Маданият, санъат

Ҳарфга осилга академик ёҳуд ариза ёзолмайдиган ёшлар.


Marta o'qildi

Ҳарфга осилга академик ёҳуд ариза ёзолмайдиган ёшлар.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан яқиндагина учрашув ўтказди.

Ушбу учрашувда, “Вақт-соати келди. Илмнинг натижалари ҳаётда амалга оширилмагани учун ривожланишимизнинг ҳамма соҳаларида сифат даражаси пасайиб кетди. Илм бўлмагани учун. Мен сизларга бир рост гапни айтаман: коллежни тугатган бола ариза ёзолмайди!. Бу гапим ҳақиқат!. На кирилл алифбосида, на лотинда” деб айтилган Президентнинг сўзлари ҳар биримизнинг кўнглимизни ларзага келтирди. Хўш бунга ким айбдор?.

Албатта, жиноятга тенг бўлган бу саводсизликнинг юзага чиқишига маъсулиятсизлик билан қараган кимсалар жазодан қочиб қолиш мақсадида ўз айбини хаспўшлашга ўтиб олишлари ойданда аниқ равшан бўлиб кўриниб қолмоқда.

Айнан шунинг учун, мустақил давлат эканимизни ҳам эсидан чиқариб қўйган нусхалар эски Совет тизимининг қолдиғи бўлмиш рус графикаси асосидаги ёзувни биринчи ўринга чиқаришни, яъни орқага қайтишни тарғиб қилишни бошлаб юборишгани ижтимоий тармоқларда яққол кўриниб турибди.

Афсуски, ўзбек тилининг лотин алифбосига тўлиқ ўтиш масаласини ҳали ҳам ҳар хил йўллар билан саботаж қилиб келаётган одамлар бор. Мактабда лотин ёзувида ўқиб таълим-тарбия олган ёшларимиз иш ҳаётида рус графикасини қўлланишга мажбур бўлмоқда.

Сабаби ташкилотларда лотин ёзувини тадбиқ қилиш иши умуман олиб борилмагандек кўринмоқда. Ҳаттоки, болаларимизни лотин ёзувида ўқитаётган ўқитувчиларнинг ўзлари дарс ўқитиш услубий қўлланмалар ва меъёрий ҳужжатларнинг деярли ҳаммасини рус графикаси асосида олиб бормоқда.

Миллий тараққиётимизни билиб ёки билмай орқага тортувчи кимсалар, 20 миллионга яқин ёшларимизнинг фикр-  мулохазаларига эътибор бермай ҳозирги лотин ёзувимизни асоссиз танқид қилиб, яна такрор орқага қайтишни таклиф қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Биз миллат ўлароқ давлат мустақиллигидан олдин миллий тилимиз мустақиллигига эришган халқмиз. Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг 21.10.1989 й. 3561-XI-сон, 3563-XI-сон қарори асосида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуни билан ўз она тилимизнинг ҳуқуқий эркинлигини амалга ошира олдик.

Таъкидлаш жойизки, мустақил давлат бўлганимиздан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 2 сентябрь, 932-XII-сонли қарори билан қабул қилинган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги янги қонуннинг талабларига кўра миллионларча ёшларимиз ўқиб илм олиб келишмоқда.

Шу қонуннинг 2-бандида: «Янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугаллансин» дея аниқ ва равшан кўрсатилган. Лекин, минг афсуслар бўлсинки 7 йил олдин тўлиқ ҳал қилиниши шарт бўлган масала ҳали ҳам ижобий ечимини топмади.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Олий Кенгашининг ушбу Қарорини рўёбга чиқаришда давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг республика ҳамда маҳаллий органларига услубият ва ахборот бобида мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб бориши шарт эди. Лекин лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш мактаблар, лицей ва колежлардан нарига ўтмаяпди.

Қонунда кўрсатилган талаблар бажарилмагани учун айбдор ким?. Қандай қилиб қонунда кўрсатилган талабларни амалга оширишимиз зарур?.

Афсуски, бу саволларга жавоб бериш ўрнига ҳар хил баҳоналарни важ қилиб кўрсатаётган ташкилот вакиллари  кўпайиб бормоқда. Риоя қилиш тартибига  кўра, дунёнинг барча давлатларида Қонун бу ижро этилиши талаб қилинадиган меъёрлар жамланмаси. Агарда қонун талабларига  асосан  иш юритилмаётган  бўлса ёки қонунда кўрсатилган қоидалар  бажарилмаётган бўлса, бу ишга ваколатли  маъсул шаҳслар жазоланиши шарт.

Ажабланарли томони шулки, мазъкур Қонуннинг 3-бандида белгилаб берилган талабларнинг ижроси ва халқимиз орасида ўзбек тили лотин алифбосининг кенг ҳолатда  оммалашиши учун керакли бўлган тадбирлар ва қилиниши керак бўлган ишлар ҳажми, жавобгар муттасаддилари ҳар тарафлама кўрсатилиб берилганлигига қарамай 7 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра талаб қилинган ҳаракатларни амалга оширмагани учун биронта маъсул шахс жавобгарликга тортилмаган.

 Давлат тилига риоя этилмаслик ҳолатлари узоқ даврдан бери давом этиб келаётгани учун мамлакатимиз президенти  Шавкат Мирзиёевнинг ташабусси билан 2018 йил 15 май куни катта илмий-амалий, тарихий аҳамиятга эга ҳужжат   "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси" қабул қилинди.

  Давлат бошқарув  ва иш юритиш тизимида муҳим  саналган ушбу ҳаракат режаси Президентнинг топшириғига биноан Бош вазир томонидан ижро қилинишга олинганлигидан хабари йўқ академикларимиз ҳам борлиги ҳайратимизга сабаб бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан ўтказилган учрашувида қатнашган ёш олимларнинг айтишларига қараганда, 84 ёшлик академик Аҳмадали Асқаров ҳамманинг  олдида туриб, лотин алифбосидан воз кечиб, кирилл  алифбосига қайтиш масаласини яна бир бор такрор кўриб чиқишни Президентдан илтимос қилган эмиш. Бу маълумот қанчалик  тўғрилигини билмадим. Ушбу хабар тарқалиши билан интернет ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон ёшлари қизғин мунозарага киришиб, академикнинг давлат тили қонунига қарши бу таклифидан  жуда норози бўлишмоқда.

 Улуғ ёшга кириб қолган  тарихчи академик А. Асқаровдан олдин,таниқли адабиётшунос  Шуҳрат Ризаев  ҳам кирилл графикасини қўллаш ҳақида  таклиф билан  чиқиб, мамлакат ёшларнинг норозилик тўлқинларига дучор бўлган эди.

Минг афсуски, ўз ёшига ярашмайдиган қилиқлари билан  ўз давлатининг ёшлари келажагини барбод қилишга, миллион- миллион  ёшларни саводсиз қолдиришга  тайёр турган олимлар ва ёзувчилар борлиги бизни  таажублантириб қўйди.

Ҳиндистоннинг буюк жамоат ва сиёсат арбоби, Ҳиндистон мустақиллиқ ҳаракатининг етакчи бошлиқларидан бири Мохандас Карамчанд Махатма Ганди «Мустамлакачилар томонидан тарбияланган элита – ўз халқининг асосий душмани», деган ибораси қанчалик ҳақ гап эканлигининг яна бир бор исботини кўрмоқдамиз.

Ёши анчага бориб қолган, ўз вақтида советлар замонида давру - давронлар сурган олимлар ва ёзувчилар эски кунларни қумсаб орқага қайтишни истаб қолгандир. Орзуга айб йўқ. Лекин, биз учун  орқага йўл йўқ. Чунки,мамлакат  келажаги бўлган  ёшлар орқага қайтишни истамайди. Ватанимиз Ўзбекистон Республикаси маънавий ва маърифий томондан етук инсонлар макони сифатида дунё кўз олдида тан олинишини истаймиз. Бунга ҳаққимиз бор.

PS. Бу ерда ёзилган фикрларни ёшларимиз яхши билади. Ушбу нома лотин харфларида ўқишга жирканадиган, лотин ёзувини кўрса юзини тириштирадиган, кўзини қўли билан ёпиб олиб "мени ҳеч ким кўрмаяпти", деб ўтирадиганлар ўқиши учун  кирил гра ёзилди.

Шухрат Саломов

- - -


< Orqaga qaytish