Маданият, санъат

Ўзбекистон Сенатига Мурожаат.


Marta o'qildi

Ўзбекистон Сенатига Мурожаат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва 
Қонунчилик палатасига
МУРОЖААТНОМА

Ҳурматли депутатлар!

Ўзбекистон Фанлар академиясининг тарихшунос олимлари бир қатор архив ҳужжатларини ўрганиб чиққач, СССР томонидан амалга оширилган қатағон сиёсатига – жаҳолатпарастликнинг ғайриинсоний ҳаракати сифатида, 1983 йилдан 1989 йилга қадар гдлянчилар гуруҳи томонидан Ўзбекистонда содир этилган жиноятларга эса – ўзбек халқига қарши қаратилган яна бир қатағон жараёни дея баҳо берилди. Бундай фикрлар Ўзбекистон ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқитилмоқда. Ушбу мавзуга доир кўплаб адабиётлар чоп этилган. Ўтмиш борасида мулоҳаза юритиб, хулосалар чиқариш, юртнинг бугунги мустақиллигини англаб етиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўз иши, сўзи, фикр-мулоҳазасида шахсий эрк ҳавасини уйғотади. Шунинг учун ҳам тарихий ҳақиқатни қарор топтириш зарурдир.
Гдлянчилар гуруҳи томонидан содир этилган кенг кўламли жиноятлар оммавий тавсифга ва асосан ўзбек халқига қарши тажовузкор мазмунга эга бўлган. Жиноятнинг бундай хусусиятини инобатга олган юртимиз фуқаролари халқимизнинг бошига тушган фожиалар мазмунини теран англаб етиб, тегишли хулоса чиқаришлари даркор.
Таассуфки, ўзбек халқининг душманлари бўлмиш ўша жиноятчилар ўз қилмишига яраша жазо топмади. Улардан бирортаси ҳам на собиқ ССРИ қонунлари, на Россия Федерациясининг қонунлари ва на халқаро қонун ҳужжатларида баён этилган талабларга мувофиқ жавобгарликка тортилди. Жазосиз қолгани оқибатида «Пахта иши» дея ном берилган қатағон ижрочилари бугунги кунгача турли-туман ОАВ орқали ўзбек халқига қарши ахборот хуружларини рўёбга чиқариб, миллатимизнинг қадр-қимматини мунтазам равишда таҳқирлаб боришмоқда.


Республикамизда жадал ислоҳотлар олиб борилаётган, жамиятимиз ҳаётида туб ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда тарихий ҳақиқатни қарор топтириш мақсадида Ўзбекистондаги қонун чиқарувчи ва ижро органларининг қуйидаги сиёсий-ҳуқуқий масалага доир позициясини шакллантириш, қабул қилиш ва тасдиқлаш зарур деб ҳисоблаймиз:
1. Гдлянчилар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноий қилмишлар туфайли ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолати атайин ҳалокат ёқасига келтирилган.
2. Халқаро ҳуқуқнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларига тегишли қарор қабул қилиш ва гдлянчилар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноий қилмишларга берилган сиёсий-ҳуқуқий баҳони ИНСОНИЯТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТ сифатида эълон қилишни таклиф этамиз.
3. Юқорида баён этилган талабдан келиб чиққан ҳолда, гдлянчилар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноий қилмишлар ИНСОНИЯТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТ сифатида эътироф этилиши учун, ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Халқаро ҳуқуқ амалиётига таянган ҳолда кўриб чиқилишини мақсадга мувофиқ деб биламиз.
Талаб этилаётган қарор қабул қилингач, жамоат арбоблари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан ташкил топган ташаббускорлар гуруҳи ўз зиммасига Ўзбекистон ҳудудида ИНСОНИЯТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТ содир этган гдлянчилар гуруҳини жазога тортиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар билан таъминлаш ва ҳуқуқий исбот-далиллар негизини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олади.

  Yuklab olish uchun bosing

< Orqaga qaytish