Мақола


Marta o'qildi

"Бугун Урганч Матназар акасиз бошқача, нотабиий бир жимликка шўнғиган". Гўзалбегим.

Мен Хоразмда туғилмаганимда қаерлик бўлардим, деган савол ўйга толдиради гоҳида. Отам Онамни учратмаганида, Онам ўзининг гўзал Идил мавжларининг товшини Жайҳуннинг паҳлавон мусиқий садоларига алишмаганида нима рўй берарди? Албатта, булар аҳён-аҳёнда хаёлларимни бир жимирлатиб ўтадиган сўроқлар, холос. Худога шукрки, мен хоразмлик бўлиб кўз очганман, янаям шукрки, Отам ҳам, Онам ҳам бир умр шу юртни Ватан билиб яшаб ўтдилар.
Хоразм бу – Отамнинг, Онамнинг ва Устозим Матназар Абдулҳакимнинг тупроғини ҳеч вақт ташлаб кетолмайдиган муборак қўнимгоҳлари. Хоразм бу – тўрт фасли ҳам шаҳду шижоатли, сермуҳаббат, юракларга ишқ туморини қадаб қўйгувчи диёр. 
Мен Устознинг илк суҳбатларидан сўнг Хоразмни юрагимнинг тўртта томони билан кашф этганман. Сўзни, асл маънодаги адабиётни ва инсон деган вужуднинг ичида қўним топган жуда кўп эзгу ва ноэзгу тушунчаларни Урганчнинг Тинчлик кўчасидаги ўша камтаргина иш кабинети гувоҳлигида тамоман бошқа томондан кўра бошлаганман. Ўзимни, туйғуларимни қаттиққўл муҳаррир бўлиб таҳрир қилишга киришганман.


Ҳа, ростлик билан учрашганимда жуда ёш қизалоқ эдим. Кўзойнагим йўқ эди. Шу боис жуда кўп тушунчаларни, турфа рангларни Матназар аканинг кўзи билан кўришга одатландим. Ичимда ўзим англаб – англамаган “Бу кўзлар мени адаштирмайди” деган мантиқий ва ҳиссий тўхтам бор эди. Ана шундай Матназар ака туҳфа этган ботиний кўзойнакдан сўнг мен чинакамига яшашни бошлаганман. Агар инсон нафас олишни бошқа бир инсондан ўрганиши мумкин дейишса, мен бу табиий заруратни Матназар акадан ўрганганман деган бўлардим.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлимининг олдинги биноси жойлашган Урганч шаҳри Тинчлик кўчаси 47 уйга борадиган кунларим мен учун чинакам байрамга айланарди. Чунончи у ерда мени ҳамма эзгу тушунчалар жамулжам бўлиб кутарди: меҳр, муҳаббат, ҳайрат, титроқ, камтарлик, жонфидолик ва дунёдан, ҳаётдан бетаъма бўлган Шеър ишқи, адл Сўз хумори! Суҳбатларда Матназар ака жуда ҳам ўзига ўхшаб кетадиган китоб жавонидан “Лайли ва Мажнун”ни олиб ундан мисралар ўқиса, мен бир неча кун мобайнида Лайлига эврилиб, томирларимда қоврилардим. Бедилдан шеърлар ўқиса маржонга айланар, “Эллада” ҳақида мушоҳада қилса, асар қаҳрамони бўлган кичкина болакайга эврилиб, кўксимдаги Ватанни қутқариб қолар, Карл Юнг ё Зигмунд Фрейд асарлари ҳақида фикрласа, шулардаги хоҳлаган бир бир предмет, дейлик соябонга дўниб, ҳамманинг миясини бўлмағур фикрлардан муҳофаза қилишга тушардим.
“Бундай қилма эмас, бундай бўлма”, деб ёзарди Устоз мактубларида. Шунингдек, ҳар битта мактубнинг энг охирида “Қаттиқ ишла(ймиз)!” деган иловалар бўларди. Мен дунёга, инсонга, ҳаётга Матназар аканинг юраги орқали қарашни хоҳлардим. “Бундай фикр юритсам, Матназар ака қандай қабул қилган бўларди?”, “Бу тахлит ишласам, Матназар ака нима дерди?”, “Дейлик, бирор бир кўнгилсизликкка учраганда Устоз бу чоҳлардан қандай чиқиб кетган бўларди?”. Хуллас, Миср эҳромлари каби бир-бирини такрорламайдиган пирамидалар пайдо бўлди ичимда. Уларнинг ҳар бирига Матназар Абдулҳаким деб ёзиб қўйилган эди. 


 Мен Москвада Максим Горький номидаги Адабиёт институти қошида ташкил этилган Олий Адабиёт институтида таҳсил олдим. Ўтган йили Американинг Халқаро Адабиёт шаҳри деб эълон қилинган Айовада 35 мамлакатдан йиғилган шоир-ёзувчилар ичида Матназар Абдулҳаким шеърияти хусусида маърузалар қилдим. Бир неча Халқаро адабий фестивалларда иштирок этдим. Шуни ёруғ эътироф ва мажнуна меҳр билан айтмоқчиманки, ҳали Устоздай олимни, Матназар Абдулҳакимдай шоирни учратганимча йўқ. Айованинг муҳташам залларидан бирида Устознинг “Битта ёмон китобга қарши битта яхши китоб ёзиб курашмоқ лозим” деган ҳикматли сўзларини айтгандаги қийқириқли қарсаклар уммонорти китобхонининг асл сўз учун олқишлари эди. Мени тақдир Матназар Абдулҳакимдай Устоз билан сийлагани учун ўз қисматимнинг кўзларига миннатдор тикиламан бугун. Хоразм саҳроларининг ҳарорати қадар бир юрак ҳовур билан Устоз руҳларига таъзим қиламан.
Кунларнинг бирида Матназар ака шундай деб қолди: тасаввур қил, Мавлоно Румий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Навоий ҳазратлари давра қуриб ўтиришибди. Мавлоно Румий билан югуриб бориб қўл бериб кўришардим, Мирзо Бедил билан қўл бериб сўрашардим, Навоий ҳазрат билан сўрашишга йўқ, юрагим бетламаган бўларди... Устоздан ана шу тарзда, мулоҳазани, муносабатни, муқоясини ўргандим. Ўз юрагингдай бўлиб яшаш нималигини, туйғуларингга, ҳисларингга муносиб бўлмоқ таҳсилини олдим. 
Ичимда ҳайкаллар хиёбони бор. Бунда меҳрнинг, муҳаббатнинг, ҳайратнинг, ҳақиқатнинг ва бошқа энг эзгу фазилатларнинг ҳайкаллари бор. Менинг буюк меъмордан миннатдор бўлганим, у вақт шамолларида эскирадиган ҳайкалларни менинг ботинимга раво кўрмади. Томирларимни Адабиёт деб аталган тирикликка улаб қўйди. 
Бугун Урганч Матназар акасиз бошқача, нотабиий бир жимликка шўнғиган. Ҳар гал Устоз қабрини зиёрат қилар эканман, Хоразм осмонига бўй чўзган Адабиёт дарахтлари бироз мунғайгандек туюлади. Бироқ бу дарахтлар албатта бир гўзал “шивирлайдилар”. Шоирнинг “Бир япроқ қолмабди шивирлайтурғон” деган ўкинчлари фақат китобларда қолгуси... 
Устоздан гўзал бир адабий муҳит, шеърни, Сўзни юракларига тумор қиладиган соғлом маънода матназарпараст шогирдлар қолди. Зеро, биз кафтни кафтга ишқаб эмас, қаламни юракка суриб шеърлар ёзамиз, полвон Сўз айтишга чоғланамиз. Қаламларида булбуллар чаҳ-чаҳлаётган ҳамюрт шоирларимнинг ҳар бирига меҳрим баланд. Зеро, “Арслонлар қўрққувчи китоблар”ни ёзган бу халқдан абадиятни уйғотадиган шоирлар, ёзувчилар чиқишига ишонаман, қаттиқ ишонаман.
Юқорида “Мен хоразмлик бўлмаганимда нима бўларди?”, деган саволни қўйдим. Ўйлаб кўрсам, бу у қадар ваҳимали эмас. Бироқ агар Матназар ака Хоразмда туғилмаганида нима юз берган бўларди? Бу албатта жуда улкан бир бўшлиқ бўларди. Мукаммал бир йўқликни яратарди. Ғовак юракларимиз билан “Адабиёт” деб унвон олган “ғимир”у жимирлар орасида қолиб кетишга маҳкум бўлардик, эҳтимол. 
Худога шукрки, биз Матназар Абдулҳакими бор хоразмликлармиз....
Гўзал Бегим,
20 февраль 2017 йил Лабзак даҳаси

- - -


< Orqaga qaytish