Адабий тадқиқот

Тарбия ва гўзаллик илми.     Рашид Зоҳидов


Marta o'qildi

Тарбия ва гўзаллик илми. Рашид Зоҳидов

 

Бу хил манбаларнинг қайси соҳага тегишлилигидаги доминантни, аввало, тадқиқотчининг назари, қолаверса, тадқиқот натижаси белгилайди. Дейлик, “Саботул ожизин” асари  ақоид илмидаги мўътабар манбаларга қиёсан ўрганилса ва ўзаро мувофиқлик даражаси аниқланса, мазкур манбанинг нечоғли ақида китоби экани аён бўлади. Агар тадқиқотчи бу ўринда ақида масалаларига эмас, балки мавзу назмда ифодалангани учун ўз назарини шоирнинг адабий маҳоратига қаратса ва шу йўл билан асарнинг бадиий савиясини ёритиб берса, манбанинг адабиётга алоқадорлиги қай даражадалиги билинади. Бундан келиб чиқадики, “Саботул ожизин”га ўхшаган асарларни ҳам адабий, ҳам илмий манба сифатида ўрганиш мумкин ва бундай манбаларни қатъий ё  у, ё бу соҳа доирасидагина тадқиқот объекти сифатида чегаралаб қўйиш тўғри эмас. Бу фикрни Навоийнинг “Сирожул муслимин” ва Бобурнинг “Мубаййин” асарларига, Вафоийнинг “Равнақул ислом” достонига, Мир Ҳайдархон ибн Суннатуллоҳнинг “Ақидайи назмий” ва Абдураҳмон Низорийнинг “Даҳрун нажот” манзумаларига нисбатан ҳам айтиш мумкин.
Бундай асарларнинг адабий манба сифатида кўп ҳам эътибор қилинмаслигининг яна бир сабаби адабиёт сўзи англатган маъноларни турлича тушуниш билан боғлиқ.
“Адабиёт” атамаси соҳага оид луғат ва манбалар1да адаб сўзидан олингани айтилади. Журжонийнинг “Ат-таърифот” китобида айтилишича, адаб – нутқни хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма ифодалаш жараёнида турли хатолардан сақланишни ўргатадиган илм. Саолибийнинг “Фиқҳул луғат” асарида адабни руҳнинг озиғи дейилса, бошқа манбаларда бу сўз ҳар бир ишда меъёрни сақлаш, тарбияни зарофат ва нозиклик билан олиб бориш, гўзал муомалада бўлиш каби маънолар билан изоҳланади. Мазкур маъноларни умумлаштириб, тарбия  адабиётнинг мазмунига, гўзаллик  шаклига хос хусусият дейилса, истилоҳ сифатида “адабиёт” сўзи янада аниқлашиб, бир қадар уйғунлашади,  шакл ва мазмун бир-бирини тақозо қилувчи ажралмас бутунлик, деган қоида амалда қарор топади. Шундай экан, адабиёт деганда фақатгина гўзаллик маъносини тушуниш ҳам, адабиётни, қатъиян, тарбиядан бошқа нарса эмас деб билиш ҳам  этни суякдан ажратиш билан баробар.
Адабиётшунос олим Баҳодир Саримсоқов: “Ҳаётий мазмунни ким айтгани, қандай айтгани муҳим эмас, балки ана шу мазмуннинг қандайлиги, моҳияти муҳим.  Бу – бадиий шаклни шунчаки аҳамиятсиз ёки иккинчи даражали нарса сифатида баҳолаш дегани эмас. Бу – адабий таҳлилда гапни мазмундан бошлаб, мазмуннинг қандай шаклда ифодалангани ёки тасвирланганига қаратиш лозим деганидир”2–дейди. “Адабиёт қоидалари” асарида адабиётга шундай таъриф берилган: “…адабиёт – фикр, туйғуларимиздағи тўлқунларни сўзлар, гаплар ёрдами билан тасвир қилиб, бошқаларда ҳам худди шу тўлқунларни яратмоқдир”.3
Демак, бу таърифлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазмунсиз асар, яъни бадиий мантиқ ҳаётий мантиқ мезонлари доирасидан чиққан, сабаб-оқибат муносабати бузилган матн қанчалик чиройли, гўзал санъатлар воситасида ифодаланган бўлмасин, таъсирчанлигини йўқотади. Ўқувчида таъсир уйғотолмаган матн эса шунчаки сўзлар йиғиндиси, адабиётга дахлсиз қуруқ гаплардир.
Асар мазмунан чуқур, аммо ифода юпунроқ бўлса-чи? Бундай матн намуналарининг адабиётга алоқадорлиги қанчалик? Абдурауф Фитрат юқорида зикр этилган асарида бу ҳодисага қуйидагича муносабат билдиради: “Бизда эски мадрасадан қолған янглиш фикр бор. Вазн, қофияси бўлған ҳар бир сўз тўдасига “шеър” деймиз. Чунки бурунғи форс-араб адабиётчилари шеърни “қофияси, вазни бўлған гапдир” деб таъриф қилар эдилар. Вазн ва қофияси бўлған ҳар бир сўзни шеър деганимизда Сўфи Оллоёрнинг:
Ёзилди форсий тил бирла мактуб,
Ақидоту фуруъи қурби маҳбуб.

Ониким кўрдилар туркий ёронлар,
Дедилар гар дуо қилса эранлар.

Битилса туркий тил бирла ақида,
Кўнгуллар бўлса ондин орамида.–

деб ёзғон тизмаларига ҳам “шеър” дейиш керак бўладир, ҳолбуки, шу шеър эмас, бир назм парчасидир…”4
Адабиётшунос Узоқ Жўрақулов Фитратнинг бу қарашига шундай аниқлик киритади: “Умуман, Фитратнинг бундай фикрлари, яъни ахлоқий-дидактик асарларни, ҳикматларни шеър деб қарамаслиги бошқа тадқиқотларда ҳам учрайди.5 Бундай қарашларда асос бор. Шарқда аниқ фанлар билан машғул бўлган олимлар ҳам ўз назарияларини шеърга солиб баён қилганларини биламиз. Шу нуқтаи назардан Фитратнинг юқоридаги қарашлари ўринли деяпмиз. Бугунги кунда Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр, Азимхожа ҳикматларини, Навоий арбаинларини ва замонавий шоиримиз ижодида учраётган диний мавзудаги асарларни санъат асари деб қабул қилиш керакми ёки бошқачароқ йўлдан борган маъқулроқми?..”6


Савол жуда ўринли, ҳақиқатан ҳам масала жиддий ўрганишни талаб қилади. Модомики, шеър ҳақида гап кетаётган экан, аввало, бу гўзал санъат турининг қадимий манбалардаги таърифини бир назардан ўтказсак.
IX аср охири – X асрнинг биринчи ярмида яшаган, Боғдоднинг фасоҳат ва балоғат илми билимдонларидан Қудома ибн Жаъфар(вафоти милодий 948 й.) ўзининг “Нақдуш шеър” асарида келтиришича, шеърнинг энг балиғ ва мўъжаз таърифи шундай: “ (إنه قول موزون مقفى يدل على معنى) 7  яъни, шеър – вазнга солинган, қофияланган, маънога далолат қиладиган қавл”. Манбада изоҳланишича, таърифдаги қавл сўзи шеър тушунчасини англатувчи гапга ишора. Вазнга солинган дейилиши билан вазнга солинмаган сўзлар ҳам борлиги англашилади. Қофияланган, маънога далолат қиладиган дейилиши билан эса ўз-ўзидан қофиясиз, маъносиз гаплар орадан кўтарилади, яъни “шеър” ва “шеър эмас” деган тушунчалар ўртасига қатъий чегара қўйилади. Сўнгра изоҳ шундай давом этади: “Шеър санъатдир. Ҳар қандай санъатда  ижод маҳсулининг моҳирлик ва комиллик билан адо этилиши мақсад қилинади. Аммо бунга ҳамма ҳам эришолмайди. Сабаби, доимо ижронинг икки тарафи – юксак чегараси ва паст чегараси (غاية الجودة و غاية الرداءة)  мавжуд”.
Шунингдек, Ибн Муқаффаънинг “Адабул кабир ва адабус сағир”, Абдулқодир Бағдодийнинг “Хизанатул адаб”, Ибн Синон Хафожийнинг “Сиррул фасоҳат”, Усома ибн Мунқизнинг “Албадиъ фи нақдиш шеър” каби асарларида ҳам шу ва шунга ўхшаш таърифлар берилган (Фитрат “Шеър ва шоирлиқ” мақоласида бу классик таърифга принципиал ўзгартириш киритиб, қофия ва вазннинг шеър ҳақиқатига ҳал қилувчи таъсири йўқлигини, шеър  юракда ҳосил бўлган туйғуларни санъаткорона сўзлар билан бошқаларнинг юрагига ўткаришдир, дейди ва шу таърифга биноан шеърни манзум ва мансур турларга ажратади 8).
Демак, мазкур таърифларга кўра, қофия, вазн, маъно мувофиқ тизимда жамланса, шеър туғилади. Савия бу ўринда шарт қилинмаган. Шундай экан, бадииятидан қатъи назар, ҳар қандай “назм парчаси” шеърдир. Гарчи қофиябозлик, оҳангбозлик, сохталик каби иллатлардан холи бўлмаса-да, зикр этилган талабларга жавоб берадиган ҳар қандай шеър тадқиқот учун объект бўла олади. Шунинг учун ҳам ҳеч ким “бу шеърнинг бадиий савияси паст, уни ўрганиш тақиқланади” демайди. Акс ҳолда, адабий танқидга эҳтиёж йўқолган  бўлар эди. Қолаверса, бадиий-эстетик дид, потенциал тайёргарлик  ҳар кимда ҳар хил экан, шеърни қабул қилиш даражасида фарқ бўлиши табиий.
Демак, инсоний ижод маҳсулига нисбатан мутлоқ яхши ёки мутлоқ ёмон деган мезонда ёндашиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мутахассислар муайян адабий ҳодисани баҳолар экан, ўз фикрларининг зиддига ўрин қолдирадилар. Мисол учун Узоқ Жўрақуловнинг юқорида келтирилган фикрида айни ҳолни кузатиш мумкин. Олим бежизга ўз таклифини савол орқали изҳор қилмаган. Бу таклифда таъкиддан кўра, масалани очиқ қолдириш ва шу йўл билан уни жиддий ўрганишга чақириқ руҳи устувор. Имкониятдан фойдаланиб, мазкур масала хусусида баъзи маълумотлар билан ўртоқлашсак.
Фитратнинг ахлоқий-дидактик асарларни, ҳикматларни шеър деб ҳисобламаслигининг субъектив ва объектив сабаблари бор. Замонавий адабиётни мумтоз адабий анъаналарга қарши қўйиш тенденцияси ўтган асрнинг талатўп замонларида шаклланди. Фитрат замонасининг илғор фарзанди сифатида давр руҳини сезди ва ихтиёрини маълум даражада ҳукмрон мафкурага топширди. Янада тўғрироғи, бу таназзулнинг аввали сал илгарироқдан, дунёқараш бузилган, эътиқоднинг кенг ва равон йўллари қолиб, тор ва боши берк “миллийчилик” кўчаларига бош уриб кетилган онлардан бошланган эди.
Пайғамбарлар тарихи ва валий, улуғ зотларнинг ибратли ҳаётидан ҳикоя қилувчи номалар (“Мақталнома”, “Меърожнома”, “Жуҳуднома”, “Етимнома”, “Ғарибнома”, “Искандарнома” “Ахтамнома”), қиссалар (“Қиссаи Юсуф”, “Қиссаи Исмоил, “Қиссаи Марям”, “Қиссаи Иброҳим Адҳам”, “Қиссаи Ёсин”, “Қиссаи Увайс Қараний”, “Қиссаи Муҳаммад Ҳанафий”), ҳикоятлар (“Иброҳим Зуфунун ҳикояти”, “Биби Фотима ҳикояти”, “Ғавсул аъзам ҳикояти”), достонлар (“Мавлудун набий”, “Ҳидоятун набий”  “Роҳати дил”, “Юсуф ва Зулайҳо”)  композицион жиҳатдан содда,  ифода рамзлардан холи ва бир қатламли, тили ғариб ва баён услубига қурилганлиги ҳам Фитратни бундай асарлар хусусида кескинроқ фикр айтишга ундаган.
Маълумки, даҳрий тузумнинг илк паллалариданоқ ақида сифатида шаклланган қараш, яъни адабиётни бир-бирига тескари икки қутбга – дунёвий ва диний адабиётга ажратиш ғояси ҳукмрон эди. Аслида, ўтмиш адабий меросимизда, у – юқорида санаганимиз тарихий достон типидаги нома, қисса, ҳикоятлар бўладими ёки Хоразмий, Атоий, Саккокий, Лутфий, Навоий, Фузулийларнинг ғазал, рубоий, маснавий, қитъа каби жанрларда битилган асарлари бўладими, ҳар иккаласида  ҳам асос – ғоявий пойдевор битта – соғлом эътиқод тарғиби (фарқи – аввалгисида мақсад очиқ, шунинг учун ҳам оддий, оммавий; кейингисида мақсад рамзларга ўралган, шунинг учун сирли, жозибали ва хосроқ). Адабиётимиз тарихида номлари маълум ва номаълум ижодкорларнинг барчаси иқтидоридан қатъи назар шу мақсад йўлида қалам тебратган ва улардан бадиий юксак савиядаги асарлар билан бирга, гоҳ ўртамиёна, баъзан эса ундан ҳам қуйи даражадаги адабий мерос қолган. Шу ўринда Қудома ибн Жаъфарнинг шеър таърифида айтган фикрининг давомини  келтирсак: “Юксак ва паст чегара ўртасидаги ҳудуд ўртамиёналик (وحدود بينهما تسمى الوسائط) дейилади. Ҳар бир ижодкор ўзининг ижодий маҳсули юксак чегарада бўлишини мақсад қилади. Агар шеър санъатида ўша даражага етиш қуввати унда бўлса, бундай ижодкор ўз ишининг ҳақиқий устаси (حاذقاً تام الحذق) деб аталади. Агар санъатини намойиш қилиш иқтидори ўша чегарага етмаса, бундай ижодкор юксак даражага қанчалик яқин ёки узоқлигига кўра баҳоланади. Гарчи у назмда ҳозиқлигини намоён қила олмаган бўлса ҳам, унинг ижоди шеър саналади. Чунки у юксак даражага интилиб, шеър табиати талаб қиладиган санъатларни қўллаган. Бундан ҳам паст чегарадагилар санъати заиф шоирлардир”.9
Энди  Яссавий ҳикматлари, Боқирғон китоби, Вафоийнинг мусулмон одоби ҳақида савол-жавоб тарзида ёзган ўттиз бобдан иборат “Равнақул ислом” достони, Навоийнинг Ислом арконларига оид “Сирожул муслимин” ва Бобурнинг “Мубаййин” асарлари, Сўфи Оллоёрнинг ақида ва фиқҳ масалаларига доир манзумалари, Мир Ҳайдархон ибн Суннатуллоҳнинг “Ақидайи назмий” асари, Абдураҳмон Низорийнинг “Даҳрун нажот” каби асарлари одатга кўра, назмда эмас, балки  илмий услуб(наср)да ёзилиши керак эди. Лекин бу муаллифлар нега айнан назмни танлашди? Гап фақат уларнинг олимликдан кўра шоирликка мойилликларидами ёки бошқа сабаблар ҳам борми?.


Ҳазрати Алишер Навоий: Бўлмаса иъжоз мақомида назм, Бўлмас эди Тенгри каломида назм – деб бежиз айтмаган.  Тафаккур эгалари барча замонларда ўзини ва атрофини ўраб турган борлиқни англашга интилган. Илоҳий Калом бундай фаол, маънавий соғлом инсонлар учун доимо илҳом манбаи бўлган. Маънавий меросимиз тарихига назар солиб, назмий ифода йўли нафақат адабиёт, шунингдек фалакиёт, кимё, алжабр, фиқҳ, усули фиқҳ, фаройиз, ақоид каби илм эгаларидан айримларининг ҳам ўз соҳалари доирасида билганларини билдириш, тажрибаларни оммалаштириш шаклларидан бири сифатида хизмат қилганини кўрамиз. Негаки, уларнинг фикрлаш тарзи Қуръоннинг бетакрор фасоҳати ва балоғати завқида шаклланган. Аниқ фанлар бўйича қилинадиган изланишларда кечадиган жиддий ва машаққатли  илм заҳматларига қарамай, бутун фаолият давомида бу завқ, бу соғинчнинг йўқолмагани, билъакс, таъсирланиш бор бўйи билан юзага чиқиб, қаламнинг назмга бурилиб кетиш сабаби  балки шу хусусият билан изоҳланар.
Табиийки, шеър ҳақиқий санъат асарига айланиши учун табъи назмнинг ўзи кифоя эмас. Бу мураккаб жараёнда адабий таълимнинг аҳамияти катта. Тўғрироғи, асарнинг бадиий савиясини айни таълим белгилайди, дейилса, муболаға бўлмайди. Ҳатто баъзи шоирлар адаб илмини икки олам саодатига эришишнинг сабаби сифатида таъриф этганлар:
Адаб сарриштасин тутқил, адабдин яхши роз ўлмаз,
Адабсиз икки оламда, билингким, сарафроз ўлмаз .

Шарқда адабиётни ихтисос сифатида ихтиёр этган ҳар бир ижодкордан адаб илмларидан хабардор бўлиш тақозо қилинган. Абдулқодир Бағдодийнинг “Хизанатул адаб” китобида келтирилишича, Андалусий адаб илмларини олтига ажратган: луғат илми, сарф илми, наҳв илми, маоний илми, баён илми, бадиъ илми. Қалқашандий “Сабҳул аъшо” асарида адаб илмларининг ўнтасини санаган: илмул луғат, илмут тасорруф, илмун наҳв, илмул маоний, илмул баён, илмул бадиъ, илмул аруз, илмул қавофий, илмул қавонинил хат, қавонинил қироат. “Мўъжамул васит” луғатида адаб илмларининг ўн икки тури қайд этилган: луғат, сарф, иштиқоқ, наҳв, маоний, баён, бадиъ, аруз, қофия, хат, иншо, муҳозара. Академик Алийбек Рустамов келтирган адабий илмлар таснифи ҳам юқоридаги таркибга яқин: луғат илми, сарф илми, иштиқоқ илми, наҳв илми, маоний илми, баён илми, аруз илми, қофия илми, иншо илми, шеър фарзи, муҳозара, расмул хат. Олимнинг таъкидлашича, буларнинг аввалги саккизтаси усул, яъни адабий илмларнинг асосийлари, кейинги тўрттаси фуруъ, яъни адабий илмларнинг амалий тармоқлари ҳисобланади.10 Адаб илмларини бугунги тушунчалар билан қуйидагича изоҳлаш мумкин:
луғат– тилнинг луғавий бирликлари(лексема) ҳақидаги илм;
сарф– сўзнинг ўзгариши ҳақидаги илм (морфология);
наҳв – сўзларнинг гапдаги таркиб қоидалари ҳақидаги илм (синтаксис);
иштиқоқ – сўз ясалиши ҳақидаги илм (деривация);
маоний – калом(гап)нинг ҳол талабига мослиги ҳақидаги илм;
баён – ифода йўллари ҳақидаги илм;
аруз – шеър вазнлари ҳақидаги илм;
қофия – мисраларни ҳамоҳанг тугатиш ҳақидаги илм;
иншо –  мактуб, рисола ва ҳужжатлар ёзиш қоидалари;
шеър фарзи (ёки шеър нақди) – шеърга баҳо бериш илми;
муҳозара – тарихий воқеа ва ривоятларни, салафларнинг ҳикматли сўз ва асарларидан ўз ўрнида фойдалана билиш илми;
расмул хат – ёзув санъати, ҳарф шакллари ва имло қоидалари ҳақидаги илм.
Мазкур илмларни ҳам назарий, ҳам амалий эгаллаган олимлар “адиб” номини олган. Айни маънодаги адиблар ижодида хослик хусусияти етакчи бўлиб, улар ғоявий-эстетик идеалини инкишоф этарак, бутунни қисмларга ажратиш ва ҳар бир қисмни бутун сифатида талқин этиш йўлидан борганлар. Шунинг учун ҳам бундай ижод намуналарининг бадиияти юксак, ҳатто иъжоз мақомига кўтарилган. Илҳом эҳтиёжидан эмас, кўпроқ бурч мажбурияти остида битилган “Сирожул муслимин”, “Мубаййин”, “Қасидайи аъмолий” каби асарларда эса мақсадни яхлит, бир бутун тизимда бериш йўли тутилган ва гарчи бадиийликдан бир қадар бой берилса-да, асарнинг оммавийлиги таъминланган. Шу ўлчовга кўра бу икки хил эҳтиёж туфайли туғилган асарларни солиштирилса, аввалгиси кейингисидан адабийроқ. Айни қиёс орқали турли даврда яшаб, турли ижтимоий муҳитда шаклланган адибларнинг ёхуд битта ижодкорнинг турли асарларига нисбатан адиблик салоҳиятида нозик даражаланиш мавжудлиги ва бу даражаланишнинг мезони шаклан ва мазмунан бутун бўлган ижод маҳсулига нисбатан олингандагина ҳаққоний ва адолатли бўлиши англашилади. Кенгроқ қаралса, адабиёт тушунчаси ҳар икки ижод маҳсулига баробар, бамисоли, қўл тушунчаси панжанинг ҳар бармоғига баробар бўлганидек. Негаки, бармоқлар шаклда хилма-хил бўлгани билан ҳаммаси битта мақсадда бирлашади, ягона мақсадга хизмат қилади.
Мақола аввалида шакл ва мазмуннинг ажралмас бутунлик эканлигини таъкидлаган ҳолда  тарбия – адабиётнинг мазмунига, гўзаллик – шаклига хос хусусият дейилган эди. Мана шу икки жиҳатни ўзида уйғунлаштира олган асар чинакам адабий манбага айланади. Инсон табиатан гўзалликни суювчи,  айни пайтда тарбияга муҳтож хилқат. Шунинг учун ҳам адабиёт кишилик жамиятининг ҳамма даврларида замонавий, ҳамма даврларда бирламчи эътибордаги ҳодисадир.

   ijod.uz  сайти

- - -


< Orqaga qaytish