Ҳикоя, шеър

Улуғ қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов шеърлари.


Marta o'qildi

Улуғ қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов шеърлари.

САМАД ОҚИННИНГ АЙТГАНЛАРИ
(19-аср)

Самад Озарбой оқиннинг ёш,чиройли заифасини олиб қочди. Айтишларича,илгаритдан аҳду паймонлари бор экан.Ушлаб келдилар.Иккаласининг тақдири Озарбой қўлида қолди.
Чилвирда бўғланган Самадни ўтовга кираверишда отдан ташладилар.Самад қийналиб ўрнидан турди.Озарбойнинг ўғли Алибек эса кулимсираб бир силтовда арқонни икки жойидан кесди.Самад оёқлари остида кулча бўлиб ётган икки бўлак чилвирга ижирғаниб қаради-ю тепворди.
Қора терга ботган отлар пишқирганча,ўтов атрофида босилган майсаларни искар.
Самад увишган билакларини уқалаб,ўтовнинг нимқоронғИ ичкарисига тикилиб туриб бир сўз айтар:

«…Аксимга тикилдим
совуқ бодлардан
Жимирлаган кўлда —
қайғирмадим-а.

Ҳар кимнинг юкини тортдим отлардай,
Оч ётдим оч чўлда —
қайғирмадим-а.

Яхши-ла ҳамиша борим бўлишдим,
Ёмон-ла ўлишдим —
қайғирмадим-а.

Саҳарлар — қурумда,
қаро тунлари
Қорларда чўмилдим —
қайғирмадим-а.

Йўл олди хуржунга ёвош аёлим
нону туз солмади —
қайғирмадим-а.

Бир дўстим бўлса деб,эзилди жоним,
орзум ушалмади —
қайғирмадим-а.

Тиззамга ўтқизиб, силаб, суюниб
суймадим ўғлимни —
қайғирмадим-а.

Қувиб бўлмади бахт — учқур буғуни
ҳаттоки бурулда —
қайғирмадим-а.

Ҳар тош панасида пойлади ўлим —
Эгри пичоқ билан,
қайғирмадим-а.

Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
мумкинмас умрни қайта бошламоқ.

Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
ўтарман юзлардан сирғалган елдай,
ўтарман, оғриқни сезмас вужудим,
ҳасрат-да,соғинч-да қайтадан келмас.

Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
сесканиб тураркан ўлим сасидан,
ҳеч қайда кўрмадим сулувроқ келин
Озарбой оқиннинг заифасидай.

Самад буни бир нафасда куйлади. Шошилмай,зўриқмай куйлади. Қоронғида гавдаси келишганроқ,юзи кўркамроқ туюлди.
Кундузи у хунук кўринар — қиёфасига овози етишмасди.
Шундагина йиғинларда уни кўп кўрганимизни,бироқ овозини эшитмаганимизни эсладим.
Бирдан ўтовга киришдаги парда кўтарилди.Ичкаридан паст бўйли Озарбой қария чиқди.
— Алибек! — чақирди ўғлини.
— Шу ердаман,ота.
— Иккита от бер,кетишсин!
— Ота?!
— Эсон-омон кетишсин!
Озарбойнинг ортида юзини гулдор рўмолда қия тўсган Баян кўринди.Самад бурул отига Баянни ўтқазди.Ўзи Алибекнинг отини тутиб,бир сапчиб эгарга минди-ю,иккаласи қоронғИ чўл қаърида ғойиб бўлди.
— Ота! — қичқирди Алибек чўнқайиб ўтирганича аламидан йиғламсираб.
— Қулоқ сол,болам.Сизларам эшитинг! Йигит Самад мени шарманда қилди.Бироқ шоир Самад Озарбой оқин довруғини давом эттиради.Гўшт пишдими,айланайлар?
— Пишуб қолди,ота, — жавоб берди жаранглаган овозда оқ жовлик кийган жувон.
— Ким очиққан бўлса,кирсин, — деди-ю мўтабар қария ўтовга кириб кетди.

Шавкат Раҳмон таржималари

АРҒУМОҚ

Тулпори билан машҳур,034
Эй, поёни йўқ диёр!
Қара, кезар ҳов уюр,
Яшнар чўлда майсазор.

Бергин
Қоратўриғин,
Шамолларга келур бас.
Устида эгиб бўйин,
Парвоз этай бир нафас.

Сезсин ел алангасин
Арғумоқ ҳам ўзида;
Қизғалдоқлар порласин
Унинг қора кўзида.

Майли, кураш нелигин
Билиб қўйсин арғумоқ.
Олға йўл бору доим,
Ортга йўл йўқдир бироқ…

ҚИЗҚУВДИ

Қувиб ет қани, йигит,
Аяма отни, йигит,
Севсангу бўлсанг ўктам,
От етажак ўлса ҳам.
Севаман сени, йигит,
Етгину тез,
Ўп маҳкам.
Бўсага интиқ юзим
Қизиб кетди уятдан.
Еллар мени қувмоқда,
Кўкрагимга тўшалиб
Қучмоқда, эҳ, қучмоқда…
Сен эса ортда, йигит!
Кўкда ой ҳам кулар жим,
Мен ёлғиз,
Ҳамон ёлғиз.
Тизгин тутган қўлларим
Қаҳрдан бўлар қонсиз.
Одамлар,
Эҳ, ношуд одамлар,
Ер бўлди-ку чавандоз донғи.
Тутқазибсиз жасур йигитга,
Тутқазибсиз ёвқур йигитга
Ва келишган, мағрур йигитга
Учқур тулпор эмас,
Қирчанғи!..

* * *

Ҳа, мағрурсан,
Сен фақат менга мағрурсан,
Бошқаларга ювош, ҳатто меҳрибон.
Йиллар ўтиб борар йиллар ортидан,
Сен эса қошимда мағрурсан ҳамон.

Жуда соз,
Хуш кўрмайман мен
Қаршимда бировнинг таслим туришин.
Лекин ўзгаларга шундоқ бўлган сен,
Менга оғир ботар улар олдида
Мағрур юришинг.

Дилдан ўтинаман,
Мағрур бўл лоақал ёлғиз мен билан.
Мен сени севмасман ожиз, хафаҳол.
Йиллар учиб ўтар йиллар ортидан,
Барча мағрурлигинг сенинг —
Мен учун,
Мағрур бўлиб қол.

ҚОРАТЎРҒАЙ

Эдуард Багрицкий*  қушларни севарди.
Авжга чиқардилар тор кабинетда
тўти, канарейка, булбул, саъвалар…
Жим фақат –
қоратўрғай.
Тўрғай ўлкасининг муқим қушчаси,
зериктириб юборган у ўз даштларин.
«Жанубга уч», — десак,
йўқ, хоҳламайди.
Дийдираб ин излар Тўрғай юртида.
Жунжикар.
У ёқда қиш қаттиқ.
Ёқимсиз бўронлар чиқар жунбишга.
Ғарамга киргандек,
қўйлар юнгига —
беҳадик кўмилиб олар, эркатой.
Чўпон уни бир кун топди чалажон
ва бир газетчига бериб юборди.
У учувчига сотди қоратўрғайни.
Учувчи ҳадя қилди шоир дўстига.
Иккиланди шоир,
аммо қабул қилди ҳадяни.
Қафасга солди-да, қўйди бир четга.
Чой ичишди.
Меҳмон тўғрилади кўк пилоткасин.
Жилмайди. Учиб кетди.
Ҳалок бўлди осмон бағрида
Багрицкий йиғлади машъум хабардан.
Саъвалар қичқирар, тўтилар эса
жаврарди лоқайд…
Жим эди қоратўрғай чекка бурчакда.
Менинг тўрғайгинам сақларди сукут.
О, сукунат — у ҳам бир нидо.
У сукутда.
Йўқотганди яна бир марта
ўз Тўрғайи, қорли ўлкасин.

Дарвешфеъл зотларга гоҳ лол боқаман!
Яшаш шартларидан воз кечиб, айниб,
саъвани эрмакка сақларди одам,
олди мангуликка қоратўрғайни.
Ва мен бу ўлкага келганда ҳар гал,
сокин оқшомларда тинглайман бот-бот:
улкан булутларнинг остида тўрғай
учувчи ҳақида жим чекар фарёд.

*   Эдуард Багрицкий — рус шоири

* * *

Кургальжино кўлларида
куз тўполони,
Ёз тугаган бу диёрда
ташвиш ҳукмрон.
Паррандалар ўйларида
сафар туғёни –
Гала-гала кўчмоқдалар
жанубга томон.
Йўқ, уларни қайтаролмас
ҳеч нарса шу тоб.
Уялари узра бир бор
доира қуриб,
Сўнгра учиб кетадилар
қайрилмай, шитоб –
Ҳароратли юртлар уфқи
сари тўш уриб.
Оқ галалар,
о, номуқим, саргашта ғозлар,
Қўйвормаймиз,
ошиқмангиз ўзга юрт сари.
Тутиб қолар сизни
ошна, қадрдон жойлар –
Йўлингизга тўсиқ бўлар
ғусса тўрлари.
Тутиб қолар,
қўйвормайди Ватани уни,
Ўз бағрига қайтаради
ўқ билан шу он.
Куз пурвиқор кезиб юрар
боғлар қўйнини,
Отилган ғоз кўл устига
қулар чалажон.
Ҳеч қаерга мотамсаро
учмади хабар,
Ахир, бу на йўқотишдир
ва на оғир ғам.
Анқо эмас,
семурғмас эди бу жонивор –
Шунчаки ғоз,
нари борса уч килограмм.
«Ўлдирсалар нима бўпти,
фожеами, хўш?
Бунинг учун шеърлар битиб,
фарёд урмоқ бас.
Юзта эмас – ахир битта,
тағин оддий қуш.
Қолаверса, шеър қонун ҳам,
қарор ҳам эмас.
Яхшиси, сен ташбеҳ этиб,
«хол» деб атагин –
Ўқ изларин,
гарчи улар жароҳат танга.
Ва бу кўлни,
атай қолгин,
унинг Ватани.»
Шундоқ эса,
лаънат бўлсин қаттол Ватанга!

Куз келди.
Илк паға қорлар чарх урур ғужғон.
Пардай заррин зарраларда
қаҳрли нуфуз.
У баҳорни келтирганди,
ахир, бир замон –
Энди учай деса,
қўйиб юбормайди куз.

ЛУВР

Севаман сени, Франция.
Сенинг номинг-ла аташган барча
босқинчиларни –
«Фаранглар» деб.
Сенинг аскарларингни
Отда судраганман арқон билан
Ва олтин-кумушлар уюми устида ўтириб
Заргарлик қилганман,
Тиллаларга нақшлар чизганман,
Энди эса кўзларимда
Ғусса ва соғинч.
Тентираб залларни кезаман,
Боқаман бебаҳо олмосларга.
Қотаман ҳайрон-лол:
«Осиё, сен қаердасан?
Асл олмослардадирсан балки?
Балки дудама ханжарлардадирсан –
Сени қарши олиш учун ясалган?
Қачонлардир довруғ солдинг дунёга
Ва қолдинг жим.
Ким бузар, айт,
Сенинг бу сукунатингни?
Қайси улуғ етиб борар Ғарбга
Ва забт этар,
Қилич билан эмас,
Бу залларни,
Бўм-бўш залларни?..

САДОҚАТЛИ ДЎСТ

Агар сўраб қолсалар мендан —
ҳаётингда қанча дўст орттирдинг, деб.
Дўстим, шунда сени эсга оламан
ва жавоб бераман ўйлаб ўтирмай — кўп.
Дейман — у ҳам софдил, ҳам жасур,
танти кўплардан,
ихтиёрим унинг қўлида фақат,
унинг изми бошлар мени йўллардан.
Сен мени қайтардинг жар ёқасидан
яна менга кулиб боққанда омад,
сен ундадинг мени ютуқларимдан
мамнун бўлишга
ва янада кучга тўлишга,
кимгадир курашда аччиқма-аччиқ.
«Мамнун бўлиш мумкин ҳозирча, бироқ —
чинакам қувонишга ҳали эртароқ».
Сен қаттиқ уришдинг
лабда кулгум кўриб —
маҳзун рақибимга шод боққанимда.
Баҳслашиб ўтирмадинг,
жеркиб бердинг сен
иш учун чўчиб, суст тортишганимда.
Сенга юзланаман, сокин юрагим,
сен — менинг виждоним ҳамда иродам,
сен — менинг имоним,
қувватим-кучим,
сен дўстлар бахш этасан, сира толмайсан,
тафтли қадамларсиз йўлларим менинг
бир лаҳза ҳам совиб қолмасин учун…

АЙЛАНАЙИН

Яқин инсонга «айланайин» дейилади. «Атрофингда айланай» – сўзма-сўз таржимаси. «Дардингни олай», «мушфиғим менинг»– мазмунан таржимаси.

Дерлар менга – кўркам иморатлар қур,
мен эса
дунёни кезаман масрур,
қулай имконият туғилдими, бас,
яна отланаман йўлга шу нафас.
Нью-Йоркда достонлар ўқийман жўшиб,
Мисрда шеър битгум андуҳим қўшиб.
Қайтаман,
ҳамёним яна тап-тақир,
тағин пул ғамлайман –
йўл чорлар, ахир!
Сўнгги қипчоқ –
сўнгги денгизгача то!
Қаршимда тағин дашт-саҳролар пайдо!
Бизни
шаҳдимизни билиб кўмганлар –
оёғимиз ғарбга қилиб кўмганлар.
Миллиардлар шукуҳи бўлиб кунботар
сарғайган чўлларнинг остида ётар —
нўғайлар,
булғорлар,
саҳройи қозоқ
билмасдан Осиё –
Ғарбдан ҳам ғарброқ!
Чорлади Ғарб мудом тилсим яратиб,
ва бизни кўмдилар ғарбга қаратиб!
Тегрангда чарх уриб тинмадим бир он,
Айланайин сендан,
Замин-онажон!
Бағринг доғланмишдир бу кун шунчалик,
ҳеч ким тушунолмас сени менчалик —
дардларингни олай,
бўлма ғамга ғарқ,
кезгум йўлларингда
мудом уриб чарх…

Мирпўлат Мирзо таржималари

ҚОРА ВА ҚИЗИЛ

Fas – Рим қонунчилигида
энг олий ҳуқуқ.
Fas est – “Ҳамма нарса мумкиндир”.
Рим саркардалари легионларни
Fas ҳуқуқи билан қуроллантириб
аскарларни юбордилар босқинчи шаҳарларга.
Fas – ғижирлатинг тишларни:
бу олам сизларники.
Fas – бегона ҳаётга ва мулкка
йўқдир таъқиқ.
Fas – қаҳрдан қисилган кўзларнинг
нафратидир,
инсонликнинг тугашини билдиргувчи бу тасдиқ.
Шунда ХХ аср Римида
кесишган қўш чақмоқдай ўт олди Fasist сўзи.
Ҳа, қора кўйлакли тўнғич файласуф
тилшунос эди.
Жоҳил дунё мерос қолди
унга аждодларидан.
(у тарихчи эди).
у – қора кўйлакда,
у – қораларга қарши
(у телба эди).
Бизга
ҳамма нарса мумкиндир!
Ҳатто мантиқ ва ўхшашлик
ҳамда она бўрини эмган
Ромул ила Румни эслаш ҳуқуқи.
Асрлардан мангуликка
такрорланар жим
қия манглайлари уларнинг
ва бўрининг кулранглиги,
қўзичоқнинг ожизлиги
ҳамда жабрдийда Рим.
Севги изҳор қилишмайди
лотин тилида,
уришишмас, баҳслашишмас
лотин тилида,
токи биз соғ эдик,
навқирон эдик
гапиришмади бизлар ҳақда
лотин тилида.
Лотинча товушда ўқишмади жанозамизни,
гирифтор қилишмади лотин сўзига бизни,
томиримиз ушлаб, табиблар
айтишмади кўҳна Римда таҳлика солган
Fas est ҳукмини!

Бу демак – вужудинг чириган, бемор,
серёғ, хуштаъм овқатларни егин сўнгги бор,
коньяклар ич,
оғриқларга қилмагин парво,
ўлмоқ муқаррар сенга,
демак – ҳаммаси раво!
Умр қисқа, токи яшар экансан – Fas est,
Токи ҳаётингдан умидинг узиб,
озғин қўлларингни икки ёнингга
ноумид ташлабон ётмас экансан,
қорага ўрангин сен,
ўйнаб кулгин сен, фашист!
…Бироқ Брест ортида
бордир, бир окоп бордир…
Ўқлар хароб айлаган
алвон рангли бир дўнглик…
Қувноқ газандаларнинг
қонталашган юзлари…
Ва менинг каска билан
тўсилмаган манглайим.
Яланғоч асаб,
унда очиқ турибди қалбим,
Менинг йўл, сўқмоқларим бари ўшанга борар.
Мен қаерда бўлмайин,
ўшал окопдаман мен.
Энг охирги сарҳадим
мени чорлар, шоширар.

БЎРИ БОЛАЛАРИ

Овчи бораверди,
Узоқ-узоқ юрди у чўлда.
Қаерга? Нимага?
Сўраб ўтирмоқнинг ҳозир ўрними?
Бўрини кўрди у ногаҳон йўлда.
Аниқроғи – она бўрини.
Қалин юлғунзорда ётарди жонвор,
Ҳолсиз панжалари чўзилган, бежон.
Ғажилган бўғзидан такрор ва такрор
Шариллаб оқарди лойдай қуюқ қон.
Кимнинг? Бўрими ё итлар? Кимнинг иши бу?
Кўркўз болалари буни билмарди.
Улар талашишиб, тамшаниб ушбу
Чалажон онани тинмай эмарди.
Оч қолган жонворлар эслолмас бошқа,
Ўт ва гиёҳларнинг ҳиди, номини.
Улар ичишарди очофатларча
Совиб бораётган она қонини.
Қасос кирар эди қон билан бирга,
Бу қасос кимга?
Ким бўлса барибир эмас беасос –
Бу қасос!
Қасос олар улар бир-бир ташлашиб,
Гоҳи алоҳида, гоҳ биргалашиб.
Дуч келганларида дашт, қирларида
Қасос олишади бир-бирларидан.
Овчи ўз йўлидан жимгина кетди.
Қаерга? Нимага?
Сўраб ўтирмоқнинг эмас хонаси.
Кетди жонворларга тегмай, –
Уларни
Ҳимоя қилмасди энди онаси…

045

021

Таниқли қозоқ адиби Ўлжас Сулаймонов 1936 йилнинг 18 майида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида туғилди. Отаси Умар ҳарбий хизматчи эди. Oлжас ўрисча мактабда ўрта маълумот олди. Сўнг Қозоғистон давлат университетининг геология факултетини битирди. Бадиий ижодга катта муҳаббат қўйган Ў. Сулаймонов 1961 йилда Москвадаги М. Горкий номли Жаҳон адабиёти институтида ҳам таҳсил олди.
Ў. Сулаймонов бадиий ижоднинг турли жабҳаларида меҳнат қилди. 1962-1971 йилларда «Қозоқфилм» студиясида бош муҳаррир, «Простор» журналида бўлим мудири, 1972 йилдан бошлаб Қозоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси котиби лавозимида ишлади. Қозоғистон мустақилликка эришгач мамлакатнинг Италиядаги элчиси сифатида фаолият кўрсатди. Булардан ташқари турли-туман расмий ҳамда жамоатчилик вазифаларини бажариб келмоқда.

Ўлжас Сулаймонов рус тилида ижод қилади. Лекин қозоқ халқига хос миллий хусусиятларни, урф-одатларни, унинг ҳаётидаги шонли ва оғриқли нуқталарни яхши билади. Шу боис унинг асарлари қозоқ халқининг миллий руҳини теран ифодалаши билан диққатга сазовордир. Шоирнинг биринчи асари — «Арғумоқлар» 1961 йилда дунё юзини кўрди. Шундан кейин унинг «Қуёшли тунлар», «Ажойиб тоб», «Оловнинг кўчиши», «Юмалоқ юлдуз» ва «Аз и Я» каби ўнлаб шеърий, насрий, илмий китоблари чоп этилди.
Ў. Сулаймоновнинг бадиий асарларида қозоқларнинг ўзига хос турмуш тарзи, ўй-фикрлари, ҳис-туйғулари акс эттирилса, илмий асарларида туркий халқларнинг дунё маданияти тараққиётидаги улкан ўрни тарихий далиллар асосида ёрқин кўрсатиб берилган. Ў. Сулаймонов «Аз и Я» асарида, европапарастлар айтганларидай, туркийлар қадимий маданиятга эга бўлмаган қавм эмас, балки дунёнинг энг қадимий маданиятли миллатларидан эканлигини асослади.
0. Сулаймонов «Қойилмисан инсонга, замин» деб аталувчи достони билан дунёга машҳур бўлди. инсон имкониятлари ва иродасига битилган мадҳия бўлган мазкур асарда коинотни забт этган ва жаҳон тақдирида янги босқични бошлаб берган инсон ҳақидаги мушоҳадалар ғоят таъсирчан ифодаланади. Шоир шеъриятидаги қаҳрамонлар — ғурурли, ўз қадрини биладиган, айни вақтда, ўзганинг ҳам қадрига етадиган шахслардир. Улар феъли кенг, танти, фалсафий мушоҳадаларга мойил, чапани ва жўмард кишилар суратида ёрқин бўёқлар, кучли шеърий тимсоллар воситасида жозибадор тасвирланган. Уларда қозоқ халқининг, туркий қавмларнинг тарихий ўтмиши таъсирли лавҳаларда ўз аксини топган.

   Ўлжас Сулаймонов шеърлари Хуршид Даврон кутубхонаси сайтидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish