Маданият, санъат


Marta o'qildi

"Юракнинг бир банди узилган кеча".. Хисор тоғларида бўрилар еган шоир Мухтор Комилни хотирлаб...

    

   “Ё, худойим, 21 асрда Хисор тоғларидаги оч бўри ҳам... шоирни ейди..” дедим  бу хабардан ларзага тушиб.

  Уч – тўрт кун олдин шоира Ҳалима Аҳмедова “Саломат, дўстимиз Мухтор Комилдан ажраб қолибмиз..У дарвеш муаммолардан сиқилиб тоққа..  чўпонларнинг олдига чиққан экан. Бўрилар еб кетибди..”  деди.  Тўғриси, Ҳалиманинг бу таҳлит .. яъни, у худди шу алпозда 2016 йил Шукур Содиқ  ва Муҳаммад Ғаффорнинг вафоти ҳақида ҳам хабар айтгани учун..шу..шу хабар оҳангларидан юрагим зириллаб кетди.

      Шоир  Мухтор Комилни Хисор тоғларида  бўрилар еб кетибди деган хабар..мендай Тошкент деган...  сал кам 5 миллион одам яшайдиган шаҳарда ўз дарду - ҳаёли, муаммолари билан  44 автобусга осилиб ишга қатнайдиган ва  сокин  яшаб юрган одамни ларзага солган эди. Икки  - уч кун бу хабарнинг таъсирида юрдим.

  Дўстларим. Адабиёт ҳам ҳаётдай   шафқатсиз эканки, ТВ экранлари, радио эфирлари ёки газета – журналида чиқиб турмасангиз, дарров.. аввал омма, оламон.. сўнг адабиёт аҳли ҳам.. ҳар кимни  унутар экан.  Дунёда вақтдан шафқатсиз куч йўқ.  У  ўз комига не – не довруғли шахслар, сиймолар ..Мухторга  ўҳшаган қалб одамлари  бўлган  шоирларни ямлаб юборади.    Мухторни ва   зўр шоир бўлган...  уйсизлик  ва ишсизликдан Сурхондарёга кетган Шодмонқул Саломни  ва  Ўлжабой Қаршиев  (..яна  мен номини билмаган кимлар..) каби  шоирларни шеърлари чиқмаётгани ёки ўзи кўринмаётгани  учун унута бошладикми?.

  Балки, ҳамиша “менинг халқим” деб суянганим,   Хиндистонда “Bobur  was not  mongol..” (!)яъни “Бобур мўғул эмас” деб талашганим,  жуда мулойим ва чиройли хоразмлик аёлларнинг сокин  интригалари,  Хоразмга бўлган муҳаббатимни ўзгартира олмаган бўлса –да, хоразмликлар ҳам унутгандир мени ҳам..Ўзим туғилган юртнинг одамлари, кўчалари,  хокимиятнинг қаттиқ деворлари, энди чироқлари ёнаётган симёғочлар, ... Шовотнинг тўлаётган сувлари унутмоқдами?. Бизнинг номимиз   вақт ва даврнинг толатўплари гирдобига сингиб кетмоқдами?.

   Ўн йиллардан бери..   сим тўрга урилган парвона каби жамият ва ўзим оралиғимдаги  сим тўрларини ёриб чиқишга кучим етмайди. Сим тўрлар бағримдан  сўз ва шеърият таъсирида шаклланган инжа қалбимдан қонлар оқизди. Мен кимларни йўқотдим, йўқотганларим учун йўқолмоқдаманки, эй, фалак. Оҳларимизни ким эшитажак, ярадор қалбимнинг миллион – миллион сўзлари ..вақт сувларида номаълум тамонга оқмоқда..Бошқа ижодкорларнинг қадрсиз  сўзлари каби..

  Бу ёруғ оламда бизни яқиндан тиниган одамлар қолдими ўзи?. Улуғлар дунёдан ўтди, бошқа шоирлар...чи..?...   

  Ишонинг,  бир оз мағрурроқ бўлганим учун   студентликдан  дўстим бўлган Мухтор Комилнинг “..эй, борэй  Саломат Вафо бўлмай.. ҳар  нарса бўл..” деган ҳазилини кўтарардим. Бошқа бирор... нада аёл ва на эркак зоти менга бу таҳлит сўзларни айтолмасди. У ҳамиша айтадиган сўзини таъсири кучини оширишни истагандай... сукут билан тикилиб, айни шу ҳолатда унинг кўзлари гапирарди..унинг қора  катта кўзлари гапирарди. Кўзлари билан кулиб қарарди ул бечора. “Одам эмассизалар...Саломат..” дерди суҳбатларининг бирида.   Чиндан бир шоирнинг абгор  қисматига  кўмакка узанадиган  одам бўлолмадик. Сершовқин шаҳарлар, тош кўчалар ва тош деворлардан меҳр тополмай, тоққа бош олиб кетган шоирни...унинг туйғуларга тўла қалбини,  жилмаядиган лаблари, изтироб ва севгига тўла кўзларини, муҳаббат ва шеърга тўла юрагини....бир вақт муштипар онаси ато этган оёқ ва қўлларини.. 21 асрда Хисор тоғларида  оч қолган бўрилар еди. Бўри қиёфасидаги одамлар еди. Унинг  синиқ қалам билан шеър ёзилган кир блокнотларининг қоғозларини тоғнинг ёввойи  шамоллари  учирди. Унинг ғижим варақлари эгасининг қонига ботди.

  Йўқ, мен “дўстим, сени асраб қола олмадик..” деган қизил сўзларни ёзолмайман. Қандай ёза оламанки, Хоразм, Фарғона, Сурхондарё ва Бухоронинг тоғу – тошлари, қумлари ва кўчаларида дайдиб юрган, ёки ошхонасида овқат пишираётган шоир хотиннинг... сўз фуқароси шоирларнинг боши устида ҳали ҳам бу қазои муаллақ осилиб турган бўлса..  

   Энди..Шўрлик Мухтор  дарвеш шоирнинг  интернетда расми ҳам йўқ экан.  У... бу эски газетами, китобдан олинган суратдаги каби..ночор  қиёфали одам эмас эди. У адабиёт давраларининг гули, руслар таъбири билан “...остроумний”  ҳозир жавоб, ҳазилкаш... жуда фариштали йигит  эди.

  Шоир Амирқул Карим ўз саҳифаларида ёзганларидек, у ўз ТВда бир оз ишлаганидан сўнг, бирор жойга ишга жойлаша олмади. Унинг  Тошкент шаҳрида   доимий пропискаси бормиди билмайман. Беш миллион одамга бошпана бўлган  Тошкент уни  бағрига сиғдира олмади.

  Шоир  билан сўнгги кўришганимизга ҳам, билмадим, олти етти йиллар бўлганди. У бир марта Чилонзордан қўнғироқ қилиб, “Саломат, Ҳалма айнан “Ҳалма” дерди қашқадаёча талаффуз билан ..  Ҳалма ва  бошқа қизларни олиб, таксига миниб тез етиб келинглар. Биз кафе очдик. Сизларни мехмон қиламан..” деди. Бордик.   У  қашқадарёлик йигитлар билан қайсидир  банкка қарашли  кафени ижарага олишган экан. Биз одатдагидек, унга  машҳур “..Йиғладим..” шеърини ўқитдик.  Гўзал қашқарё лаҳчаси оҳанги билан берилиб ўқиди. Мен унга “..Мухтор, илтимос, энди шу кафеда.. ..жим ўтириб ишлагин..Оёққа турганингча.. бизга ўҳшайдган  дўстларингни чақирмай тур..” дедим. Ва  чўнтагида ўн сўм пули йўқ, аммо ..оламча ҳиммат ва икроми бор дўстимга раҳмим келиб, ўша ерга салфеткалар остига керагидан ортиқ пул қўйиб келганим  ёдимда.

  Аммо, дарвиш шоир бир куни қашқадарёдан телефон қилиб қолди. “Эй, Саломат жўра (  мард харектеринг билан ўғил бола бўлиб туғилишинг керак эди, дерди) кафе, бизди ишимиз эмас экан. Беш олти ойда ижарадан қарз бўлдик, бир бало қилиб тўладик. Ҳозир Қашқадарёда фермерчилик қилиб, ошқовоқ, карам  ва лавлаги экаяпман. Биласанми қавоқларимни қаерга сотаяпман..Билмайман, дердим. Мен уларни  Қаршидаги зонага сотаяпман..”  дерди. Мен кулиб, “Мухтор, кадиларингни сотишга  топган жойингни қара.” .деб кулишгандек.

  Аслида у кади экканмиди, ёки  кадини ҳазил маъносида айтаяптими, буни  билмасдим.

  Шоир Амирқул Карим таъкидлаганидек, Мухтор Комил ўзи катта шоир бўлгани чоғида на китоб чиқариш ва на Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш учун ҳаракат қилар  эди. Унинг шеърлари 48 ёшга тўлганда қашқадарёлик ижодкорлар баёзининг 1 жилдида  чиққан экан, халос. Мухтор Комил..   Тошкентда бутун умр ижара уйларда яшаган чоғида, на уй ва ёки на дача олишга  интилди.

   У 21 асрда .. миллатнинг буюк  шоири Рауф Парфидан кейинги.. сўнгги дарвиш  ўзбек шоирларидан бири эди.

   Шоир Мухтор Комилнинг фожеали ўлимидан сўнг, ҳаёлимда қалб одами бўлган  шоирларни қутқариш учун нелар қилса бўлар экан деб ўйладим. Чунки, улар бозорда савдо қилиб, ҳали ёзганимдай  кафеда ишлаб  пул тополмайди.

   Дунё ёзувчилар уюшмалари  ва пен клубларда ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган  ёки  бўлмаган ижодкорлар орасида Хитой девори йўқ.   Америка, Россия, Қозоғистон ва ҳатто Туркияда китоби чиққан, аммо уюшмага аъзо бўлмаган  ижодкорлар жамиятнинг , уюшманинг барча ижодий жараёнларида аралашиб юраверади.

  Бизда қотиб қолган уюшма, “Ўзбекистон” кўчаси 1 уйнинг  мустаҳкам ёпилган эшиклари, 6 қаватнинг кимсасиз йўлаклари...Ҳамма нарса  режали, мажлисларга  ҳам телефон қилиб  номма – ном чақиришади. Мабодо, адашиб бориб қолсангиз,  ўша ердаги мулозимларнинг норози нигоҳи остида чақирилмаган мехмондай..мажлис тугамай қочиб қутуласиз.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, устоз  Муҳаммад Алига айтар сўзим бор. Устоз,  мамлакатга номсиз лашкарлардек  сочилиб кетган шоир ёзувчиларни... тоғларда бўрилар емасдан, улкан  йўллада машиналар қоқиб кетмасдан, дашту – саҳроларда сувсизликдан ўлмасдан,  пул ишлайман деб хорижга  кетиб  номсиз –нишонсиз йўқолмасдан..уларни  Ёзувчилар уюшмасига чорланг. Ёзувчилар уюшмасининг қурултойини ўтказинг. У буюк ялангоёқ шоирларга: "  нима дардинг бор. Кел, шу уюшмага боғланиб тур" деб айтинг.  Уларга..ҳатто..пул  ҳам керак эмас. Сўз бандалари ва қуллари улар.  Устоз,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси  лавозимида Шароф Рашидов, Комил Яшин,  Сарвар Азимов, Абдулла Орипов ва Одил Ёқубовдек буюк ёзувчилар фаолият кўрсатганди. Устозлар яҳшими, ёмон ўз миссиясини бажарди:: ёзувчилар, уйлар, дала ҳовлилари ва машиналар олишди.

  Аслида, устоз Муҳаммадали ака , аллақандай шўрпешона шоирни  тоғда бўри еб кетганида сизнинг айбингиз йўқ. Энди, юракда бир армон борки, агар. Мухтор Комилга ўҳшаган шиорлар Тошкентда ўрнашиб кетганида..бундай фожеалар бўлмасмиди.. 

   Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятнинг барча табақа вакиллари академиклар, суд-ҳуқуқ органлари, диний қўмита ва ёшлар ташкилоти  вакиллари  билан учрашди. Уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва истаклари ҳал қилинмоқда. Энди навбат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига келди. Президент қарори билан  адиблар ҳиёбони ва адабиётчилар уйи қурилиши мўлжалланмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш  билан бирга... ўзбек ёзувчиларининг ижодини хорижга тарғиб қилиш ва хорижий ёзувчилар ижодини ўзбекчага таржима қилиш учун Халқаро ижодий уйни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.  Аммо..бу халқаро ижод уйи.. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкилотининг тугатилишишига олиб келмаслиги керак.  Ёзувчилар фаолиятига “Грастрат  жасорати“ керак эмас.  Чунки, кейинги вақтда.. “Ўзбектеатр” номли  жуда яҳши фаолият кўрсататаётган ижодий бирлашма.. Маданият вазирлигининг   қўшилиши ёки ажралиши билан, тугатилди. Афсус..  бу уюшмага буюк санъатчи Бернора Қориевадек инсонлар узоқ йиллар рахбарлик қилганди.  

  Хуллас, устоз  Муҳаммад Али .  Ўзбек шоирларини ..21 асрда Хисор тоғларда

  оч бўрилар еб кетмасан..”кел..” деб ҳузурингизга чақиринг..таасуфки....уларни фақат Сўзгина қутқаради.

Зотан, хитой файласуфи Конфуцийнинг фикрича: “..адолатнинг замирида одоб ётибди. Одоб ва бурч муштараклиги, Конфуций  хулосасига кўра жамиятнинг ахлоқ кодексини тутиб турувчи устунлар  ҳисобланади ” .

   Ёзувчи ва шоирлар ҳам жамиятнинг   виждон ва ҳақиқат устунларидир. Бу устунларни қор - ёмғир ва вақтнинг азалий шамолларидан асрамоқ лозим.

 

    29 июль 2017. Тошкент. 

- - -


< Orqaga qaytish