Маданият, санъат

Оролда... туз бўронлари қўзғолди.     Манзура Бекчанова.


Marta o'qildi

Оролда... туз бўронлари қўзғолди. Манзура Бекчанова.

 

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида содир бўлган табиий ҳодиса — туз бўрони ҳар бир қалби уйғоқ инсонни ташвишга солди. Ўзгидромет хабар беришича туз бўрони қисман бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам қайд этилган. Бундай бўронлар Орол суви қуриган ҳудудлардаги чўкиндиларнинг кучли шамолда ҳавога кўтарилиб, бир неча юз километрга тарқалиши натижасида юзага келмоқда. 
Табиий ҳодисага гувоҳ бўлган одамлар туз бўронлари аввал ҳам бўлганлиги, аммо бу даража кучли шамол ва тузли гармселни, машиналар, витриналар ҳамда бор ўсимликлар оқ тузга беланганини биринчи марта кўришганини таъкидлашмоқда.
Сир эмас, Оролбўйи ҳудудларда содир бўладиган туз бўронлари нафақат экология (об-ҳаво, ўсимликлар, ҳайвонлар)га, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий зиён етказади. Чунки бўрон тарқатаётган ғубор таркибида бир қатор зарарли пестицид моддалар ҳам бор. 
Маълумки, денгиз суви буғланиши оқибатида токсинлар ва бошқа зарарли моддалар турли минераллар билан бирикиб, ҳар хил майда чўкиндиларни ҳосил қилади. Кучли шамолда ҳавога кўтарилган натрий бикарбонат, натрий хлорид ва натрий сульфат каби зарарли тузлар 500 ва ундан ошиқ километргача етиб боради. Бу зарарланган ҳаводан нафас олиш аҳоли орасида респиратор ҳамда ошқозон-ичак касалликлари, туғма ногиронлик, аллергия, жигар, кўз хасталиклари, камқонлик, саратон кенг тарқалишига, ўртача умр қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. 


Чанг ва туз бўронлари табиатдаги ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги экинларига ҳам жиддий зиён етказади. 
Тузли штормлар нафас тизимидан ташқари кўриш ва руҳий-асаб муаммоларига ҳам замин яратиши мумкин. Негаки бўрон кўтарилган вақтда майда чанг ва туз заррачалари кириб кўз очишнинг имкони бўлмайди. “Бу нима ўзи? Энди нима бўлади?” деган саволлар руҳий стрессга, етарли маълумотга эга бўлмаслик эса эҳтиёт чоралари кўрмасликка олиб келади.

Орол фожеаси дунёни ташвишга солмоқда
Айни вақтда Орол фожеаси бутун дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Негаки Орол муаммоси фақатгина Оролбўйи аҳолиси ва Ўзбекистонга тегишли муаммо эмас. Чунки туз бўронлари асоратлари нафақат Орол бўйи туманлари, балки республиканинг шимоли-ғарбий қисми ва ҳатто қўшни давлатларни ҳам четлаб ўтмайди. Буни яқинда Оролбўйи ҳудудларида бошланган бўрон Туркманистон пойтахти Ашхабодгача ҳам етиб боргани мисолида кўриш мумкин. 
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Оролни қутқариш халқаро фондига (МФСА) Трукманистон бошчилик қилади ва фонд таъсисчилари бўлган давлатлар раҳбарлари саммитини ташкиллаштириш ишларига бош-қош бўлади. Бу саммитда Оролбўйи ҳудудларида экологик ҳолатни яхшилаш борасида муҳим қарорлар қабул қилиш кўзда тутилган.
Маълумот учун: 
Орол денгизи — Ўрта Осиё ҳудудида бўлиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасини бирлаштириб туради. 1960 йилда Орол йириклиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган. XX асрнинг 1960-йилларидан бошлаб Оролга қуйилувчи Амударё ва Сирдарё сувларининг саҳроларни ўзлаштириш, экинзорларни кенгайтириш, далаларни суғориш мақсадида тўсиб қолиниши унинг сатҳи кескин камайишига олиб келди. 


1970 йилда 66 минг квадрат километрни ташкил қилган Орол денгизи ҳозирда у 40 минг квадрат километрдан ҳам кичрайиб кетган.
1989 йилда денгиз 2 та — жанубий (Катта) ва шимолий (Кичик) сув ҳавзасига ажралган. 2003 йилда Оролнинг катталиги дастлабки ҳажмининг тўртдан бирини, ундаги сув ҳажми эса бор йўғи 10 фоизини ташкил қилар эди.
Мутахассислар Орол фожеасининг сабабларини турлича талқин қилишади. Бировлар буни табиий офат деса, бошқалар жадал суръатда олиб борилган ерларни ўзлаштириш ишлари бу экологик муаммога олиб келган дея таъкидлайди.
Манбалар ёзилишича XIX асрда Оролнинг сатҳи ва ҳажми деярли ўзгармаган. 1930 йилдан сўнг Ўрта Осиё давлатларида суғориш каналларининг кенг кўламда бунёд этилиши (айниқса 1960-1990 йилларда) натижасида ҳудудлардаги халқ хўжалигининг сувга бўлган эҳтиёжи йилига 60 км3 дан 1203 км гача етган. Бу сувнинг 90 фоизи суғориш ишларига сарфланган. Оқибатда 1961 йилдан бошлаб денгиз сатхи йилига 20-90 см гача қисқара борган.
Айрим олимларнинг таъкидлашича денгизга қуйиладиган дарёлар сувидан халқ хўжалигида фойдаланишни тўхтатганда ҳам энди Оролни қутқаришга кеч бўлган. Агар дарё сувлари 100 фоиз денгизга келиб қуйила бошласа ҳам унинг аввалги сатхини фақат 200 йилда тиклаш мумкин экан. 
Оролни қутқариш бўйича 1950-йиллардан бошлаб то бугунги кунгача турли лойиҳалар таклиф қилинмоқда. Улар Орол сувини кўпайтириш ва Оролбўйи вилоятлари иқтисодиётини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин. Аммо Оролга сув олиб келиш билан боғлиқ муҳим лойиҳалар Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари томонидан жуда катта сарф-харажатларни талаб қилади. Шу сабабдан уларни амалга ошириш ишлари кечикмоқда.

Туз бўронининг олдини олиш мумкинми?
Тарих гувоҳлик беришича, қадимда ҳам Орол денгизининг бу хилдаги эврилишлари (суви тўлиб, камайиб туриши) кўп кузатилган. Буни денгиз чекинган соҳилларда қуруқликда ўсувчи дарахт қолдиқлари топилганидан ҳам билиш мумкин. Бу ҳолат бизга Орол суви бир неча юз йиллар ўтиб, яна табиий тарзда кўпайиши мумкин, деган фаразни илгари суришга ҳам имкон беради. 
Хуллас бугунги кунда бу фожеага олиб келган сабабларни таҳлил қилиш ва Оролга сув олиб келиш бўйича мураккаб лойиҳаларни амалга оширишни талаб этиш билан кифояланиб бўлмайди. Хусусан халқ саломатлигига, деҳқончиликка, чорвачиликка ва умуман иқтисодиётга хавф солувчи қум бўронларининг олдини олиш (бу борада Орол қирғоқларидан туз бўронлари кўтарилишига тўсқинлик қилувчи саксовулларни экиш масаласи илгари сурилмоқда), масъул ташкилотлар кутилаётган ходиса ҳақида ўз вақтида огоҳ қилиши, фавқулодда вазият эълон қилиши, одамларга ўз соғлигини асраш бўйича ОАВ орқали иложи борича кўпроқ маълумот бериш (чораларини кўриш, бўрон пайти уйда бўлиш, дока ниқоблардан фойдаланиш ва бошқа тартиблар ҳақида тушунтириш ўтказилиши) энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

- - -


< Orqaga qaytish