Хабар

Шоир Муҳаммад Ғаффорнинг энг сўнгги мактуби..2016 йил


Marta o'qildi

Шоир Муҳаммад Ғаффорнинг энг сўнгги мактуби..2016 йил

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси
Хайриддин Султоновга очиқ хат

Қадрли Хайриддин ака!.
Мен шу вақтга қадар ҳеч бир раҳбарга очиқ хат ёзган эмасман. Айни даврда хат ёзишдан бошқа чорам йўқ. Гап шундаки, қандли диабет хасталигига чалиниб, аҳволим оғирлашганидан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги поликлиникага мурожаат этдим. Поликлиника бош врачи ўринбосари уюшмага сим қоқди, кадрлар бўлими раҳбари билан гаплашди ва менга: “Ёзувчилар уюшмаси аъзоси эмас экансиз. Шу сабабдан сизни даволай олмаймиз. Шунчаки, диагноз қўйишимиз мумкин” деди. Диагноз қўйилгандан кейин у киши ваҳимага тушди. “Аҳволингиз ёмон. Кома ҳолати бошланиши мумкин. Уйингизга телефон қиламан. Ёлғиз кетсангиз ўта хавфли!” деди. Қизимни олдирдилар. Уйимга қизим етаклаб борди. Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганимда эди менда ҳам бепул даволаниш имконияти туғиларди. Ҳозирги даврда айнан шу ҳуқуқдан маҳрумман.
2006 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига номзод сифатида рўйхатга олинганман. Ҳужжатларимни, китобларимни таниқли насрнавис, шоир ва олим Улуғбек Ҳамдамга берган эканлар – ижобий тақриз ёзибди. Шундан сўнг ҳам аъзолик масалам савол остида қолаверди.
Таниқли адиб Муҳаммад Али 2013 йилнинг 15 февралида иш бошлагани Сизга маълум. Янги раис ижодкорларни хуш муомала қилиб, кутиб олаётганидан, дардларини эшитаётганидан хабар топдим. Мен ҳам қабулига кирдим ва Муҳаммад Алини табрикладим.
Раиснинг холислигига, ҳақиқатпарварлигига ишонган ҳолда мен ҳам ариза ёздим. Ўз аризамда кўп йиллардан бери уюшма азолигига қабул маросимларини кутиб юрганимни баён этдим. Очиғини айтганда, Абдулла Орипов Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлаган даврларда таниш-билишликка кенг имконият яратилган эди. Ўртамиёна қаламкашларнинг кўпчилиги айнан шу даврда профессионал ёзувчилар даврасига суқилиб кирдилар. Мен бу тоифадагиларни адабиётимизга тушган қурт, дейман. Бинобарин, Абдулла ака ҳамкасблари назаридан қолганига оғринмаслиги лозим. Чунки, Оллоҳ ҳамма нарсани кўриб турибди.
Муҳаммад Али китобларимни ўқиб чиқиб: “Мен бунақа шоир борлигини билмас эканман” дебди. Яқин кишиларининг айтишича, қайси даврага борса, мени мақтаб юрар экан. Ҳамиша: “Сиз рўйхатнинг биринчи номерида борсиз!” деган. “Қабул маросими ўтказилса бас, қўлингизга ҳужжатни оласиз” дер эди.
Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасидаги гапларни менга тавсиянома ёзиб берган шоирлар – Миразиз Аъзамга, Баҳром Рўзимуҳаммадга айтдим. Баҳром Миразиз акага қўнғироқ қилиб: “Муҳаммад Ғаффорнинг аҳволи оғир. Уюшма аъзоси бўлганида бепул даволаниши мумкин эди. Шу масалада раиснинг кабинетига кирайлик!” дебди. Улар қабулга кирганларида Муҳаммад Али шундай деган: “ Мустақиллик арафасида уюшма аъзолигига Қабул маросими ўтказилади. Мен Муҳаммад Ғаффор номзодини қўллаб-қувватлайман. Мен сизларнинг тарафингиздаман. Лекин шоир Мустақиллик мавзусида қандай публицистик мақолалар ёзган, қабилида саволлар берилиши мумкин. Шунинг учун унга айтингларки, Мустақиллик мавзусида публицистик мақолалар ёзсин.”
Баҳром Рўзимуҳаммадга юзланиб: “Баҳромжон! Муҳаммад Ғаффор дўстингизга мақола ёзишда ёрдам беринг!” деган. Шунда у: “Муҳаммад Али ака! Муҳаммад Ғаффор уюшманинг Шеърият кенгаши тарафидан аъзоликка тавсия қилинган. Шеъриятига баҳо берилиши керак. Публицистика кенгаши тарафидан тавсия қилинганида эди, гапларингиз ўринли бўлур эди” деган. М.Али: “Майли. Барибир мақола ёзсин. Ҳамма нарса бизларга боғлиқ эмас” дея имо-ишора қилиб қўйган. Миразиз Аъзам шундай деган: “ Мен Муҳаммад Ғаффор шеърияти ҳақида мақола ёзганман. Унга тавсиянома берганман. У аллақачон уюшма аъзолигига қабул қилиниши жоиз эди. Шунга арзийди. Касалликка чалиниб, қийин аҳволга тушган экан,аъзолик масаласини ҳеч кечиктирмасдан ҳал қилмоқ керак”. Раис буларнинг икковини ҳам ишонтирган. Улар менга телефон қилишиб, кўнглимни кўтаришди.
Уюшманинг Шеърият кенгаши раиси Маҳмуд Тоир билан бир неча маротаба суҳбатлашганман. Ҳар гапида: “Ижодингиз ҳақида ижобий фикрдаман. Қабул маросими бўлсин – фикримни айтаман” дер эди. Китобларим ва матбуот материаллари Шеърият кенгаши аъзоси шоир Эшқобил Шукурга топширилган экан. Эшқобил ҳам ижобий фикр-мулоҳазалар билдирибди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири Сирожиддин Саййид қабулига кирганимда: “Ҳаммамизнинг фикримиз яхши. Матбуотда кўриниб турмоғингиз керак. Газетамизга шеърий туркум беринг” деди. Туркум тайёрлаб бердим. Қисқа муддат ичида газетада эълон қилинди.
Мамлакатимиз Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китобларини қизиқиб ўқиб чиққанман. Шу китобда Президент ўзбек шоиру ёзувчиларини халқаро миқёсда танилиши зарурлигини таъкидлаганлар. Олий раҳбар таъкидларига жавобан Ҳиндистон матбуотида шеърий туркум чиқаришга эришдим. Шеърларимни таниқли шоир Праяг Сайкиа инглиз тилидан ҳинд тилига ўгирган. Ва мени жаҳон шеърияти фестивалига тавсия қилган. Ўша янгилик шеърий туркумим билан биргаликда “Ҳуррият” газетасида ёритилган. Иккита халқаро антологияга шеърларим киритилди. Шеърларимни жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ўқидилар. Жумладан, дунёга машҳур америкалик шоир Кристофер Меррил шеърларим тўғрисида хурсанд бўлиб гапирди. Дўстлик рамзи сифатида бирга сувратга тушдик. Суврат матбуотда чиққан.
Ижодим тўғрисида Адҳамбек Алимбеков, Миразиз Аъзам, Баҳром Рўзимуҳаммад, Шукур Жаббор, Умид Ёқубов каби олим ва шоирлар таҳлилий мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилдирганлар. Айниқса, Шукур Жаббор “Сирли табобат” газетасида шеъриятимга юксак ва холисона баҳо берган. Уюшма раиси Муҳаммад Али эса Шукур Жаббор билан баҳслашиб, ушбу нашрни ёпиб ташланишига ҳисса қўшган. Аниқроғи агентликка айтиб ёптириб ташлаган. Мен ижодим ҳақида шу вақтга қадар бирор бир танқидий фикр эшитмадим. Аксари ижодкорлар ҳаттоки Ёзувчилар уюшмаси аъзоси эмаслигимга ишонишмайди ҳам. 
Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларининг қатъий сўзларини эшитиб, хотиржам бўлдим. Уюшма ҳужжатини қўлга киришим биланоқ бирор касалхонада ётиб даволанаман, деган қарорга келдим. Чунки, лафзнинг муқаддаслигига доим ишониб келганман. Менга Президентимизга содиқ, Президентимизни ишонтира билган шоирлар қасам мақомидаги лафзларини рўбарў қилмоқда эдилар.
Жорий йилнинг 26 августида Ёзувчилар уюшмасига бордим. Раис Муҳаммад Алига учрашдим. Муҳаммад Али “Ҳаммаси жойида!” деб яна мени хурсанд қилди. Уйимга бориб, телефон қўнғироқларини кута бошладим. Менга шундай туюлардики, уюшма раҳбарлари бирваракайига мени табриклаб, қўнғироқ қилишади. Аммо, кўп кутишга сабрим чидамади. Эшитдимки, қабул маросими ўтказилган. Тўрт нафар ижодкор Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, уларга ҳужжат топширилган. Мен эса буларнинг орасида йўқ эканман.
Кайфиятим тушиб жуда хафа бўлдим. Ҳаттоки, қаҳр-ғазабимни қоғозга сочиб, нималарнидир ёзиб ҳам қўйдим. Сўнг ўйлаб кўриб, шундай хулосага келдимки, уюшма раиси Муҳаммад Али, уюшма раисининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саййид, уюшма Шеърият кенгаши раиси Маҳмуд Тоир ва бошқа масъул шахслар мени алдаб нима фойда кўришади? Уларнинг виждонлари қийналмайдими ахир? Балки воқеа бутунлай бошқача тарзда рўй бергандир? Муҳаммад Али аъзоликка номзодлар рўйхатини олиб борганида Президент девонида ишлайдиган кимдир менинг номзодлик мақомимга қаршилик кўрсатгандир?
Шеърият кенгаши аъзоларидан бири ( Исм-фамилиясини ошкор қилишни лозим топмадим) шундай дейди: “Биз йиғилишиб, уюшма аъзолигига номзодларни холисона муҳокама қиламиз. Кўп овоз олган номзодлар охирги тасдиқ учун умумий рўйхатга киритилади. Тасдиқдан ўтганидан сўнг биламизки, биз маъқуллаган номзодлар четга суриб ташланган. Умуман, муҳокамага қўйилмаган номзодлар уюшма аъзолигига суқилиб кирадилар.”
Шахсан мен ўзим қабул маросимлари баённомасини текшириб чиққаним йўқ. Лекин шуни айтишим мумкинки, мендан кейин ариза берган Бобур Алимов, Баҳодир Худойбергановлар қисқа муддатда уюшма аъзолиги ҳужжатини олишди. Уларни заррача камситмаган ҳолда айтишим мумкинки, бирор насрнавис ёки адабиётшунос олим Б.Алимов, Б.Худойберганов ижоди ҳақида мақола ёзмаганлар. Қайси мезонларга кўра икки қаламкаш бир мажлисда уюшма сафига ўтиб кетганлиги менга қоронғи. Уюшманинг шундай аъзолари борки, Тошкент адабий муҳитида исм-шарифи қулоққа чалинмаган. Сўраб-суриштирсангиз ўша “қаламкаш” ва “қаламқош”лар бизнес соҳасида жавлон ураётган бўлиб чиқадилар. Ўшаларнинг “ижоди” Дўрмон уйида мириқиб дам олишдан нарига ўтмайди. Бу хусусият Сўз дунёсини булғаш эмасми ахир?!
Мамлакатимизда демократия ҳақида кўп гапирилади. Бинобарин, Ёзувчилар уюшмасига дахлдор Қабул маросимлари адабий жамоатчиликдан сир тутилмаслиги лозим. Қайси номзод қайси сабабларга кўра Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан четга сурилгани очиқ айтилмоғи шарт. Чунки, Конституциямизда ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш, ахборот тарқатиш ҳуқуқлари қонуний асосда белгилаб қўйилган. Таъкидлайман: ҳақиқат ошкор қилиниши керак. Шундагина шубҳа ва гумонларга заррача ўрин қолмайди.
Юқорида Муҳаммад Алининг Мустақиллик мавзусида публицистик мақолалар ёзиш борасидаги талабини изоҳлаб ўтдим. Фикримча, айнан Мустақилликка бағишланган асарларда баландпарвоз, “қизил” иборалар кўп айланиб юради. Дейлик, отамиз ва онамизни барчамиз севамиз. Лекин меҳру муҳаббатимизни пеш қилавермаймиз-ку ахир? Ва муқаддас туйғуларимизга таъма аралашмайди. Яъни, ота ва онамизни севганимиз учун улардан бирон нарса ундириб олиш пайида бўлмаймиз. Агарда шундай бўлса туйғунинг қалбакилиги ойдинлашади. Фарзанд меҳру муҳаббати тил учида юрмасдан юракнинг туб-тубларида илдиз отмоғи қонуният ҳисобланади. Шунга қиёсан айтганда, Ватанга, Миллатга муҳаббат ҳар кимнинг амалида акс этмоғи лозим. Буларни жамлаган ҳолда айтиш жоизки, мамлакат Президентининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китоблари биринчи навбатда ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари фаолияти учун дастуриламал бўлмоғи керак. Минг афсуски, биз реал ҳаётда бунинг тескарисини кўриб турибмиз.
Факт ва рақамларга мурожаат этмоқчиман. 2013 йилнинг 20 ва 21 август кунлари бутун дунёда нуфузли Гёте институтининг Тошкент филиалида “Таржимонлар ҳаракатда” номли икки кунлик семинар ўтказилди. Семинарда машҳур турколог олима, Ҳумбольдт университети Ўрта Осиё маданияти ва тиллари институтининг раҳбари профессори Ингеборг Балдауф ҳам қатнашди; маъруза қилди. Семинарнинг иккинчи кунида Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими масъул котиби Адҳамбек Алимбековга: “Сиз бошқараётган бўлим ташкил этилганига ўн йилдан ошди. Шу вақт мобайнида қандай ишлар амалга оширилди? Сиз нима қиляпсиз? “ деган савол берилди. Алимбеков пинагини бузмай: “Мендан олдингилар ҳеч иш қилмаган. Мен ҳам ҳеч иш қилмайман!” дея ишламасдан туриб, уюшмадан маош олиб юрганига иқрор бўлди. Айнан у уюшмани истеъдодлардан тозалашга киришган. Маҳоратли таржимон Ҳафиза Қўчқорова шу бўлимдан ҳайдаб юборганига не дейсиз? Алимбеков “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганига не дейсиз?! У чиндан ҳам адабиётимизнинг дўстими?
Юқорида номи зикр этилган бўлим мамлакатимиз Президенти ташаббусларига биноан ташкил этилган. Уюшма қошида фаолият юритган “Адиб” нашриёти айнан муҳтарам Ислом Каримов ташаббусларига кўра иш бошлаган эди. “Адиб” нашриёти уюшма аъзолари китобларини чиқариш, ўша китобларни, антологияларни мамлакат бўйича тарғиб қилиш вазифаларини қамраб олиши лозим эди. Бироқ, қисқа вақт мобайнида мазкур нашриёт касодга учради. Сабаби шуки, уюшма раҳбарлари шу нашриётда китоб чиқариб, мўмай гонорар олишган экан. Қиёс учун маълумот. Шоир, таржимон Аъзам Обидов “Илонбалиқ” халқаро антологиясини ўз маблағи ҳисобига чиқариб, турли мамлакатларга почта орқали бепул жўнатган. “Қуш тили” халқаро антологиясининг юз нусхаси ҳам унинг пулига чиққан. Дарвоқе, бундан аввал қирқ саккиз нафар ўзбек шоирлари шеърларини аслиятдан инглиз тилига ўгириб, “Осиё оҳанглари” номида ўз пулига чиқарган ва кўп мамлакатларга почта орқали тарқатган. Айнан шу антологияни Праяг Сайкиа инглиз тилидан ассам тилига ўгириб, Ҳиндистонда чиқарган ва тақдимот маросимини ўтказган. 
Аъзам Обидов Эркин Аъзамнинг бир китобини аслиятдан инглиз тилига ўгирди. Бу китоб Францияда чиқди. Тақдимот маросими Америка Қўшма Штатларида ўтказилди. Инсоф юзасидан айтинг-чи, Аъзам Обидов сийловларга муносиб эмасми? Ҳолбуки, Аъзам бир семинарда уюшма аъзолигига тавсия этилгани ҳолда номзоди тасдиқ этилмай юрибди. Профессионал даражада бир қанча асарлар ёзган, китоблар чиқарган Шукур Жабборнинг номзоди ҳам шу аҳволда. 
Уюшма қошида “Ижод” фонди иш бошлаганига беш йил бўлди. Фонд Низомини ўқиб кўрганмисиз? Ўша Низомда ўзбек адабиётини халқаро миқёсда тарғиб қилишга мўлжалланган лойиҳаларга маблағ ажратиш масаласи белгилаб қўйилган. Шундай бўляптими? Йўқ!
Ана энди муаммо илдизларига эътибор қаратайлик. Нега Абдулла Орипов уюшма раислигидан четлатилди? Нега Бобур Алимов уюшма раислигидан четлатилди? Ҳозирги раисимиз Муҳаммад Алини, Сиз, қадрли Хайриддин ака, нега фаоллар йиғилишида танқид қилдингиз? Хўш, буларнинг асл сабаблари қаерда ўзи? Бу саволларга Сиздан бошқа ким тўлақонли жавоб қайтаришга қодир?
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов қаламига мансуб “Юксак маънавият – енгилмас куч” – нодир китоб. Агарда бу китобда акс эттирилган талаб ва истаклар ҳаётимизга тадбиқ этилганида мен Сизга бу очиқ хатни ёзиб, бошингизни оғритмаган бўлур эдим. Шу нодир китоб қўлимизга текканига ҳам етти йил бўлибди. Етти йил мобайнида китобда уқтирилган қайси талаб, қайси таклиф ўз ижросини топди? Менга қолса, нодир китобнинг адабиётга дахлдор бўлакларини мамлакат телевидениесида Афзал Рафиқовга ўқитардим! Қадрибаланд Юртбошимиз ёзувчи-шоирларга таъриф бера туриб “инсон руҳиятининг муҳандислари” иборасини ишлатибдилар. Мен бу ҳикматли иборани қуйидагича изоҳлайман. Ёзувчи ва шоирлар – миллатнинг гуллари. Улар Сўз воситасида инсон руҳиятини кўтарадилар; тушкун кайфиятда юрганларни шодлантирадилар. Қисқа қилиб айтганда, руҳни тузиб чиқадилар. Руҳ эса маънавиятни ҳаракатга келтиради. Маънавият шу зайлда юксалади. Юксак маънавиятни енгадиган куч бу дунёда йўқдир. Бинобарин, маънавият – энг кучли қадрият.
Қўша-қўша қасрлари, қўша-қўша мошинлари бор айрим шоиру ёзувчиларда Оллоҳга шукр йўқ, дея бемалол айта оламан. Улар совет замонида ҳам фаровон турмуш кечирганлар, Истиқлолдан сўнг ҳам ошиғи олчи бўлган. Энди ана ўша лаззатли нарсаларга ҳеч тўймасдан хорижга кетиб, тузлиққа туфуриб юрибдилар. Шу ҳам инсофданми? Шу ҳам юксак маънавият ҳудудига кирадими?
Албатта, беайб парвардигор, деганларидек ҳар биримиз хато қиламиз; ўша хатоларни тузатиб умримиз ўтади. Лекин муҳандислар ўз вазифасини вақтида адо этмаса бу хатолар миллатга зарар етказади. Юртбоши таъбири ила шоиру ёзувчиларни “муҳандис” демоқдамиз. Бинобарин, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али – БОШ МУҲАНДИС. Хўш, нима учун олий идорада бош муҳандис гапларига қулоқ тутилмаяпти? Шу саволга марҳамат қилиб жавоб беринг. Қулоқ тутяпмиз-ку, десангиз, демак Муҳаммад Али алдоқчи бўлиб чиқади. Қулоқ тутмаяпмиз, десангиз, демакки, бош муҳандиснинг Сизнинг олдингизда заррача қадри йўқ бўлиб чиқади. Шу саволга аниқ, равшан жавоб қайтарингизни талаб қиламан.
Ёзувчилар уюшмаси аъзолиги масаласи катта масаланинг кичик бўлагидир. Зотан, бундан ҳам жиддий масалалар бор. Демократик жамият қуришга киришган эканмиз, демакки, бу адабиёт соҳасида ҳам ўз исботини топмоғи керак. Жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларида анъанавий (реализм) йўналишлар қаторида ноанъанавий ( модернизм) йўналишлари тенг қўйилади. Реалистлар билан бирга модернистлар ҳам рағбатлантириладилар. Мисол тариқасида “Қуш тили” муаллифлари маъмотномаларидан парчалар келтираман. “Америкалик шоир Кристофер Меррилнинг тўртта шеърий тўплами босилган. “Олмос сув” ва “Оловни кузатиш” тўпламлари учун Америка шоирлар Академиясининг мукофотига сазовор бўлган”. Кристофер – менинг дўстим. Бирга сувратга тушганмиз. Рицар унвонига ҳам сазовор бўлганки, шу унвон боис адабиёт соҳасида жаҳонда ягонадир.
“Паскаль Петит... Лондонда яшайди. Унинг учта тўплами ва иккита шеърий памфлетлари чоп этилган. 2004 йилда у “Келажак шоираси” деб тан олинган. Унинг икки тўплами... Т.С. Элиот мукофотига лойиқ кўрилган ва ... “Йил китоблари” деб эътироф этилган. “Ҳайвонот боғи асосчиси” Бадиий кенгашнинг “Инглиз ёзувчилари” ва “Янги Лондон ёзувчилари” мукофотига сазовор бўлган”.
Мен бизга таниш икки шоирнинг рағбатлантирилиши борасида мисол келтирдим. Кристофер Меррил икки маротаба Тошкентга келган. Паскал Петит ўзбек шоирлари билан Қозоғистонда танишган. Жаҳон миқёсида модернистлар ижоди кадрланмоқда. Мисоллар келтириб ўтирмайман. Чунки, Сиз – халқ хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси эмас, балки, баланд савияли ёзувчисиз, Экзюзпери асарини қойилмақом қилиб, ўзбекчага ўгирган моҳир таржимонсиз.
Аҳволимиз қандай? Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек номидаги кўплаб мукофотлар бор эди – булар ғойиб бўлишди. Кун чиқса ҳам, ой чиқса ҳам реалистларга боқяпти. Модернистларнинг эшитгани танқид ва масхараомуз иборалар. Шундай экан демократия ғалабаси ҳақида не деймиз? Умумтаълим мактабларига мўлжалланган адабиёт дарсликларида модернизм истилоҳи хусусида бир оғиз гап йўқ. Модернизм совет даврида қораланган. Биз Истиқлол даврида яшаяпмиз-ку?! Ноанъанавий йўналишнинг шаклланиши ўзбек адабиётининг ютуғи эмасми ахир?! Қачонгача мамлакатимизда чайнаб ташланган гапларни қоғозгача туширадиганлар қадрланади?! Жаҳон миқёсига чиқишимиз керак, деган гап Қиёматгача айтилади чоғи?! Энди бу саволларимга юксак дидли ёзувчи сифатида жавоб қайтаринг.
Дарвоқе, бир ҳисобот мажлисида Муҳаммад Алига ўнта савол билан мурожаат этдим. У саволимни баъзиларига жавоб қайтарган. Гоҳо ана ўша саволлар учун қасд ўқларига нишон бўлдим шекилли, дея ўйлаб ҳам қоламан. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки, Амир Темурдек қаҳрамонимиз тўғрисида асарлар битган киши номардлик қилмас?
Очиқ хатим ниҳоясида Сизни тобора яқинлашиб келаётган Конституция байрами билан қизғин табриклайман. Ҳақиқатпарварликка чорлайдиган бу байрам барчамизга муборак бўлсин!.

Жавобингизни кутиб:
Муҳаммад Ғаффор

- - -


< Orqaga qaytish