  “Воҳ, муқаддас ўт..олов ..олти баҳодирнинг юрагида  на қасдинг бор эди[4]. Ҳали ёрнинг қўлини ушламаган,ҳали болалик ўйинқароқлиги унутилмаган, бу ёруғ оламда зурриёт ҳам қолдирмаган олти  паҳлавоннинг жонида на қасдинг бор эди.Мени жонимни ол..мени нега унутдинг, худойим ” дерди кекса Ўрозвой харрат кўз ёшларини оқизиб.

  Балки, унинг ёшли хира кўзларида..нега журналист хотин харратлар ҳақида ёзаман деганда рози бўлди. Нега Руслан билан Сардорни..Хоразмнинг қалби деб атаганига рози бўлди..деган армонли савол бор эди.. Харратлар жами майидлар юкланган... кўкрагига сурнай, қўшнай оҳанглари қамалган... сўнгги дақиқагача қутулиб Хоразмга кетамиз дея тутунли нафасини ютган олти баҳодирнинг тириклайин ёнган жасадлари олдида нола чекишарди...

  Ии...иййй...иий...уввв..увв.

  Хоразм осмонига қўш ташлаган қора булутлар..дайди шамоллар  ҳам йиғларди.

  Олов яна кўкка ўрлади. Хоразмнинг юзлаган сархуш масхарабозлари, ўнлаган маст сурнайчилар жўрлигида ...олов атрофида шўр тупроқда тиззалашар, қумпишик бўлиб ирғишлар, чағаллоқ қуши бўлиб шайланар, унгурларда уйғонган айиқлар каби лапанглаб, тарвайиб..лоло ..лилло ..ротлолло ...ротолло..ротолло..дея кўкка сакрар эди.

  Масхарабозларнинг сурнай авжида кўкка сакрашида, оловнинг чарсиллаб кўкка кўтарилган  куланкасида..ғаройиб асабийлик, жазава ва жунун зоҳир эди. Аллақаёқларда  бўш вагон купеларида шамоллар ўйнаётган “Тошкент - Москва” поездининг Устюрт саҳроларидан  сўнгги фарёдли чинқириқлари эшитилди. Паравознинг  чинқириқ ва ҳўрсинишларида харратлар сурнайининг ..ииийй..увв..лари, дўконор хотинларнинг шамолда сочилган қарз варақлари ҳилпираши, азадор оналарнинг “..боламм..” деган айтимлари ва масхарабозларнинг “ротол..ло..ротолло..” дея ҳайқириқ қоришиқ  оҳангларида бир нидо  бор эди. Поезд рельслардаги тақ – тақ деган садо...бутун борлиққа... қалб..қалб...қалб..қалб..дея акс –садо берарди.

   24 августь 2019 йил   

  

 



[1] Муҳаммад Раҳимхон Феруз назарда тутилмоқда.

[2] Нуржон Баҳодир – шоир созанда.Моноқ музофоти ҳокими.(1862 -1913)

[3] Элат боболари

[4] Бўлган воқеа. 2010 йилларда қўшнимиз Ганжа шафёрнинг олти нафар набираси Москвадаги омборхонада тириклайин ёниб ҳалок бўлишган эди.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish