Маданият, санъат

Вақт ва  замон чегарасини енгиб ўта олган  генерал Ан Пунинг мустаҳкам оиласи.     Саломат Вафо


Marta o'qildi

Вақт ва замон чегарасини енгиб ўта олган генерал Ан Пунинг мустаҳкам оиласи. Саломат Вафо

     Мен болалигимда кўп  давлатни билмасдим, аммо Хитой давлатини билардим. Онамнинг оғаси  “Қизилжар” чорвачилик фермасининг мудири  қирқ ёшларидаги Қозоқ дойим бутун Моноқ қишлоғида энг кўркам эркак ва энг пўрим кийинадиган одам эди. Қозоқ дойим хитойча махсулотларни энг яҳши ва энг сифатли деб билгани учун  бошдан оёқ хитойча кийимлар киярди.  У узун хитойча кулранг  макентош, оқ этик кийиб гурсиллаб кириб келганда биз болалар ҳаммамиз югуриб тоғамнинг олдига чиқар эдик. Ҳаётимнинг энг гўзал байрамлари Қозоқ дойимнинг хонадони билан боғлиқ бўлгани учун..Хоразмнинг иссиқ ёз тунларида... бўйи менинг бўйимдан ҳам узун..  хоразмча  катта тавоқларга солинган  қовурилган мўйловдор мойбош балиқ  лаққани  еб, хитойча  чойнак ва ёруққа солса ичидан хитой гўзали кўринадиган косада талашиб-тортишиб  кўк чой ичардик. Балки, ўшанданми, қалбимда Хитой деган атамага нисбатан битмас-туганмас  муҳаббат бор эди.

  Улғайиб дунёни танигач  улуғ Хитой дунёсининг улкан маҳобати: дунёдаги энг узун Хитой девори, байрмларда осмонни қоплаб оладиган сирли ранго- ранг фонуслар, Цин Шихунди замони  8099 та терракот  тош ҳайкаллари, мен севган  Конфуций ва Мэн –цзи фалсафаси,  яна эрадан олдинги II йилликдан бери ўзгармай келаётган  106 239та Хитой  иероглифлари нисбатан ижодкор қалбимда  ҳайратлар уйғонганди.

      Ёзувчи сифатида улуғ Хитой тарихи, фалсафаси, табобати ва адабиётига қизиққаним учун шу йил июль ойида  Ўзбекистон тарих музейида очилган “Бухорога қайтиш” кўргазмасини кўришга бордим.Кўргазма Хитой Халқ республикаси Лоян шаҳри музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган экан. Асли бу кўргазманинг  очилишига  бормоқчи эдим. Аммо  бундан бехабар қолибман.

   Қадимги Хитойнинг Тан сулоласи ҳукмронлиги даврида Динюн провинцияси бош қўмондони генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси мақбарасидан топилган, умумий суғурта нархи 3 млн АҚШ долларига тенг 75 та экспонат намойиш этилмоқда, чунки кўргазма 20 сентябргача давом этади. Хитой  ва Ўзбекистон оралиғидаги узоқ масофадан экспонатларни авайлаб олиб келинишининг ўзи катта  иш эди. Кўргазмадан ўрин олган қадимги Рим олтин тангалари, сопол идишлар, қадимги Сўғд маданияти элиментларини  ўзида мужассам этган ажойиб услубида тайёрланган  сопол ҳайкаллар, қабр-қўриқчи – жониворлари катта тассурот уйғотди. Қабрдан топилган сопол ҳайкаллар..ўзининг аниқ дизайни ва улкан масштабдаги сони билан дунё санъат севарларини ҳайратга солган юқорида ёзганим 8099 та терракот тош ҳайкаллар армиясини эсга солди. Қадимги терракотлар армияси, балки, бугунги афсонавий ўтда ёнмас ва сувда чўкмас нинзалар..жасурлик, эпчиллик, яшин каби тез ҳаракат қилиш иқтидорини ўз қадим ота-боболари армиясидан олишгандир.

  Қадимги сопол идишлар болалигимнинг нурли хотираси бўлган  қадимий хоразм гужумлари қўшиқ айтган, солмаларда лойқа сувлар оққан, энг унутилмаси.. ҳозирда деярли қолмаган  улкан сулоламизнинг бир  дастурхон атрофида хитой пиёлаларида кўк чой ичган муаззам кунларни эсимга солди.  
  Асли Генерал Ан Пу мақбараси буюмлари жаҳонга машҳур бўлиб, ушбу ноёб экспонатларни кўриш учун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан сайёҳлар Хитойнинг Лоян шаҳри музейига келади. Ўзбекистон санъат севар инсонлари эса  мана шундай машҳур ноёб санъат дурдоналарини ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлди.

  Кўрказмани кўриб бўлгач музей ҳовлисига чиқдим. Ўзбекистон  давлат тарихи музейи  энг йирик илмий – маърифий марказлардан ҳисобланиб, унинг жамғармасида 250 минга яқин экспонат мавжуд экан. Улар орасида нумизматика, археология, тангашунослик ва этнографияга оид кўплаб қимматли жамламалар бор. Девор ёзувлари, ҳайкалтарошлик тасвирлари, буддавийлик мавзуи билан боғланган меъморчилик ишлари экспозициядан алоҳида ўрин олган.

  Мен “Бухорога қайтиш” кўргазмаси сабаб тарих музейга борган эдим. Музейнинг  жуда катта  қимматбаҳо заллари кимсасиз эди. Авваллар музейнинг биринчи қаватида асори-атиқалар билан савдо қиладиган  дўконлар, миллий гиламлар сотадиган дўконлар, кафелар бўларди. Музейнинг 1 қаватида турли мавзуларга бағишланган кўргазма, байрам, тантаналар намойиш этилганига гувоҳман. Музейнинг олди ва (чиқиш зиналари замонавийлаштирилиши лозим)орқа  тараф чиқиш йўлларида жуда катта майдонлар бор.Бу ерда сайлгоҳ кўчасида сарғайиб ўтирган рассомларнинг, санъат институти ва коллежи талабалари тасвирий санъат, хунарманчилик ишларининг  доимий кўргазмасини ташкил қилса бўлади. Сайёҳлар оқими кучаярди. Музени жонлантириш керак. Мен Америка ва Туркия давлатлари музейларида бўлганимда кирувчиларнинг кўплигидан навбатда турганимни эслайман.

  Президентимиз яқинда ҳатто  мактаблар ҳам тижорий иш билан  шуғулланиб ўз таъминотини яҳшиласин маъносида қарор қабул қилдилар.

  Жаноблар музейнинг кўп йиллик экспонатлари, балки  тош ҳайкаллари  каби мудраб ўтириш вақти ўтди. Музей Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган...жонлантириш учун ҳамма имкониятлар бор.  Ёки музейни замонга хос жиҳозлаш лозим, ёки иш юритишни биладиган мутахассисларга топшириш керак.

  Энг муҳими Ўзбекистон тарихи музейи маъмурияти Динюн провинцияси бош қўмондони генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси мероси асосида “Бухорога қайтиш” кўргазмасини ташкил этиб, икки буюк мамлакат Ўзбекистон ва Хитой халқ республикаси орасида ўз аро маданий ва маърфий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишган.

  Сўзимнинг оҳирида  Хитой Халқ республикаси Лоян шаҳри музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган  “Бухорога қайтиш” кўргазмасига  мени болалик кунларим билан юзлаштиргани учун чин юракдан  раҳматлар айтаман.

           4  августь 2019 йил

             Тошкент

- - -


< Orqaga qaytish