Маданият, санъат

Тарих саҳнаси малика  Клеопатраники эдими?.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

Тарих саҳнаси малика Клеопатраники эдими?. Саломат Вафо

   ”Театр санъатининг янги формалар керак, агар улар йўқ бўлса, умуман ҳеч нарса қилмаслик керак”  дейди Чеховнинг қаҳрамонлари.

  16 апрель куни Алишер Навоий номидаги опера  ва балет театрида режиссёр Саодат Исмоилованинг қорақалпоқ эпоси асосида яратилган “Қирқиз”мусиқали спектакли намойиши  бўлди.”Қирққиз” халқаро  Aga Khan Trust for Culture фонди  ва Ўзбекистон республикаси Маданият вазирлиги хомийлигида яратилган экан.

  Мусиқали дастур бошланмасидан олдин  давомли чалинган дўмбира оҳанглари  японларни  “No” театрини эслатди.Барчага маълум япон театр санъати ўзига хос улкан санъат олами ҳисобланади. Японларнинг Шекспири ҳисобланадиган Тикамацу Мондзаэмон машҳур драматурги    бор. У кагура дан тортиб кабуки театрларида  драматургия ривожи ва тарихий йўналишларини умумлаштирган япон  театр санъатининг отаси ҳисобланади.Япон театрларининг асосий вазифаси улар япония тарихи ва  халқнинг ғурури  ҳисобланган миллий қаҳрамонлар солномасини кўратади.

  Асар режиссёри Саодат Исмоилова, мусиқа аранжировкачиси  Дмитрий Янов –Яновский чироқ ва ҳаракатлар сценографиячиси Северин Ръем ва сценография матнлари муаллифи Камилло Қурманбековалар билан ўзбек театрига янги инсталляция спектакли йўналиши бўйича  катта ҳисса қўшишган.

  Бугунги кун контемпрорари театр  санъатида:  реализм ва натурализмга асосланган Ҳужжатли театр, сўздан кўра персонажлар ҳаракатларига асосланган  Инсон театри,ХХ асрда Чехов ва Ибсен аcрларига асосланган ҳозирги кунда театр афишаларда кўп қўлланиладиган янги драма(new drama) театри,  перформанс спектакл театри..биз айнан шу йўсинда саҳналаштирилган “Қашқир улиган тун”драмаси ҳақида ҳам  сўзимиз давомида туҳталиб ўтамиз.

  Ривоят қилишларича биринчи перформансчи  ёғоч бочкада яшаган философ Диоген ҳисобланади. Сторителлинг театри..”қадим замонларда..” дея сўз бошловчи хиндулар донишмандлари, Исо а.снинг дунёни бошқарувчи таъсирли ҳикоялари шу жанрга кирар экан.

   Ва ниҳоят “Қирққиз”ишланган, ҳозирги кунда дунё театр санъатида кўп тарқалган Инсталляция театри..Бу  одатдагидай актиёрлар маҳоратига эмас, балки чироқлар, мусиқа ёрдамида  визуал драматургияга асосланган режиссёр услуби ҳисобланади.Ушбу жанрнинг перформанс инсталляция услубига режиссёр қатнушувчи, мусиқа ва бошқа аспектлар ёрдамида визуал гўзаллик яратади. Режиссёр ва видео рассом Саодат Исмоилова “Қирқиз” асарини яратишда  контемпрорари перформанс инсталляция йўналишидан фойдаланган. 

  “Қирққиз” мифологик эпоси туркий халқларнинг халқ оғзаки ижодиётининг  тадрижий ривожи натижасида шаклланган. Эпос кўп қатламли бўлиб, унинг архаик эпосга мансуб қисми сак, массагет, хунн ва қадимги туркийлар эпик ижодиётига тааллуқли мифологик тасаввурлар ва сюжетлардан иборатдир. Қорақалпоқ фольклоридаги Арухон, Оқчўлпон, Гулойим образлари билан боғлиқ қаҳрамонлик достонларида  қизларнинг куёв танлаш мақсадида йигитлар билан куч синашиши, матриархат даврига хос давлат бошқаруви тизими бадиий акс эттирилган эди. Оролбўйи эпик анъанасида “Алпомиш”, “Қўблон”, “Қирққиз” каби  сюжетли достонларнинг кенг кўламда оммалашиши туфайли XIV-XVIII асрларда туркий қавмлар ва қабилавий уюшмаларнинг миллат сифатида иттифоқлашиши жараёни ўзининг юксак чўққисига етган эди Булар  қаҳрамонлик характеридаги “Эдиге”, “Эр Шўра”, “Бўзўғлон”, “Масподшо”, “Гўрўғли”, “Эр Сайим”, “Эр Қўсай”, “Эр Зевар”, “Қурбонбек”, “Ҳажи Герей” каби қорақалпоқ халқ достонлари юзага келганлиги эътиборлидир.

  “Қирққиз” мусиқий спектаклида ўз ватани ва халқини ҳимоя қилган жангчи қизлар тақдири ёритилади. Қадимий мусиқа асбоблар, хотин – қизлар вокали, саҳна фонида намойиш этилган видео тасвирлар тамошабинларни олис ўтмиш қорақалпоқ кўна қалъалари тамон олиб кетди. Дўмбира, най ва қўбиз оҳанглари ва инсталляция имкониятлари билан  саҳнада  ажойиб композиция ташкил қилди. Мусиқий спектаклга зардўштлик динининг дунёнинг яралишида асос бўлган  тупроқ, ҳаво, сув ва оловга боғлиқ афсоналар асос қилиб олинган. Айнан шу фалсафий борлиқ ҳақида мониторда ва баъзи ўринларда саҳнада перформанслар  афсоналарга боғлиқ ҳолатлар ҳақида сўзлайди.

  Бир соат ва 20 дақиқа давом этган мусиқали тамоша мухлисларни сира зериктармайди.   Тамошанинг режиссёри Саодат Исмоилова тамошабин диққатини  ушлаб туриш учун турли аспектларда  ҳаракат қилади. Сўзлар, мусиқа, видео кетма – кетлик ва саҳнанинг  ўзида турли хил рангдаги кўрпачалардан қўрғон қора уй ясалади. Яъни юрт  символидаги қора уй. Душман Орол бўйига босиб келганида кўрпачалар тахи бузилади ва ҳар тамонга отилади. Видео тасвирда ҳам кўрпачалардан уй, ўчоқ рамзий маъносида  фойдаланилади. Режиссёр асарга нозик ёндошиб шарқий халқларга хос бўлган  бало – қазолардан асраш учун исриқ, хоразм ва қорақалпоқда исванд дейилади, исванд   ҳам тутатилади. Биз  тамошабин дўстларимиз билан, “Навоий театри  ҳали юз йиллик умри  давомида биринчи марта  миллий кўрпачаларни кўриб ва исриқ исини искагандир” деб кулишдик.

  Спектаклни  тамоша қилган мутахассис сифатида мулоҳазаларим. Биринчи: асар матни тамошабин, ҳусусан хорижлик тамошабин  учун ёзилгани сезилади...Сценография матнида тўрт унсурга боғлиқ умумий фикрлар кўп қайтарилди. 2. Мусиқали асар”Қирққиз”  дунёнинг яралишига боғлиқ  4 унсур қисмларига бўлинган. Муаллиф ва режиссёр бу билан спектакл стержени ва темпини ушлаб туришга интилишган.Айнан шунинг ўзи умумийликдан иборат бўлиб қолган. 3.Ним қаронғи саҳнада фақат аёллар ансамбили  қўшиқлари  тамошабинни  бир оз толиқтириб қўяди.”Қирққиз” афсонаси материархат яъни бу фақат хотин –қизлар ижоди дегани эмас. Инсон эркак ва ёки хотин бўлсин ўша тупроқ ва юрт урф –одатларидан, яъни жамиятдан  айри яшолмайди. Бу ерда қудратли сахро овозига эга бўлган эркак қорақалпоқ бахшиларини айттириш, жуда гўзал қорақалпоқ тезоб рақсларини қўшиш лозим эди. 4. Театрда оммавий саҳналар ва жанг мизанценаларини саҳналаштириш жуда   мураккаб ва ҳаражатли жараён ҳисобланади. Саҳна  монитордаги видео воқеалик перформанс сўздан орқада қолади ёки ажралиб қолган.Гулойим образидаги қиз  фильм бошидан ҳар хил ракурсларда тамошабинга таниш бўлган  ориқ отда байроқ кўтарган ҳолатда намоён бўлади. Бу ҳолат такрорланади.Бу кўринишлар  ҳам спектакл асл  моҳиятини очиб беролмайди. Яъни муаллиф   сўзларини акс эттира омайди. Янглишмасам, яна ўша  Орол фожеаси сабаб ярим оч қолган  битта ориқ отдан фойдаланишади.5. Дунё санъатида кўп  ишлатилганидан чучмаллашиб кетган саҳна кўриниши  бор. Яъни қаҳрамон Гулойимнинг чўмилиши, соч ювиши..умумий воқеалик тизими  билан боғланмай қолган. Бу кўриниш Россия фильмларида хориж ва рус ижодий мактабни ўтаган “Илҳом” театри, ҳусусан режиссёр Сайфиддин Мелиев режиссурасида кўп қўлланилади. Сўзим давомида С.Мелиев саҳналаштирган “Қашқир улиган тун” спектакли ҳақида ҳам тўҳталмоқчиман.

  Яқинда 15 апрель куни  Миллий театрда  қозоқ адиби Собит Дўсановнинг “Қашқир улиган тун” драмасини тамоша қилдим. Асарни юқорида айтганимдай  режиссёр Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган экан. Драма оддий инсоний бахт ва бахтсизликлар, одамзоднинг бошига келган  қора кун ҳақида экан.  Асарнинг баъзи ўринларида публицистик тил қўлланилган ва кўп сўзлилик кўзга ташланади. Бу ҳақида бирон важ айтишга ожизман, чунки драма қозоқчадан ўзбекчага ўгирилган, таржимонга ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.Драма жуда  халқчил ёзилган экан, Чимкент театрининг актиёрлари ҳам марказ театрлари актиёрларидан кам ўйнашмади. Мусиқалардан ҳам яҳши фойдланаилган.Саҳнага қурилган гўё кўкка чиқиладиган пиллапояларга қаҳрамонлар навбати билан чиқади. Тамошанинг бошидан ўша пиллапоя зинанинг энг юқорисига чиқиб, гўё лайлак уясида ўтириб оладиган, янглишмасам Қорона образи ривожланмай қолган. Бу қаҳрамон ҳолатларини кучайтириб драмани ушлаб турадиган асосий йўналишга айлантириш мумкин эди. Афсуски, уядаги хотин тамошанинг ҳар ер – ерида реплика ташлаб, пайпоқ тўқиш билан машғул бўлади.

  Спектаклнинг режиссёри  ўзига хос услубга эга Сайфиддин Мелиев жаноблари экан. Мен бу маълумотни  “Ozbekiston adabiyoti va sanati” газетасининг  19 апрель сонида ўқигандим. Спектаклда журналистлар учун пресс маълумотга ўҳшаган тақдимнома берилмаганди.

   “Фаррош кампирнинг туши”, “Бибихоним” драмаларининг яратувчиси истеъдодли режиссёр Сайфиддинни Алишер Навоий театрида  “Қирқиз”тамошасига борганимда кўргандим. У театр йўлакида  паҳлавон гавдаси билан  пешвоз чиқиб “Салом Саломат опа..” деди , назаримда С.Мелиевнинг ўзбек театр  санъатига қўшган  улкан ҳиссаси олдида гўё кичрайиб кетгандай бўлдим. Бунга театрнинг улуғвор хашамати ва ҳар тамондан оқаётган оломон ҳам сабаб бўлди назаримда.  

  Хуллас, “Қашқир улиган тун” спектакли режессураси Сайфиддинга хос услуб билан ҳаёт саҳна деразаси  ортида давом этди. Санъаткорлар дераза олдидан ўтадиган оломон ва поездлар билан..ўтаётган дунёни рамзий маънода вокзалга ўҳшатишади. Дераза ортида ёзувчининг ўғли Дониёр вафот этади,хотини дунёни тарк этади. Не тонгки, ёзувчига   энг буюк мукофотлар берилади. Дераза ортида эса, жамадон кўтарган, соябон ушлаган одамлар келиб кетаётган поездларга чиқиш учун шошишади. Ҳаёт яна давом этаверади.  Балки, Мехмонқул Исломқулов таржимасида нелардир ўзгаргандир, аммо спектакл қайғули бир ҳикоянинг зерикарли изҳоридай туюлади. Гарчанд, ёзувчи яъни  бош қаҳрамон театр санъатининг барча қоидаларига кўра тамоша бошида кийимлари, соябонларини уйига олиб кирган бўлса, сўнгида уларни олиб чиқиб кетади. Ёпиқ эшикларни очади. Драма барча мезонларга асосан саҳналаштирилган бўлса ҳам, саҳна воқеалиги билан дераза ортидаги ҳаёт ажралиб қолган. Балки, бунга саҳнадаги узундан –узоқ қайғу – аламлар таъсир қилганми..Спектакль узун бир оғир воқеаликдан иборатдай кўринади. Театр тамошаси бу  ..ҳаётдан натура кўчириш эмас..Ёзувчи, балки бошқа бировнинг бошдан  оёқ қайғули ҳаёти тамошабинга қизиқми?.21 аср..глобализация асрида одамлар қайғудан, йиғидан ҳориган. Назаримда ХХ асрга хос театр санъатига алоқадор тамошабинни йиғлатиш таъсирига қурилган сентиментал тамошаларнинг даври ўтди.Театр бу маълум ғоя балки ядро атрофида..дунёни, ҳаётни санъаткорона кўрсатиш демакдир.

  Бу фикрларимни  Чимкент шаҳар театрида жуда кўплаб уста актиёрлар Одилжон Тўғонбоев, Дилфуза Ибрагимжонова.Венера Нишонбоева, Жавлон Саийитов ва бошқа актиёрлар борлиги, келажакда зўр асарлар ярата олишларини назарда тутиб ёзаяпман. Юқоридаги фикрлардан  қаътий назар Чимкент шаҳар  ўзбек драма театри саҳналаштирган  “Қашқир улиган тун” Миллий театрнинг тамошабин кулгусига қурилган “Чимилдиқ” каби асарларидан кўп устундир. Қозоғистонлик  ўзбек ижодкорларини бу жасоратлари билан табриклайман.

  “Қашқир улиган тун”ни кўрганимдан сўнг,шундай таклиф қилмоқчиман. Қозоғистон, Қирғизистон,Туркманистон, Татаристон ва  Туркия театрларини  ҳар йили икки – уч маротаба Ўзбекистонга ижодий сафарларини уюштиришимиз лозим. Санъат, адабиёт ва маданият халқларни яқинлаштиради. 

   Энди “Қирққиз” ҳақидаги асосий фикрларим ва таклифимга қайтсам. Асарда 4 унсурга боғлиқ умумий фикрлар ўрнига. “Қирққиз” эпоси  маълумотлар хронологиясини қўшиш  лозим эди. Қирққиз ким?. У нега душманга қарши чиқди. Бу қайси асрда юз берган..Оролбўйида қандай халқлар яшайди..Бу ҳудудда нелар жойлашган: Жайхун   ва Орол денгизи қаерда эди?. Аҳир, қирққизлар ана шу сувлар, шўр тупроқ порлоқ қуёш учун курашган эди.

  Тасвирларда 40 қиз бўлмаса-да, 15 – 20 нафар, жанг либосини кийган отлиқ қизларни жанг саҳналарини қўйиш лозим эди.Ва жанг либосидаги қирққизлар ҳаракатини – асарнинг лекматив ғояси этиб олинса маъқул бўларди. Биламан, бунга кўп ҳаражат ва вақт кетади.Аммо, асар туркий улусларнинг 40 қизи қаҳрамонликлари  ҳақида бўлгани учун  ишни оҳиригача амалга ошириш  лозим эди.

  Мониторда акс этган тўрт унсурга боғлиқ тупроқ, сув, ҳаво,олов  тасвирланган саҳналари, ҳусусан Гулойим ва жангчи қирқизлар  махобатини ошириш лозим эди. Айтайлик, гўзал Элизабет Тейлор ўйнаган “Цезар ва Клеопатра” (1954 йил) фильмининг оламшумул муваффоқиятининг сири нимада эди?. Беқиёс хашамдорлик ва махобатда эди. Шунинг учун файласуфлар  театрни улканлаштирувчи кўзгуга ўҳшатишади. Уйлайманки, шажараси билан туркий қавмларга алоқадор Абу Райхон Берунийнинг таъбирича “Клубатра”нинг...бизнинг Гулойимдан ортиқроқ жойи йўқ эди. Муаммо  шундаки, қадим тарих бизнинг авлодлар эмас, асосан юнонлар тамонидан ёзилган. Қирққизларнинг Клеопатрадан ҳатто устун ҳам тамонлари борки, қирққизлар от миниб эркаклар билан тенгма-тенг Ватан ҳимояси учун душман билан жанг қилган.

  Қирққизлар туркий халқларнинг фахри – ифтихори  ҳисобланади.

 

  Хотин –қиз жангчи лашкарлар хоразмшоҳлар илғор қўшинининг марказий қисмида ҳаракат қилган..жангчи хотинлар Кавказдаги шоҳликлар ва хонликлар лашкари таркибида урушга кирган. 

  Мен ёзувчи сифатида 2004 йилда э.о 1У -111 асрда Орол бўйида яшаган жангчи сармат хотин –қизлари   ва уларнинг жанг қилиш учун болалигида  ўнг кўкраги куйдирилиши ва 3 нафар  ёв эркагини ўлдирмагунча оила қурмаслиги ҳақида..афсоналар асосида “Тилсим салтанати” номли роман ёзган эдим. Айнан шу 40 қизларни юнонлар амазўн, рус тарихчилари  амазонкалар  дея эътироф этган,  яъни “амазўн” скифча кўкраги кесилган хотин деган маънони берар экан.

  Шунинг учун Саодат Имоилованинг “Қирққизи” ни кўриш учун қалб амрим билан Алишер Навоий театрига келган эдим. Мен ўз она юртим тарихи ва маданиятига алоқадор  яратилган ҳар бир санъат асарига эҳтиром билан  қарайман. Мен  аввал “Тилсим салтанати” романимни Holliywood   компаниясида фильм қилдиришни орзу қилардим. Чунки, “Тилсим салтанати” асарини “Гладиотор”, “Аппокалипcис” даражасидаги фильм бўлишига ишонардим. Бугунги кунда Туркия билан муносабатимиз яқинлашиб қолди. Иншаллоҳ, асарни турк фильм яратувчиларига берсам, фестивалларда қатнашадиган кино қилишар деган умиддаман.

  Ўзбек театр санъатига “Қирққиз” билан  янги инсталляция перформанс йўналишини олиб кирган ва бу янгиликка чўчимай қўл урган Саодат Исмоилова бошлиқ ижодий гуруҳни чин дилдан қутлайман. Яна саҳнада қорақалпоқча сўзлар ва қўбиз оҳанглари янграгани..асарни яшовчанлигини ва бозор иқтисодиётида кўп моддий маблағ ишлашини кўрсатади. Дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган сайёҳлар  йўл харитасига “Қирққиз”га ўҳшаган драмалар киритилса ва у қорақалпоқ миллий қўл ишлари билан безатилган қора уйларда намойиш этилса, умид қиламанки сайёҳлар оқими янада кўпаярди.  Ҳар бир амалда ўсиш, тараққиёт бўлиши учун тўғри объектив сўзларни ёзиш, муносабатда бўлиш лозим.

  Мн ўзбек халқини дунёнинг кўна цвилизациялари асосчиларидан бўлган миллат деб биламан, бу халқни санъат, адабиёт ва бошқа реал соҳаларда мўъжизалар яратишига ишонаман.

   Энг гўзал инсоний туйғулар ҳақида куйловчи  “Қирққиз”нинг  театр оламига қадами қутлуғ бўлсин..   

  22 апрель 2019 йил. Тошкент

 

 

- - -


< Orqaga qaytish