Маданият, санъат

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун.


Marta o'qildi

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. "Тил халқнинг автопортретидир". Низомиддин Маҳҳмудов.

Бугун мамлакатимизда бошланган кўламли ва шиддатли ислоҳотлар фан ва таълим соҳалари, хусусан, тил ва адабиёт таълимининг самарадорлиги учун ҳам хизмат қилмоқда. Тил инсоният тарихида, халқ тамаддунида қанчалик бемисл аҳамиятга молик бўлса, уни ўрганиш, унинг синоатлари билан ошно бўлиш шунчалик фавқулодда зарурий юмушдир. Олмон олими В.Ҳумбольдт айтганидек, “Ер юзидаги тилларнинг фарқлилиги улардаги товушларнинг фарқлилигида эмас, балки бу тилларда дунёни кўришнинг фарқлилигидадир”. Тафаккур ҳам, тасаввур ҳам, ҳатто тахайюл ҳам тилларга кўра фарқли жиҳатларга эга.

Дунё адабиётининг атоқли намояндаси Чингиз Айтматов “Авезов ҳақида сўз” (1977) деб номланган мақоласида “Тил халқнинг автопортретидир” деган теран фикрни айтган эди. Чиндан, ўзбек тили ўзбек халқининг сийрату сувратини, тафаккур ва тахайюл оламини, ўтмишу бугунини борича акс эттирадиган ва муҳими, шу тилнинг ўзи воситасида ҳамда “ўз қўли” билан дарж қилинган холис қиёфасидир. Бу қиёфа халқимизнинг минг йиллик лисоний-тарихий тараққиёти жараёнларида, бетакрор маданий ва ақлий, адабий-бадиий дурдоналарида бўй кўрсатиб турибди. Бу қиёфа парваришу муҳофазага, эъзозу эҳтиромга, кўз қорачиғидек асрамоққа, янада камолот сари элтмоққа шоён муҳташам бойликдир.

Бугун ер юзида етти мингга яқин тил мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири муайян миллий маданият ва миллий менталитетнинг асосидир. Уларнинг ҳар бири мутлақо ўзига хос сиру асрорлар мужассам бўлган бебаҳо бойлик. Шунинг учун ҳам бу бойлик синоатларини ўрганиш, бу синоатларни болалаикдан, ёшликдан эгаллаш жамиятда қадим даврлардан ақл эгаларини ўйлатган. Ер юзидаги энг кўҳна муассасалардан бўлмиш қадим Шарқ бағрида таваллуд ва камол топган. Эрамиздан олдинги учинчи мингйилликнинг бошларида, демакки, бундан беш минг йиллар бурун қадимги Шумерда мактаблар фаолият кўрсатган ва бу мактабларнинг таълим дастурларида икки асосий таянч мавжуд эди. Уларнинг бири математика, иккинчиси эса она тили ҳисобланган. Уларнинг бири қорин қайғуси эҳтиёжи учун, иккинчиси –тил таълими эса руҳ, яъни қадр қайғуси талабини қондиришга хизмат қилган. Албатта, бугун ҳам шундай, мактабдир, олий мактабдир, она тили таълимининг бош мўлжали инсон руҳий, маънавий олами. Мақсад, аввало, миллат қиёфаси ва маънавиятини саломат сақлашдан иборат.

Мактаб амалиётида она тили таълими ҳам, хорижий тил таълими ҳам фавқулодда муҳим аҳамиятга молик. Фақат она тили таълимида мақсад тилдан тафаккурга қараб бориш бўлса, ноқариндош тил таълимида таълим мантиғи тафаккурдан тилга олиб боради.

Ўзбек тилшунослиги илмида ҳам дунё тилшунослигида бўлгани каби тилни антропоцентрик, яъни тилни соҳиби билан биргаликда тадқиқ этиш йўналиши устувор бўлиб бораётганлиги қувонарли. Ўзбек лингвомаданиятшунослиги йўналишидаги тадқиқотлар кенгайиб бормоқда. Албатта, тил таълимида ҳам айни йўналиш ютуқларидан имкон қадар фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Тил қайси халққа оидлигидан қатъи назар шу халқ маънавиятининг устуни, асосидир. Шунинг учун ҳам тил таълимида бу жиҳат тўлиқ ҳисобга олинмоғи лозим. Мамлакатимизда турли миллат вакиллари бир давлат фуқаролари ўлароқ истиқомат қиладилар. Юртимизда шаклланган одил тил сиёсати боис бугун етти тилда таълим олиб борилмоқда.

Ҳар қандай тилни тадқиқ қилишда, уни ўрганишда бу муҳташам ҳодиса фақат алоқа воситаси сифатида эмас, балки халқ руҳияти ва маданиятини ифодаловчи ҳодиса сифатида қаралиши зарур. Тил ўқитувчилари буни ҳамиша ёдда тутмоқлари мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда улар фақат дарсликлар билан чекланмасдан соҳага дахлдор адабиётлардан етарли даражада хабардор бўлишлари керак.

Таассуф билан айтиш лозимки, айниқса, кейинги йиллари мактаб она тили таълимида грамматика масалаларининг берилишига ғашлик билан қараш, грамматикани, таъбир жоиз бўлса, она тили дарсларидан тамоман қувғин қилишга ҳуда-беҳуда уриниш кўзга ташланмоқда. Тўғри, она тили дарсларида грамматикага керагидан ортиқ ўрин бериш мақсадга мувофиқ эмас, аммо ундан тамоман воз кечиш ҳам мақсадга олиб бормайди. Грамматика ва мантиқ ҳар қандай нутқ тириклигининг таянчи, ҳар қандай нутқ соғломлигининг замини, бу икки тушунча ва уларнинг метин қоидалари ҳар қандай нутқни тутиб турувчи синчлар силсиласидир. Улуғ донишманд бобомиз Форобий грамматика ва мантиқ илмининг фавқулодда аҳамияти ҳақида қуйидагиларни қайд этган: “Грамматика одамлар нутқини тўғирлагани каби– у шунинг учун ҳам вужудга келгандир – мантиқ илми ҳам хато келиб чиқиши мумкин бўлган жойда тафаккурни тўғри йўлдан олиб бориш учун ақлни тўғрилаб туради. Грамматиканинг тилга ва тил ифодаларига бўлган муносабати мантиқ илмининг ақл ва ақлий тушунчаларга бўлган муносабати кабидир. Грамматика ҳар доим тил ифодаларида хатолар келиб чиқиши мумкин бўлганда, тилнинг ўлчови бўлганидек мантиқ ҳам ҳар доим ақлий тушунчаларда хато келиб чиқиши мумкин бўлганда, ақл ўлчовидир”. Грамматика ва мантиқни билган, ҳис қилган одамгина тўғри ва солим нутқ тузиши мумкин, акс ҳолда айрим “мутахассислар” каби бошқа тил қолипидаги “тил ташувчилари” қабилидаги бирикмаларни ишлатаверади, бундай ифоданинг ўзбекчаси “тил эгаси” ёки “тил соҳиби” тарзида бўлиши лозимлиги унинг хаёлига ҳам келмайди. Чинакам мустақил, ижодий тафаккурни грамматикасиз, фақат сўз ёки ибораларни ёдлатиш, матн ўқитиш орқалигина шакллантиришнинг асло имкони йўқ. Она тили ўқитиш самарадорлигини ошириш, саводхонликни юксалтириш борасидаги айрим мантиқли-мантиқсиз таклифларнинг баён қилинаётганлиги, дарсликлар билан боғлиқ антиқа-антиқа иддаоларнинг илгари сурилаётгани таассуфланарлидир. Кимдир “Она тили” дарсликларида машқларнинг кўплигидан ёзғирса (ахир, дарсликдаги машқларнинг барчаси устида ишлаш шарт эмас!), кимдир тиниш белгиларини тежамкорлик асосида қўллашни таклиф қилади, яъни, масалан, кўчирма гапли қўшма гапни Жуда тўғри қилибсан деб унинг сўзини бўлди чол тарзида тиниш белгиларсиз ёзиш лозимлигини асослашга тиришади, бунга асос қилиб араб ёзувида тиниш белгилари бўлмаганлигини, улар рус ёзувидан “кўчирилган”лигини рўкач қилади. Албатта, бу каби иддаоларнинг она тили таълимини яхшилаш учун сариқ чақалик қиммати йўқ…

Она тилини англаган ҳолда, онгли равишда ўрганиш учун лисоний билимларнинг ўрни фавқулоддадир, бу билимларсиз, улардан тамоман бехабар ҳолда она тилини ўрганишнинг имкони йўқ. Мутахассислар тил компетенциясининг икки асосий унсурдан, яъни 1) нутқий тажриба ва 2)тил ҳақидаги билимлардан ташкил топишини айтаркан, бу билимларнинг зарурийлигини таъминлайдилар (қаранг: Божович Э.Д. Развитие языковой компетенции школьников: проблемы и подходы // Вопросы психологии. ― 1997. ― № 1. – C. 37). Она тили таълимининг мақсадида кўзда тутилган айни компетенциясини шакллантириш тил ҳақидаги билимларсиз мумкин эмас.

Албатта, катта мамнуният билан айтиш лозимки, бугун мамлакатимизда фан ва таълимни, хусусан, она тили таълимини янада ривожлантириш борасида жиддий ва мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Тил ўқитиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида янгидан-янги педагогик технологияларни инкишоф қилиш, энг илғор усулларни ишлаб чиқиш, дунёдаги энг пешқадам ғоя ва тажрибаларни ижодий ўзлаштириш ҳамда уларни изчил ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар сратегиясида бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган.

- - -


< Orqaga qaytish