Жаҳон адабиёти

6 июнь — улуғ рус шоири А.С.Пушкин туғилган кун (1799 - 1837)


Marta o'qildi

6 июнь — улуғ рус шоири А.С.Пушкин туғилган кун (1799 - 1837)

Пушкин Александр Сергеевич [1799.26.5 (6.6), Москва — 1837.29.1 (10.2), Петербург] — рус ёзувчиси, янги рус адабиётининг асосчиси. Онаси Надежда Осиповна Пётр I қўлида тарбия кўрган ҳабаш — А.П.Ганнибалнинг набираси бўлган. Пушкинда нафис сўзга муҳаббатнинг пайдо булишида энагаси Арина Родионовнанинг таъсири, айниқса, катта. Ўша даврнинг энг нуфузли ўқув юртларидан бири — Петербург яқинидаги Царское село (ҳозирги Пушкин шаҳри) лицейида ўқиш (1811—17) Пушкиннинг шоир ва эрксевар инсон сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган.

Пушкиннинг дастлабки шеърлари 1913 йилда матбуот юзини кўрди. У лицейда ўқиб юрган кезларида 120 га яқин шеър ва 2 достон (тугалланмаган) ёзади. Лицей билан хайрлашув кечасига бағишланган шеъри эса шу кечада қатнашган Г. Р. Державиннинг юксак баҳосига сазовор бўлиб, у Пушкиннинг буюк шоир бўлиб етишишини башорат қилади.

Пушкиннинг рус жамиятидаги эрксевар кучлар таъсирида ёзилган зулм ва крепостнойликни фош этувчи шеърлари, «Яшил чироқ» тўгарагида иштирок этиши подшоҳ Александр I ни ниҳоятда ғазаблантирди. У 1820 йил майида Пушкинни Екатеринославга сургун қилди.

Кавказ ва Қрим саёҳатлари Пушкин ижодида янги даврнинг бошланишига имкон берди. У дастлаб Ж. Байрон таъсирида романтик достонларини ёзди. Пушкин романтизмининг илк намунаси — «Кавказ асири» достони (1820—21) 20-йиллардаги эрксевар ёшлар кайфиятини ифодалагани учун улар ўртасида катта муваффақият қозонди. Пушкин воқеликни романтик бўёқлар билан тасвир этишда давом этиб, «Ака-ука қароқчилар» (1821—22) ва «Боқчасарой фонтани» (1923) достонларини яратди. «Лўлилар» достони эса Пушкиннинг ижодий тадрижида рўй берган жиддий бурилишнинг самараси бўлди.

1824 йил Пушкин хизмат вазифасидан озод этилиб, Михайловское қишлоғи (Псков)га сургунга юборилади. Иккинчи марта тазйиққа учраган шоир қисқа муддатли руҳий эзилишдан сўнг мутолаага берилиб, шу атрофдаги аҳолининг эртак ва қўшикларини тўплайди, «Борис Годунов» трагедияси (1825), «Граф Нулин» достони, «Қуръонга татаббу», «Андрей Шенъе», «19 октябрь» ва бошқа машҳур шеърларини ёзади, «Евгений Онегин» шеърий романи устидаги ишни давом эттиради.

20-йиллар охири — 30-йиллар бошларида Пушкин ижодида реализм тантана қилиб, у «Граф Нулин»дан ташқари, «Полтава» (1828—9), «Коломнадаги уй» (1830), «Мис чавандоз» (1833) достонлари ва кейинчалик шоирнинг «кичик трагедиялар»ини ташкил этган баъзи бир пьесалари ҳамда насрий асарлари («Белкин қиссалари», «Капитан қизи» ва б.) ни яратади.

ДАРЧА

Яқинда, бир оқшом маҳали,
Туман қучган чўлнинг қамари.
Ўз йўлида сузгани сари,
Бир қиз кўрдим – дарчадан нари.
Ўйга чўмиб ёлғиз ўлтирар,
Энтикади, ҳадик бор дилда,
Кўзларда хавотир… термулар
Дўм пастига, қоронғу йўлга.

“Бу ёққа!” – бесабр пичирлаб,
Қиз узатди қўлин, ҳойнаҳой.
Дарча аста-аста қисирлаб …
Зулмат ичра яширинди ой.
“Бахтли, – дедим дилимда ҳижрон, –
Висол сени кутмоқда бу дам.
Ахир қачон бир гўзал оқшом
Очилгайдир дарча менга ҳам?”

ЯНГИЛИК

— Янгиликлар борми? “Худо ҳаққи, йўқ”.
— Йўқ, алдама: бари сенга аён-ку,
Уят, ўртоғингга кўзинг қилиб лўқ
Ағёрдай, доимо дилинг пинҳон-ку,
Хафамисан мендан ё, оға, узр?
Ўжар бўлма: менга битта гап айт, бас…
“Оҳ, мени тинч қўйгин, билганим шудир:
Аҳмоқсан, бу эса янгилик эмас.”

1813-1817

* * *

Кечиринг, вафодор эманлар!
Кечир, сокин далалар бағри.
Ҳавойи дилхуши замонлар
Ҳаётимнинг чопқир кунлари!..
Кечир, Тригорск, бахт мени
Доим қарши олган эй, макон!
Меҳрингизни кеч англадимми
Сизни мангу тарк этажак он?

Сизни олиб кетгум хаёлда
Аммо шунда қолгайдир қалбим.
Балки (ширин орзум хаёлда!)
Далаларга мен яна қайтгум,
Тригорск ёнбағирлари
Ҳам серсоя жўказор бағри,
Ақл, шодлик, гўзаллик сари,
Эрк ва дўстлик ошиғи каби.

1817-1820

* * *

Ўрмон этагида, водийга яқин,
Ажиб бир гўшада, жилғаси заррин,
Видолашди Алина, навқирон Эдвин;
Эшитгандим сўнгги бўсалар сасин.

Ой чиқса ҳам – Алина ул гўшада,
Кутар, кўкси титрайди соғинчидан.
Тонг отса ҳам – қиз кўз тикар ўшанда,
Бўм-бўш йўлга, оқ туманлар ичидан.

Жилға бўйлаб, ўшал тол соясида,
Кўрган экан қўшни қишлоқ чўпони,
Маҳзун тўлқинларнинг ойнасида,
Оташ кунда пода ҳайдаган они.

Йиллар ўтди – ўтди шу кўча-куйдан;
Кўзим тушди – қайтиб келарди Эдвин.
ўамгин келар, эманзорга водийдан
Ажиб ул гўшага, жилғаси заррин.

Эдвин боқар – ўшал толнинг остида
Тақсир роҳиб кутар эди бу замон,
Ундадир қабр, янги хоч тик устида,
Хочда эса қуриган чамбар, хазон.

Дил эзилиб, қўрқув келар ўйига
Бу ерда ким? – битикни ўқиркан жим,
Бош эгиб… йиқилар роҳиб пойига
Ва эшитдим унинг сўнгги нафасин…

1819

МЕНИНГ… ИШҚИЙ ШЕЪРИМ

Эй, сиз севги оловида ёнмаганлар,
Унга боқинг, англагайсиз муҳаббатни.
Эй, сиз севиб, кўнгли совиб, тўнмаганлар,
Унга боқинг: ҳис этгайсиз яна бахтни.

1819

АЖНАБИЙ ҚИЗГА

Сен англамас сўзлар, оҳларда,
Битарканман видо ашъорим,
Аммо хушҳол иштибоҳларда
Эътиборинг сўргум, дилдорим:

Азизам, қалбим ҳеч сўнмагай,
Туйғум сўнмас фироқларда жим
Илтижо қилмоқдан тинмагай
Ёлғиз сенга, сенга азизим.

Боқсанг ҳамки ўзга ҳар кимга,
Ишон фақат қалбимга маним,
Аввалгидай ишондинг унга,
Англамай ҳам изтиробларин.

1822

* * *

Ҳаммаси тугади: орамиз очиқ.
Пойингга тиз чўкиб сўнгги бор,
Аламли сўзларим айтолдим, дилдор.
Тугади… – эшитдим, жавобинг аччиқ.

Алдамасман яна ўзимни минбад,
Ҳижронда ортингдан бормам изма-из.
Балки унутарман барини, шаксиз –
Менга яралмаган экан муҳаббат.
Сен навниҳол гўзал: соф қалбингда чўғ,
Ҳали сени севар шайдоларинг кўп.

1824

* * *

Қонимда ёнади истак гулхани,
Сен боис қалбимда ғусса ва титроқ,
Бўса ол: мен учун бўсалар таъми
Асал ва шаробдан кўра тотлироқ.

Мен сари бошингни эга қол маъюс,
Розиман, ўлсам ҳам шу ҳаловатда,
То сўниб бораркан қувончли кундуз,
Босиб келар тунги соя, одатда.

1825

УЗУМ

Сира йўқдир гуллардан арзим,
Баҳор ўтгач, бўлгувчи хазон;
Лек новдада товланган узум,
Тоғ пойида етилган жонон.

Яшил водий ҳури, дилрабо
Олтин кузнинг дилхуш боғидай;
Узун-узун, нозикдир, гўё
Ўн етти ёш қиз бармоғидай.

1824

* * *

Аҳвол қалай, оғайничалиш?
Кофир каби рангинг оқармиш,
Сочларинг ҳам турибди тикка!
Балки сулув билан бир четда
Тутилдингми, девордан нари,
Шунда сени ўғри сингари,
Қувишдими қоровуллари?
Ё қўрқдингми оч арвоҳлардан,
Ёки оғир, чўнг гуноҳлардан,
Ёниб азоб чекармисан сен,
Ажиб шеърлар битармисан сен?.

- - -


< Orqaga qaytish