Тасвирий санъат

Шуҳат Бабажонга очиқ хат.  Нодир Норматов


Marta o'qildi

Шуҳат Бабажонга очиқ хат. Нодир Норматов

Таниқли ёзувчи ва санъатшунос  Нодир Норматов 1950 йил 24 декабрда Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг Пошхурт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1972). Дастлабки китоби — «Кўҳитанг ҳикоялари» (1977). Ёзувчининг «Жазо» (1981), «Исмоил тоғанинг тарозиси» (1982), «Жарликдан қушлар учди», «Бисот» (1986), «Дарахт тагидаги одам» (1988), «Камалак яшайдиган уй» (1990) каби асарлари, «Баригал» (1991) романи нашр этилган. «Шарқ миниатюралари мактаблари» китоби муаллифларидан бири.
Унинг «Томоша» кўғирчоқ песаси Жиззах кўғирчоқ театри жамоаси томонидан инглиз тилида Американинг Ню-Ёрк, Ню-Жерси каби штатларида намойиш этилган. «Омонхона мўъжизаси», «Беҳзод ворислари», «Бешик» (2005) ҳамда «Малик Набиев», «Чингиз Ахмаров», «Пошхуртнинг олтин пойдеворлари» (2006), «Бойсунлик Гюген» (2007) каби ҳужжатли филмлар стсенарийси ва матнини ёзган. К. Паустовскийнинг «Исаак Левитан», Нозим Ҳикматнинг «Ломакон» сингари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Сизнинг “Расм дарслари” туркумидаги “Расм кўрилади, мусиқа тингланади» деган мақолангизда “Ўзбекистон санъати” деган журналда Нодир Норматов бошчилигидаги адабиëтчилар рассом чизган расмни “тушунтириб” мақола қилиб беришар эди. “Мен бу расмдаги деҳқон кўзларида дард кўрдим¸ фалон кўрдим писмадон кўрдим” деган гаплардан энсаларим қотар эди”, деб ёзганингизни ўқиб қолдим. Унинг менга бир фойдали томони бўлди, яъни ўша журналда ишлаган давримга (1977- 81 йиллар) оид нашр сонларини қайта кўриб чиқдим. Бу сонларда сиз даъво қилаётган адабиётчилардан фақат икки киши — Хуршид Даврон, Зоҳир Аъламлар Исфандиёр Ҳайдар ва Омон Азиз ҳақида мақола ёзишган экан (Хуршид Давроннинг  «Мусаввир бўлмоқ эрсанг…» эссесини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин). Бу икки мақола ҳам бош муҳаррир томонидан буюртма берилиб, менинг бўлимим орқали нашрга тайёрланмаган. Буни сиз керакли кишилардан сўраб-суриштиришингиз мумкин. Аммо “Камалакнинг ранги етти” рукни остида Микеланжело, Пикассо, Александр Волков, Жуброн Халил Жуброн каби ҳайкалтарош ва рассомларнинг шеъриятини, насрий асарларини Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Муҳаммад Раҳмон, Гавҳар Норматова каби шоирлар ва адабиётшуносларга таржима қилдиртирганим рост. Қолаверса, ёзувчи ва шоирларнинг аксарияти жаҳон тасвирий санъати намояндалари ҳақида кўплаб китоб ва рисолалар, мақола ва эсселар ёзишган. Масалан, Поль Валери, Аполлинер, Ж. П. Элюар, Луи Арагон, Жан Кокто, Пабло Неруда, Рафаэль Альберти, В. Маяковский, Макс Жакоб, Илья Эренбург, Константин Паустовский, Савва Дангулов каби кўплаб машҳур сўз усталари рассомлар ҳақида, бу соҳанинг нозик қирралари ҳақида ажойиб асарлар ёзишган.

Сиз номимни адабиётчилар қаторига қўшар экансиз, бундан хурсандман, аммо мен ТошДУнинг журналистика факультетини тугатганман ҳамда Санъатшунослик илмий- тадқиқот институтига тасвирий ва амалий санъат бўйича имтиҳон топшириб, уч йил аспирантурасида ўқиганман. Буни санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов тасдиқлаши мумкин. Қолаберса, мен сизга бундай ҳисобот беришимдан мақсад, сизни чалкаш фикрлардан фориғ этишдир. Агар ўша мен ишлаган даврдаги журнал сонларини қайта кўздан кечирсангиз, бир нарсага амин бўласиз: у ўша пайтлар учун маърифий вазифасини бажарган. Ўша давр нуқтаи назаридан олганда, журъатли ишлар қилинган, ҳатто Москва нашрларида ёритиш ман қилинган турли хил оқимларга мансуб қатор рассомлар ижодини, масалан, айтайлик, абстрактционизм вакили Василий Кандинский асарларини ўша журналда берганмиз. Журнални мафкура бўйича назорат қилувчи Марказқўм мулозими Барот Бойқобилов шу масалада дашном берганида, мен Москва нашрларида бундай мақолалар эмин-эркин берилаётгалигини рўкач қилиб, ёлғон гапирганман. Ўшанда рассом Бахтиёр Бобоев ниятимни тушуниб, мени қўллаб-қувватлаган. Журналда тасвирий санъат ҳақида санъатшунослар, рассомлар, ҳайкалтарошларнинг мақолалари мунтазам эълон қилиниб бориларди. Ўшанда бундай мақолаларни ўз қўли билан ёзиб келишган Шуҳрат Абдурашидов, Алишер Мирзаев, Абдумўмин Бойматов, Янис Салпинкиди, Валерий Волков, Абдулҳақ Абдуллаев, Рўзи Чориев, Бахтиёр Бобоев каби қатор ижодкорларни, аксарияти русийзабон бўлган санъатшуносларни эслаш мумкин.

Ўша даврда журнал оммавий равишда ўзбек хонадонига кириб борди десам муболаға бўлмайди. Унинг чоп этилиши адади юз мингдан ошиб кетган пайтлар бўлди. Унинг обунаси ҳеч бир мажбурий бўлган эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. (Ҳозирги кунда нашрларнинг ниҳоятда кўплиги, интерет журналларнинг хилма хиллиги мавжудлиги сабаб, соҳа журналлари адади камайиб кетган). Аммо у журнал мутахассисларга мўлжалланган эмас эди, оммабоп, халлқа тушунарли тилда ёзилиши назарга олинарди, шу боис ҳам халқ ичига кириб борди. Биз ҳали ўрганилмаган Шарқшунослик институти ва бошқа жойларда сақланаётган қўлёзмалардаги миниатюрларни излаб топиб, мунтазам эълон қилдирдик, мутахассисларга шарҳлаттирдик, Шарқ миниатюралари мактаблари бўйича санъатшунослар, шарқшунослар, миниатюрачи рассомларимизга мақолалар ёздирдик. Жаҳоннинг буюк рассомлари ҳақида мутахассисларнинг, рассомларнинг мақолалари бериб борилди, сиз айтаётган адабиётчиларнинг эмас. Агар бирортаси сиз айтгандек, “Мен бу расмдаги деҳқон кўзларида дард кўрдим¸ фалон кўрдим писмадон кўрдим” деган бўлса ҳам, бу унчалик айб эмас, кўрса кўрибди-да.

Ўша даврда сиз каби бўлажак рассомларнинг қўлидан шу журнал тушмас эди, ҳар бир сонини интиқиб кутар эди. Унинг энг прогрессив нашр бўлганлигини холису нохолис зиёлилар ҳам, пешқадам рассомлару маданият ва сиёсат арбобларигача тан олишган эди. Шунинг учун сизнинг даъволарингиз пуч. Мен “Журналдаги барча мақолалар юксак савияда бўлган эди” деб даъво қилмайман, бунинг сира иложи йўқ ҳам. Чунки биз идеал деб билган барча нашрларда ҳам бу нуқсон учрайди. Аммо сиз журнал имкониятини, ўша давр, муҳитини ҳисобга олишни унутманг. Айтайлик, ўша пайтларда энсангизни қотирган мақолаларга дуч келган экансиз, нима учун таҳририятга икки энлик хат ёзиб юбормадингиз? Энди эса …орқага қараб сийманг-да… Бунинг ўрнига (сизга бир бепул маслаҳат) ўз ижодингиз устида ишлаб, Европада ва бошқа мамлакатларда шахсий кўргазмаларингизни намойиш этсангиз, мухлисларни қувонтирган бўлардингиз. Хориждаги ватандош рассомларимизнинг баъзилари мана шундай кўргазмалар қилаётганларини эшитиб, ўқиб турибмиз. Сизга далилларни билмасдан, яхши ўрганмасдан туриб, “Қоронғу уйга тош отаман, тегса тегади, тегмаса тегмайди” қабилида иш тутиш, иштон бити бўлиш ярашмайди. Ҳарқалай, ижодкор деган номингиз бор, рассом сифатида ҳам яратган илк ижодингизни яхши эслаймиз. Феълни кенг қилиб, ижод қилиш барчамиз учун ҳам фойдали деб ўйлайман.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish