Жорий йилнинг 11 декабрь куни Хива туманида янги “Мулла Абдуқодир бобо” номли жомеъ масжиди, 15 декабрь жума куни Урганч туманида янги «Муоз ибн Жабал» масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоят вакили Х. Абдуллаев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мовароуннаҳр нашриёти директори Абдужалил Хўжам иштирок этган. Шунингдек, тадбирга Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ҳ. Атахонов, Урганч тумани ҳокими О. Бекчанов, вилоят Нуроний жамғармаси раиси М. Жуманиёзов ва бир қанча меҳмонлар, фахрийлар ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳудудий вакили Kun.uz'га хабар берган.

ЎМИ Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев Урганч туманида очилган “Муоз ибн Жабал” жомеъ масжидининг эски ҳолати, бугунги кўриниши ҳақида маълумотлар берди: Масжид замонавий қурилиш талабларига тўлиқ жавоб беради. Имом хатибга тайёрланган хона замонавий қулайликларга эга. 

"Масжид саҳнида шаклдор боғ ва гулзор яратиляпти. Бу муборак масканларда қилинадиган ибодату дуолар турли бало-офатлар рад бўлишига ва хайру баракага мўл бўлишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ. Муҳими ‒ масжидлар ёш авлодни маънавиятли, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишларида, уларни турли адашган оқимлар, зўравон тўдалар таъсирига тушиб қолишдан асрашда, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олишда жуда катта ўрин тутади. Ушбу масжид ҳам ана ўшандай даргоҳлардан бири бўлади", дейилади хабарда.

Бу янги жомеъ масжид Урганч тумани аҳолиси учун мўътабар манзилга айланиши таъкидланиб, масжид қурилишига ҳар томонлама ёрдам берган ҳомийлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.​

 kun.uz