Маданият, санъат

“Тортма, бизни Улудағ..”. янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

“Тортма, бизни Улудағ..”. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                      

   Эрталабдан сарой тепалик тамондан  шовқин-cуръондан, ур – йиқит, тошларни тошларга  қарсиллаб урилгани эшитилди. 2000 йиллардан сўнг  томи қизил уйлар кўпайган   Улудоғ йўлида жойлашган уйлар атрофида қиёмат қойим қўпарди. Катта кўча тамонлардан болаларнинг “татли смит, лимонли  мидия..татли смит  олинг..” деган саслари эшитиларди. Болалар араваси дигирчаги тошларга урилар, уйдим-чуқурга тушар, “аҳмоқсан Турғут..”, “Ўзинг  ҳам қизлардай аразлаб ўпкалайсан, сўтак..”..деган узуқ-юлуқ тортишувлари эшитиларди.  Қаердадир юк машинаси мотори ёнар,   вайронага айланган қишлоқ чеккасидаги  уй деворларини бузиб юрган бульдозерларнинг кучанган товуши қулоққа чалинарди.”Вар..варр..вар..” тиниқ ҳавога оппоқ тутунлар чиқариб тарилларди.. “KiralTV”да  Сезен Аксу  қўшиқ айтар, кўча итлари ҳурар ва ҳар замон – ҳар замон хотин кишининг    йиғлагани эшитиларди. Атрофни қамраб олган қоришиқ шовқинлар, ғола –ғовурлар  қатида  “..оҳ, Истанбул..оҳ Истанбул..” деган оҳанглар кўкка юксаларди.

  - Нега тошларни турган жойидан  силжитасан..ёё.Ё, худо.. қандай хотинсан ўзи, қаердан келдинг?. Бу тошлар.. сенгача ўттиз  йил  майдон ва кўча четида уюлиб ётганди..ёё.Ақлинг жойдами сен хотинни  пойдевори метиндай қаттиқ  уйлар қаёққа силжийди.  Мени тўрт  авлод ота-боболарим шу тош уйларда яшаган.Боқ..Ўттиз йил давомида бирор одам неча бор қоқилиб йиқилса-да, болалар бир-бирига отса-да, ҳатто унинг борлигини билмаганди.Бу ерда одам билан одамнинг иши йўқ –ёё..тош ёки уй билан  кимнинг  иши бўлсин..Нимани билмоқчисан, сени ўзи бу ерга  ким чақирди?.Турку дейсан. Сен хотин туркуни бошингга урасанми, кимга керак сенинг туркунг. Турку деб ўзингни кўрсатмоқчимисан. Ана Салим шаркичи.. кун – тун дастурхонига бир тақсим пишлоқни қўйганича Улудоғнинг қорли  чўққиларига боқиб,  куйлай- куйлай ўлиб кетди.Ўлиги уйида уч гун  қолиб кетибди.. ким кўмади уни..ёш йигитлар..қизлар ҳам Истанбулга, у ёғи Германияга кетиб қолган бўлса..

   Актиёр ва рассомларга ўҳшаб узун сочини ёйган, эллик ёшларига чиққан,  қирмизи футболка билан яшил спорт кийими кийган Бибисора катта –катта тошларни мото билан тортар, кичикроқларини уй  пойдевори остига дупурлатиб   ториб туширарди. Оёғидаги  спорт пойафзалига тупроқ ва майда тошлар тўларди.Хотин терларини артиб кўзларини қисиб Улудоғнинг булут ўраб турган чўққиларига боқиб, чуқур ҳўрсинди. Кулранг бўёқ сурилган узун бармоқларининг тирноқлари сингган эди.

   У Туркияга бориш хабарини эшитганда  қувониб боши осмонга етганди. Кўз олдига мехмондўст  рассомлар, қўшиқчи ва зиёлиларни келтириб, ҳар оқшом уларнинг уйларида, студияларида  ўзини тасаввур этарди. Ўз уйидан  5 - 6 минг километр  узоқликда   то Истабулгача хомуш туманлар орасида ётган греклар Босфорус деб атайдиган бўғоз сувларида дунё мамлакатлари ва Туркиянинг  ой тасвирли  байроқлари ҳилпираб турган ҳашаматли оқ, мовий ва қизил рангдаги лайнерларга, йўл бўйидаги кафеларда оёқларига жун одиял солиб чой ичиб ўтирган одамларга, эшик олдига мандарин, апелсин, банан, олма ва бошқа мева ва сиёҳ ранг карам, сап-сариқ сабзилар,олов рангли цитрус мевалари терилган  кичик дўконларга, дўкон олдидаги чой бардоқ билан  газета ўқиб ўтирган мўйловли қориндор сотувчиларга карахт тикиларди. Йўл чеккаларида  қип- қизил ва сариқ  гулларини сақлаб қолган қирмизи, сариқ япроқли кичик оғочлар эгилиб турарди.

-         Мен сенга айтдим..ёё.. дошлар бу ёққа отма деб. Тоғ тортадими, кимни тортибди...Сенга ким айтди?.Уйларними..ёки одамларними...одамнинг ақлини тортди..нелар дейсан сен хотин.Кимни тортса ҳам санго на..Буни сенга ким айтди.. кеча юртингдан келиб ўзбилармонлигингни кўрсатасан. Эртага Қарамон полицияси маҳкамасига чиқаман, сени Туркиядан депорт қилсин.. ҳатто султон Сулаймон чақирган бўлса ҳам..- дейди  Қора  денгиз ўз қаъридан қирғоғига чиқариб ташлаб  бир силкиниб узун супургиси билан кўчага тушгандай олтмиш ёшларидан ошган бурундор, узун сочларни боғлаб олган  мовий кўз  Демир бобо.

  Бибисоранинг бурундор Демирга кўзи тушиши билан кўз олдига уч бўлак  катта- кичик “YYY” ҳарфи келиб кулгиси қистарди.Бобойнинг ўзига хос сўзлаш услуби бўлиб, агар у  уч калима гап айтадиган бўлса, шуларнинг ичида ўн марта “Y” яъни ўзбекча “Ё..Ё”лаб сўз оҳангини маҳорат билан  оширар ва сўзлаш баробарида  баъзан ялинар, баъзан дўқ урарди.     

    Бибисоранинг Туркиянинг Улудағ тамонларга келиб қолгани ҳам бир тасоддиф бўлган эди. У ишлайдиган  Тошкентдаги  адабиёт  илмий текшириш институти кафедрасида  профессор аёл касал бўлиб қолди. Олимлар ичидан  мусиқа тарихи билан шуғулланадиган Бибисора Хўжаевадан бошқа одам топилмаганидан сўнг  уни юборишган эди. Шундай қилиб Бибисора   “Хоразм халфа қўшиқлари ва турк туркуларининг илдиз аспектлари” номли дастур билан  Улудағ   этагидаги   уйларига келиб қолган эди.  Дунёнинг тўрт тамони мамлакатлари аэропортларининг мовий, қизил,  яшил тус  белги қоғозлари ёпиштирилиб урилиб – сурилавериб қашқа ҳолатга келган, китобларга тўла оғир жамадонини ”ЁЁЁ”чи Демир бобо  аравачасига юклаб уйигача олиб келиб берган эди.Келиб билишдики,  Демир бобо аёл яшайдиган чет уйнинг  ёнидаги...  ўғил –қизлари хорижга кетиб ёлғиз ўзи яшайдиган  қўшни бўлиб чиқди. Бибисора маҳаллага  келиб жойлашган кунлари одамлар кўчаларда, дўконлар олдида  тўп-тўп бўлиб, қайғу билан бош чайқаганини кўрарди. Булар билан танишиб билдики, 60-70  йилдан бери ўлмай – нетмай худо берган ўз насибасини еб – ичиб яшаб юрган  В.Ў..ўша..ўша  турк қўшиқларининг устаси Заки Муреннинг шогирди вафот этган эди. Бибисоранинг  белгиланган иши шу бўлгани учун хофизни вафот этганига  турклардан кўпроқ  қайғуди. Улудоғ йўлидаги  Қорамон элатидаги сўнгги туркучининг вафоти унинг Туркия сафари моҳиятини йўққа чиқариш билан баробар эди.

  Тошкент – Истамбул учоғи  ҳавода силкинишларга дуч келганими ёки йўл азобими эртаси ҳам ўрнидан туролмай деразалардан кўм - кўк осмон ва шохлари кўринаётган оғочларга тикилиб ётди. Яқин орадаги элат масжитидан азон товушлари янгради.Ҳар сафар Истанбулга борганида самонинг мовийликларига қўшилиб кетган, саноқсиз шамчироқлар кўтарган, бағрига олтмиш минг  ибодатчини сиғдирадиган   “Султан Аҳмет” масжитида намоз ўқишни орзу қиларди. Туркий оламнинг  шарафи бўлган масжитнинг кўкка қадалган минораларига  соғинч  билан тикиларди.Шамоллар эсар, олисларда Қора денгиз, Мармара, Эгей  денгизи туман кўрпалари остида туш кўриб ётарди.Вақт –бевақт  кемалар вуп-вуп товуши, денгиз шовури, машиналар саси ва безбет бакланларнинг норози чинқириқлари қулоққа чалинарди. Денгиз тамонда оппоқ бўрон қушлари  ҳавога кўтарилар яна қўнарди. Афтидан озиқ илинжида  денгиз қушлари балиқчилар ёки сайёҳлик кемаси орқасидан эргашишарди. Ҳовлида   Улудағнинг  қорли чўққиларига ҳасрат билан тикилиб ўтирарди..Бибисора кўп хорижий мамлакатларда яшаган бўлса-да..туркларни бирор халққа ўҳшата олмас..инсонларнинг гап-сўзи тутуми, сахийлиги, баҳс этиб бир – бири билан йумуриқлашиб кетиши Хоразмнинг кўна Моноқ элати эски одамларини эслатарди.  Бибисора ўзининг қисматида туманлар ичра, буғлар орасида ётган Истанбул биланми ёки Анқара биланми ўҳшашлик сезар, Истанбул ҳам қадимий гўзал, ҳам  замонавий тезоб эди. Бибисора ҳам болалигида  қаттиқ қўл ота тарбияси билан  ўсиб ТВкиноларида кўриб айни шу тарбияга қарама –қарши  мактабда элат қизларидан фарқли енгсиз, калта кўйлак киярди. Университетга ўқишга кирганида сочларини қирқиб қишлоққа борганида отаси “ сени шоирлар Ойдин Ҳожиева ва Ҳалима Худойбердиевалар каби сочингни турмаклаб ўртасидан фарқ очиб юрарсан” деб астойдил ҳафа бўлганди.Бугун ҳам замонавий кийиниб, эрталаб бамдод намозини ўқиш ҳолати билан бугунги ва кечаги Истанбулга ўҳшарди.Унинг қисмати..ота юртдан узилиб европа ва осиё қитъаларига сочилиб кетган турк халқининг хасратли тарихи, бой берилган Усмонийлар тупроқларига..неча бор йиқилган, неча бор қалққан  Хоразмшоҳларнинг оловранг  байроқларига ўҳшарди.   

  “О, менинг ҳасратим Истанбул..”.”О, менинг сахролар бағридаги она юртим Хоразм..байроқларинг қаерда, болам”.  

 

    Қўшни чолнинг бақириқ –чақириғидан юрагида пайдо бўлган оғриқ тарқамагани боис, электр токига уланган Samsung телефонини қопчиғига жойлаб,юқори маҳалладаги  бахшининг олдига йўл олди.Йўл бўйида хрестианларнинг қадимий черковлари тамондан эфир мойи ва ёнган мум иси келарди. У Хиндистонда бўлганида ҳам  куну –тун қўнғироқ занги жаранглайдиган хиндларнинг Вушу, Брахман, Шива ва Киришна каби  кўп сонли  худолари ҳайкаллари тизилган   темплларига кириб тиловат ва мандра қўшиқарини тинглаб ўтирарди. Тош сахнлар, шамларнинг эриган эси, шип –шип урилган яланг оёқ товуши, хинд аёллари оёғидаги шокилалали занжирлар, ёрқин ранг сариларнинг ерда судралиши, гулдор шифтларга осилган саноқсиз ялтироқ қўғироқлар саси бутун умр ёдида қолган эди.  Бибисора остона ҳатлаганда кичик  ҳовлининг кириш жойида турли – туман кичик иконалар,Исо  а.с.қўлларини юқорига кўтарган, касалларга шифо берувчи “Табиб она”, тиззасида бола олиб ўтирган “Учқўлли она”  сурати акс этган деворга иладиган иконалар,  кичик сувратлар,кумуш занжирли медалионлар сотиб ўтирган қора рўмолли болгарми, хорват кампирларга кўзи  тушди. Тошкентда Санъат музейида кўргазмада анқов ўзбекларнинг миллион доллорлар қийматли икки юз йиллик иконаларни   осиб қўйишгани ва қачон, ким тамонидан ясалган деган ёзувни деворга ёпиштириб қўйишганини кўрганди. Андишали ва мехмондўст ўзбеклар  дунёни ҳали ўзларининг чойхонаси мисолида беҳавотир ва тинч деб билишарди.Черковга кирганлар хайрия қутисининг ёнида узун, қисқа, йўғон ва ингичка шамлардан сотиб олишаётганди. Бибисора ҳам кичик шам сотиб олди. Айвондан ичкарига ҳаракатланаётган одамлар сафига турди.Черков  баланд гумбазли ялтироқ зарҳал ҳошияли деворларга Исо Алиҳассаломнинг қутлашаётгани ва Чормихга тотилаётгани  ва номини билмайдиган авлиёлар сувратлари акс этганди. Ривоятларга қараганда  Исо а.снинг онаси Биби Мариямнинг қабри ҳам   Туркияда  жойлашган эмиш. Чор атирофга арфа товушлари аста тараларди. Шам қўяётганлар яшил, қизил тус  ёрқин рангли  кийим кийган,  кўз ойнак таққан, йўл ҳалтаси осиб олган  ўрта ёшли сайёҳлар эди. Бибисора  узоқ умр ҳақидаги тилак ва дуоларини пичирлаб айтиб  шам қўйди. Мехроб ва шам устунлари аро айланиб юрган одамлар унга   нигоҳ ташлашди. Улар Бибисоранинг қора сочи ва хоразмча юзи билан унинг хрестиан эмаслигини кўриб туришарди. Сайёҳларнинг ажабланган нигоҳи залворидан совуқ уҳ тортиб “худо бир йўллар эса  айри..” деган фикрни ўтказди ботинида. Сайёҳлар тўдаси дупурлаб юрар, уларнинг гўё ўз динларини иҳоталаган совуқ нигоҳи  босими билан   Исо а.с тасвирларининг ортида қолиб кетган эдим. Назаримда Исо чормих қилинишидан олдин у шунчалик қудратли бўлган, дунёни ўзгартирган ва ўз сўзлари билан мангу яшаш мақомига эришган бўлса-да, энг сўнгги лаҳзада одамлардан шафқат ва меҳр кутгандир. Мен Муҳаммад а.с уммати бўлган одам Исо қошида дуо айтиб шам қўйсам, не бўлар, ўз қалбим, дардларим, айрилиқлар билан Исонинг ҳузурида худога юзланаётгандим. Тириклайин териси шилинган Насимий, “анал ҳақ” деган шоҳ Машраб ҳам дор остига бу ёруғ оламда ҳокими мутлоқ ўз  худойи Тало, Аллоҳ, тангри, Бог, Got  учун боргандир.  Балки, одамзод 21 асрда  жами инсоният учун худонинг ягоналигини англаб етганида, ер юзида урушлар, қирғин- баротлар  бўлмасмиди. Америка ва Мексика ўртасида қуш учиб ўтолмайдиган баланд деворлар кўтарилмасмиди?. Уруш бўлаётган жойлардан кўчаётган миллион-миллион норасида, тушларида иссиқ сут, ўзи юрар ўйинчоқ поездларни кўрадиган   қочқинларнинг болалари юнус балиқлар салтанатида совуқ денгиз сувларида оқмасмиди. Очиқ қолган кўзлари  қирғоқ қумлари, қирғоқ тошларига тўлмасмиди?.

  “Воҳ, армонли кетган гўдак болам”.

  Бибисора бўйнига тушган сариқ гулли  капрон шарфини бошига ташлаб қўйди. “Сен хотин нени билардинг. Боқ, “Тақсим”да  аёл кийимини кийган, сочи елкасига тушган тирноқларини қизилга бўяган  эркаклар камалак ранг байроқларини кўтариб ўз ҳуқуқини талаб қилиб ётибди. Уларни транс бир бало ..тересками, мереска дейди.Уй силжибди дейсан. Уй силжимай мен етмишга чиққан Демир Сариқая ўрнимдан силжийми..Алжирама сен хотин.. Отинг ким ўзи сени..Сара..сармиш..ненинг сарасисан  ўзи?.Улудағ уйларни эмас, эркакларнинг шаънини торган. Аҳир сен билмасмисан электр поездда беш санъа хизмат этган эркак умрлар фарзанд кўрмас экан. Улудағ  ўз оҳанграбоси билан бутун Туркия... тиконли симлар ортидаги Сурия, Болгария,Греция, Эрон юртини ва  бу ёқда Қора денгизи, Мармара денгизини торта биладиган қудратга эга..аҳир у тоғларнинг Улуғи..ёё..” деган сўзлари қулоғида садо берарди.Баланд - паст йўлллардан юриб уста Эминнинг уйига киргунча арфа товушларини шамоллар Мармара денгизи тамонга олиб кетди.Уста уйининг кичик боғчали ҳовлисига кириши билан хофизнинг қора тусли хижоб ўраган ва  кенг шалвор кийган хотини кутиб олди.Эмин устанинг негадир ранг –рўйи сўлғинроқ Бибисорага деворига: боғлама, тор,зурна ва ноғора каби турк мусиқа асбоблари осилган болиш суянчиғли дивандан   жой кўрсатди. Ўзи болаларни имлаб чиқариб, тўрда ўтирган америка ТВ каналларидан келган етмиш ёшлардаги эр-хотинга, Бика исмли венгар тадқиқотчи қизга  бош ирғаганича  созини тирнглата-тиринглата ...улуғ турк хофизи Ошиқ Вейсалдан шарқи бошлади. Қирқ ёшларидан ошган  уста Эмин барча исломий одамлардай мулойим табассум билан  соз чалиб  куйларди. “..Инжу бунжуқини..бирақти гетди..Умудим сандадир ..гет Лейла, Лейла..” дерди хазин овозда. “Ошиқ Вейсал деюр..Гет, Лейла..гет, Лайла..” дея  куйларди   девордаги тор, зурна ўз қадим  хотираларини. Америкалик мутахассислар ҳақиқий турклардай қўллари билан ҳавони сермаб, “воув..воув” дея ҳитоб этишарди. Венгер тадқиқотчи қиз шахт билан сақич чайнаб катта блокнотига бир нарсалар ёзарди.  Бибисора турк, озарбайжон, хоразм бахшилари соз оҳанглари, қўшиқ матнлари, шарқи образлари аслият бир хиллигидан қониқиш ҳосил қиларди.

-         Туркий қўшиқларнинг  онаси Хоразм бўлади, деди негадир америкаликларга юзланиб.

  Бибисора бу фикрни айтиш билан   қўшиқ куйланаётган даврада   туркларнинг буюклиги  ҳақидаги мусаффо фикрларга даҳл қилган, ҳаёлидан кетмаётган  Демир бобонинг ёзғиришларига қарши чиқарди. Ҳаёлларида “ёё..ё”чининг ваҳимали фикрларини таг- туги билан йўққа чиқарарди.Ҳасратли қўшиқ хукмрон даврада ҳеч ким жавоб бермади.  Америкалик фильм ижодкорари ва тадқиқотчи қиз ҳам  туркунинг гўзал дунёсидан  узилишни истамагандай унга фақат қараб қўйдилар, ҳалос.

 “Сана кўнглим бардим ёр..” ..” Гўзларим дўлийўр гежаларингдан

”дея қўшиқ авжига чиққанда хизматчи болалар турк чойи билан кичик тавоқчаларда олам-жаҳон ширинлик олиб келишди...

 “Инжу бунжуқини..Лейла” хиргойи қиларди хизматчи бола.

     Ним қаронғи хона..Усмоний шоҳларнинг зафарли  юришларида турк байроқлари ҳилпраганда айтиладиган минг йиллик  шарқи оҳанги..иссиқ чой ва ширинлик тоти томирларига мисоли олов бўлиб ёйиларди. Кўз олдига Моноқдаги қадимий қурли тўйлар, қарсиллатиб калла ташлаётган шохдор қўчқорлар..улкан  олов атрофидада  кўзларини юмиб, лабини чўчайтириб сурнай лазгисига ўйнаётган оломон, оқ сочли  ўрта яшар кишилар,  қовушмаган  катта ковушли элат хотинлари, ялтироқ либосли раққосалар атрофида айланаётган ёш йигитлар, нозлана-нозлана бармоғини шақирлатиб ўйинчи хотиндан ўзиб кетаётган элат қизлари келди.

  ”Ола..ол..ўҳ..ўҳ..ололмийсан ротолло..киштака..киштак ротолло..” дерди ўйинчилар.

  Бибисора тадқиқотчилигини ҳам унутиб, қўшиқ сеҳрига асир бўлиб, ўрнидан  туриб шижоат билан ўйнаб кетадиган ҳолатда эди.  

-         Эмин уста..дунё туркларини  сурнай лазгиси бирлаштиради..деди.

    Бибисора устанинг турк туркулари тарихи, мейхана қўшиқлари ва самовий рақслар ҳақидаги сўзларини  телефони диктафонига ёзиб оларди. “Ёнди бағрим кўмир каби, бир вафосиз умр каби..”. Уста Эмин баъзан  ранжигандай  товушининг бир кун ўчиб кетиш тақдирига  учрашини  билгандай  телефонга ўйчан қараб қўярди.

  Бугунги турк қўшиқчилик  ва хоразм санъатида замонавий эстрада қўшиқлари устиворлиги инсон  рухиятга зарарлигини.. ёниб –куйиб уста Эминга тушинтирарди. У  осойишта ҳолатда “ҳоло  сиздададе..ўйла ўлур...”деб қўйганди.

    Бибисора Бейўғли кўчасидаги эшигига  эски Усмонийлар даври маликалар, шахзодалар расми чизилган  турку барга кириб келганида столларда бир – иккита одам ўтирарди. “Мани болам кима найлар..” дея ҳасрат билан куйларди  “Қора боғ учун ..”композициясида туркия, озарбайжон, Босния, Ўзбекистон қўшиқчилари ҳар бири ўз мамлакатида бир қўшиқни ижро этишарди  уста Эмин қўйган Youtube видеосида. “Бу-да турк туркусининг яна бир хили”.  Узоқ чалинган дўмбира, соз, гитара ва кларнет товушлари қулоғига ўрнашиб қолган эди. Бибисора Россия ТВсидан арман созандаларининг қордан оппоқ пўстин кийган Арарат тоғига юзланиб  жуда узоқ –узоқ кларнет   чалганида кўзларига ёш келганди. Оҳанглар  азалий авлодлар тилинда икки тилли ва  турли мазҳабли халқларнинг армонли тақдирлари ҳақида йиғларди.  У  Хоразмда бугунги кунда кимсасиз ота уйи Моноқда  омборхона ёки тандир жойда қолиб кетган ёғочларга ўҳшаган  тахталари энли-энли столга жойлашиб, уста Эмин берган шарқи матнларини ёйиб кўзойнагани тақди. Узун қора халат боғлаб сочини 20 йиллар совет камсомолларига ўҳшаб юқорига тараб ялтиратган  қоп- қора  официант бола уни таниб жилмайди.

-         Ҳуш гелдинг абла, гал..гал.

  Бибисора Истанбулнинг  энги –бугри Бейўғли кўчаларини кезиб ҳар кун турку куйланадиган шу қаҳвахонани ёқтириб қолган эди. Кичик айвон сахни тўлиб,  соз оқшоми бошлангунча иссиқ лаҳмажун еб, лимонли чой ичди. Тамоқ еяётган оқ сочли, кўз ойнакли, ола –була кийинган одамларни европаликлардан ажратиб бўлмасди, уларнинг  замонавий  кийимлари.. қимматбаҳо соат ва сумкалари, ҳатто столидаги катта тавоқлардаги емаклар, салатлар,  айвондаги тотли атир бўйлари  қалбида бегоналик ҳиссини уйғотарди.  Искандар ёки турли кабаб турлари каби қиммат тамомларга пули етмагани учун арзонроқ емаклар билан қаноатланарди. Уста Эмин берган қўшиқ шеърларини ўқиб роҳатланардди.  Официант болалар  стол устидаги шамларни бир – бир   ёқишди. Кафе толорлари, айвон сахни усмонийлар даври маданиятини эслатадиган жимжимадор қандиллар, девор фонуслари аста- секин  ёниб мусиқа марказида янграётган  Кенний, Георгий Сахон  саксафон оҳангари пасайиб тўҳтади. Тор қаҳвахонанинг бир стул сиғадиган жуда тор саҳнасида ним қаронғи чироқлар ёнди. Қирқ ёшларидаги жингалак соч эркак  ёнидаги шиқилдоқ ушлаб ўтирган яшил шарф ўраган қизга им қилиб қўшиқ бошлаб юборди.”Гўзларима ёш галди, ама сан галмас ўлдинг..” дея куйларди хофиз. Бу турк элатларидаги қадимий турку эмас, замонавий йўналишдаги миллий қўшиқ эди.. “..истарсан бу жонимни ол сана қурбон..”.Бибисора  эски пастак шифтгача туташиб кетган катта деразадан  Улудоғнинг қорли чўққиларига боқди. Бутун дунёни сув босган замонда Нуҳ пайғамбар..Библиядаги Ноя.. улкан кемаси билан  балки шу тоғнинг 2553 метрли энг баланд жойига келиб тўҳтагандир.  Сўнг Нуҳ пайғамбар қаҳр билан ҳассасини.. зарралари оламга сачгаран сувга урган чиқарки, тоғнинг ғарбий тамонида ҳозирги Анадўлу манзили пайдо бўлгандир. Бир ёқда ҳали Исломбўл бўлмаган буюк Истанбул пайдо бўлгандир.  Кўк тенгриси “..мен туркларга дунёнинг энг баҳаво ерларини ато этдим ..” деганидан кўп замонлар сўнг буюк силкиниш,ларзалар, туфонлар  содир бўлган эди.  Бу чўққиларда  Олимп худолари  Троя уруши жангларини, мисоли термит чумолилардай  улкан Троя ёғоч отини алдов билан қалъага олиб кирилиши ва ҳали уйқудан уйғонмаган шаҳарнинг ибоатга бош қўйган  қариялари,парқу тўшакларда ётган келин – куёвлар ва энасининг эмчагини недир фожени англагандай туюлиб-туюлиб эмаётган бабакларнинг ўлдирилишини, кўзларга найзалар санчилишини, бозор ва шаҳар майдонларига осилишини   кузатиб туришган.

  Яна..яна 12 асрда Буюк дашти қипчоқда..ҳозирги Қозоғистон ҳудудида дунёнинг..турк ўлкаларининг бойлиги,буюклигидан мағрурланган..воҳки, ўзи умрлар курашган, аммо .. еттинчи авлоди исломни қабул қилган Чингизхон ҳузурига бир тўп оломон дўмбира чалиб келган эди. “Ай..ҳай..ай..ҳай..” дўмбира даштлар, сахролар, булутлар, шамоллар тилида йиғларди..”Ай..ҳай..ҳай..Ҳой қизил сақол.. таҳорат билмас..ёвуз Чингиз боланг ўлди..боланг ўлди. Сенми Жалолиддин Хоразмшоҳнинг олти яшар ўғлини тириклайин юрагини суғурган Чингиз..боланг ўлди..Энди сен ҳам боланинг ўлими ҳасратини ҳис қилгин..” ....Оқ чодирнинг тўрида, хоразмшохлар саройидан ўлжа олинган олмос тахтда ёнтоқ солиб қайнатилган туя сутини ичиб ўтирган   қаҳрли Чингизхон қисиқ кўзли юзини кўтарди.   

  “Жўжи ўлдими?”...

   Воҳ, ер юзини уч юз эллик йил титратган..қабри устида ҳам бир кеча кундуз минг от чопган   Чингизхоннинг ёвуз қалбига ҳам дўмбира ноласи етиб борган эди. Туркнинг қадим дўмбираси шамоллар ва сахро тилида Чингизхонга “Жўжи ўғлинг  қирқ ёшида қирон бўлди, қирон бўлди..” дер эди.

  Бибисора чўчиб ўзига келди, боши устида недир осилиб турарди. Наҳот уни ҳам   сазойи этиб майдонга  олиб чиқишади?. Кулиб қўйди, унга рўмол ушлаган бир қўлига кумуш билак узук таққан йигит қўл узатиб турарди. Бирдан ҳаёлига Демир бобонинг  “сен нени биласан..булар энг катта хаз-ҳузурчилар ”сўзлари келди..Улудағ чўққиларидан..Нуҳ кемалари тўлқинларидан  Бейўғли кўчасидаги қадимий майхона залларига гурсиллаб  тушди.

   .....миллий турк қўшиқлари янграётган қаҳвахонанинг тор саҳнида ўттиз чоғли эркаклар, аёллар,  қора футболка кийган ёш йигитлар, жинси шимли гўзал турк қизлари бир –бирига жимжималоғини  ўтказиб  занжир ҳосил қилиб катта – кичик рўмолларини силкитиб халай рақсини ўйнашарди. Қаҳвахонанинг бир тамони Қора денгиз  тарафи .. иккинчи тамони Усмонийлар қандил, фонуслари орасида ўттиз чоғли одам халай чекиб жой торлиги учун  айлана олмасдан болаларнинг  улкан осма соат капгирларидай   сахннинг у бошидан бу бошига бориб келишарди.

   “..сен бугунги ҳаётни билармисан..уйдан чиқиб катта шаҳарларга ишга кетган ўғил – қизлар ота –онаси ўлганда ҳам келмайди. Эҳ, қардош.  Галстук таққан, костюм –  шим кийган пўрим эркаклар хотин, ё қизга қарамайди. Э, қиёмат тушган..  80 ёшлик худони инъкор этган бой  телевизорда ўз маҳбубаси бўлган мовий кўз ёш йигитга машина совға қилганини айтишдан уялмайди. Биласанми,булар энг катта эгоистлар..бир эркак бошқа эркак билан  эр-хотин бўлиб яшаса..бировга озори тегмаса санго на деяр..Ана Европанинг  шаҳарлари  ҳокими.бошлиқлари  шу камалак ранг  байроқ кўтарганлардан экан.Улар жуда бахтли эмиш.Булар кимсани сўйлатмас, ана Афғонистонда ҳар бир эркакнинг бир баччаси бўлмаса уят-номус ҳисобланади дейди ўз хазини ўйлаб.Балки, шуларни-да мангу зулматда қолдириш учун энг кучли халқпарварларининг қўйнига.. Навоийни таниганларга..баччаларни ташлашар..Балки, турли жамиятлар навқирон эркаклардан фойдаланиш учун уларни эркакка рўбарў этар..Ўзинг айт..бахтли..оиласи мустаҳкам одамни бошқариб бўларми, у энг аввало оиласини ўйламасми..Не десанг де.. инсоннинг инсонлиги... аёллиги,эркаклигини парчалаб, элат ва халқларни бирлаштириш, бу Мустафо Камол Ота турк ғояларини, туркчилик, туркий элатларнинг келажагини  йўқотишбилан баробардир.Европани..Американи йўқотиш демакдир.  Мен етмиш ёшли Дамир Сариқая  юқори  маълумотим бўлмаса ҳам ул галстуклиларга айтаман. Ҳой, сен туркмисан..ўзбекми, қозоқми..пуштунми.. Афғонистон  қирқ йиллардан бери уруш ўчоғида ётган жоҳил ўлка..чойхоналарида бангилар, бачча ўйинлари урчиган, шайтоний қаҳқаҳалар кўкка ўрлаган қайғули юрт. Не дейин сенга Жалолиддин Румий ва Навоийнинг  юрти.. Афғонистондан дунёнинг..Американинг Аляскасигача энг кучли қора дорилар тарқалади. Энди сен Ота Туркнинг улуғ байроғини кўтариб тенглашадиганинг қайғули  афғон тупроғидаги  баччабозлар  бўлдими?.  Ўзинг сўйла.. эртага  ким туркни туғади..сенинг  шиша идиш пробиркада туғилган болаларинг.. қалб не, ватан не, миллат нелигини билармикан?. Боқ, сенинг шишада яралган ўғлинг ўзидай бир эркакни остонангга етаклаб келса, шунда гўражакман сенинг холингни.. Умринг, отинг, зотинг..ҳали кўзинг очиқлигида тўҳтаб номинг ўчганида.. йўқолганида  “ассалому алейкум.. афандим” дерман. Воҳ..фонус..туғ  кўтарган  шарафли турк ўғлонлари..энди эртакларда уҳларми?. Ана сенга турку..ана сенга  Ашиқ Вейсал.. эртага турк  халқини излаб  бир ёғи Америка, бир ёғи Қибрисни газмасак бўлди.”..дерди мияси сахнига жойлашиб олган узун соч Демир.

  “Асло,  Сариқоя афанди...сиз янглишасиз. Сиз унутилган кўна туркуга ўҳшайсиз ” деди ўзига сўйлагандай.

  Халайчилар..Бутун саф дупурлар гўё онасига эргашган пингвин болаларидай беш олти қадам юриб тиззаларини юқорига кўтариб ўнг ва чап тамонга буриб оёқларини Хива хонининг “Хон чиқар ”куйи монанд ташлайдиган тулпорлар каби ерга ташлайб “ҳай..ола гўззим сандан айрилдим..ёё..” деб қўйишарди. Айни халайчиларнинг хайқириқлари  Бибисорага “ЁЁЁ..”лаб юрадиган Демир устанинг буралган мўйловлари қўлига тақилган турли хил арзон-гаров чиғаноқ ва кўзмунчоқлардан ясалган билакузукларини эслатиб кулгиси келарди. Бирдан аланарса гумбирлаб эски усмоний  қандиллари, фонуслари зириллаб, шам чироқлар ўйнаб кетди. Туркияда кўп портлашлар  бўлиб одамлар ҳалок  бўлгани учун халайчилар бирдан қотиб қолди. 

  Қўшиқлар уммонида сузиб юрган жингалак соч хофиз ҳам “олагўзим сандан айрилдим..” дея  тўҳтаб  микафонга  юзланди.

-         Азиз  арқадошлардан Сизлардан узр сўрайман. Ҳар оқшом ёнимиздаги қўнгши  тунги клуб ўз ишини бошлайди. Бизнинг жўжиқлар деразаларни ёпмаган кўринади.

  Узун қора пешбандли  йигитлар деразаларни ёпиб, қалин пардаларни ҳам тортиб қўйишди.  Аммо деразалар ёпиқ сахнда жуда улкан  тебранишли  мусиқа саси қаҳвахонанинг чала ёпиладиган деразаларини зириллатарди.  Жингаак соч  жон куйдириб қўшиқ  айтса ҳам саф бузилиб халайчиларнинг кўпчилиги жойларига ўтиришди. Қаронғи залнинг бир бурчагида ўчирилиши унутилган девордаги телевизор “ХeberТV” канали  аллақандай тўпалон, у ёқдан, бу ёққа чопаётган одамларни кўрсатарди. “Ўзбекистон аҳолиси сентябрь ойида 33 миллиондан ошди. Аммо, ўзбек олимлари 7 – 8 миллион эркак хорижга ишга кетган,  демоқда. Туркия хабарларига ўтамиз.Тоққа яқин қурилган эскироқ уйлар пастликка қулаб тушди..Қурбонлар сони ҳали аниқ эмас.Бу олдин ҳам содир бўлгани учун ..нега тоғ тамондаги уйларнинг силжиганини ҳеч ким айтиб бера олмаяпти..”дейди диктор. Телевизор экранида  жарми, унгурлар лабида ҳаяжонда  югуриб юрган тасвирчи ва  журналист кўринарди.

  Қаҳвахона залида англаб бўлмас тараддутми, саросималик зоҳир эди. Гўё  тамаки тутуни, емак хидлари, атир ифорлари билан  таранг тортилган ҳаво   оғирлашиб кетганди. Бибисора ҳисоб –  китоб қилиб йўлга тушди. Жингалак соч хофиз айтган тунги клуб кўп қаватли бинонинг биринчи қавати  ва ертўласига жойлашган жуда катта ресторан экан. Ҳали ҳам рок стилидаги чинқириқ ва бақириқлар, орада машҳур Элтон Жон қўшиқлари улкан овоз кўтаргичда варанглаб ётар, турли рекламалар билан безатилган чароғон кириш жойида ўн нафарлар йиртиқ – ямоқ женси шим,  қора футболка  кийган, қулоқ бурнига сирға персинглар таққан крассовкали қизлар, сочлари жайрадай лаклаб кўтарилган ёки чироқ нурида  мармара денгизидай ярқираётган    тақир бошлар “ким сана на деди..” дея даҳанаки жангга киришарди. Уларнинг тату  тамғаси туширилган билаклари, тақир бошлари, юзлари қаронғиликда ялтираб кетарди.

  “Эй, аллоҳ.. умматингни ўзинг асра. Улудағ сенга не бўлди..нега бошимизга бу кунларни соласан. Сора..Бибисора қизим чок гўзал отинг бор экан. Сени бу ёбончи хотин нени билади деб эдим. Сен гарчак  сўйлабсан. Қўйи ҳаммом кўчасидаги Айзан хотиннинг уйи қуйига қулаб кетибди. Воҳ, нега бизни тортасан Улудағ..одам боласига ато этган  инсонлик шаъни учун қаҳр этдингми..аҳир сен бизнинг бошимиз тожисан..Улудағ”.

  Бибисора узукли бармоқлари ва жундор билакларини  кўкка кўтариб фарёд чекаётган Демир бобони кўриб ҳайратда қолди.  Ҳамиша бақириб – чақириб юрадиган “ёёё”чи Демир чол қайси гўрдан пайдо  бўлибди. Бу қария ўта ёнмас, сувда чўкмас Чинларнинг теракот тош  черики лашкарига ўҳшайди. Қуш тинади, ит тинади бу тинмайди. ”Ортингга қарамс экансан, мен ҳам қаҳвахонада бурчакдаги столда ўтиргандим.Ўзларингча халай чекдингми, чек, чек..қаерга борарсизлар..Сенга юзланмадим, яна бу одам нега ёпишиб олибди деб ўйлама дедим. Анави ялтирбошларни кўрдингми,..буларга не кераклигини билармисан, биласан, биласан..энди сўзларимга инонгандирсан, турку..турку дейсан..Ашиқ Вейсалар ўлиб кетди, қардошим”.

  Майдон ва кўчаларда қутиларга солинган алланарсалар еб юрган сайёҳлар беғам  юришир, дон,нон қолдиқлари учун  қўнган юзлаган каптарлар дувиллаб кўкка кўтариларди. Дунёнинг турли жойларидан келган сайёҳлар поезддан қолиб кетган йўловчидай “воув..воув” деганича..фотоаппаратини кўтариб, ўзини каптарлар тўпига урарди.  Бибисора кулмоқчи эди, негадир кўзидан ёш чиқди.  Кўча бўйларига жойлашган дўконлар олдида кўк олма, қизарган  нок, оловранг  цитрус мевалар терилган, устунларга осилган сап-сариқ бананлар шамолда чайқаларди. Пештахтаси, айвонига  лотинча ёзувда  турк сўзлари ёзилган, одамлар бол ари уясидай кириб чиқаётган кафелардан турли тотли турк таомларининг ёқимли иси тарқаларди.

  Шу он машиналар оқиб ётган шовқинли катта  кўча тамондан  ёш навқирон овоз  билан куйланаётган таниш турку оҳангари эшитилди. Бибисора ҳаяжонланиб  ўша тамонга юрди: унинг юзларига дўконлар олдига осиб қўйилган турк гиламлари,машҳур  “Cotton”,“Mongo”брендлари кўйлак, иштонлари, рўмоллари, диний ашёлар сотадиган дўконда жой намозлар, узун қора хижоблар уриларди.Ҳар зарбадан Бибисоранинг кўзлари ёшланиб юмилиб кетар ва яна мувозанатини тиклай оларди. Аёл бозорлар, дўконлар исканжаси ва Истанбул осмонида қотиб қолган  шовқиндан  қутулиб очиқ ҳавода чуқур нафас олди. Туркия осмонида  оқ булутлар кезар, Босфор тарафларда кемалар вуппилар, “Капали Чорши” туғён этар ва  қуёш чарақлаб нур сочарди.  Кўча четида  эски пойафзал кийган икки нафар  ўн икки, ун ўрт  яшар..аввал Бибисорага емак сотган  болалар  кунжутли смит кулчалари, лимонли мидия чиғаноқлари тўлдирилган  аравасига Туркиянинг қип-қизил байроқчасини қистириб елиб боришарди.Уларнинг аравачасидан тахланган оппоқ қоғоз рўмолчалар денгиз қушларидай пориллаб учарди. Аёл олам – жаҳон  қувонч билан қўлини кўтарди, аммо болалар уни кўрмас, эшитмас ўзларига, ўзлари маст бўлиб куйлашарди.   

  “Ашиқ Вейсал на деюр..гит Лейла..гит..гит..инжу бунжуқлари..гет..ёр..” дея бор товушлари билан бақириб кулишарди.  Улкан бахри уммонлар қошида, инсон тақдирлари, йиғилар, шодликлар, кулгу, бойликлар, ҳасратлар, орзулар, шамоллар остида икки бола аравачасини етаклаганича  елиб боришарди. Шамолларда учаётган қоғоз қушлар орасида, шўр  кўзёшдай чайқалаётган денгиз қатида Туркиянинг қип-қизил байроғи гоҳ кўринар, гоҳ кўринмасди.  

 

   март -апрель 2019 йил.

  Тошкент. "Сокин" кўчаси.

- - -


< Orqaga qaytish