Ҳикоя, шеър

Итга айланган одам.ҳикоя.   Зуҳра Мамадалиева.


Marta o'qildi

Итга айланган одам.ҳикоя. Зуҳра Мамадалиева.

Избосар уйғонганида одатдагидек чалқанча ётганди. Унинг кўзига дастлаб уйининг кунгурадор, нақшинкор шифти кўринди. Шифт марказида – Избосарнинг нақ тепасида заррин қандил нур сочарди.
Мана, эллик йилдан бери Избосар фақат шифтга қараб уйғонади. Тўғри, бу йилларда шифтлар ўзгариб турди. Болалигида у қамишлари осилиб турган, битта хира чироқ – лампочка илинган шифтга қараган ҳолда кўз очарди. Ўша чироқнинг ҳам ёнганидан ёнмаган пайтлари кўп бўларди. Аста-секин у кўп пул топадиган бўлгач, шифтнинг қамиш­лари беркилиб, юзига чиройли фанер ёпилди. Кейинчалик унинг ишлари ривожлангач, шифт юзига нақш ва ганжлар безак берди. Гулдор, нақшинкор ва заррин қандил осилди.
Шу ўйлар лаҳзада хаёлидан ўтгач, Избосар ёнбошига ўгирилди. Хотини ўрнида йўқ – ташқарига чиқиб кетибди. Сал юқорига ўгирилиб, нақшинкор тортма устидаги икки оёғини кўтариб турган ялтироқ от билан тасвирланган соатга қаради. Унинг миллари ўн бешта кам еттини кўрсатарди. “Аёл кишининг эрта туриши яхши. Уйга барака киради” – ўйлади Избосар. Лекин ўзи иссиққина ўрнидан тургиси келмади. “Роппа-роса етти бўлса, турарман”,  деди ўзича. Шу пайт бурнига кўрпа тегиб кетди ва бурнининг ҳаддан зиёд сезувчан бўлганини англаб қолди. Беихтиёр бошини силкиб, қоқинди. Қулоқлари бошига тегиб, тап-тап этди.
Избосар нима  бўлаётганини бир лаҳза англай олмай қолди. Аввал бундай одати йўқ эди. Сўнгра кўрпа тагидан қўлини чиқарди. Ё, алҳазар, унинг қўли ўрнида итнинг оёғи чиқиб турарди. У важоҳат билан ўрнидан турди. Шунда у ўзининг тўрт оёқда турганини англаб қолди. Думини ҳам кўрди. Ярим ой шаклидаги қайрилган дум. Кўзларига ишонмай югурганча тошойна қаршисига борди. Алҳазар, минг алҳазар, тошойнада унга бир ит қараб турарди. Юнглари ярим тўкилиб, туллаган, қулоқлари кўзларигача тушадиган, тиллари осилган, ўлгудай қари ит олд оёқларини тошойнага қўйганча қараб турарди. Избосар бу даҳшатга чидолмай, увиллаб юборди. Аламига чидолмай, ўз думини ўзи қувлаб йиғлади. “Ўл-а шу кунингдан, элликдан ошганингда ит бўлсанг-а?! Қиз узатиб, келин олганингда-я?! Аввал бўлганингдаям майли эди-я! Энди эл-юрт, қуда-анда олдида нима деган одам бўлдинг?! Зотдор бўлсаям майли, қўтир бир дайди кўппакка айланиб ўтирибди-я! Бу шармандаликка чидаб бўладими?!”
Шу пайт “шип-шип” овози эшитилди. “Уйдан итнинг товуши келаяптими?!” – бу хотинининг овози эди. Йигирма беш йиллик қадрдонининг овози унга хиёл далда бергандай бўлди. “Сенга бу аҳволга кўрингунча ўлиб қўя қолса бўлмасмиди эринг”, –  изтироб билан ғингширди Избосар.
“Йўғ-эй, ойижон, Сизга шундай туюлгандир”. Бу келинининг овози эди. Келин асли қадрдон дўстининг, аниқроғи, ҳамкорининг қизи эди. Тушганига беш йил бўлсаям, ҳеч кимга овозини кўтариб гапирмаган. Ҳурмат-иззатни билади. Бироқ ҳар нима бўлганда ҳам бегона хонадон фарзанди. Унгаям бу аҳволда кўриниш яхшимас… Энди қандоқ қилсайкин?! Бўлган воқеани бирортасига айтиб қўйса нима бўлади?!
Избосар “уҳ” тортаман деб қаттиқ ғингшиди.
“Ана-ана, бизнинг ётоқдан чиқаяпти товуши!”
“Ҳозир ўзингиз шу хонадан чиқдингиз-ку”, – ўғлининг уйқусираган овози эшитилди.
Ўғли яхши йигит. Молия институтини битиргандан бери Избосар билан бирга ишлайди. Ёшлигида ота-онасини роса “ўйнатган”. Шўх бўлган-да, шўх. Уйлангандан бери босилиб қолди. Келин қўлга ўргатиб олган-да. Ишқилиб, соғ бўлсин. Избосар куламан деб баралла аккиллаб юборди. Шу аҳволда кулишга бало бормиди?!
“Ана, ана, ит дедим-ку, ишонмайсизлар?!” – хотинининг таҳдидли овози эшитилди. Шу пайт хонага аввал қўлида сочиқ тутган хотини, кейин чойнак-пиёла ушлаган келини ва майкачан алпозда уйқусираган ўғли кириб келди. Улар остонада бир дақиқа чамаси қотиб қолишди. Кўзлари бақрайган, оғизлари очилган ҳолда ўзлари ҳам ниҳоятда кулгили эдилар. Сўнгра бирданига:
– Вой, ўлмасам!
– Э-э-эй, тавба!!
– И-и-и-и-ит!!! – деган ҳайратомуз нидолар эшитилди. Избосар ўз ҳолатидан номус қилиб, ер ёрилса-ю, унга киргудай аҳволда эди. Уларга мўлтиллаб қараб, маъюс овозда ғингшиб қўйди.
– Бу хонага ит қаёқдан киради?! – ҳайрон бўлди келини. – Ҳамма ёқ ёпиқ бўлса?! – У шундай деб чойнак-пиёла тутган ҳолда хона бўйлаб юра бошлади.
– Ие, қаранглар, кўрпа устида юнги… – ҳайратдан кўзлари ола-кула бўлган ўғли шиддат билан кўрпани очди.
– Тўшак устида ҳам… Ойи, ит дадамнинг ўрнида ётган, шекилли.
– Бу нима деганинг, оғзингдан ел олгур?! – келинига хавотирли тикилиб, ўғлига бақирди хотини. – Ўрнимдан турганимда даданг ухлаётгандилар.
– Унда дадам қани? – яна онасига савол берди ўғли.
– Билмадим, ташқарига чиққан бўлсалар керак.
– Мен дадажонни ҳовлида кўрмадим. – одоб билан эътироз билдирди келини.
“Бу менман, болажонларим!” – демоқчи бўлди Избосар маъюс овоз билан. Бироқ унинг оғзидан мунглигина увиллаш чиқди, холос.
– Нима бўлганда ҳам бу итни тезроқ йўқотиш керак! – ғазаб билан бақирди ўғли ва келиб уни бир тепди. Избосар вангиллади.
– Тўғри, ҳамма ёққа юнги тўкилибди, – бурнини жийирди келини. – Қутурган бўлишиям мумкин.
У тепки еса-да, жойидан жилмаган Избосарнинг ёнидан қўрқа-писа ўтди-да, ўзини эшикка урди. Қўлидаги чойнак-пиёла бир-бирига урилиб, асабий жиринглади.
– Унда даф қилинглар буни, – ундан жирканиб, қўл силтади хотини. – Тезроқ йўқотинглар!
Хотини билан ўғли ҳайдаб-тепиб хонадан чиқаришаётганда келини қўлига супурги тутганча келиб қолди. Улар ётоқхонанинг даҳлизига чиқишганди. Келини супурги билан қувиб, ҳайдади.
– Бор йўқол, яшшамагур, қари кўппак! – деб қарғарди келинчак. – Йўқол бизнинг уйдан!
– Ҳа-ҳа-ҳа! Қойил, қойил, ҳайда! – ҳиринг­ларди ўғли қорнини қашлаганча.
Избосар вангиллаб, думини қисганча дарвозахонагача тисланиб борди.
Келини уни яна бир марта супурги билан уриб, остонадан чиқарди-да, қарсиллатиб дарвозани ёпди.
Избосар ғингшиб атрофга қараркан, юзига салқин шаббода урилганини ҳис қилди. Уйи катта йўлдан қиялаб кетадиган тор кўчада жойлашган эди. Келинчаклар ҳовли саҳнига сув сепиб, супуришар, вақт ҳали эрта бўлганидан бошқа ҳеч ким кўринмасди. Ҳавода кузнинг нафаси ҳукмрон, дарахтлар яккам-дуккам сарғайган баргларини тўкарди.
“Ҳадемай қиш келади, – ўйлади Избосар. – Ҳозир фақат эрталаб ва кечқурун салқин. Қишда бўлса, ҳар куни совуқ бўлади. Унда… нима қиламан?!.. Жуда ваҳима қилаяпман, – ўпкасига сув урди Избосар. – Ахир, хонада менинг йўқлигимни пайқашди-ку. Аста-секин мени қидиришади. Ҳеч қаердан топишолмагач менинг мен эканимни пайқашади. Ўзлари келиб, кечирим сўраб, олиб кетишади. Уйларига қўйишмасаям, ит катагида сақлашар. Бир коса ёвғон, ҳеч бўлмаса, ювинди беришар”, – ўйлади Избосар маъюслик билан. Кейин қисқагина ғингшиб қўйди.
У уйининг остонасида олд оёқларига бошини қўйиб, ғужанак бўлганча қанча ётди, билмайди. Бироз пинакка ҳам кетибди, шекилли. Машина овозидан чўчиб уйғонди. Дарвозасининг олдида қоп-қора “Ласетти” қўр тўкиб турарди. Ҳайдовчи уни ишга олиб кетгани келганди.
Избосар суюниб кетди. У ҳайдовчисининг оёғи тагига югуриб борди. “Бу менман, Михлижон! Хўжайнингизман!” демоқчи бўлди, лекин у фақат вангиллар, думини ликкиллатганча ҳайдовчининг оёғи остида ўралашарди.
Ҳайдовчи хўжайинининг уйидан чиқишини кутиб, машинанинг ён-верини артаркан, оёғининг тагида ўралашаётган итни бир тепди:


– Йўқол-эй, онангни…
– Зоти паст итдан бўлган! – вангиллаб қочганча сўкинди Избосар ҳам. Сўнгра бирдан эсига тушиб қолди: “Бугун чет эллик ҳамкорлар билан учрашув бор-ку! Ўзим бормасам бўлмайди. Бефаросат ўғли шу учрашувни ҳам эплолмайди. Жуда муҳим шартнома имзоланиши керак эди”.
Избосар шаҳар марказидаги ишхонасига югуриб боргунча тили осилиб қолди. Икки марта машина уриб кетишига сал қолди.
Ишхонага келганида коридордаги катта соат 9.30 бўлганини кўрсатар эди. Буни Избосар дарвоза очиқлиги учун кўрди. Бироқ ичкарига киролмади. Уни боққа кетаётган қоровул Босим полвон кўриб қолди.
– Иииии…. Шавкатжон, итни ҳайданг, итни. Хўжайин итни ёмон кўради. Ҳали-замон келиб қолса, балога қоламиз, – кетаётган жойидан бақирди у дарвозадан чиқаётган ходимга.
Шавкатжон деганлари икки қўлини қанот мисол ёзиб, уни ишхонасининг ҳовлисидан қувиб солди. Бу ҳам етмагандай, томорқанинг четидан тош олиб, отди.  
Избосар Шавкатжоннинг кўзини шамғалат қилиб, ичкарига кирмоқчи эди, бироқ оёғига теккан тошнинг зарбидан кейин аччиқ ангиллаганча чекинишга мажбур бўлди.
– Итдан тарқаганлар, ҳаммангни ҳайдайман! – ангилларди Избосар алам билан. – Шавкат-ку, майли, кеча ишга келган бола. Лекин шунча йил тузимни ичган Босим полвон ҳам танимади-я?! Ҳаҳ, тузим кўр қилсин-а!
Избосар бир четга чиққанча зарб еган оёғини ялаб, оғриқни босишга ҳаракат қилди. Бу орада ишхона олдига ҳалиги “Ласетти” келиб тўхтади. Ундан ясаниб олган ўғли тушиб, атрофга аланг­лаганча, ичкарига йўрғалай бошлади. Йўлда Босим полвон билан Шавкатжондан Избосарни сўради.
– Дадам келмадиларми?
– Йўқ, – деди Шавкатжон.
– Ҳайронман, хўжайин ҳеч қачон кечга қолмасдилар, – деди Босим полвон.
– Мен бу ердаман, аҳмоқлар, – йиғлаб юборгудай бўлиб ангилларди Избосар.
Бироздан кейин алламбало машина келиб тўхтади. Ундан учта сипо ажнабий жаноблар тушишди. Ичкаридан ўғли югуриб чиқди. Избосарнинг ўғли улар билан кўришди ва ичкарига бошлади. Избосарнинг юраги туз сепгандай ачирди. У офисга киришдан умид узиб, орқа томондан борди. Ўғли ҳамкорларни Избосар кутгандай мажлислар залига олиб борди. Стол-стуллар секингина тарақлади. Ўғлининг овози эшитилди.
– Қани, жаноблар, марҳамат!
Хорижий лисонда сўзлар янгради. Сўнг уларнинг таржимони тилга кирди.
– Жаноб Избосаров, ушбу ҳамкорликка бизни Избосар Қаҳҳорович таклиф қилган эдилар. Марҳамат қилиб айтолмайсизми, у кишининг ўзлари қаердалар?!
– И…и…е…ей… – ўғли каловланди. – Ишга кетибдилар, деб ўйласам, бу ёғдаям кўринмадилар, – ўзини куйинчак қилиб кўрсатишга тиришса-да, ўғлининг сўзлаш оҳангидан парвойифалаклик сезилиб турарди.
Дераза орқасидан бу суҳбатни эшитиб турган Избосар аламли овоз билан баралла вангиллаб юборди.
– Ууууввв, шунақаям лапашанг бўласанми, итвачча?! – ўғлини койиди у алам аралаш. – Отам касал,  ичбуруғ бўлди, ҳеч бўлмаса ўлди, демайсанми, галварс!
Ичкарида эса хорижий лисонда қисқагина суҳбат бўлди. Таржимоннинг изоҳи эса ундан-да лўнда чиқди:
– Кечирасиз, жаноб, биз отангиз билан ишламоқчи эдик. Бизни маъзур тутасиз, деган умиддамиз!
Шундан кейин стуллар яна секингина, аввалгидан-да одоб билан тақиллади.
– Уларни тўхтат! – жон ҳолатда вовулларди Избосар офисининг орқасидан дарвоза томонга югуриб бораркан. – Нима қилсанг қил, алдасанг алда, ялинсанг ялин, лекин тўхтат! Ҳеч бўлмаса, анави Шавкат-павкатми, Босим-осимми ё шуларга ўхшаган бекорчиларнинг иккитасини кўрсат-да, шуларнинг гувоҳлигида отам ҳамкорлик ваколатини менга топширди, ёзма ваколат олишга вақт бўлмади, дегин, улар ишонади ахир, касофат! Бола бўлмадинг, бошга битган бало бўлдинг! Аҳ, сени молиячи деб қўлингга диплом берганларнинг… Ахир, икки йиллик меҳнатим самараси эди-я бу ҳамкорлик! Бу учрашувга эришиш учун манави жанобларнинг орқасидан итдай чопганларимни, анави сипо таржимону яна аллақандай гумашталарига қанчалар суяк ташлаганларимни ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайди!!!
Бироқ ўғли уларни тўхтатмади. Орқаларидан меровсираб қараб тураверди. Жаноблар машинага чиқаётганларида Избосар чопиб бормоқчи ҳам бўлди, лекин бояги тепкию тош зарби эсига тушиб, бу фикридан қайтди. Фақат уларнинг машинаси орқасидан аллақаергача югуриб борди. Сўнг йўл четига чиқиб, тўйгунича аккиллади. Ҳаммани – уни ишхонага қўймаган Шавкатни, Босим полвонни, ўз эрини танимаган хотинини, келинини, лапашанг ўғлини бўралаб сўкди.
Избосар кечгача кўчада тентираб юрди. Ишхонага ортиқ боргиси келмас, эрталабги машмашани эслаб таъби тирриқ бўларди. Уйига боришнинг ҳожати йўқ, барибир киргизишмайди. “Менсиз кунларинг ўтганини кўрай, – ўйлади у хотини, ўғли ва келини ҳақида. – Ҳа, майли, бир таъзирларини ейишсин, кейин ялиниб олиб кетишар. Лекин унгача мен нима қиламан?! Ахир, очликдан ўламан-ку!… Ўзиям итдек очман… Ҳа, бўлди! Хаёлига чақмоқдек урилган фикрдан қувониб ирғишлай бошлади Избосар. – Қизимникига бораман. Қиз бола отасига меҳрибон бўлади, дейишади. Зора, у мени таниса!”
Избосар тор кўчалар бўйлаб югуриб, қизининг уйига яқинлашар экан, қувончдан юраги “гурс-гурс” ура бошлади.
“Ҳа, у мени танийди, – тобора тезроқ чопаркан, шундай уйларди Избосар юзига кузнинг изғирини урилишига парво қилмай. – Кейин етаклаб уйимга олиб боради. “Кўзларинг кўр бўлганми, дадамни танимадингларми?!” деб онасига, акасига, айниқса, янгасига дашном беради.” Бошига тушган кўргиликнинг ўзи камми, Сизлар ҳам уйдан ҳайдаб, ўлганнинг устига чиқиб тепибсизлар-ку”, дейди. Жуда бўлмаса, ўз уйидан жой берар”.
Избосар қизиникига етиб борганида дарвоза очиқ, ҳовлида етти яшар невараси копток ўйнарди. Избосарнинг хўрлиги келиб, бироз тўхтади. Кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
У дарвозадан кирибоқ, неварасининг олдига чопқиллади. Невараси… узоқдан кўрса, “Бобожон!” деб бағрига отиладиган невараси уни кўриб, қувониб кетди.
– Вой, ит… Вой, бечора… Нега юнгларинг тўкилган… Қариб қолибсан-ку. Қаердан келиб қолдинг бизникига?! – Невараси унинг юнгини силай бошлади.
 Избосар неварасининг атрофида думини ликкиллатиб айланар экан, меҳри товланиб, яна кўзига ёш келди.
– Мен бобонгман, болажоним! Тақдир бошимга шундай кунларни солди, – зорланиб ангилларди Избосар паст овозда.
Бу орада ҳовлидаги телефон жиринглади. Ошхонадан фартук таққан қизи югуриб келиб, хамирли қўли билан телефон дастагини олди.
– Ойи, қаранг, ит. Бизникига дайди ит келибди. Қаранг… қаранг, – бир қўли билан итни силаганча онасига гапирарди невараси. Қизи эса унга эътибор бермай, телефонга жавоб қайтарарди.
– Ҳа, вой, яхшимисила, кеннайи?! Дадамла, ойим, акам яхшимила?! Жиянлар катта бўлишяптими?! Ҳа, шукр, раҳмат. Раҳмат, раҳмат, ҳаммаси яхши. Нима?! Дадам йўғлар?! Ишхонагаям бормабдилар?! Йўқ, йўқ, бизникигаям келмадилар… Қаерга боришлари мумкин?… Ҳайронман… Ўртоқлариникига телефон қилдиларингми?… Бормабдилар… Билмасам…
Қизи телефонда узоқ гаплашди. Избосар унинг олдига борди. Оёғини, қўлини ҳидлади. Юраги энтикди. “Мендан хавотирдамисан, қизим?! Қўй, хавотирланма, мен соғ-саломатман. Фақат… шу аҳволга тушдим, холос!..” Избосар ичидан босиб келаётган хўрсиниқни боса олмади.
Итнинг ангиллашидан чўчиб тушган қизи Избосарни кўриб, қўрқиб кетди. Хайрлашмасдан телефонни қўйди. Беихтиёр орқага тислана-тислана уйнинг деворига урилди. Избосар ҳам унга томон юриб борар, “Бу менман, қизим, қўрқма, отангман!” демоқчи бўлар, лекин оғзидан фақат ғингшиш чиқарди.
– Қаердан келди бу? Ким киргизди уйга?! – ғалати овозда чинқирди қизи.
Югуриб келган невараси онасини тинчлантиришга уринарди.
– Қўрқманг, ойи, яхши ит экан, тишламайди. Ўзи уйга кириб келди. Ҳозиргина…
Шовқинни эшитиб, катта уйдан ҳалиҳлаганча куёви чиқди.
– Ким?! Нима бўлди?! Қани?! – алмойи-­алжойи саволларни қалаштириб ташлади кўзи хонасидан чиқиб кетаёзган куёви.
– Ана! – қизи кўзи чақчайганча мўлтираб турган Избосарни кўрсатди қўлини бигиз қилиб. – Ит келибди. Дайди ит!
 Избосарни кўриб, куёвининг жон-пони чиқиб кетди. Қачон кўрса, югуриб келиб, қўшқўллаб кўришадиган куёви…
– Ие, ким киритди уйга?! Сенинг ишингми бу?! – ўғлига дағдаға қилди у.
– Йўқ, дада, йўқ! Ўзи келди, – отасининг дағдағасидан қўрққанча шошиб-пишиб жавоб берди невараси.
– Қани, йўқол-чи бу ердан, – югуриб келиб Избосарни тепди куёви. Избосар ангиллаб нари кетди. Лекин ҳовлидан чиқиш нияти йўқ эди.
“Мен оталарингман, болаларим! Нима қилай, шу аҳволга тушиб қолдим. Раҳмларинг келсин, ўлиб кетаман ахир, кўчада қолсам!” – ангилларди бечора Избосар.
– Тўхтанг, тепманг! – деворга қапишганча тахтадай қотиб турган қизига бирдан жон кирди.
“Хайрият-эй, сўзларимга тушунди, шекилли!” – хурсанд бўлди Избосар.
Қизи чопиб бориб, ҳовли этагидан узун косов олиб келиб, эрига берди.
– Манави билан уринг. Яна Сизни тишлаб олмасин.
Куёвидан калтак еб, қизининг уйидан ҳам қувилган Избосар остонада маъюсгина увлади.
“Қандай кўргилик бу, ўз пушти камарингдан бўлган қизинг сени танимаса?! Куёвинг косов олиб, уйидан қувса?! Отанг ит бўлса, боғлаб боқ, деган нақл бор-ку, номардлар?! Ит бўлсам, мендами айб, ахир?!”
Кечки совуқ тура бошлади. Избосар увлаб чарчади. Қизининг остонасида кулча бўлиб ётди. Орқа оёқларининг орасига тумшуғини суқди. Бироз исингандай бўлди. Бироқ ярим кечаси совуқ забтига олди. Айниқса, юнги тўкилиб, туллаган жойларидан ўтган совуқ суягигача етиб борди. Қорни ҳам очликдан таталаб борарди. Избосар иссиққина кўрпа-тўшагини эслаганча увиллади. Ҳозир унга оиласининг меҳрию болаларининг эътибори ҳам керак эмас, иссиққина бир бошпанаю бир ялоқ ёвғон бўлса, бас эди.
Эртаси куни эрталаб куёви дарвозадан чиқиб кетаётиб, Избосарни кўриб қолди.
– Кечаси билан улиб чиқди бу ит, одамни ухлатмай, – деди у кузатиб чиққан хотинига қараб.
– Нимасини айтасиз, дадаси, мен бир ёмон туш кўрибман, денг. Шунинг улиганидан бўлса керак. – Избосарга ёмон қаради қизи.
– Тушимда дадам шу итга айланиб қолибдилар.
Избосарга жон кирди. Ётган жойидан сапчиб турди. Бир хаёли қизининг оёғига суйкалгиси келди, лекин кечаги таёқ зарбини эслаб, жойига ўтириб қолди.
– Ақлинг жойидами?! – кўзи ола-кула бўлган куёви ваҳима аралаш итга тикилиб турган хотинини койиди. – Даданг бир кун йўқ бўлса, шунақа туш кўрасанми?!
– Билмасам?! Аввал бунақа одатлари йўқ эди-да.
– Юргандирлар-да иш биланми, улфатчиликми қилиб?! Балки бирор жонон билан, а?! – мийиғида кулди куёви.  
– Йўғ-а… – бўшашибгина эътироз билдирди қизи.
– Бўпти, мен кетдим. Яхши ўтиринглар. Итни уйга киргизманглар. Ўғлингга айт, ёнига яқинлашмасин. Қутурган ҳам бўлиши мумкин. Ҳа, ишдан кейин дадангникига ўтаман. Янгилик бўлса, хабар қиларман.
Эрини ишга кузатгач, қизи эшикни ёпиб олди. Бироздан сўнг ўғлини мактабга кузатгани чиқди. Избосарнинг ҳали ҳам шу ердалигини кўргач, ўғли билан бирга мактабгача борди.
“Ие, бобоси айлансин, менинг ўғлим мактаб­­га бораяптими?!” – қувониб ғингшиди Избосар. Невараси унга мўлтиллаб бир қаровди, қизи уришиб берди. Қўлидан маҳкам ушлаб олди. Избосар уларнинг орасидан анча жойгача эргашиб борди. Кейин ортга қайтиб, яна қизининг остонасига ётди. Қизи қайтиб келгач, унинг устидан сакраб ўтди-да, қарғана-қарғана дарвозани ёпиб, маҳкам танбалаб олди.  
Избосар кўчада изғиб юриб, овқат излади. Дарвозаю дераза тагларини, томорқа ичию четларини ҳидлади. Ариқчалар ичига қаради. Очиқ дарвозаларга мўлтираб қаради-ю, ичкарига киргани юраги бетламади.
“Ўз фарзандинг ҳайдаб солгандан кейин, бошқалардан нима умид?!” деб ўйлади. Фақат қизию бошқаларнинг уйидан келаётган ширингина овқат ҳидларини искаб, оғзидан сўлаги оққанча бирор егулик изларди.
Бир ҳовли томорқасининг четидан ўлик қуш топди. Оёғи осмондан бўлиб тарракдек қотган. Болалар чўзма билан отиб ўлдирган бўлса керак. Ўшани еди. Кўнгли айниб-айниб, ўқчиди. Хаёлига улфатлари билан ўтирадиган зиёфатлардаги товланадиган дастурхонлар келди. Кўнгли бузилди. Чўзиб-чўзиб ғингшиди. Қизининг остонасига чўзилиб, бироз мизғиб олди. Ўзича қизи кўрган тушини мушоҳада қилишини, сўнг дарвозини очиб, уйига киргизишини, кечирим сўраб, ёлборишини кутди.
Бу орада невараси мактабдан келди. Унга мўлтираб-мўлтираб қараб, дарвозани тақиллатди. Избосар неварасига умид билан тикилди.
“Мени кечирасан, – деди невараси. – Сени уйга обкиролмайман, ойим уришади. Силашим ҳам мумкинмас”.
Эшик очилди. Қизи Избосарни ўғли билан бирга турганини кўриб, яна жаҳли чиқди.
– Кир ичкарига! Дадангга телефон қилмасак бўлмайди, шекилли. Йўқотсин бу итни! – зарда билан бақирди қизи. Кейин эшикни тарақлатиб ёпиб олди.
Избосар нима қилишини билмай, қизининг остонасида узоқ ўтирди. Мудраган ҳам бўлди. Бир маҳал ўзига катта хавф яқинлашаётганини ички сезим билан англаб қолди. Кўзини очди. Хавф унга чап томондан яқинлашиб келарди.  Избосар бошини қайирмасдан, кўз қири билан ўша томонга қаради.  
– Ана у, аста пусиб бор, – қоп-қора коржомали, ўзи ҳам қоп-қора юзли, чўтир йигит шеригига ишора қилиб Избосарни кўрсатди. Ундан ҳам ёқимсиз бошқаси қўлидаги сим тўр билан пусиб кела бошлади.
Избосар ўнг томонига қаради. У томонда ҳам иккита шундай кийимли одам келарди. Избосар ҳалокат яқинлашиб қолганини ва унинг муқаррарлигини англади.
“Ҳа, йўқ, мен пихини ёрган Избосар бўламан, – ўзига ўзи далда берди у. – Бундан-да муқаррар ва даҳшатли ҳалокатларга чап бериб ўтиб, камига, душманларимни рўпара қилиб кетганман. Ит бўлсам ҳам, одамлигимдаги ҳийлаларим эсимда турибди!”
Қизининг уйи катта йўлда жойлашган, унинг ҳар икки томонидан қочиб кетса бўларди. У ўзини ўнг томонга қочаётгандай қилиб кўрсатди ва чап томондаги беўхшов ит овловчилар ёнидан яшин тезлигида ўтиб, қочиб қолди. Ҳар тўртала овчи қўлларида сим тўр билан уни қувлашга тушди.
Избосар қизининг кўчасидан кейинги кўчага ўтаркан, орқасига бирров қаради. Овчилар уч-тўрт қадам орқада бўлса-да, ўқотар қурол билан қувлашарди. Унга ухлатадиган ўқ солинган эса-да, битта ўқ билан ҳар қандай жонзотни ағдариш мумкинлигини Избосар биларди. У югуриб бораркан, умрида биринчи марта итлигидан хурсанд бўлди. Овчиларга яна икки марта чап бериб, алдаб ўтди. Қизининг маҳалласи, машина йўллари, хиёбон, ўзининг ишхонаси, уйи, маҳалласи ортда қолди. У ҳамон югурарди. Нажот оёқларида эканини билиб, кун бўйи дам олганига, ўлик бўлса-да, кўнглини айнитса-да, ўша қушни егани учун ўз ақлига қойил қолиб югурарди. Анчадан кейин ортига қаради. Кеч тушиб бораётган бўлса-да, унинг ўткир кўзлари аниқ ҳукм чиқарди: овчилар орқада қолган, ўзи эса шаҳар четидаги тепалик ёнида турарди.
Атрофда зоғ йўқ, ғира-шира қоронғилик тушаётган, кечагига ўхшаб кечки изғирин хуруж қила бошлаган палла эди. Избосар судралиб тепаликка чиқди. Тили осилиб, тин олди. У чаққон ва кўзи ўткир бўлса ҳам, ҳар қалай, қари ит эди. Оёғини судрашга ҳоли йўқ, қорни ҳам ўлгудай оч, ҳеч бўлмаса кечаги ширин-ширин овқат ҳидлари ҳам унинг бурни ис олмас даражада узоқда қолган эди. Бунинг устига, кечки изғирин тепалик устида янада кучлироқ эсар, юнги тўкилиб, туллаган жойларини жазиллатиб ачитарди.


– Эй Худо, сенга нима ёмонлик қилдимки, мени шу куйга солдинг! – мунгли товушда осмонга қараб улий бошлади Избосар. – Бировни ўлдирмаган бўлсам, мени ўз куёвим отишга ҳукм қилди-я?! Қизим телефонда, эрига айтган-да.
“Бировга ёмонлик қилганимни эслолмайман, – икки олд оёғига таяниб,  ҳаётини таҳлил қила бошлади Избосар, ҳамон ўшандай нолали овоз билан улиганча. Ҳар бир бандаи ожиз каби у ҳам дардини кимгадир айтишга эҳтиёж сезар, гарчи ҳеч ким эшитмаётган бўлса ҳам, дардимни айтсам, бироз енгиллашаман, деб ўйларди. – Тўғри, баъзиларни ҳақоратлагандирман, ҳа ана, бекордан бекор, ноўрин ишдан ҳайдагандирман, гоҳида нўноқ ҳамкорларимни хонавайрон қилиб, эвазига бойлик орттирганим ҳам ростдир, лекин асло қурол ўқталиб, кимса жонини олганим йўқ! Менинг қилган ишим жиноят эмас, яшаш учун кураш қонуни, холос! Яшаш, бола-чақа боқиш учун одамлар бундан-да баттар, шармандали ишларни қилишади, ахир, уларнинг ҳеч қайсиси итга айлангани йўқ-ку! Туппа-тузук, бунинг устига, айшини суриб яшаб юрибди-ку! Егани олдида, емагани кетида, хизматида қанчадан қанча ўзидан ўтадиган шогирдлари, гумашталари бор-ку! Нега уларни одамлар чиқарган қонунлар ҳам, илоҳий жазо ҳам четлаб ўтади?! Нега энди айнан менга берилади бу аянчли ва шармандали жазо! Нега, нега энди айнан менга бундай жазони лойиқ кўрдинг, эй Худо! Нолани ҳадди аълосига чиқариб увилларди Избосар. Атроф эса тобора қоронғилашиб, ваҳимали тус олиб борарди.
Избосар увлашни бас қилиб, атрофга қаради. Унинг ён-верида зулмат ичида ваҳимали шарпалар пайдо бўла бошлади. Шарпалар унинг атрофида доира шаклига кириб, тобора қисиб ўрай бошлади. Избосар атрофидаги шарпалар итлар эканлигини пайқаб қолди ва юрагини ваҳима қоплаб олди. Итлар ҳам буни сезгандай бирданига аккилаб, улий бошлади. Избосар нима қилишини билмай қолди. Қочай деса, мадори қолмаган эди. Қочмай деса, аслида ит эмаслиги учун бу итларнинг нима деб аккилаётганини тушунмас, мақсадлари нима эканлигини билмас, фақат булардан яхшилик кутиб бўлмаслигини англарди, холос…
Эртаси куни итларга таланиб, ярадор бўлган  Избосар кун бўйи қуёшга ўзини тоблаб ётди. Баданига сал қувват киргандай бўлди. У ўрнидан туриб, шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Ҳар нима бўлганда ҳам, одамлар орасига келмоқчи, жони узилса, улар орасида ўлмоқчи бўлди. Мурдаси итларга таланиб, хомталаш бўлгунча, куёви ёки ўғлининг қўлида жон бериш ҳам ёқимли туюлди унга. Лекин ўрнидан туриш, юриш машаққат эди. Яраларини ялаб, тузатишга, тишлаб оғриғини қолдиришга интиларкан, ўзини шу аҳволга солган тақдирни лаънатларди.
У уч кун деганда бир амаллаб ўз маҳалласига келди. Маҳалла гузари ёнида чоғроққина масжид жойлашган бўлиб, унинг қурилишига кўпчилик қатори Избосар ҳам эҳсон берган эди. “Демак, у ерда яшашга ҳақим бор, – ўйларди бечора банда. Унга бу ягона нажот йўли бўлиб кўринди. – Художўйлар раҳм қилишиб бир бурда нон, бир коса сув беришар”.
У масжид остонасига келганда намозхонлар пешинни ўқиб чиқиб кетишаётган эди. Избосар уларнинг кўпини танирди. Маҳалланинг бу мўйсафидларини авваллари – одам бўлиб юрган пайтларида писанд қилмасди. Ҳозир эса уларга қараб илтижоли овозда ангиллади. Лекин мўйсафидлар оғир қадамлар билан унинг ёнидан ўтишар экан, ҳеч қайсиси Избосарга қарамади. Ҳамма ёғини яра босиб кетган, қўтир, бунинг устига, чўлоқ ва қари итга кимнинг ҳам қарагиси келарди?! Қарияларни кузатиб чиққан имом-хатиб, унинг ғингшишларини эшитди, жирканган нигоҳ билан бир қур назар ташлади ва ўринбосарига тайинлади:
– Махдум, Оллонинг уйига итни киргизманг. Валлоҳу аълам, у ҳаром ҳайвон!
– Маъқул! – таъвозе билан бош эгди махдум.
Избосар аламли ғингшиди. Лекин унинг бошқа борадиган жойи йўқ эди. Шунинг учун масжид остонасига чўзилди.
Хуфтондан сўнг намозхонлар салобат ила бир-бир қадам ташлаб масжиддан узоқлашишди. Ғужанак бўлиб олган Избосар увиллаб юбормаслик учун тумшуғини орқа оёқлари орасига суқди. Уларни кузатиб чиққан масжид қоровули тақсирлар билан хўшлашар экан, Избосарга ачинганнамо қараб қўйди. Избосар қоронғида ҳам ўткир кўрадиган кўзлари билан ҳар қанча тикилиб қараса ҳам, қоровулни танимади. Одам бўлиб юрган пайти бундайларни назарига илмагани эсига  тушди. Хўрсинаман деб ғингшиб юборди.
Қоровул тақсирларни кузатгач, ярим чўккалаб ўтирганча, Избосарга қараб гапирди:
– Эй, жонивор, қаерлардан кеб қолдинг?
Избосар худди уни Маҳмуд таниб қолгандек оёғини судраб қочди. Ўзини панага олди. Узоқдан кўзларини мўлтиллатиб, маъюс овозда ғингшиди. Кечаги кунидан афсус-надомат чекди. Тазарру қилмоқчи бўлиб ҳўнграб юборди. Ғингшиган овоз чиқди. Ит ғингшиган бўлса-да, бунда бечоралик, ожизлик, оғриқ ва ситам сезилиб турарди. Қоровул ортига қайрилиб кетди. Избосар яна эшикка яқинлашаётганида, ичкаридан чиқаётган одамни кўриб тағин қочди. Маҳмуднинг қўлидаги бир парча нонни кўрди-ю, барча оғриқни, одамларнинг қаҳр-ғазабини унутиб юборди. Чунки Избосар итга айлангандан бўён бирор киши унга нон-намак тутмаганди.
Маҳмуд аввалига унга нон берди. Кейин ёнига ўтириб, бошини силади. Ярадорлигини билди, шекилли:
– Сенга нима бўлди, жонивор? – деб сўради.
– Итларга таландим… қизим уйдан ҳайдагач, – ўпкаси тўлиб ғингшиди яна Избосар.
– Ие,ие, ёмон бўлибди-ку, – Избосарни тушунгандай жавоб қайтарди қоровул масжид дарвозасининг тепасидаги хира чироқда унинг яраларини кўраркан.
– Ҳозир келаман, жонивор!
Қоровул тез орада қайтиб чиқди. Унинг қўлида эски тугунча, шокоса ва икки-уч бурда нон бор эди. Тугунчани очиб, ичидан аллақандай малҳам олди. “Бисмилло” деганча чўнқайиб ўтириб, унинг яраларига сурта бошлади. Кейин эски латта билан боғлаб қўйди. Олдига шокосани қўйди. Унда ҳали совиб улгурмаган суюқ овқат бор эди. Унга нонни тўғраб,  Избосарга берди ва шошмасдан ичкарига кириб кетди. Кираркан, “Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, жонивор”, деб қўйди.
Избосар ит бўлганидан бери биринчи марта қорни тўйди. Оёғининг оғриғи сал босилгандай, жони ором олгандай бўлди.

* * *
Маҳалланинг чоғроққина масжидига қатновчи чоллар беозоргина қари итга ўрганиб қолишди. Унинг ҳеч кимга зиёни тегмас, остонада ётгани ётган эди. Болалар мактабга ўтган-қайтганда унга эрмаклаб тош, кесак отишса ҳам уларга ташланмас, ташланиш тугул, қайрилиб ҳам қарамас, маъюсгина ғингшиб қўярди, холос. Баъзи болалар мактабга олиб борадиган бир бурда, ярим бурда нонларини унга илинишар, шунда у “раҳмат” дегандай калтагина ангилларди. Намозхон чоллардан баъзилари, масжидга уйи яқинлари ҳам унга ёвғон келтирадиган бўлишди. Шунда у бошини кўтариб, ёвғонни ичар ва яна жойини чўзиларди. Қоровул эса унга қарашни асло эсидан чиқармасди.
Избосар эса оиласи уни излашини, усиз ҳоли хароб бўлишини англашини ва алалоқибат каллалари ишлаб, уни танишларини узоқ кутди. Бундай ҳолдан эса дарак бўлмади. Ҳар замонда унинг қоп-қора “Ласетти”си масжид ёнидаги асфальт ётқизилмаган кичикроқ тош йўлни чангитиб ўтиб қолар, рулда ўтирган Михли ё ўғлини ишга, ёки келини ва хотинини меҳмондорчиликка олиб бораётган бўларди. Машина ичидагилар бошини унинг шифтига қадаганча кибр ва калондимоғлик билан ўтиришар, масжид остонасидаги бечора ит тугул, масжиднинг ўзига ҳам, умуман кўчага ҳам қарагани бўйнилари ёр бермасди. Бир-икки марта эса шофёрнинг ёнидаги у ўтирадиган ўриндиқда қудаси – қадрдон ҳамкори жой олганига ҳам кўзи тушди. Шунда Избосар ҳаммасини англаб етди: ўғли ва хотини ўзларига янги валийнеъмат топишибди. Баски, Избосарнинг уларга энди умуман кераги йўқ. “Балки олдин ҳам керагим бўлмагандир, – ўйлай бошлади Избосар алам билан. – Бу дунёда бору йўқлигим фақат уларнинг қорнини тўйдиришим, устини бутлашим, данғиллама иморат қуришим, дабдабали тўйлар қилишим, элдан кам қилмаслигим, қайтага, минг баробар зиёда қилиб боқишим билан ўлчангандир. Бу амалларни қила олмаслигим – менинг йўқлигим шу билан изоҳландими? Умр бўйи бола-чақа деб топасан-тутасан. Кимларнидир шиласан, кимлардандир юласан. Кимларнидир товлайсан, кимларнидир овлайсан. Қаллоблик, ҳатто жаллодлик қиласан. Ҳаммасини болам-чақам деб қиласан. Бироқ бошингга мана шундай кутилмаган ташвишлар, кўргиликлар тушганда қани ўша кўйида елиб-югурганинг, ўлиб-тирилганинг – бола-чақа?! Ҳайҳот, уларга ҳам кунига яраб турсанг, керак экансан-да! Ҳа, шундай экан! Демак, мен энди улар учун йўқман!”
Шундан кейин Избосар тақдирга бутунлай тан берди. “Нега мени бу кўйларга солдинг?!” деб Яратганга иддао ҳам қилмади, қайта одам бўлиш борасидаги мўъжизани кутиб, қўл-оёғидаги ярим қўтир яраларга “Тери унаяптимикан?” деб соатлаб термулишни ҳам бас қилди.
Ҳаво совиб, қиш қаҳрини кўрсатаётган пайтлар эди. Қоровул итнинг ялоғига ёвғон соларкан, унинг аҳволи яхши эмаслигини билиб қолди. Ит оғир нафас олар, ҳавонинг совуқлигидан тумшуғидан иссиқ буғ кўтариларди. У кўзини очмади, ёвғонга қарамади ҳам. Қоровул бошини сарак-сарак қилиб, масжидга кириб кетди.
Эртаси куни бомдоддан олдин турган қоровул масжиднинг ён-верини супуришга чиқди. Ҳаводан қор ҳиди келар, юпқагина қиров тушган бўлса ҳам, ҳаво анчагина совуқ эди. Қунишибгина турган қоровул хира кўзларига ишонмай, ўзи шубҳалантирган нарсага қаради. Қаради-ю, бир зум даҳшатдан қотиб қолди. Сабаби, кеча масжид остонасида ит ғужанак бўлиб ётган жойда, яна денг, худди шу аҳволда… бир одам ётарди. Қоровул қайта-қайта “лоҳавла” ўқиб, унинг ёнига борди. Алҳазар, минг алҳазар! Мурда қоровулга таниш, фақат танишгина эмас, анча яхши таниш эди. У маҳалланинг манаман деган кишиларидан бўлган, лекин кейинги пайтда кўринмай қолган Избосарбойга ўхшар, йўқ-йўқ, ўхшар эмас, ўшанинг худди ўзи эди.
Қоровул имон калимасини келтирганча аввал мурданинг устига масжиддан эски кўрпача олиб чиқиб, ёпди. Кейин эса шоша-пиша унинг уйига хабар бергани жўнади.
Йўлда ҳам хаёл қурғур қоровулни тинч қўймади. Бир пайтлар у ҳозирда масжид остонасида ҳаром қотган Избосарбойнинг қўлида ҳайдовчи бўлиб ишларди. Ўша куни у қўшни вилоятдан юк олиб келиши керак эди. Шомга яқин юкларни ортиб бўлиб, йўлга чиқди. Ҳеч қанча юрмасданоқ шиддат билан жала қуя бошлади. Йўл сирпанчиқ, бунинг устига, қоронғи бўлиб, машина юриши қийинлаша бошлади. Ҳайдовчининг кўнгли тўхтаб, жала тинишини кутиши кераклигини сезди, лекин шунинг баробарида хўжайинининг гапи ҳам қулоқлари остида жаранглади: “Юк эртагача омборимизда бўлиши жуда муҳим, Аҳмаджон!” деганди у қатъият билан ҳайдовчининг кўзларига тикилганча. “Бунинг учун фақат Сизга ишонаман!”. Шу ишонч­­ни оқлаш мақсадида ҳайдовчи бир маромда юришни давом эттирди. Бироқ навбатдаги бурилишда машина сирпаниб кетиб, қояга урилди, ҳайдовчи ўтирган томон мажақланди, бошқарув бутунлай йўқолди. Ҳайдовчи кўз ўнгида юз берган воқеаларни зўрға идрок этаркан, куч билан тормозни босишга зўр берар, пешонасидан юзига оқиб тушаётган қип-қизил, йўқ, қоп-қора қонга ҳам парво қилмасди. Бироқ машина барибир жарга ағдарилди, ҳайдовчи эса мўъжиза билан, ҳа-ҳа, фақатгина мўъжиза туфайли қутулиб қолди. Шунда ҳам касалхонада кўз очган ҳайдовчи тасодифий нажоткорларидан машинасининг аҳволини сўради.  
– Тирик қолганингизга Худога шукр қилсангиз-чи, биродар, – деганди ўшанда нажоткор  норози оҳангда.
“Хўжайинимга берган ваъдамни бажаролмадим”, – ўйлаганди у хижолат бўлиб хўрсинганча.
Бироқ… ўша куни уни операцияга тайёрлашаётган пайт касалхонага етиб келган хўжайин палата эшигидан кириши биланоқ ёқасига ёпишганди. Унинг важоҳати қутирган итни эслатар, кўзлари қизариб, оғзидан кўпик сачрарди.
– Менинг машинам, юкларим… уларни сен жарга қулатдинг! Тўлаб берасан, тўлаб берасан ҳаммасини!
  *                *                       *                      *                         *

Фотиҳа куни маҳалланинг кунда-шунда чоллари  Избосарбойнинг андоқ сахий ва олийҳиммат эканини такрор-такрор мадҳ этиб, ёғли паловларни еб, юқини соқолларига суртишди. Имом-хатиб фотиҳачиларнинг кўплигидан хатми Қуръон қилавериб чарчади. Махдум унга камарбаста бўлди. Избосарнинг куёви, ишхонасидаги ходимлари, ҳатто қоровул ҳам унинг маъракалари тугагунча хонадонидан бир қадам силжимай, “жаннатмакон хўжайин”нинг “охирги хизматлари”ни адо этишди.
Фақат… фақатгина масжиднинг қоровули, оиласининг илтимосига кўра маййитни қай аҳволда топганини ҳеч кимга айтмаган бўлса ҳам, итнинг жойига Избосарнинг қандай бориб қолганидан ҳайрон эди. Яна денг, худди итдай, бир аҳволда-я. Ё товба…
Шунақаси ҳам бўларканда, а?!

- - -


< Orqaga qaytish