Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Эй, она халқим..". Юсуф Жума шеърлари.

 

Мудом йўлим ҳақ деган роҳ
Ёлғиздирман қон бепанох.
Элим бедил, элим гумрох,
Золимлар мўл, золимдир шоҳ.
Заминдан то Аршинггача
Тасбеҳимдир оҳ, оҳ, оҳ, оҳ…
Қолдим музтар Субхоноллоҳ,
Ўзинг қутқар Субҳаноллоҳ!
Дунё қамиш ичидай тор
Тағин бағри тўла мор.
Қайда қолди болаларим,
Қайда қолди ёрим Гулнор.
Заминдан то аршинггача
Тасбехимдир туну кун зор.
Қолдим музтар Парвардигор
Ўзинг қутқар Парвардигор!

Бошда зиндон, бошда ҳижрон
Ҳар тукимга туман тўфон.
Лек қўлласанг битта эр ҳам
ҳурлик туғин тиклар осон.
Оғзимда қон, бўғзимда қон
Бурнимда қон, кўзимда қон.
Заминдан то ашкинггача
Тасбеҳим қон, тасбеҳим қон.
Қолдим музтар буюк Раҳмон,
Ўзинг қутқар буюк Раҳмон!.

X X X

Опа, дастим қисқадир,

Ҳеч қаёққа етмайди.

Амалдорлар адолат

Кўчасидан ўтмайди.

Лекин тинч яшолмагай

Дасти узун муттаҳам.

Дастим бор-ку, опажон,

Гарчи қисқа бўлса ҳам.

Опа, дастим қисқадир,

Ғанимим мўл: қарға, зоғ…

Мен бир кесилган тутман

Уларни ушлай қандоғ.

Опа дастим қисқадир,

Қўллайдиган халқим йўқ.

Лек қисқа деб жимгина

Ўлишга ҳам ҳаққим йўқ.

      *   *    *

Нодонлар тўрга чикди,

Замонага ҳайронман.

Оқилни гўрга тиқди,

Машрабдайин гирёнман.

Итбалиқ денгиздадир,

Мудом ишин бешлайди.

Кит ҳовузга ташланган,

Кит ҳовузда яшайди.

1994



- - -


< Orqaga qaytish