Хабар

Журналистлар уйи тортиб олинмоқдами?.Журналистиканинг қаттиқ нонини еб юрган ижодкорларга муносабат шуми?.


Marta o'qildi

Журналистлар уйи тортиб олинмоқдами?.Журналистиканинг қаттиқ нонини еб юрган ижодкорларга муносабат шуми?.

 

   Мамлакатимизда бўлаётган шиддатли ислоҳатлар ва ижобий ўзгаришлар даврида ҳар сохадаги янгиликларни ёритиб бораётган журналист ҳамкасбларимизнинг шахсий ёки ижтимоий ҳаётида қандай муаммолар борлигини эътиборга олмайдиган кимсалар бўлиб қолаётгандаймиз. Бундай хулосага келишимга юқоридаги мақола сабабчи бўлди.

Мақолада айтилишича, журналистларга ўз уйидек бўлиб қолган, халқ орасида «Газета корпуси» номини олган 7 қаватлик бино сотувга қўйилган экан. Бу мақолани ўқигандан сўнг кўнглимни ғалати туйғулар эгаллаб олди. Ҳамкасб дўстларим биттама битта кўз олдимдан ўта бошлади. Наҳотки, ўзим шу касбнинг нонини еб, биринчи иш ҳаётимни шу касбдан бошлаб ва бу сохада ишлайдиганларга қанчалик қийинчиликлар бор эканини билиб туриб, индамай ўтирсам, бу инсофданми, деган савол каминани қийнаб қўйди. Кеч бўлиб қолган бўлсада дўстларимга телефон қилиб вазиятни ўргандим. Ҳақиқат экан.

Ҳаттоки, бу бино сотувга қўйилгани ҳақида эълон ҳам берилган экан. Мазкур бино Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли эмиш, қандайдир сабабларга кўра бошланғич баҳоси 18 млрд сўм билан аукционга сотувга қўйилганмиш. «E-ijro auktsion» сайтидаги маълумотларга кўра сотиш ҳужжатини расмийлаштирган орган — иқтисодий суд. Ижрочи эса Миробод тумани мажбурий ижро бюроси экан.

https://www.xabar.uz/i1s

Масалага янада кенгроқ аниқлик киритиш учун текширувлар олиб бордик. Мутасаддиларнинг айтишича, гўё бинонинг фақатгина эгаси ўзгарармиш. Журналистлар ҳайдаб чиқарилмасмиш. Олдингидек ижара ҳаққини тўлаб бемалол ишлайверармиш. Шов-шув бўлишадан чўчиб шундай дейилдими ёки ҳақиқатдан ҳам шундайми, бу бизга қоронғу.

Ҳозирги замонда мулкдорнинг ҳақ ҳуқуқини кенг оммага ёритиб бераётган журналистлар бир кун келиб, ўзлари мулкдорлик ҳақ ҳуқуқини талаб қиладиган бинонинг келгуси эгаси олдида ноҳақ бўлиб қолмайдими?

Журналистлар, борган сари ошиб бораётган ижара ҳақларини тўлашни уддалай олмай ёки бошқа сабабларга кўра кўчага ҳайдаб чиқарилмаслигига ким кафил бўлади, тўғрироғи бунга қандайдир кафолат борми? Бино сотилганда шу масала инобатга олиниб, қандайдир ҳужжат билан тасдиқланадими, деган саволларимиз жавобсиз қолди.

Қанчадан қанча жонини жабборга бериб ишлаётган журналист дўстларимиз пропискасиз, уйсиз, майдагана маошга қаноат қилиб, енгил машинасиз, автобус ва метрода ўз ҳисобидан жойларга бориб, мақолалар ва интервьюлар ёзмоқда. Нафақат шаҳар ичида, балки чет қишлоқларга журналистик тадқиқот олиб бориш учун ҳам ўз ҳисобидан қатнаб юрган ҳамкасбларимиз талайгина.

Юқорида келтирилган вазиятлардан кўпчилигимиз хабардормиз, шу муаммолар ичида юрибмиз-ку ахир. Лекин Ўзбекистон журналистларининг моддий аҳволи қандай, ишлаш учун қандай шарт шароитлар мавжудлигига эса эътиборсизмиз. Аниқроғи бунга парво ҳам қилмайдиган кимсаларга айланиб бораётгандекмиз.

Кўпчилик ижтимоий тармоқларда фаол дўстларимиз, Ўзбекистон журналистларига баъзида танқид тошларини отиб туради, камина ҳам бу ишдан четда қолмайди. Бирон бир янгиликни чет эл ахборот агентликлари Ўзбекистон журналистларидан олдин ёритса кечаси бўлса ҳам ҳамкасбларимизнинг мазасини олишни уддасидан чиқамиз. Агар таҳририятга берилган мақоламиз чиқмай қолса ёки кечикиб қолса дўстимиздан хафа бўлиб, тўнимизни тескари кийиб олишни ҳам устаси бўлиб қолдик. Ҳозирги куннинг ҳақиқатларини нега ёзмайсизлар, фалончи ҳоким ундай қилибди, бу амалдор ундай қилибди, сенлар нега эътибор бермайсизлар, деб дағдаға ҳам қилиб турамиз. Дунёнинг муаммосини ёзиб остин устун қилиш қўлимиздан келади. Лекин шунча танқидимизни ва ситамларимизни кўтарадиган дўстларимизнинг муаммоларига парво ҳам қилмаймиз. Доно халқимизнинг "Этикчи етикга ялчимас" деган мақоли ҳақ гап экан!

Шухрат Саламов
публицист

Истаган сайт таҳририяти, ушбу мақолани чиқарсин ўзида.

- - -


< Orqaga qaytish