Ҳикоя

Момохол момонинг ҳийласи.  ёшлар ижоди туркумидан ҳикоя.   Ситора Тожиддинова


Marta o'qildi

Момохол момонинг ҳийласи. ёшлар ижоди туркумидан ҳикоя. Ситора Тожиддинова

 

Қуёш теракнинг учига чиққанда Шерпўлат аканинг аёли яна "дод-вой"  кўтарди. Унинг дийдиёсини бутун гузар эшитди: «Жонга тегди тўнкадай одам билан яшаш. Умрим сигир соғишу картошка экиш билан ўтяпти. Ойсулув дугонам Туркияга бориб келди. Зарифанинг эри машина олиб берибди. Сиз-чи? Сиз қачон жойингиздан жиласиз? Кесак майдалаб, тупроқ элаб кунингиз битади сизнинг. Бунақада ҳеч қачон косамиз оқармайди. Ўғил-қизимиз эл боласи қатори ўйнаб-кулолмайди. Кетаман. Икки боламни ҳам олиб кетаман. Тижорат қиламан. Ўзим уларни гулдай ўстираман».

Бу сафар иш жиддий кўринди. Қўшнилар маҳалла четида яшовчи Момохол момога хабарчи жўнатишди. Бу пайтда момо Ойпари лақабли сигирини қарғай-қарғай чўмилтираётган эди (Қоп-қора терисида тўлин ойдай-тўлин ойдай холлари борлиги учунми, момо унга шундай ном қўйган). Набираси ариқдан челаклаб сув олиб, сигирнинг устига қуяди. Кенг кўйлагининг узун енгларини шимариб олган момо Ойпарисининг танасига қўлидаги кирсовунни суриб, бармоқлари билан ишқалайди: «Ҳай, Ойпарижон, эш-шак ҳам ётган жойини тозалаб, кейин ағанайди. Сен сигирсан-ку, яғирингни қара. Бунақада бузоғинг сендан нимани ўрганади? Чумчуқ уясида кўрганини қилади, мол эмас, дейсан-да. Ҳай, сутинг кўпайгур-а, ҳай, шохинг синмагур-а».

Унинг сўзини жажжи Норқулнинг чийиллаши бўлди: «Момо, отам юбойди. Шейпўлат амакининг хотини кетиб қолаймиш. Ойим айтди». 

            Момо қўлидаги совунни қаерга қўйишини билмай, бир зум ҳаракатсиз қолди. Ўйлади: «Наргиз келиннинг кўйлаги яна эскирибди-да. Шу жувоннинг молпарастли қолмади-қолмади». У ариқнинг лабига келиб, қўлини, қўлига қўшиб бояги совунни ҳам чайди. Кейин билакларигача яхшилаб ювди-да, енгларини тушириб, набирасига сигирнинг устидан 5-6 челак сув қуйишини, сўнг офтобрўяда боғлашини тайинлаб, йўлга тушди.

            ...Момохол момо тахта дарвозадан кирганида, тўс-тўполон авжида эди. Наргиз келиннинг укаси юк мошинаси олиб келган. Болалар чинқирар, жувон эса сепини йиғиштирар: увадаси чиққан кўрпачалару ҳатто супага тўшалган эски шолчагача кўздан қочирмаётган эди. Бу ерда момодан бошқа маҳалланинг оқсоқолларию баковулларигача бор. Уларнинг бири жувондан эс-ҳушини йиғиштиришини сўраса, бошқаси болаларини тирик етим қилиш гуноҳлигини таъкидларди. Томошаталаб қўшнилар эса вақти бемаҳал ўсаверадиган бегона ўтлардай девордан бўй чўзишиб, жанжалнинг якунини кутишаяпди. Хуллас, ҳамманинг нигоҳи эгалари кўчиб келишганига 3-4 йил бўлган эса-да ҳалигача битмаган шу пастқамгина уй, тупроқ ҳовли ва воқеа «қаҳрамон»ларида эди.

            Вағир-воғур орасидан кексалик қадди-қоматини букиб қўйган бўлса-да, бир пайтлар маҳалланинг энг олди полвони бўлган Нарзиқул бобонинг салобатли овози эшитилди: «Шерпўлат! Сен жуда бўшанг йигит чиқдинг-да. Раҳматли отанг кўчадан ўтиб кетса, ер титрарди. Ё зилзила бўлаяпти, ё Усмонбой келаяпти, дердик. Онангнинг овозини бировимиз эшитмадик. Оқила, муниса аёл умрини яшади. Сенинг уйингда эса худо берган кунда жанжал. Заифангнинг кўнглини ололмасанг, нима қилиб юрибсан эл олдида эрман деб?»

            Шерпўлат ака табиатан ўта босиқ одам, ўн гапириб бир сўз эшитасиз. Аммо отахон жон томирини босиб кетди, шекилли, ғўнғиллади: «Кун бўйи томарқамда ишлаб, ҳалол ризқ топсам. Болаларимнинг қорни оч, усти яланғоч бўлмаса. Бир бандасининг насибаси шунча бўлар-да, ота. Бу аёлни ҳеч тушунмадим, шукрни билмайди. Майли, кетар бўлса, кетаверсин. Пешонада борини кўраверамиз».

Буни эшитган Наргиз келиннинг гап халтаси очилгандан очилди: «Ҳалиям кетаман, бир дақиқа, бир сония ҳам турмайман бу ғурбатхонада. Сизга тегиб бир рўшнолик кўрмадим. Ҳай, кимлар бир оғиз сўзимга зор эди-я. Ҳозир ўшалар казо-казо одамлар бўлиб кетган. Сизнинг эса тап-тақир далангиздан бошқа ҳеч вақонгиз йўқ».

            Шерпўлат ака боягина оғзида эриб кетган носини тупурган бўлса-да, яна носқовоғини қўлига олди. Кафтига думалоқ-думалоқ носвойдан бир чимдим тўкди, яна озроғини қайтиб олди, кўнгли тўлмади, чоғи, тағин бироз қўшди ва тилининг тагига ташлади. Шу билан, тамоман, безабон бўлди-қолди. Хотини эса гапирди, юрагида борини тўкиб бўлиб, ёлғон тўқишга ўтди. Аммо Шерпўлат ака гунгдай турар, бирор фикр, бирор эътироз билдирмас, худди гапирса сўз исроф бўладигандек, одамлар гапиришига арзимайдигандек... Ё элдан андиша қилдими? Худо билади.

            Шу пайтгача дарвозага суянганча тупроқ ерда ўтирган момо ўрнидан турди-да, этагидаги чангни қоқа-қоқа эр-хотиннинг олдига келди ва бепарвогина сўз бошлади: «Ҳа, келиной, кетяпсизми? Бекор қиласиз-да. Шундай ҳовли, чала битган бўлса ҳам беминнатгина бошпана. Мана бу ёнғоқларга қаранг. Қишлоқда битта Шерпўлатда бор бундай серҳосил, девқомат дарахтлар. Буни катта бобоси Қодирбой эккан. Соясида ўтирсанг жони-дилинг яйрайди-я. Бекор қиласиз-да, келин, бекор қиласиз».

            Жувон эса асаби таранг, салом-алекни ҳам унутиб, «Йўқ, момо, ёнғоқлари ҳам ўзига сийлов. Бу чала иморатда хору зор бўлиб, умрим ўтиб кетишини истамайман» деди. Момо «Шундай денг. Майли, ўзингиз биласиз. Ота уйингизга борсангиз, соқоли ерга тегиб турган бир бойбобога узатишар, бахтингиз ҳам очилиб кетар. Ё умр бўйи элга масхара бўлиб, ёмонотлиққа чиқиб юраверасизда. Кетаберинг, келин, кетаберинг» деди-ю, Шерпўлат акага юзланди: «Болам, сен болаларингни ўйлаб кўпам куюнаверма. Ота қон тортади, барибир. Жони соғ бўлса, йўқлаб келишади. Энди гап бундай: сенинг баланд бўйларингу алп қоматингга, қоп-қора қошларингу бургуткўзларингга харидорлар кўп топилади. Шунинг учун ҳозирданоқ айтиб қўяй. Келин кетадиган бўлса, бегоналарга қараб юрма. Сенга ўзим қизимни бераман. Биласан, унинг ёши ўтаяпти, бахти ҳеч очилмаяпти. Сенга берсам, жон деб тегади. Бу болаларинг нима бўпти? Қўчқордай-қўчқордай ўғиллар, фариштадай қизлар туғиб беради. Розимисан, ўғлим?»

            Дабдуристдан берилган бундай саволдан Шерпўлат ака довдираб қолди, ҳайрон нигоҳ билан момонинг ғиж-ғиж ажин босган юзига қараган эди, у кўз қисиб қўйди. Шунда ҳам у гап нимадалигини тушунмай, сукут сақлаб тураверди. Момо эса сўзини давом эттирди: «Хўш, майли, бугун кеч бўлди, эртага Ҳумоюддин чолни чақирасан-да, шундай-шундай деб айтасан. Меникага бораверсин, қизимнинг розилигини ўзим оламан. У уй-рўзғорингни беҳиштдаккина қилиб ўтиради, иншолло».

            Наргиз келин болаларининг кийимини тугунчага тугяпти-ю, киприклари пирпирайди. Кўз тагидан эрига қарайди: «Ҳа, ёқмай кетсин. Қизаришини қара. Ўзиям мендан қутулолмай юрган экан-да». Момога хўмраяди. Тугуниям ҳа деганда тугилавермади. «Соқоли ерга тегиб турган чолга тегармишман. Бекорларни айтибди, момо. Менинг харидорим камми?» Бироз ўйланди. «Ахир унга бир пайтлар оғиз солганларнинг бари уйланган, бола-чақали. Қайси ахмоқ оиласидан кечиб, икки болали аёлга уйланарди. Хотини ўлган чол-да. Йўқ, Йўқ!» У кўз остидан яна эрига тикилди: «Қош-кўзлари қоп-қора, ҳатто қоп-қора мўйлови ҳам ўзига ярашиб турибди. Мошина олиб берган Зарифанинг эри-чи. Пакана. Писка кўз. Қарасанг кўнглинг айнийди. Ойсулув дугонамнинг эри ҳам эрми? Эркак боши билан аёлини чет элларга жўнатиб ўтирибди. Битта хотинни ўз кучинг билан боқолмасанг, нима қилардинг уйланиб? Мана, унинг эри, бечора тиним билмайди. Куннинг иссиғида ҳам далада ишлайди. Эриниб, кўкчой дамлаб бермаса, ариқ сувини ичиб ҳам ишлайверади. Картошка экади. Сотади. Рўзғор қилади. Бултур соғин сигир олди. Бу йил катта экранли телевизор олмоқчи. Шундай эркакни ану қари қиз Ойимхолга берадими? Ахир, болалари бор-а? Уволига қолишади».

            Жувон шуларни ўйлади-да, қизчасини даст кўтариб уйга олиб кириб ётқизди. Юк мошинасининг балонларини санаётган ўғлини ҳам чақирди. Укасига эса бориб нималарнидир пичирлаб келди. У опасига қовоғини бир уйди-да, қўлини силтаб, шофёрнинг ёнига ўтди. Жўнаб кетишди.

            Шундан сўнггина келин Момохол момонинг олдига келиб, «Уйга, киринг, момо, ҳозир чой қўяман» деди. Меҳмон эса мийиғида кулди-ю, «Майли, кейинги сафар ичармиз» деган бўлди.

            Йиғиштириб қўйилган ҳамма нарсани жой-жойига қўяётган Наргиз келинга қараб, кимдир нима бўлганини тушунди, кимдир тушунмади...

            ...Тахта дарвозадан чиқиб уйи томон буриларкан, момони кўплар чойга чақиришди, аммо у унамади. Сигирини ўйлади. Набираси, қурмағур, унга бир сиқимгина ўт ё берди, ё бермади. У майда-майда, аммо илдам қадамлар билан уйи томон ошиқди. Ариқ лабидаги теракка боғлиқ турган сигир эгасини кўриб маъради. Момо билдики, Ойпариси оч. Сигирининг арқонини ечди-да, оғилхонага етаклади. Олдига тунов куни ўғли олиб келган сара ўтдан бир боғ ташлади. Нафси ором ола бошлаган сигирига қараб момонинг ҳам кўнгли тинчиди. Войиж соясидаги эски сўрининг олдига борганида, келини қўлига сув тутди. Момо қўлини сочиққа арта-арта сўрига чиқди. Усти дока билан ёпиб қўйилган дастурхонни очиб, пахтагулли чойнакдан пиёлага чой қуйди. Чой совиб қолган бўлса-да, роҳатижон. Момо кўк чойни кулиб-кулиб ичди, ичиб-ичиб кулди.

 

            Ситора ТОЖИДДИНОВА

- - -


< Orqaga qaytish