Marta o'qildi
Улуғ рус шоири Евгений Евтушенко вафот этди.
Рус поэзиясининг порлоқ юлдузи Евгений Евтушенко 1 апрель куни, 85 ёшида АҚШда вафот этди. Уни ўз васиятига кўра Москвадаги "Переделкино" ижод уйи яқинидаги қабристонга кўмадиган бўлишди.
Шоир 1932 йил 18 июлда туғилган эди. У рус адабиётида улкан бир адабий давр ва мактаб яратган истеъдод эгаси эди. Россиянинг ҳақиқат овози.. сифатида ҳайқирган улуғ шоирнинг бегуноҳ ҳалок бўлган болаларга бағишланган "Бесландаги мактаб" шеърини Абдувоҳид Ҳайит таржимасида эълон қилаяпмиз.
БЕСЛАНДАГИ МАКТАБ
Мен жамики мактабларнинг чаласаводи,
ўзгаларнинг шўхликлари, дарди менга ёт.
Бироқ келдим, Беслан, бугун сенинг бағрингга
вайрон бўлган мактабингда чиқарай савод.
Мен биламан, Беслан, асли ёмон отаман,
аммо, наҳот, кўрмоқлик бор кексайганда ёш —
беш ўғлимнинг қазосин ўз кўзларим билан
кексайганда бу не жазо мен учун — яшаш.
Бу шаҳарда ёт эмасман, англадим буни
пайпасларкан оғриқ янчган юрагимни мен,
мактабнинг тиғ билан тилиб қўпол ёзилган,
куйган сўнгги партасига ўлтириб беун.
Энди кимсан Русияда, нимасан, шоир? —
Гексогенга қараганда бир чивин холос.
Оқлов учун барчамизга бугун сўз йўқдир
Ер юзида шундай бало кутарганда бош.
Қандай қилиб Беслан узра қоришди бирдан
шунча ғафлат, тартибсизлик, даҳшат, талофат,
қутқаришчун етмай уқув бермайин қурбон? —
аммо шу дам кимлардадир жўшса матонат.
Қалтирайди ўтмиш ҳатто бизларга боқиб,
ортидан ўқ отаётган Бугундан нари
қочар ҳатто келажак ҳам Бугундан тониб,
ўзини пок сақлаш учун келажак сари.
Аммо куйган, вайрон бўлган парталар аро
Ҳилол ва Хоч қўшилишар, бир-бирин қучар,
биродардек кезар бунда Муҳаммад, Масиҳ —
гўдакларнинг пора-пора этларин йиғар.
О, кўп отли Тангри, бизни ўзинг ярлақа!
Шу бегуноҳ болаларни кўмар эканмиз,
улар билан бирга Беслан қабристонига,
наҳотки, биз ўзимизни дафн этамиз?
Асли террор туғилганди ҳомила сузган
бачадоннинг зардобида — она қорнида,
чеченларнинг гавдалари уриб тиқилган
эшелонлар Қозоғистонга жўнаган пайтда.
Ҳис қилганди улар шунда илк бор ғазабни,
“илк беланчак” — вагонларда, бачадондаёқ,
урилганда бошчаларга милтиқ қўндоғи,
бу озордан қочмоқ истаб бўлиб гужанак.
Аммо улар шу яланғоч, тақир саҳрога
гўё шайтон тоғ-адирни мангуга изсиз
сидирган шу бўм-бўш ерга этган қатағон
Москвага ялинмади, тикмадилар кўз.
Нигоҳ ташлаб аммо эгик ханжардек ҳилол
лойсувоқли кулбаларин тирқишларидан
советларнинг ёлғон-яшиқ шиорлари аро
дарс ўқиди хуфия Ислом кечмишларидан
ва Елциннинг кибру ҳаво, калтабинлиги,
Грачевнинг шошқалоқлик, мақтанчоқлиги —
уларни илк портлашларга ундади бунда
ва урушдан қочмоқликка қолмади имкон.
Худкуш аёл сийнасида портловчи модда,
белида ҳам, бўйнида ҳам гўёки маржон,
лек қурбонлар - ортда қолган - қанча кўп бўлса,
тирикликнинг нархи ҳар гал шунчалик арзон.
Ҳеч нарсага мадад бермас валекин қасос,
о, кўп отли Тангри, асра қасосдан бизни!
Токи бунда ҳали тирик болалар бордир,
унутмайлик “биргаликда” деган бир сўзни.
Бунда ҳеч ким ёлғиз ўзи қаҳрамон эмас,
яланғоч ҳақ сўз олдида барчамиз яланг.
Мен шу куйган гўдаклар-ла биргаман асли,
мен ҳам Беслан мактабидан чиққан бир боланг:
... ғубор босди эрта тонгдан осмон юзини,
Беслан бўйлаб эшитилди танклар шовқини
ва сесканиб тушди бирдан портлаш фикрида
ўша бомба — қачонлардир Сталин осган —
уни мактаб баскетболин шу ҳалқасига.
Е.Евтушенко
Абдувоҳид Ҳайит таржимаси.
- - -