Ҳикоя, шеър

Дунёни бошқача кўрган модернист шоир Муҳаммад Ғаффор шеърлари.


Marta o'qildi

Дунёни бошқача кўрган модернист шоир Муҳаммад Ғаффор шеърлари.

Бисмиллоҳир Раҳмонир Роҳим
БУ ҲАФА КЕЧА
Ой хўрсинар осмонда
Юлдузлар ҳам эринган
Босиб келар қора тун
Қора ботир керилган

Ой юргиси келмайди
Судрай бошлар булутлар
Ўз ҳолини билмайди
Қаҳ-қаҳ урар манқуртлар

Ой оқади охири
Оқиб кетган сандиқда
Севгилиси Тоҳири
Ой йиғлайди бу кеча
***

Совуқда жунжикиб 
Турибди дарахт
Елкасидан босиб
Турибди қорлар

Жунжикиб кетаман
Бўлиб карахт
Бемалол ўхлаб
Ётибди борлар

Дарахт совуқдан
Қовжираб кулмас
Борларнинг уйқудан
Тургиси келмас

****
Кундуз ўйга чўмар тун яқин
Ҳижрон мени қайларга бошлар
Осмон ўзин дарёга ташлар
Ўқиб борар кичкина осмон

Тафаккурга чўмилган куним
Муҳаббатдан йиғлаган туним 
Оқиб борар менинг осмоним

Осмон ўзин дарёга ташлар
Дарё уни қайларга бошлар
Қитиқлайди осмонни тошлар

Оқиб борар менинг осмоним
***
Ёмғир ҳам тинмади узин кун
Кўксимни парчалаб ёғди-ку
Нимани эслатар бу ёмғир
Осмон ҳам эсидан оғди-ку

Борини синдириб ўй-ҳаёл
Дераза олдидан кетмасдан
Тун бўйи йиғлади бир аёл

Ёмғир ҳам тинмади узун кун
Юракни парчалаб ёғди-ку
Аёл ҳам ётмади ўша тун
Осмон ҳам эсидан оғди-ку

***
Ойлар ўтди ва йиллар ўтди

Сен келмадинг фақат келмадинг
Ярадор қалб барибир кутди
Мен ўлмадим ё сен ўлмадинг

Пешонага ёзилган балким
Севги шундай лаззатли дардки,
Ўлиб кетмас бу дарддан ҳеч ким

Ойлар ўтди ва йиллар ўтди
Осон тўлиб юлдузлар оқди
Сени фақат танҳолик кутди
Мени фақат ҳижронлар ёқди

*****

Кетолмасман сендан узоққа
Сочларингнинг ҳиди уфурар
Қалбим тушган ахир тузоққа
Телба дунё бунча кўпирар

Тополмасман энди осуда
Умрим бўйи йиғлаб ўтарман
Қайга кетдинг жоним Мақсуда
****
Термуламан олис уфққа
Чопиб борар тизгинсиз ҳаёл
Йўлларини тўсар ўйларим
Ухлаёлмай чиқади аёл

Этагини силкитиб виқор
Тунни қоқар битта-битталаб
Тўкилади тоғ бошига қор
Чиқар аёл тунни эркалаб 
****
Саболарда ўйнайди наво
Осмон тўлиб оқади ҳаво
Дунё турур асил чайқалиб
Бунчалар сен дарди- бенаво

Қайдан олдинг бунча қаҳрни
Бунча гўзал бўлмасанг ахир
Адаштириб кетдинг Тоҳирни

Ҳазонрезлар гулчанбар тақар
Кузги боғлар изингдан боқар
Танҳолигинг ўзингга ёқар

Саболарда ўйнайди наво
Осмон тўлиб оқади наво

***
Шалоладек эриб борарман
Ошиғига шунча озорми?
Борми, Баҳорим борми?

Томиримни кўрарсан тилиб
Пойингизга тўшарман қалбим
Юрагимни беармон юлиб
Борми, Баҳорим, борми?

Гуллар ҳайрон, майсалар ҳайрон
Ошиғига шунча озорми?
Жавоб бергин кўзлари жайрон
Борми, Баҳорим, борми?

Гуллар ҳайрон, майсалар ҳайрон...

***
Оғир тун, қурур тинка
Олиб қочди ўй-ҳёлларим
Секингина суяндинг менга

Секигина шивирладинг сен
Қачон тугар экан бу ёмғир?
Бу бахтдан энтикардим мен

Бу бахтдан тўларди бахтим
Суянардик бир-биримизга
Суянч эди энг улуғ тахтим
Қўлларингдан ушладим секин
Лабларингга босдим лабимни
Оққуш каби сескандинг лекин

Бу бахтдан энтикардим мен
Қучоғингда эриб борардим
Бу бахтдан энтикардинг сен

Оғир тун, қурур тинка, 
Ёмғир бизни боғлаган эди
Кўксимизни доғлаган эди
Муҳаббатга чоғлаган эди

Оғир тун, қурур тинка
Фақатгина тушунмас
Биз устига ўтирган тўнка

****
Жуда сени соғиндим жуда

Кўзларимни юлиб қарайман
Уни ахир соғиндим, Худо

Ёлвораман ожиз ва ҳаста
Қўлларингдан ушлаб оҳиста
Кўзларингга кираман аста

Нигоҳларинг ўткир ханжар-а
Чиқолмайман кўзларингдан мен
Киприкларинг турар панжара
***
Кеча узун ва қоп-қора тун
Кета бошлар аста уйқуга
Осмон уни аллалар сокин
Кўмилгандек она қайғуга

Этагини силкитар осмон
Тўкилади юлдузлар дув-дув
Деразада турибсан ҳамон
Қўлларини силкитиб сулув
***
Кетиб борар бир қора шарпа
Орқасидан эргашар қуюн
Кечир мени, кечир бир дафъа

Орқасидан эргашар тинмай
Дарахтларни судраб оёғи
Ой кузатар уни эринмай
Қандоқ бўлар энди буёғи

Нима қилай айт, бебошлигим?
Қандай қилиб йўлини тўсай
Кетиб борар менинг ёшлигим
***
Қурбақалар қуриллар баҳил
Рашк ўтидан сув парилари
Сокингина силкинар соҳил

Чўмилади сойда юлдузлар
Дарахтлар турар тескари
Тепасида турар илдизлар

Чиқиб келар ой аста сойдан
Эринмасдан она табиат
Қип-яланғоч турган ҳилолнинг
Ҳайкалини ясайди лойдан

Уйқудан чарчаган қушлар

Шеър излаб беҳуда чопмагин шоир,
Қўллари қирқилган одам катта шеър.
Тилини ҳам қирқиб ташласа агар,
Ўқлов томирингдан чиқиб кетар тер.

Манглайида ўтин ёрса бўлади,
Ҳар кун кўзларда яшайди болта.
Ҳар кун тирилади,ҳар кун ўлади,
Мана керак бўлса шеър тўла халта.

Беҳуда шеър излаб чопмагин шоир.


***

Илҳом Аҳрорга

Мардикор бозорида
Куни ўтарди
Хожатхона қазир
Ўра қазирди

Хотин топганини
Ямлаб ютарди
Ўзидан ўзининг
Кўнгли озарди.

Ярим тун қайтарди
Кўксини тилиб
Нобутни тобутга
Қофия қилиб.

Июль. 1987 йил.


Занжирларнинг шиқирлаши
Кишанларнинг чиқиллаши
Дўстларимнинг шивирлаши

Ҳаммаси ёқар менга
Пишиллаб ухлаётган
Одамдан бошқа...

Август 1979 йил.

Ой ёлғиз
Сен ёлғиз
Киприкларинг
Бунча кўп
Декабр 1983 йил

 


***

АННА АХМАТОВА
Қабристон
Қирчиллама аёз
Қовжираган совуқ

Қиличдек –
Ялтираган ҳаво
Тип-тиниқ ўлим
Декабр 1987 йил.
***
Ву ерларда
Уруш бўлган
Энди буғдой экишаркан
Пахта экиишган
Полиз экишган

Тарвузлар
Юмалаб ётар
Одамларнинг
Бошига ўхшаб.
Сентябр 1987 йил.
***
Қабристонда

Ситилиб кетса ҳам,юраклар
Йиғлашни билмайсиз,тераклар.
Ноябр 1983 йил.
***
Қуёшни
Гулга бос
Сачраб кетсин
Гулнинг ифори
Сачраб кетсин ёғдулар
Осмон оғзин очсин
Юлдузларнинг куйсин кўзлари

Дарахтлар
Гуллаб юборсин
Заминнинг айтилмаган
Сўзлари

Кеча шоир ўлди
Шу қуёшни деб...
Август 1979 йил.
***
Тонгга айт

Гулларни қўрқитиб юборди хўроз
Бинафша титраб турар
Мени севиб қолган
Қизчага ўхшаб. Июн.2001 йил.
***
Қанча ерга ўрсанг
Кўкка сапчийман
Мен заминдан
Оламан қувват

Замин учун
Ўксийман
Замин учун
Ўламан фақат
Март 1987 йил.
***
Юлдузлар чақирар
Кўзларини қисар юлдузлар
Қўллари йўқ юлдузлар
Кўзларини қисар.
2
Кучигим
Туни билан
Йўталиб чиқди.
3
Ой
Муздек
Қиш кунлари.
Декабр 1987 йил.
***
Шоирнинг
Ҳаёли –
Ойни ўпади

Шоирнинг
Аёли
Таппи ёпади. Июн 1973 йил.

***
1
Тунни
Писанд қилмай
Кетиб борар
Чумоли.

2

Юлдузларни
Оралаб
Сузиб борар
Ой.
3
Дарахтлар
Хўрсиниб
Қўяр.
Сентябр 1983 йил.

***
Дарахтда
Ўрмалаб борар
Чумоли

Тушиб қолган
Бошдан рўмоли.
1981 йил.
***
ЖОН ПОЛ САРТР

1
Кўп нарса йўқотдим
кўп нарса топдим.

нимани йўқотдим
нимани топдим.

ичимда юлдуз бор
ичимда қуёш
бўйнимда
ялтироқ қилич.

ой ҳақида эса
тасаввурим
бошқача.
***
2
Ҳар нарса ҳеч нарса эмас
севги севги эмас.
оҳ-воҳ ҳеч нарса эмас
куйиб ёниш ҳаммаси бекор.

қуёш қуёш эмас
ой ой эмас
юлдузлар –юлдуз эмас
малекулалар малекулалар

сени севишимни
ҳеч кимга айтма...
3
йиртилган
қоғозни
ғижимлашим
шартми.
Июл.1991 йил.
***
Армони,дардлари
куйланса

шоирнинг ҳаёти
тушади изга

онаси кўрсатган
қизга уйланса.
Июл. 1973 йил.
***
Қиш
чирсиллаб
синаётган
товуш.
***
Узоқдан
келаётган
Ой
***
тунни
чайнаётган
чумоли
Декабр 1979 йил.
***
Эртага
бошимда
оппоқ гулларни кўтариб
онамни қўтлаш учун бораман

онам лабларини босар
кўз ёшлари билан артар.
бармоқлари билан тарар
оппоқ гулларни.

миямда эса
қоп-қора гул
пул.
Март 1987 йил.
***
Фақат
мени тушинади
иккита дўстим

Сандал
Стендал...
Ноябр 1987 йил.
***
Ой –
қишлоқни
оралаб

нимани
излаяпти

қудуққа
тушиб кетса-я
Сентябр 1973 йил.
***
Автобиография
Дўстларим чарчамади отавериб тош,

Мен фақат йиғладим,мен фақат кулдим.
Тангримдан бошқага эголмадим бош,
Мен фақат туғилдим,мен фақат ўлдим.
7 ноябр 1989 йил.
***
Бизга
тақлид
қилар

девонда
ўтирган
мушук 
*** декабр 1983йил.
Нимадир яқинлашиб келар,
Бу кўнгил нимани тусади.
Сентябр,октябр,ноябр
Юлдуз кўзларини қисади.

Ҳамма нарса етар,ҳамма нарса бор,
Юракка сиғмайди аммо бу тўқлик.
Аждаҳо мисоли ютоқиб келар,
Оғзини очганча мен кутган йўқлик.
7 ноябр 1983 йил.
***
КУЗ
Эрининг
айбини
яширган
аёлга ўхшаб

тип – тиниқ
ховуздаги
сув. Ноябр 1979 йил.
***
ЁЛҒИЗ БЎРИ
Менга
дўст керак эмас
у барибир сотади

менга
хотин керак эмас
рашк ўтига отади
менга душман керак
ўлганимда
қувончларга ботади.
Июн 1987 йил.
***
ҚОРА ҲАЁЛ
Булутларга босасан
юзингни
осмоннинг доғлари
кўпайиб борар
севги бу сесканиш халос

уйғониб кетади қўққисдан
осмонда учиб юрган одам.
сесканиб кетади коинот
чақмоқ чақар дамбадам.

ой
ўрмалаб
борар
август 1987 йил.
***
1980-йиллар
1
Эй,сақов сукунат жавоб бер менга,
Саодат тожини синдирган ўлим.
Рухимда чексизлик анграяр сенга,
Қаламни ушлашга бормайди қўлим.

Наҳот пешонамга битилган ажал,
Наҳот қўлларимда занжир,кишанлар.
Мени дор тагига етаклар дажжол,
Наҳот ўлимимни дунё нишонлар.

Яланғоч саҳнада қалтирар орим,
Мўғулхон қаёқда,Ўғиз қаёқда?
Тепамда тебраниб турибди доринг,
Темурбек қаёқда?Чингиз қаёқда?
2

Чидаб бўлмас ахир туннингқаҳрига.
Қиёмат туйнигидан қора қор ёғар.

Наҳот сен йўқсан,наҳот сен борсан
Эй, сўқир салтанат,эй,совуқ ўлим
Наҳот пешонамга тортилган дорсан. Декабр 1980 йил.
ҲАЙКАЛ
Тепаликда
ўтирар 
қўнишган она

бойчечаклар
сузиб юрар
чевараларга ўхшаб
Июл 1979 йил.
***
Дўстим Хошимжон Мирзааҳмедов хотирасига
Дўстим 
сен кетдинг
юрагим яра

кундуз куни ҳам
ой чиқибди
қара
Сентябр 2008 йил 11-ноябр.
***
Осмоннинг
бурчагида
осилиб турган булут
бунча эзмаса 
Март 1987 йил.
***
МИНБАР
Пахта
экилмаган
жой апрел 1983 йил.

***
Асқар Маҳкам хотирасига
Зардоб ютдинг
қон ютинг
шеър бўлиб ўтинг
шоир бўлиб ўтдинг.

бугун –
барига қўл силтаб
Шавкат Рахмоннинг
ёнига кетдинг. Декабр 2007 йил.

***
Жон дўстинг сотди
Қон дўстинг сотди
Қўсурлар сотди
Иллатлар сотди

Ўзимники
Деб юрганинг
Чала
Миллатлар сотди ноябр 2007 йил.
***
1
Чидаб бўлмайди
бундай бахтни кўриб,
соғиниб кетасан
бахтсизликни.
2
гул бергинг
келади
бахтсизликка
бир даста 
чиройли гул
бахтсизлик
энди
ўлиб қўтилар.
3
Аёз қўшиқ
чирсиллаган қўшиқ
жон томиримни қирқаётган

айниқса
ой чиқиб турса
юлдузлар томаётган бўлса. апрел 1981 йил.
***
Кимга эргашай
ҳеч ким йўқ
кимни эргаштирай
ҳеч ким йўқ

чуваланиб бораётган
ўйларимнинг
орқасидан
кетиб бораяпман

ҳайратланиб қарар
мен тамон
тишлари йўқ
тип-тиниқ осмон. Май 1973 йил.
***
САРОЙДА
Ҳамма нарса
теп – текис
ҳамма нарса
сип – силлиқ

фақатгина
эгри кўринар
ҳар қадамда
қилинган қўллиқ. Июн 1973 йил.
***
Мен боримни йиртиб ташладим,
Мен боримни йиртиб ташладим.
Йиртиб ташладим ўзимни ўзим,
Сени йиртолмадим шеърият.

Ўтмасдир олдингда ханжарнинг тиғи,
Қудратли оловсан юракнинг чўғи.
Бир парча қағозсан бор-у йўғи,
Сени йиртолмадим шеърият.

Нокасни туртдим,касни туртдим,
Буюкни туртдим,пастни туртдим.
Сен менинг онамсан,сен менинг юртим,
Сени туртолмадим шеърият.

Сени йиртолмадим шеърият. Июл 1999 йил.
***
ҚОРА БУЛУТ
Қора булут бостириб келар,
Қора булут қийнайди ёмон.
Не ўтганин билгим ўзимдан,
Қора булут кел омон – омон.

Чиқолмайман уйдан ташқари
Қора булут бостириб келар,
Мўғулларнинг сўнги лашкари. Феврал 1979 йил.
***
Ёлғизоёқ
йўлнинг
охирида

кутиб
турар
ой июн 1973 йил.
***
Уй бўлса
уйда ҳеч ким
бўлмаса

доҳолардай
сезсанг ўзингни

Жойс каби
тўйиб ичсанг
Хеменгуйидай
отсанг ўзингни. Ноябр 1979 йил.
***
Қоп-қора гулларни
яхши кўраман
қоп-қора атиргул
нега ўсмайди?

қоп-қора аждоҳа
тўйиб куламан
қоп-қора даҳони
кўнглим қумсайди

ҳеч ким
кўрсатмаган
йўриғи қани?
қоп-қора гулларнинг
уруғи қани? Июн 1979 йил.
***
Мовий осмон,тип-тиниқ осмон,
Ой югирар у ёқдан бу ёқ.
Юлдузларни тинглайсан ҳамон,
Юлдузлардан тўкилар бу ёқ.

Титраб турар узун тераклар,
Хотиранинг йўли нотекис.
Ўйноқлай бошлар юраклар,
Бирдан чўчиб тушасан илкис.

Бирдан кўзинг тушади толга,
Тол тагида ўлтирган чолга. Январ 1979 йил.


*** 1
Чинқириб қон оқар томирларимдан,
Йўқотганим ўзинг,борим ўзингсан.
Қайга ҳам борардим мен сендан тониб,
Ерим ҳам ўзингсан,дорим ўзингсан.

Суянган дарахтим ёлғиз шеърият,
Ойнинг соҳилида ғунчалар терган.
Келинчак қўйнига кирган ҳурият,
Кўкдаги юлдузни бенарвон урган.

Тўкилган тунларни синдирган шамол,
Эпкин эмчагидан эмган бойчечак.
Турма туйнигидан бўйлаган ҳилол,
Қодирийни ястиқ қилган келинчак.
2
Эй,воқиб Оллоҳим,суянган тоғим,
Садоқат тахтида ўртанган кўнгил.
Озон овозида уйғонган боғим,
Озон овозига кўмилган эй,дил.

Титраган,қақшаган авом чексизлик,
Тўкилиб бормоқда кундан-кун рухим.
Дунёни тўлдириб оқар ҳиссизлик,
Мўғилхон,Ўғизхон,Чингизхон мавҳум.
3
Туркий тумонатдан ҳавотир келар,
Араблар,форсийлар гала ва ғовур.
Ватан тушинчаси кўксимни тилар,
Ватан тушинчаси оғир тасаввур.

Мавҳум салтанатнинг сири султони,
Ҳаёлан бошимни қўйдим пойингга.
Қаранг бу дунёда ҳамма мўлтони,
Илтижом.. қориштир мени лойинга.

Кўзимни куйдирар ялтироқ башар,
Ишқ –деб аталган,ишқ сен ўзинг паноҳ.
Ҳаммаси ўткинчи саробга ўхшар,
“Умидим боримни сундирма Оллоҳ”.
Рауф Парфи сатри. Июн 2003 йил.
***
Кунни йиртиб бораман аста,
Найзасини санчади қуёш.
Гуллар салом берар оҳиста,
Чақолоқнинг ёноҳида ёш.

Дунё ўзи экан ғаройиб,
Мен сени деб,яшадим гулим.
Кундан кунга борар торайиб,
Қабристонда тугайди йўлим.

У ёғига ўзингсан паноҳ.
Тобутимни кузатиб борар,
Бу дунёни тўлдирган гуноҳ. Июн 2003 йил.
***
ЮЛДУЗСИЗ ОСМОН
Сен йўқ
ҳеч ким йўқ
тақир дунё

чумоли
суянган
фақир дунё

чексизлик
кўзимга
ботар

гўшти йўқ
лағмондай
чўзилиб ётар. Июл 2003 йил.
***
ДЕРАЗА ОЛДИДАГИ АЁЛ
Бошингни қўясан совуқ саҳнага,
Вужудингда оқар муздек тиниқлик.
Буйсинмай қўяди вужуд танага,
Бу қандай синиқлик, гўзал синиқлик.

Отасан ўзингни ҳаёл қўйнига,
Никоҳ узугига ўхшайди дунё.
Осилиб оласан унинг бўйнига.

Қандай бахтиёрсан ўртада бешик,
Севгилинг сочингни силайди аста.
Бирдан таққилаб қолади эшик,
Очасан гуёки юз йиллик ҳаста. Август 2003 йил.
***
Уйи йўқ
жойи йўқ
сочлари –
оқарган одам

инон,инон,инон
сени биздан кўра кўпроқ
севади Ватан. Июн 1987 йил.

***
Шодликдан шеър битиб бўлмас,
Фақат қўшиқ айтса ярашар.
Шоирлар йиғлару кулмас.
Артистлар сочини тарашар. Июн 1999 йил.
***
Севгимга санчилган аламни аяб,
Титрайди умиднинг заранг томири.
Бунчалар ожизман бунчалар ё,раб,
Рухимни синдирар кузнинг ёмғири

Ялағоч дарахтлар пинжига олар,
Иложсиз боқади пойимда ҳазон.
Сўқмоқлар ортимдан мулдираб қолар,
Бирдан сергакликни сепади озон.

Эй, қодир Оллоҳим сен мени кечир,
Ҳиёнат даштида қовжираб битдим.
Хотират дафтарин онгимдан ўчир,
Ўзимни-ўзим ямламай ютдим.

Дўст деб тутинганим олди,бердилар,
Руҳимга тузим бер,жонимга паноҳ.
Ахир сендан бошқа кимим бор Оллоҳ. Ноябр 1999 йил.
***
БУГУН
Ҳайқирар, ҳайқирар тўда оломон,
Мени ғижимлайди қандайдир ўйлар.
Ҳамма ҳақиқатгўй адолатпеша,
Унда Қодирийни сотганлар кимлар. Сентябр 1980 йил.
***
Эркинликка йўлсан вужудим,
Ватан сўзи ботар кўзимга.
Мен ким эдим, ким бўлиб қолдим,
Келолмайман бугун ўзимга.

Туфураман мен сенга тақдир,
Тўлиб кетди бу юрт низога.
Ўз юртингда қул бўлиш оғир,
Эргашаман Бобур Мирзога. Июн 1979 йил.
***
АЙРИТОМИЙ
Кетиб борар
аста-аста
одимлаб
Ватани бор
одамдай май 1989 йил.
ТУН
Ваҳима руҳимга найзадай ботар,
Калака қилади қарғалар саси.
Кенгликлар қоп-қора тобутда ётар,
Қайдандир эшитилар ойнинг нафаси.

Қабоҳат қақшайди қонсираб,
Қайдадир юлдузлар чуғирлар.
Ҳирсимни минаман хансираб,
Ким-кимнинг бахтини ўғирлар.

Керишаман,эснайман кулмайман,
Оғзимни очаман бодомдай.
Қайга боришимни билмайман,
Турмадан чиққан одамдай. Сентябр 1973 йил.
***
Оппоқ қор
устида
қора мушик

нима қилишини
билмай
қалтирар
қор
чайқалгиси
келар
итнинг
кўзларида. Январ 1999 йил.
***
Осмон йўқ,замин йўқ қоп-қора,
Эшик ҳам ортимдан ёпилган.
Бу қандай жароҳат,бу қандай яра,
Ижодкор аҳлидан топилган.

Ўлиб ўлолмайсан алҳазар-алҳазар,
Мансабу манфаат ҳаммаси талаш.
Бу қандай дунё,бу қандай бозор,
Ўлигинг устига қўядилар тош. Июл 1979 йил.

***
Қашқадарё
Абдулланг титратди жумла жаҳонни,
Жуманиёз Нормурод қўшиқ оҳангни.
Муҳаммад уйғотди туркий Туронни,
Поён Равшан бошлаб келар Соҳиб Қиронни.
***
Ўғирлагим келар шеърларингизни
Хосиятга

Ўғирлагим келар шеърларингизни,
Шеър ўғирлаб ўқимоқ,  о, қанчаллар лаззат.
Жавоҳирдай тузилган дурларингизни,
Ўғирламоқ ўзи катта машақат.
Сизнинг дунёнгизга киргим келади,
Метафара ташбеҳлар тергим келади.
Қўчқор сўйиб меҳмон қилгим келади,
Ўғирлагим келар шеърларингизни.
***
Қашқадарё
Қизғалдоқлар кўзимни ёқар,
Туёғидан ўт чақнар отлар.
Қашқадарё тўлғаниб оқар.

Сариқ илон сапсариқ илон
Пешонамга қадалган қуёш
Қашқадарё тукилган кўз ёш.

Ўтмишларга етаклар ўйлар
Семиришар талашиб ўтлар
Қурбонликка аталган қўйлар.

Қашқадарё чўлғаниб оқар
Қашқадарё тўлғаниб оқар.
2
Сен-ку менга қадалган ҳанжар,
Сен-ку менинг кўзимни уйган.
Вужудимга чирмашган аждар,
Сен-ку мени бепичоқ суйган.

Адаштирган сахрода чексиз,
Умидимни етаклаган куй.
Ҳамма нарса ҳаммаси изсиз,
Нураб борар минг асрлик уй.

Олисларга чархланган эй,дил,
Чумолидек безовта эй,сиз.
Сен-ку мени туйдирган жондан,
Сен-ку мени ўлдирган тиғсиз.
3
Айтсанг шу кун дорга осарлар,
Суратингдан доҳо ясарлар.

Доҳо ўлиш мумкинмас дейди,
Ўлдиришиб ғамангни ейди.

Қотиб қолган шу тоғлар жонинг,
Қизғолдоқлар қип-қизил қонинг.

Кетиб борар оёқсиз дарахтлар,
Оёғингга осилиб боринг.

Ҳилол сени имлаб чақирар,
Кўрсатаман: зулмат бақирар.

Эргашади қопқора қуюн,
Гуё кимдир қилмоқда ўйин.

Қашқадарё жимирлаб оқар,
Вужудимга нишлари ёқар.
***
1
Р.Б.га
Ўрмалай бошлайди
Зокирнинг ошхонасида
Шарқнинг вафодор ити
Овозсиз ҳурар
Овозсиз...
2
Тонг зулматни ҳайдар
Тўртинчи қаватдан
Тушиб келар
Вафодор ит
Кўзлари милдирар
Кўзлари жавдирар
Одамнинг кўзларига ўхшайди
Бу кўзлар.

Шоирнинг 
Кўзларига
Ўхшайди.
3
Шарқнинг
Бўйнига осилган маржон
Муҳаррирнинг бўйнига осилган

Оқсоқланиб чиқиб борар
Вафадор ит
Тўртинчи қаватга

Шоирни отиш учун
Шоирни сотиш учун.
***
Ой кулди 
жимжима қўшиқлар 
сочилиб кетди
ой йўталди
деразанг ланг
очилиб кетди
ой хурсинди...
***
ТУН
Бойўғлининг уяси
ёмғирлардан хароба
тунни ортиб боради
девлар тортган арава

қора булут кўзингга
қўйилгандай суртилиб
чақмоқ чақар яшинлар
осмон кетар йиртилиб.

девлар тортган арава
борар рухинг пачақлаб
ўхлаёлмай чиқасан
ёстиғингни қўчоқлаб.
***
Матназар Ҳакимнинг қабри қуримай,
Бу қандай қиёмат бўлди Хоразм.
Соғинчдан сел бўлиб келдим бағрингга,
Мадамин Қўчқоринг қани? Хоразм.
***
Замон дўқларингдан қўрқмайман сенинг,
Ёмғирдай ёққан ўқларингдан қўрқмайман сенинг.
Бўйинбоғ таққан йўқларингдан қўрқмайман сенинг,
Оллоҳдан қўрқаман,Оллоҳдан фақат.
***
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Муҳаммад Ғоффор Абдуғоффор Қулмуродов 1955 йил 7 ноябрда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Дўрмон қишлоғида туғилган. “Товушсиз қушиқ” 2001 йилда, “Сукунат соҳили” 2005 йил, “Чўмилаётган дарё”, “Қора табассум”2006 йил шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Шеърлари инглиз, олмон, ҳинд,ассам, рус тилларида, ҳусусан,  Ҳиндистонда ва бошқа хорижий мамлакатларда чоп этилган.2008 йилда “Илон балиқ ва  2011 йилда  “Қуш тили”  каби тўпламлари жаҳон шоирлар антологиясига ҳам киритилган. Унинг шеърлари 2008 йил Ҳиндистонлик истеъдодли шоиранинг  инглиз ва ҳинд тилларида чиқадиган “Критья” веб журналининг бош муҳаррири Рати Соксина тамонидан   журналда эълон қилинган. Шунингдек Муҳаммад Ғоффор шеърлари 2008 йилда Ҳиндистоннинг яна бир машҳур шоири ва олими доктор Праяк Сайкина тамонидан инглиз ва ассам тилига ўгрилиб Ҳиндистонда ўтказиладиган Жаҳон шоирлари фестивалига тақдим этилган. Ва “Даinik janambnumi” журналида эълон қилинган. 2015 йилда эса Россиянинг Сан Петрбург шаҳрида чиқадиган “ Звезда” журналида Евгений Абдуллаев тамонидан рус тилига ўгрилган туркум шеърлари эълон қилинган. Муҳаммад Ғоффор рамз тимсолига кўп мурожаат қиладиган шоир.У асосан инсон сийратидаги зиддиятли нуқталарни ..образларда гавдалантиради.
Ўтмиш.бугун. келажак тўғрисида мулоҳаза юритиш, одамларни бедорликка чорлаш.. шоирнинг севимли усулларидан биридир. У ўзбек модерн шеъриятида ижод қилади.

- - -


< Orqaga qaytish