Жаҳон адабиёти

Лотин Америкаси шоиралари шеърлари.  Ғулом Мирзо таржимасида.


Marta o'qildi

Лотин Америкаси шоиралари шеърлари. Ғулом Мирзо таржимасида.

 

 

Габриела МИСТРАЛ

(Чили)

 

Габриела Мистрал  (Gabriela Mistral — тахаллуси; асл исм-шарифи Лусила Годой  Алькаяга, 1889–1957) — Лотин Америкасининг йирик шоираси, педагог, жамоат  арбоби. Лотин Америкаси адиблари орасида биринчи Нобель мукофоти совриндори (1945). Шоира 1922 йилда хорижга чиқиб кетган — Мексика, Италия, Испания, Францияда яшаган; АҚШда вафот этган. “Ўлим  сонетлари” (1914), “Назокат” (1924),  “Тор-мор” (1938), “Тушкунлик” (1922), “Тала” (1938), “Тахтакач” (1954) каби шеърий ва “Лаънатланган сўз” (1950)  публицистик мақолалар тўплами муаллифи.

 
                      Ўтинч
 
Даладаги бошоқлардан ўтиндим,
хуштаъм бўлсин токи буғдойи ноним;
узумларга ёлворганча сўнг дедим:
маст қилмасин ток қони-ла ўғлоним.
Ўтинчимни эшитди узум ва дон,
таъзим айлаб ваъда берди икковлон.
 
Илтимосим айтдим қўнғир маймоққа, –
ўрмонзорга қирол бўлсин умрбод.
Болам бориб қолса гар ўша ёққа
зиён-заҳмат етказмасин ҳеч жонзот.
Ўтинчимни эшитди айиқполвон,
бошин ирғаб ваъда берди шу замон.
 
Нола қилдим ҳатто сассиқ алафга,
ўтгин, дедим, сен ҳам она тарафга;
болажоним қўққис баргинг чайнаса, –
розимасман, сўнгра кўнгли айниса.
Ўтинчимни эшитди тахир гиёҳ,
ваъда берди – қўлдек чўзилди япроқ.
 
Дарёга ҳам нидо қилдим, албатта
(қўш соҳилга сиғмай оққани-оққан):
нуридийдам бағрингга тушган пайтда
эсон-омон олиб чиққин қирғоққа.
Ўтинчимни тинглаб, дарё кўпирди –
тиниқ тўлқини билан ваъда берди.
 
Ана шундай кезиб бутун оламни,
мен ҳаммага таништиргум боламни;
гўдагимни бешигидан олсам, бас –
ҳар бир аёл бахтимга қилар ҳавас;
Олма-анор фарзандимни қучган чоғ –
ювилгайдир кўксимдаги барча доғ!
 
Дилбандимни белаб қўяман қайта,
бодом бўйин уфургай йўргаклари;
сўнг тун бўйи оҳиста алла айта,
изҳор этгум дунёга тилакларим;
то дунё ҳам сезсин оналик тафтим,
меҳр олсин ҳар сўзимдан пайдар-пай
ва қувнасин қўлимга қўйиб кафтин

ўзим туғиб-катта қилган боламдай.

 
 
          Ғамгусор она
 
Менинг мардим, полвоним,
чўчимай ухла, беғам;
лек уйғоқ мунглиғ жоним,
келмас ёр ҳам, уйқу ҳам.
 
Алла, дейман, ором ол,
қилт этмасдан ухла, тек –
даштдаги чечак мисол,
ё пўстак қилларидек.

 

Тин олсанг, тинчдир қайғум,

ғам, араз чалғийди, бил.

Мен учун кўзингни юм, –

бедорман, мизғийди дил.

 

 

 

Сольвейг қўшиқлари

1

Бандиман йўлларнинг оғушида мен,

тупроқ лабларингдек бунча хуштатим.

Йўл ўша, чанг ўша ва ўша-да мен,

васлингга муштоқман, ё муҳаббатим!

 

Термулсам, вақт сувдек оқар гувиллаб,

қисмат шоввасига қарайман шошиб.

Ерни боғлаб олмиш бу белбоғ – йўллар,

демакки, келасан манзиллар ошиб.

 

Сен менга май мисол бағишлайсан руҳ,

сенсиз ярим жондек қоламан ҳар чоғ.

Олисга боқаман, қалб тўла шукуҳ:

Ер боғлаб олибди йўллардан белбоғ!

 

Мени оғушингда кўрмиш Худойим.

Ўлсам, Яратганга не жавоб дейин.

Айт, ушлаб турибди сени қайда, ким;

мен томон келмоғинг шунчами қийин?

 

Ғамларни қабрдек қазади кетмон,

турибман мозорим узра чўкиб тиз,

барибир, мен сени кутаман ҳамон,

йўллардан Ер белбоғ боғламас бежиз!

2

Қарағайлар йўлда дуч келган

қияликка қўйиб ётар тўш.

Кимларнинг бағрида дам олгай

менинг кўнгил қўйган ёрим, хўш?

 

Жарликда жилдирар шўх жилға,

сувлоққа шошади қўй-қўзи.

Мен тотган булоқни ким булғар,

сувимга лаб босган ким ўзи?

 

Шамол, сенга не қилди япроқ,

ерга ташлаб юбординг нега?

Барг эса уйқучи ва йиғлоқ

боламдек бош қўяр кўксимга.

 

Ўттиз йилки сенга интизор,

остонамда кутганим-кутган.

Сен келмайсан, мана, келди қор

ва йўлларни энди овутгай.

3

Осмон қовоқ уйган, йиғлар қарағай,

одамдек ув тортиб бўзлайди қуюн.

Қорга юкли булут – қайга қарамай, –

оҳ, қандай йўл топиб келар Пер Гюнт!

 

Зим-зиё зулумот. Тун бунча хасис, –

ҳатто дайдига ҳам илтифоти йўқ!

Тундек қаро кўзим кўр бўлар, эссиз, –

оҳ, қандай йўл топиб келар Пер Гюнт!

 

Паға-паға қорга тўлмоқда олам, –

адашган касни ким излаб чиқар, айт?

Қор кўмди чўпонлар гулханини ҳам…

Оҳ, қандай йўл топиб келар Пер Гюнт!

 

 

 
Денгиз қўшиқларидан

(Унутишни истаганлар учун қўшиқ)

 

Бунча ажиб қайиқ, ажойиб қайиқ

қалқиб турар оппоқ кўпиклар аро.

Қовурғаларига кўксимни қўйиб,

шикастанафс ҳолда қилдим тавалло.

 

Мангу денгиз, мангу тузларинг ювсин –

қалбимни поклаб бер – кўпикларда чай.

Жанг десам – шай турсин заминнинг кўкси,

дам десам – уммоннинг бағрида яйрай!

 

Бунча учқур қайиқ, қудратли қайиқ,

бағрига михладим шўрлик юракни.

Эҳтиёткор қайиқ, ҳимматли қайиқ,

асрагин қон силққан ўша чойнакни.

 

Жоним денгиз, сенинг тузларинг ўткир,

ўчир барча аччиқ хотираларни

ёки юрагимни тубга ур, синдир, –

бунча азоб билан яшаб бўларми.

 

Ўтган ҳаётимни қайиққа бердим,

ўтмиш қисматдан ҳам қутулсам эди.

Юз кунда умримни сен қайтадан туз

ва сенга турмушга чиқайин, денгиз.

 

Юзлаб довулларинг келсин, уфурсин –

ўтмишим ўчгунча елсин, кўпирсин…

Денгиздан ўзгалар тилар дур-мунчоқ,

мен эса ўтингум: унутай тезроқ!

 

 

Хуана де ИБАРБУРУ

(Уругвай)

        
               Хуана де Ибарбуру  (Juana de Ibarbourou, 1895-1980) – Лотин Америкаси шеъриятининг ёрқин шоираларидан бири.
 Илк шеърий тўплами — "Олмос сўзлар" (1919), шунингдек, "Совуққина кўза" (1920),"Ёввойи илдиз" (1922) китоблари майин лирика 
ва она юртга муҳаббат туйғуларига бой бўлиб, унга катта шуҳрат келтирган.Аммо, ижодининг кейинги даврида ёзилган шеърларида диний 
мистика ва ҳаддан ортиқ қайғу-ҳасрат оҳанглари кучайгани сезилиб туради.
 
                      Интизорлик
 
Оҳ, зиғирпояжон! Тезроқ етил, пиш;
сендан майин чойшаб тўқишим даркор.
Келганида қучсин эркаланиб ёр,
ахир баҳор яқин, тугаётир қиш.
 
Оҳ, атиргулжоним! Очилсин ғунчанг:
то шошиб, соғиниб келганида ёр
қат-қат гулбаргларинг таратиб ифор,
кўзин қамаштирсин тиғдек ўткир ранг.
 
Қани, муҳаббатнинг сандонларида
нозик оёқларга ясанг зар занжир –
анкабут ипидек енгил ва ҳарир,
токи кетолмасин энди ёнимдан.
 
Боғни айлантириб экаман лола,
гуллар тўсиб қўйсин кетар йўлларин...
Эҳтиросим, тезроқ боғла қўлларин,
ноз-карашмам, итдек остона пойла!
 
                      Мангулик
 
Азизим, мабодо ўлсам – мозорга
дафн этма, армонда кетмасин хоким:
қўйсинлар юзага, балки гулзорга;
тинглай сой ва қушлар гирясин токим.
 
Чуқурга кўмманг, бас – ер узра шундоқ;
офтобдан нур эмсин устухонларим,
кўзтувакларимда ўсган қизғалдоқ
эслатсин шафақдек гулгун онларим.
 
Жуда ҳам юзага дафн эт, илло
вужудимда туғён қўзғалмасин, бил;
ўрага қўймасанг  – зулумот аро
чириб, йўқ бўлмоғим кечгайдир енгил.
 
Қўлларим иккита куракча каби
кўкрагим устида қовушган, хоксор;
истамам, уларни эзганда қабр –
гўрни каламушдек этмоғин тор-мор.
 
Гуллар эк, шу чечак илдизи-ла то
ернинг юзасига чиқай қутилиб
ва лазиз чеҳрангга термулай ҳатто
ҳаётбахш гулсапсар кўзлари бўлиб.

 

Ёввойи илдиз

 

Тамаддундан роса бўлганман безор:

эркин яшай дейман ҳамда бахтиёр!

Ҳамма гуллар каби гулзордаман, лек

ёввойи илдизим кесдирмам зинҳор!

 

 

Иоланда БЕДРЕГАЛ

(Боливия)

 

Иоланда Бедрегал  (1916-1999) — шоира, эссенавис, фольклоршунос. Боливия замонавий шеъриятининг таниқли намояналаридан бири. Ижодида фалсафий мавзу бўртиб туради.

 

Ташналик

 

На сув,

на май,

на қон билан

қондириб бўлмагай бу ташналигим.

 

Менинг бўлган нарсаларни ҳам,

бўлмайдиган нарсаларни ҳам,

бўладиган нарсаларни ҳам келар ичгим.

Аммо кутма, кутганингдек бўлмас.

Бўлган нарсалар такроран бўлмас,

бўлажак нарсалар умуман бўлмас.

 

Мен лаҳзанинг

шиша қадаҳида

мангуликни ичмоққа зорман.

 

Сесилия МЕЙРЕЛЕС

(Бразилия)

Сесилия Мейрелес (1901-1964) – бразилиялик шоира, журналист ва педагог; 1917 йилда Таълим институтини тамомлаган. 1938 йили нашр этилган “Саёҳат” шеърий тўплами билан ўзини модернизм оқимининг тарафдорли сифатида намоён этган. Бразилия оғзаки ва ёзма адабиёти академияси мукофоти совриндори.  

 

Метаморфоза

 

Парвоздаги шўрлик қуш

кўкдан ерга

қулабмиш,

 

тўлқинлар мисли болға,

оппоқ қайиқни зумда

михлаб қўйди қирғоққа…

 

Оғушларсиз кечди тун!

Наҳот, сенинг юрагинг

севмоқдан безди бу кун

 

ва аҳд қилди алмаштиргани

муҳаббат кемасида

дарғани.

 

Энди қора кўзларда

сезилмайди аввалги

севгимиздан излар-да,

 

Лабларинг ҳам мутлақо

бегона бир исмни

шивирламоқда ҳатто.

 

Самоларга учган қуш

булутларга тўқнашиб,

кўкдан қулади беҳуш.

 

Қайдан келди-я тўфон,

оққушдек кемамизни
буткул айлади яксон.

 

Ишқ мангу топди завол,

севгимиз наволарин

учириб кетгач шамол.

 

Биздан қолган изни ҳам

аламзада оқимлар

минг бора ювди, эркам.

 

 

Клаудиа БАРРЕРА

(Гондурас)

 

Клаудиа Баррера  (1911 йилда туғилган) — гондураслик шоира, «Мангу савол» ва «Хотирадаги тимсол» номли шеърий тўпламлар муаллифи.

 

Ҳаммаси ўтади

 

Ҳаммаси ўтади… Қолмагай бир из ҳам

совуган ва ҳатто тош қотган қум аро.

Ҳаммаси йитади: ярқ этган юлдуз ҳам,

тилло суви инган темиртан аслаҳам,

ёмон туш ва кўздан тўкилган тоза нам.

 

Ҳаммаси ўтади, қолмагай бир из ҳам,

йиллардек оққувчи бу қумлар бокарам.

 

Ҳаммаси ўтади. Бир лаҳза бўлса ҳам

юзимда тин олсин безовта уйқулар.

Барибир, кетар-ку тонг ўша нозик дам.

Ҳаммаси йитади: уйғонишдек ситам

ва тунги сарсари, кўп нажиб туйғулар.

 

Ҳаммаси кетади, адолатдир бу ҳам,

яъники, ноаниқ ташвишга эш диллар…

Қўшиқлар асрори, шеърлардаги кўклам,

оҳанглар қатига сингган не-не алам

ва қувонч, барчаси — мангуликка йўллар.

 

Ҳаммаси йитади. Кетади азоб ҳам —

ёлғизлик, бахтсизлик воз кечади биздан.

Чунки иккимиз ҳам азал бани одам,

бахт, иқбол, муҳаббат — биз учун мангу ғам

бош олиб кетолмас бу сайёрамиздан.

Дульсе Мария ЛОЙНАС

(Куба)

 

Дульсе Мария Лойнас (испанча: Dulce María Loynaz, 1902-1997) – шоира, илк шеърлари 1919 йилда чоп этилган. 1927 йилда Гавана Университетини тамомлаб, ҳуқуқшунос мутахассислигини эгаллаган. Яқин Шарқ, Лотин Америкаси мамлакатлари ва Испанияга кўп бор саёҳат қилган, Канар оролларида бир муддат яшаган. Шеър ёзишни кўпроқ шахсий машғулот деб ҳисоблаган ва шу боис «Боғ» романи (1951), «Тенерифдаги Ёз фасли» сафарномаси каби насрий асарлар, шунингдек газета ва журналлар учун кундалик мақолалар ҳамда таржимаи ҳоли билан боғлиқ манзумалар ёзишга кўпроқ эътибор қаратган. Ўндан ортиқ турли мукофот ва унвонлар соҳибаси. Гаванада 2005 йилда шоира номи билан аталувчи маданий марказ очилган.

            
          Кечиккан севги балладаси
 
Севги, сен келдинг-да жуда кеч
ўғирладинг оромим буткул.
Айт, кимсасиз уйимга бу кеч
бошлаб келди сени қайси йўл?
 
Севги, менга бугун не аъло –
ҳали англаб етмадим ўзим:
кимдир  менга айтар сўзми ё
мен ҳеч кимга айтмаган сўзим?
 
Севги... Мен – ой. Ва лекин бу чоқ
кўрмасайдинг заъфарон юзни.
Сўлмоқдаман. Гул бер бир қучоқ.
Менга совға қилгин денгизни...
 
Севги, бас, кечиккан сенмасми,
"Яшна!", дейсан яна жонҳалак.
Севги, нолон шеърлар етмасми,
кўз ёшларим сенга не керак?..
 
                      Вақт
 
                      1
Сендан ҳаё қилиб, бермаган бўсам
вужудимга юлдуздек сингди...
Энди уни қандай чиқариб олсам?
Ўпишгайман, яхшиси, энди!
 
                      2
Қанийди дарёга қолсам айланиб,
шўхлик қилсам, тошсам, кўпирсам:
сени севиб, сенга мангу бойланиб,
келсам ва доимо пойингни ўпсам.
 
                      3
Алвон гулнинг фурсати ўтди,
қиш қаҳрига бор ҳали замон.
Соатимда соатлар йитди...
Бунда вақтсиз қолдим саргардон.
 
                      4
Кеч бўлди, ҳали эрта, кечани йўқотдим, бас.
Эртага етиб бўлмас ва бугун...
Вақтни ҳеч тутиб бўлмас,
имкон йўқ сенга ёр бўлмоғим учун!
 
                      5
Неча чақирим ёғду
том ва деворни безар...
(Вақт қалбига ўхшар у,
тунги соатга менгзар.)
 
                      6
Мен севгимни ўлчамоқ учун
қўлларимга тасмани олдим.
Тоғ бошида – ипнинг бир учи,
бошқаси-чи... Елларда қолди!

 

 

 

Кармен СОЛЕР

(Парагвай)

 
Кармен Солер  (Carmen Soler, 1924–1985) — парагвайлик шоира, асосан ижтимоий мавзуларда ижод қилган. 1947 йили она юртидан бадарға қилиниб, муҳожирликда яшаган.

 

Парагвайдаги тинчлик кабутари

 

Оқ каптарой

термулгай

ва тургай жим.

Оқ каптарой

йиғлагай

ва тургай жим.

Каптаройим

Каптаржонга не ҳам дер,

оғзи доим

боғлаб қўйилган, ахир?

 

 

« Сен мени севмасдан илгари …»

 

Сен мени севмасдан илгари 

мен қандай бўлганман, билмадим.

Билганим: зулматда яшардим,

барча еган-ичганим – заққум,

қаро эди кўрганим бари.

 

Билганим: ҳаётим кемаси

ҳалокат домидан чиқмасди.

Мен қандай бўлганман, билмадим 

сен мени севмасдан илгари.

Менимча, илгари йўқ эдим,

қўлингда туғилдим мен – ғариб.

 

Шошма!

Қўлларимдан тортқилама, Вақт.

Бир хилват бурчакда қолдир – ва унут.

 

Шоширгайсан бунча силкилаб,

хотиржам ухлашга бер имкон

бир кеча бўлса ҳам –  ё бир он

сен тушимни бўлак-бўлаклаб

ўмармайсан, дея ишонай.

 

Гулларингни қолдирма бўйсиз,

йўқса, улар тўкилиб кетгай.

Вақт, созингни чалма туйғусиз,

ахир, торлар узилиб кетгай

мизроб-ла чертганда мусиқа.

 

Яшаш керак гулдек очилиб –

кеч англадим бу ҳақиқатни:

очилиб улгурмади ҳали

бир гулимнинг биронта қати.

 

Вақт – сендан ўтингум: шошмагил!

 

 

Бланка ВАРЕЛА

(Перу)

 

            Бла́нка Леоно́р Варе́ла Гонса́лес (испанча: Blanca Leonor Varela Gonzáles, 1926-2009) — перулик шоира, таржимон. Унинг онаси Эсмеральда Гонсалес ҳам таниқли шоира, бастакор ва хонанда бўлган. Бланка Сан-Маркос Университетида таҳсил олган. 1949 йилда Парижда, кейинчалик Флоренция ва Вашингтонда истиқомат қилган. 1962 йили она шаҳри Лимуга қайтиб келган. Бир қатор адабий мукофотлар билан тақдирланган. Перу маданияти бўйича Миллий институт фахрий медалига сазовор бўлган. Шоиранинг шеърлари Европадаги кўплаб халқлар тилларига таржима қилинган. У журналистика ва таржима билан ҳам шуғулланган.

 

Ҳеч ким билмайдиган сир

 

биздан қолмаса ҳам ерда ҳеч вақо

ўша-ўша қолгай қуёш ва дарё

кун келиб очилгай сир эшиклари

оламнинг энг қора кир эшиклари

деразалар эса бахтга албатта

йирик кўзлар каби очилар катта

ўшанда ҳаммаси бўлади аён

яъни бу дунёдан ўтдик беармон

шунчаки яшашга топмайин фурсат

биз яшашни ўйлаб топганмиз фақат

кашф этишга лойиқ ахир бу ҳаёт

 

 

 

Гурунг

 

келгин ва бир фурсат менга гурунг бер

не ҳақда сўзлашинг – бу муҳим эмас

муҳими – ҳавонинг оқими дир-дир

лабларингни тебратсалар бас

ва ёки аксинча лабларинг ила

ҳаволарга йўлла зилзила

муҳими – сен гурунг бераётган дам

ўзлигингни топгайсан тайин

ўзлигинг –

ёрқиндир гулхандай

бошқа қиёс айтишим қийин

 

 

Рус тилидан Ғулом Мирзо таржимаси


 

Сольвейг – Генрик Ибсеннинг 1867 йилда ёзилган “Пер Гюнт” номли пьесасидаги лирик қаҳрамон қиз. Сольвейг асарнинг бош қаҳрамони Пер Гюнт билан севишиб қолади ва ўрмондаги кулбада бирга яшайди. Аммо, Пер Гюнт уни ташлаб кетади ва дарбадарликда дунё кезади, турли юртларда бўлиб, ҳар хил касб-кор билан шуғулланади, машаққатли саргузаштларни бошидан кечиради. Орадан кўп йиллар ўтганидан сўнг уйига қайтиб келган Пер уни меҳр-муҳаббат ва садоқат билан кутаётган қайлиғи Сольвейг билан яна учрашади. Шу бадиий мавзу асосида адабиётда турли асарлар, хусусан, машҳур рус шоири Александр Блокнинг “Сольвейг” номли шеъри яратилган.

 

 

 Пер Гюнт (норв. Peer Gynt) —  Генрик Ипсеннинг шу номдаги пьесаси бош қаҳрамони. Бир замонлар бойлик ва ҳурмат-эътибор топган, аммо кейинчалик ичкиликка ружу қўйиб мол-мулки ва обрў-нуфузидан жудо бўлган Йон Гюнтнинг ўғли. Пер отаси бой берган ҳамма нарсани тиклашга беҳуда уринади. Сўнг тушкунликка тушиб, қайлиғи Сольвейг ва она юртини ташлаб кетади. У дарбадарларча дунё кезиб, умрининг охирида яна юртига, қайлиғининг ёнига қайтади.

 

- - -


< Orqaga qaytish