Мақола

Тангри битиклари. Луис Хорхе Борхес


Marta o'qildi

Тангри битиклари. Луис Хорхе Борхес

 

    Бир кун оқшом кўнглимни сел қилар хотирага яқинлашиб қолганимни сездим: ҳали денгизни кўрмаган бўлса-да, унинг чайқалишини қон томирларида туйган сайёҳ ҳолига тушгандим. Анчадан сўнг хотира тиниқлашди: бу Тангри билан боғлиқ ривоятларнинг бири эди…

ХОРХЕ ЛУИС БОРХЕС
Т А Н Г Р И Б И Т И К Л А Р И
(LA ESCRITURA DEL DIOS)

Шарифжон Аҳмедов таржимаси
001

02 Хорхе Луис Борхес (Jorge Luis Borges) – аргентиналик машҳур ёзувчи, шоир, танқидчи. Ўзининг руҳий ва фалсафий новеллараи билан машҳур. Лотин Америкасининг энг машҳур ёзувчиларидан бири. Хорхе Луис Борхес Буэнос-Айресда туғилган, ўсмирлиги Европада ўтган, шу ерда таълим олган. 1920-йилларда ўз юртига қайтган адиб дастлаб шоир сифатида машҳур бўлади. 1955 йилдан миллий кутубхона директори бўлиб ишлайди. Кўзи кўрмай қолгач, 1973 йили ишдан бўшайди. Бир қанча миллий адабий мукофотлар соҳиби; Италия, Франция, Буюк Британия, Испаниянинг олий мукофотлари совриндори; Сорбоннa, Оксфорд, Колумбия (Нью-Йорк) университетларининг фахрий доктори.

001

033ош зиндон чуқурдир; ичкари томондан осмонга қадар чўзилган ярим паллага ўхшаш бу зиндон ҳарсанг тошлар ётқизилган тубига томон торайиб борганлигидан бир вақтнинг ўзида ҳам дилгир, ҳам бепоён туйилади. Ярим палланинг ўртасидан девор ўтган; у жуда баланд бўлса-да, гумбазнинг юқори қисмига довур барибир етиб бормаган; деворнинг бир томонини мен – Педро де Альварадо куйдириб кул қилган Кахолома эҳромининг коҳини Тсинакан, иккинчи томонини бўлса, қафасининг макон ва вақтини бир маромда, кўз илғамас қадамлар билан ўлчаётган қоплон забт этган. Ўртамиздаги девор тубидан панжарали туйнук очилган. Кўланкалар чекинган маҳал (чошгоҳда) зиндон қопқаси кўтарилиб, замонлар кечган сайин рухсорини йўқотган назоратчи арқон боғланган сопол кўзаларда бизга сув ва гўшт бўлаклари туширади. Шунда зиндон ёришади ва мен қоплонни кўра оламан.

Зимистонда кечган йилларимнинг ҳисобидан адашдим; қачонлардир мен навқирон бўлгандим ва мана шу тош ҳужра бўйлаб сайр қила олардим, энди эса жасадим ерпарчин ва шу алфозимда худолар ҳозирлаган заволимни кутишгина қоляпти, холос. Қачонлардир мен узун чақмоқтош пичоқ билан қурбонликка келтирилган одамларнинг кўксини ёрардим, энди бўлса зиндоннинг чанг-тўзон ялла қурган тубидан афсун ёрдамисиз тура олмайман.

Эҳром ёндирилишидан олдин баланд бўйли отлардан тушган одамлар хазина қаердалигини билиш мақсадида лаққа чўғ темир билан мени қийноққа солдилар. Кўз ўнгимда Тангри ҳайкали оёқ ости қилинди, аммо У мендан юз ўгирмади ва қийноқ маҳали сукут сақлашимга кўмак берди. Мени саваладилар, дўппосладилар, мажруҳ қилдилар ва мен энди ҳеч қачон чиқиб кета олмас бўлганим – мана шу зиндонда ҳушимга қайтдим.

Нимадир қилиш лозимлигини сезиб, вақтни бекор ўтказмаслик учун зимистонда узала тушган кўйи қачонлардир ўзим билган нарсаларни қайта тиклай бошладим. Мен тош илонларнинг жойлашуви ва миқдорини ёки шифобахш дарахтлар хусусиятларини эслашга уриниб тунларни ўтказардим. Шу кўйи йилларни қувғин қилиб, ўзимга тегишли билимлар ҳоқони бўлишга яна қайта муваффақ бўлдим. Бир кун оқшом кўнглимни сел қилар хотирага яқинлашиб қолганимни сездим: ҳали денгизни кўрмаган бўлса-да, унинг чайқалишини қон томирларида туйган сайёҳ ҳолига тушгандим. Анчадан сўнг хотира тиниқлашди: бу Тангри билан боғлиқ ривоятларнинг бири эди. У замонлар охирида кўп фалокат ва кулфатлар содир бўлишини билиб, яралишнинг биринчи куниёқ мана шу барча фалокатларни бартараф қила олар бўлган фусункор битикни муҳрлаб қўйганди. Бу жумла замон ва маконлар бағрида шу қадар пинҳонлигидан энг олис авлодларга қадар етиб бора олар ва ҳеч бир тасодиф уни сидириб ташлай олмасди. У бу жумлани қаерга ва қай йўсинда битган – ҳеч ким билмайди, аммо биз у қаердадир пинҳон эканига ва фурсат етгач, қайсидир бир омади чопган одам уни ўқий олишига шубҳа қилмаймиз. Шунда мен биз ҳар доимгидек замонлар охирида турибмиз ва менинг қисматим – Роббимнинг сўнгги хизматкори қисмати – мана шу ёзувни англай олишимга имкон берар балки, дея хаёл қилдим. Зим-зиё зиндонда бўлсам-да умидим сўнмаганди; эҳтимол, мен бу ёзувларни Кахоломада минглаб маротаба кўргандирман, аммо уларни тушуна олмаганман.

Дастлаб кўнглимни тоғ қилган бу ўй энди мени эсанкиратиб қўйди. Бутун ер юзида ўчмас ва мангу шакллар мавжуд; уларнинг ҳар бири изланаётган тимсол бўла олади. Тоғ ёки дарё, салтанат ва ё юлдуз буржлари Тангри каломи бўлиб чиқиши мумкин. Аммо вақт ўтиши билан тоғлар кукунга айланади, дарёлар ўзанини ўзгартиради, салтанатлар эса беқарорлик ва фалокатлар ботқоғига ботади, юлдузлар сурати ҳам муқим эмас. Ҳатто фалак-да ўзгаришлар илмидан сабоқ олган. Тоғ ва юлдуз асил моҳиятига кўра шахсдир, ўз навбатида шахс эса бунёд бўлади, йўқликка юз тутади. Ва шунда мен барқарор ва заифлик денгизига чўммаган матоҳ излашга тушдим – бошоқли ўсимликлар, кўкатлар, қушлар ва одамларнинг насллари ҳақида ўй сурар бўлдим. Балки ўша фусункор жумла менинг чеҳрамга битилгандир ва менинг-да ўзим саргардонликларимнинг асил боисидирман. Шу онда Тангри сифатларидан бири қоплон эканини эсладим.

Қалбимни лаззатли қувонч чулғаб олди. Мен барча замонларнинг илк тонгини, бу нома қиёмат остонасида турган энг сўнгги одамларга қадар етиб бориши учун ғорларда, чакалакзор ва оролларда узлуксиз кўпаяр бўлган қоплонлар терисига ўз мактубини муҳрлаётган Илоҳимни хаёл қилдим. Мен мана шу мушуклар шажарасини, каломнинг дахлсизлиги ҳаққи далалар ва подаларга даҳшат солувчи мана шу улкан мушуклар лабиринтини тасаввур қилдим. Ёнгинамда қоплон бор эди; шу ёнма-ёнликда мен тахминим тасдиғи ва Тангрининг яширин марҳаматини кўрдим.

Мен қоплон терисидаги доғларнинг шакл ва ўрнини ўргана кўп йилларни шом қилдим. Ҳар бир сўқир кун бир тишлам нур ҳадя этар, шунда мен малларанг терига битилган сиёҳранг ёзувларни хотирамга муҳрлай олардим. Уларнинг айримлари алоҳида нуқталари билан ажралиб турар, бошқалари кўндаланг чизиқларга туташиб кетган, учинчи бир хиллари – халқасимонлари эса муттасил такрорланарди. Афтидан, охиргилари бир хил бўғин ва ёки битта сўз эди. Буларнинг аксари қизғиш гардиш билан ўралганди.

Юмушимнинг нақадар мушкуллиги ҳақида гапириб ўтирмайман. Гоҳи замон мен деворларнинг қулоқларига азон айтиб, бу битикларни ўқий олиш инсон боласининг чекига тушмаган дея ҳайқирардим. Тобора айрим жумбоқ мени умумий жумбоқдан кўра камроқ ўйга толдира бошлади: Тангри ёзиб қўйган ҳикматнинг боиси не?

“Қандай ҳикмат, — дея ўзимни сўроққа тутардим, — мутлақ ҳақиқатни ўз жисмига жо қилган?”. Менинг хулосам шундай эди – инсонлар тилида борлиқни бутунича акс этказмас бирорта ҳам сўз йўқ, “қоплон” дейиш – бу уни дунёга келтирган бошқа қоплонларни, у ов қилиб кун кечирадиган кийикларни, кийиклар озиқланадиган кўкатларни, кўкатлар волидаси бўлган заминни, заминни бунёд этган осмонни эслаш дегани. Ва мен тушундим, ўзаро бир-бирини тақозо этувчи бу битмас-туганмас садоларни Тангри тилида ҳар қандай сўз, яширин эмас, очиқдан-очиқ ва навбат билан эмас, балки бира-тўла англатади. Борган сайин менга илоҳий ҳикмат тушунчасининг ўзи гўдакларга хос оддий-одми ва шаккоклик бўлиб туйила бошлади. “Худо, — дердим мен, — бутун бошли борлиқни ўзида жо қилган битта дона сўз айтиши лозим эди. Унинг илоҳий лабларидан учиб чиққан ҳар бир товуш бутун борлиқ ёки, жиллақурса, замонларнинг бутун бирлигидан кўра заифроқ эмасдир. Одамларнинг “ҳамма”, “олам”, “борлиқ” каби ғариб ва баландпарвоз сўзлари – бу бутун бошли тилларга ва шу тиллар изоҳлайдиган бутун-жаъми матоҳларга тенг бўлган ягона товушнинг бор-йўғи кўланка ҳамда муқоясасидир.”

Бир кун оқшом (ва ё кундуз) – менинг кундуз ва кечаларим ўртасида қандай фарқ бўлиши мумкин? – зиндоним сатҳида қум донаси пайдо бўлганини туш кўрдим. Бунга эътибор қилмасдан яна мудроқ қўйнига чўмдим. Навбатдаги тушда уйғониб, қум донаси иккитага кўпайганини туш кўрдим. Мен тағин уйқуга кетдим – қум донаси учтага кўпайганди. Улар бутун зиндонни тўлдириб юборгунча шу тақлид тинимсиз кўпайиб борарди ва мен қумтепа остида бўғила бошладим. Мен ухлашда давом қилаётганимни англагач, жонҳолатда чираниб уйғонишга ҳаракат қилдим. Аммо бу уйғонишимдан наф бўлмади: қумтепаликлар аввалгидек мени янчиб турарди. Ва шу чоқ кимдир биров сўз сўзлади: “Сен бедор бўлиш учун эмас, балки аввалги тушингга уйғондинг. Бу туш эса, ўз навбатида, бошқасининг бағрига жойлангандир ва шу тариқа қум доналарининг миқдорига баробар чексизликка қадар. Сен танлаган йўлнинг адоғи йўқдир ва сен чинакамига уйғонишингдан анча аввал ҳалок бўласан.”

Мен ҳалок бўлаётганимни тушундим. Оғзим тўла қум бўлса-да қичқира олдим: ”Тушларда кўрилган қум мени ўлдира олмайди, тушлардан туғилган тушлар мавжуд эмасдир!” Юзимга қўнган бир тутам шуъладан уйғониб кетдим. Зимистон оғзида ёп-ёруғ доира пайдо бўлганди. Мен назоратчининг юз ва қўлларини, чиғир ва арқонни, гўшт ва сопол кўзани кўрдим.

Одам аста-секин ўз қисматининг қиёфасини ўзлаштириб боради, ўз вазият-ҳолатлари билан бирикиб кетади. Мен башоратгўй ва қасоскор ҳамда тангримнинг коҳини эдим, аммо айни пайтда, даставвал тутқунман. Узоқ айрилиқдан сўнг ҳориб-чарчаган сайёҳ уйига ошиққани сингари мен ҳам тушларнинг баднафс лабиринтидан зиндонимга қайтгандим. Мен совуқ зиндонга, қоплон ва мени ёруғ дунёдан айри қилган қопқага, заиф вужудим ҳамда зим-зиё зимистон ва тошларга шукроналар айтдим.

Ва шунда ҳеч қачон ёдимдан чиқмас ва сўз билан ифода қилиб бера олмас бўлганим воқеа содир бўлди. Мен Худо ва бутун коинот билан (агар бу икки исм бир хил тушунчани ифода қилмаса) бирикиб кетдим. Бу завқни тимсоллар воситасида ифода қилиб бўлмас; кимдир Тангрини ёруғлик шуъласида, яна биров – шамширда, учинчи бир кимса эса – атиргулнинг халқасимон гулбаргларида кўра олиши мумкин. Мен эсам аллақандай юксак Чархпалакни кўрдим; у менинг қаршимда, у менинг ортимда ва ё у менинг ёнгинамда эмас, балки бира тўла ва бир вақтнинг ўзида ҳамма ёқда эди. Чархпалакни олов чулғаганди, Чархпалак сув уфураётганди, мен гардишини кўриб турсам-да, аммо у чексиз эди. Унда ҳамма нарса – содир бўлган, айни пайтда рўй бераётган ва келгусида воқеъ бўлгучи ҳамма нарса чатишиб кетганди; мен бу матонинг бир толаси эдим, менинг кушандам Педро де Альварадо эса – бошқа бир тола. Барча сабаб ва оқибатлар Чархпалакда эди, ҳамма нарсани, барча-жаъми чексизликни англашим учун унга бир бора разм солишим кифоя эди. Ў, англаб етиш лаззати, сен тасаввур лаззати ва туйғулардан-да улуғсан. Мен бутун коинотни кўрдим ва унинг ботиний ниятларини англаб етдим. Мен Маслаҳатлар Китобида ёзилган Замонлар Остонасини кўрдим. Мен сувлардан қад кўтараётган тоғларни, вужудлари оғоч бўлган дастлабки одамларни, уларни қувғинга олган тош идишларни, бу одамларнинг юзларини ғажиётган кўппакларни кўрдим. Худолар ортида турган берухсор Худони кўрдим. Ягона роҳат-фароғат бўлиб бирлашаётган беҳисоб фаолиятларни кўрдим ва ҳамма-ҳаммасини тушунгач, қоплон терисидаги битик маъносини ҳам англадим.

Бу жумла эса ўзаро боғланмаган (ёки менга шундай туйилганди) ўн тўртта сўздан иборат ҳикмат эди. Чексиз қудрат соҳибига менгзашим учун уни баралла айтишим кифоя эди. Бу тош зиндон ғойиб бўлиши учун, тунимга кундуз бостириб кириши учун, навқиронлигим кафтимга қўниши учун, қоплон Альварадони бурдалаб ташлаши учун, испанларнинг кўксига муқаддас ханжар қадалиши учун, эҳром вайроналардан қад кўтариши ва салтанат қайта бунёд бўлиши учун мана шу жумлани баралла айтишим кифоя эди. Қирқта бўғин, ўн тўртта сўз – ва мен, Тсинакан, бир маҳаллар Моктесума ҳукм сурган ерларга ҳоким бўламан. Аммо мен бу сўзларни ҳеч қачон талаффуз этмаслигимни ҳам биламан, илло ўшанда Тсинакан унут бўлади.

Қоплонларнинг териларига муҳрланган бу тилсим ўзим билан гўрга кирсин. Кимки бутун-жаъми коинотни кўрган бўлса, кимки борлиқнинг оташин ниятларини англаб етган бўлса, инсон ҳақида, унинг ғариб қувонч ва қайғулари ҳақида ўйлаб ўтирмайди. Ҳатто унинг ўзи айни шу одам эса-да – тўғрироғи, айни шу одам бўлган эса-да – бу муаммо уни ортиқ қизиқтирмайди. Унинг учун ўша, бошқа одамнинг аҳамияти йўқ, унинг учун ўша бошқа одамнинг қайси қавмга тегишли эканининг аҳамияти йўқ – ахир унинг ўзи энди Ҳечкимга айланди. Мана, нима учун мен ҳикматни ошкор қилмаяпман, мана, нима учун мен зим-зиё зимистонда узала тушган кўйи куну тунларимни еб битиряпман.

ШАРИФЖОН АҲМЕДОВ
«ТАНГРИ БИТИКЛАРИ»ГА ИЛОВА

001

005Шарифжон Аҳмедов – 1969 йилда Андижонда туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Дастлабки ҳикоялари ўтган асрнинг 9-йилларида «Ёш куч» журналида эълон қилинган.Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Узоқ йиллар давомида ХорхеЛуис Борхес ижодий дунёсини чуқур ўрганиб, машҳур адиб яшаган ўлкаларга бориб илҳомланган ва ҳикоялари билан бизни таништириб келмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида унинг Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Жуброн Халил Жуброн асарларидан қилган таржималари мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

001

98ангри битиклари»  асарида энг сўнгги ацтек коҳинининг испанлар асоратида, зиндонда кечган кунлари ҳикоя қилинади. Зимистондаги адоқсиз узун кун ва тунларига бирор маъно киритиш илинжида Тсинакан исмли бу афсунгар Тангри қаергадир тилсим тарзида муҳрлаган синоатли ҳикматни излаб топишни кўнглига туяди. Кўп мушоҳадалардан сўнг бу битик зиндонда ўзи билан ёнма-ён бўлган қоплон терисига муҳрланганини англайди. Зиндон қопқалари очилган дамлари тушадиган ёруғлик онларидан фойдаланиб, йиллар мобайнида теридаги доғларнинг шакл ва жойлашувларини ўрганади. Ниҳоят, ўн тўрт сўздан иборат бу калимани аниқлайди. Тош зиндон ичра бутун умрини ўтказган коҳин ҳикматли ва фусункор сўзларни ўрганиш жараёнида борлиқ моҳиятини, коинотнинг бутун синоатларини англаб етади. «Мен бутун коинотни кўрдим ва унинг ботиний ниятларини англаб етдим. Мен Маслаҳатлар Китобида ёзилган Замонлар Остонасини кўрдим. Мен сувлардан қад кўтараётган тоғларни, вужудлари оғоч бўлган дастлабки одамларни, уларни қувғинга олган тош идишларни, бу одамларнинг юзларини ғажиётган кўппакларни кўрдим. Худолар ортида турган берухсор Худони кўрдим. Ягона роҳат-фароғат бўлиб бирлашаётган беҳисоб фаолиятларни кўрдим ва ҳамма-ҳаммасини тушунгач, қоплон терисидаги битик маъносини ҳам англадим.» — дейди Тсинакан. Аммо у ўзини адоқсиз қудрат соҳибига менгзагувчи калимани, Тангрининг махфий исмини ошкор этишдан ўзини тияди, исм ўқувчи учун махфийлигча қолади: «Қоплонларнинг териларига муҳрланган бу тилсим ўзим билан гўрга кирсин. Кимки бутун-жаъми коинотни кўрган бўлса, кимки борлиқнинг оташин ниятларини англаб етган бўлса, одам ҳақида, унинг пасткаш қувонч ва қайғулари ҳақида ўйлаб ўтирмайди. Ҳатто унинг ўзи айни шу одам эса-да – тўғрироғи, айни шу одам бўлган эса-да – бу муаммо уни ортиқ қизиқтирмайди. Унинг учун ўша, бошқа одамнинг аҳамияти йўқ, унинг учун ўша бошқа одамнинг қайси қавмга тегишли эканининг аҳамияти йўқ – ахир унинг ўзи энди Ҳечкимга айланди. Мана, нима учун мен ҳикматни ошкор қилмаяпман, мана, нима учун мен зим-зиё зимистонда узала тушган кўйи куну тунларимни еб битиряпман». Ҳикоя сюжетининг мухтасар баёни шудир.

Биз эса даставвал, ҳикоя матнидаги муҳим нуқталарни ажратиб олиб, иқтидоримиз қадар таҳлил этишга уриниб кўрамиз.

* * *

Матн: «Тош зиндон чуқурдир; ичкари томондан осмонга қадар чўзилган ярим паллага ўхшаш бу зиндон ҳарсанг тошлар ётқизилган тубига томон торайиб борганлигидан бир вақтнинг ўзида ҳам дилгир, ҳам бепоён туйилади».

Мулоҳаза: Ҳикоя даставвалидаги ушбу сатрларнинг ўзиёқ бизни коинот ва борлиқ тушунчалари ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди. Алоҳида олинган ҳар бир индивидуум аслида мана шу адоқсиз коинот қаршисида, англанмас борлиқнинг ҳозирлаган тасодифлари рўпарасида ўзини бир зиндонда ҳис қилмасми, кишанларидан халос бўлиш душвор бўлган тузоққа тушган сезмасми?

Матн: «Ярим палланинг ўртасидан девор ўтган; у жуда баланд бўлса-да, гумбазнинг юқори қисмига довур барибир етиб бормаган; деворнинг бир томонини мен – Педро де Альварадо куйдириб кул қилган Кахолома эҳромининг коҳини Тсинакан, иккинчи томонини бўлса, қафасининг макон ва вақтини бир маромда, кўз илғамас қадамлар билан ўлчаётган қоплон забт этган. Ўртамиздаги девор тубидан панжарали туйнук очилган. Кўланкалар чекинган маҳал (чошгоҳда) зиндон қопқаси кўтарилиб, замонлар кечган сайин рухсорини йўқотган назоратчи арқон боғланган сопол кўзаларда бизга сув ва гўшт бўлаклари туширади. Шунда зиндон ёришади ва мен қоплонни кўра оламан».

Мулоҳаза: Тсинакан олами унинг ўзи ва қоплоннинг мавжудлигидан иборат, аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам Тсинакан оламининг зиндонига жойлаштирилган. Бир томонда – ички олами афсун ва тимсолларга тўла сеҳргар ва ё донишманд, икки томонда эса – Тсинаканнинг сеҳрли оламига қарши қўйилган йиртқич жондорнинг ҳамлакор воқелиги. Ҳар иккисининг макон ва замонда мавжудлигини «замонлар кечган сайин рухсорини йўқотган» зиндонбон таъминлаб туради. Айни пайтда зиндон оғаси маҳбусларнинг тор оламини назорат қилиб турган илоҳий бир қудрат, эҳтимолки, Тангрининг ўзини хаёлга келтиради.

Матн: «Зимистонда кечган йилларимнинг ҳисобидан адашдим; қачонлардир мен навқирон бўлгандим ва мана шу тош ҳужра бўйлаб сайр қила олардим, энди эса жасадим ерпарчин ва шу алфозимда худолар ҳозирлаган заволимни кутишгина қоляпти, холос. Қачонлардир мен узун чақмоқтош пичоқ билан қурбонликка келтирилган одамларнинг кўксини ёрардим, энди бўлса зиндоннинг чанг-тўзон ялла қурган тубидан афсун ёрдамисиз тура олмайман.» — Шундан бошлаб, ҳикоя матнининг олтинчи сатрбошиси якунига қадар.

Мулоҳаза: Афсунгар-коҳин, аслида бизнинг ҳар биримиз сингари, бир зиндон ичра тамоман ожиз ва нотавон қоларкан, ўз мавжудлиги маъноларини излайди, жиллақурса Яратган билан ўзини боғлаб турган ришталар мавжудлиги даражасини билишни истайди. Аллақаердадир яширин сирли ҳикматни топиш баробаридаги бутун мулоҳазалари изланиш ва бой беришларга тўла инсон умрининг бир ифодаси кабидир. Борхес зиндонга йиртқич қоплонни ёндош қилиб жойлагани ҳам бежиз эмас. Атрофдаги табиатнинг улуғвор тимсоли бўлган бу жонивор – инсон боласи учун илму-билим манбаи, инсон ўз камолоти давомида зарур мулоҳазаларни айнан табиатни кузатиш воситасида олишига кучли ишорадир. Табиат эса, аслида моҳиятан Тангрининг тимсолидир, табиатдаги ҳар бир зарра ҳам охир-оқибат Тангрининг ўзи, демакдир.

Матн: «Мен қоплон терисидаги доғларнинг шакл ва ўрнини ўргана кўп йилларни шом қилдим. Ҳар бир сўқир кун бир тишлам нур ҳадя этар, шунда мен малларанг терига битилган қоп-қора ёзувларни хотирамга муҳрлай олардим. Уларнинг айримлари алоҳида нуқталари билан ажралиб турар, бошқалари кўндаланг чизиқларга туташиб кетган, учинчи бир хиллари – халқасимонлари эса муттасил такрорланарди. Афтидан, охиргилари бир хил бўғин ва ёки битта сўз эди. Буларнинг аксари қизғиш гардиш билан ўралганди.» — тўққизинчи сатрбоши якунига қадар.

Мулоҳаза: Зиндон қопқаси очилган дамлар ҳадя этаётган лаҳзалик имкониятлардан фойдаланиб, қоплон терисидаги белгиларни йиллар давомида тадқиқ этаётган коҳин инсонлар тилидаги исталган ҳар бир сўз — аслида Унинг каломи эканлиги ва уларнинг ҳар бирида Тангри яширин экани ҳамда барча забонларнинг ҳамма калималари қачондир Унинг Ўзи талаффуз этган илоҳий сўзнинг кўланка ва нусхалари эканини англай бошлайди. Шу билан бирга, йилларини исроф этиб, ўзи машғул бўлган бу изланишлар бутун борлиқ ва барча замонларни ўзига жо қилган Тангри каломининг адоқсиз маҳобати қаршисида атиги жузъий бир ҳошия, хусусий ва заиф ҳаракат эканини Тсинакан тушуниб туради.

Матн: «Бир кун оқшом (ва ё кундуз) – менинг кундуз ва кечаларим ўртасида қандай фарқ бўлиши мумкин? – зиндоним сатҳида қум донаси пайдо бўлганини туш кўрдим. Бунга эътибор қилмасдан яна мудроқ қўйнига чўмдим. Навбатдаги тушда уйғониб, қум донаси иккитага кўпайганини туш кўрдим. Мен тағин уйқуга кетдим – қум донаси учтага кўпайганди. Улар бутун зиндонни тўлдириб юборгунча шу тақлид тинимсиз кўпайиб борарди ва мен қумтепа остида бўғила бошладим. Мен ухлашда давом қилаётганимни тушунгач, жонҳолатда чираниб уйғонишга ҳаракат қилдим. Аммо бу уйғонишимдан наф бўлмади: қумтепаликлар аввалгидек мени янчиб турарди. Ва шу чоқ кимдир биров сўз сўзлади: “Сен бедор бўлиш учун эмас, балки аввалги тушингга уйғондинг. Бу туш эса, ўз навбатида, бошқасининг қаърига жойлангандир ва шу тариқа қум доналарининг миқдорига баробар чексизликка қадар. Сен танлаган йўлнинг адоғи йўқдир ва сен чинакамига уйғонишингдан анча аввал ҳалок бўласан.”

Мулоҳаза: Тушларда биз вужудимиз кўниккан макон ва замон ташқарисида қоламиз. Тушлар воқелигида биз чинакам деб ҳисоблаётган мана бу воқелик қонуниятларидан мутлақо ўзга тартиблар амал қилишини назарда тутсак, кўзгудаги акслар каби тармоқланиб боришга мойил адоқсиз воқеликларни ярата олиш – тушлар учун асло мушкул эмас. Мазкур ҳикоя мисолида айтилса, қум доналарининг кўпайиб боришига мутаносиб тарзда – тушларнинг ҳам муттасил тараққий этиб бориши ҳолатини афсунгар-коҳин бел боғлаган улуғвор амалнинг адоқсиз даражада, қарийб имконсиз даражада мушкул эканига огоҳ тарзида қабул қилиш мумкин.

Матн: «Мен ҳалок бўлаётганимни тушундим. Оғзим тўла қум бўлса-да қичқира олдим: ”Тушларда кўрилган қум мени ўлдира олмайди, тушлардан туғилган тушлар мавжуд эмасдир!” Юзимга қўнган бир тутам шуъладан уйғониб кетдим. Зимистон оғзида ёп-ёруғ доира пайдо бўлганди. Мен назоратчининг юз ва қўлларини, чиғир ва арқонни, гўшт ва сопол кўзани кўрдим.

Одам аста-секин ўз қисматининг қиёфасини ўзлаштириб олади, ўзининг вазият-ҳолатлари билан бирикиб кетади. Мен башоратгўй ва қасоскор ҳамда тангримнинг коҳини эдим, аммо айни пайтда даставвал тутқунман. Узоқ айрилиқдан сўнг ҳориб-чарчаган сайёҳ уйига ошиққани сингари мен ҳам тушларнинг баднафс лабиринтидан зиндонимга қайтгандим. Мен совуқ зиндонга, қоплон ва мени ёруғ дунёдан айри қилган қопқага, заиф вужудим ҳамда зим-зиё зимистон ва тошларга шукроналар айтдим.» — ҳикоянинг сўнгига қадар.
Мулоҳаза: Тсинаканнинг фусункор тушлари катта рамзий маъноларни ташийди. Шу вақтга қадар биргина ақлий мушоҳадалар воситасида ўша илоҳий ҳикматни сарсон излаётган коҳинга энди изланишларнинг бошқа услуби, ҳиссий ва руҳоний услуб тақдим этилади. Баднафс тушлар ўпқонидан базўр халос бўлган Тсинакан атрофидаги нарсаларга шукроналар келтириши ҳамон мўъжиза содир бўлади: бутун борлиқ барча кўринишлари билан унга намоён этилади. Фаранги файласуф Паскални ўз чексизлиги билан қўрқувга солган, “Маркази ҳар жойда ва четлари ҳеч қаерда бўлган даҳшатга солувчи доира” – адоқсиз Чархпалакни кўради. («Паскаль доираси»га қаралсин) «у менинг қаршимда, у менинг ортимда ва ё у менинг ёнгинамда эмас, балки бира тўла бир вақтнинг ўзида ҳамма ёқда эди. Чархпалакни олов чулғаганди, Чархпалак сув уфураётганди, мен гардишини кўриб турсам-да, аммо у чексиз эди. Унда ҳамма нарса – содир бўлган, айни пайтда рўй бераётган ва келгусида воқеъ бўлгучи ҳамма нарса чатишиб кетганди; мен бу матонинг бир толаси эдим, менинг кушандам Педро де Альварадо эса – бошқа бир тола. Барча сабаб ва оқибатлар Чархпалакда эди, ҳамма нарсани, барча-жаъми чексизликни англашим учун унга бир бора разм солишим кифоя эди.» дея маълум қилади Тсинакан. У энди илоҳий ҳикмат маъносини англайди. Бемисл қудрат соҳибига айланиши учун бу ҳикматни талаффуз этиши кифоя қилса-да, аммо бундан тийилади. «Қоплонларнинг териларига муҳрланган бу тилсим ўзим билан гўрга кирсин. — дея ҳукмини билдиради сўнгида афсунгар. — Кимки бутун-жаъми коинотни кўрган бўлса, кимки борлиқнинг оташин ниятларини англаб етган бўлса, одам ҳақида, унинг пасткаш қувонч ва қайғулари ҳақида ўйлаб ўтирмайди. Ҳатто унинг ўзи айни шу одам эса-да – тўғрироғи, айни шу одам бўлган эса-да – бу муаммо уни ортиқ қизиқтирмайди. Унинг учун ўша, бошқа одамнинг аҳамияти йўқ, унинг учун ўша бошқа одамнинг қайси қавмга тегишли эканининг аҳамияти йўқ – ахир унинг ўзи энди Ҳечкимга айланди. Мана, нима учун мен ҳикматни ошкор қилмаяпман, мана, нима учун мен зим-зиё зимистонда узала тушган кўйи куну тунларимни еб битиряпман.»

Балки, ҳикматни ошкор этмаслик азалдан белгилаб қўйилган эдики, Тсинакан шу боис ҳам ушбу якуний амалга журъат этмайди, ва бу амалсизлигини юқоридаги улуғвор калималар билан асослагандир, эҳтимол. Ёинки мана шу бутун ҳикоя аслида йиллар давомида бандиликда маҳдуд умр ўтказган Тсинаканнинг хаста хаёллари маҳсулидан бошқа нарса эмас ва Борхес аслида маҳдудлик ичра зўрайган фусункор бир хасталик воқеасидан бизга маҳорат билан ҳикоя сўзлаган бўлса ҳам ажабмасдир. Аммо, яна бир нарса, фавқулодда пафос билан айтилиб, ҳикояни авж пардалар билан якунлаётган мана бу жумла кимга тегишли ва ёхуд кимга қаратилган ушбу юксак изҳорлар: «Ҳатто унинг ўзи айни шу одам эса-да – тўғрироғи, айни шу одам бўлган эса-да – бу муаммо уни ортиқ қизиқтирмайди. Унинг учун ўша, бошқа одамнинг аҳамияти йўқ, унинг учун ўша бошқа одамнинг қайси қавмга тегишли эканининг аҳамияти йўқ – ахир унинг ўзи энди Ҳечкимга айланди.» Афсунгарнинг илоҳийлик жамолига қовушиш мақомлари ҳақида ажиб ҳикоя сўзлаган Борхеснинг айнан ўзини назарда тутмадими аслида Тсинакан? Ёхуд Борхеснинг айнан ўзи Тсинакан бўлиб, бошқа Борхесни хаёллардан бесамар соқит қилишга уринмоқда эмасми? Ҳар не бўлганда ҳам, Борхеснинг бошқа асарлари каби бу ҳикояси талқинлари ҳам тушлардан бино бўлган тушлар каби, қум доналарининг адоқсиз миқдори каби чексиз бўлиши мумкин, ва айни пайтда ушбу талқинларнинг алоҳида олинган ҳар бири бошқа барчасини назарда тутиши эҳтимоллари ҳам бордир.

  Қисқартириб нашр қилинди.

- - -


< Orqaga qaytish