Энг сара асарлар

Жаҳонга улкан қадам.         Зулҳумор Мирзаева


Marta o'qildi

Жаҳонга улкан қадам. Зулҳумор Мирзаева

Ҳамманинг кўнглини бирдек тўлқинлантирган мазкур фармон нафақат соҳа мутахассислари, балки бутун халқимиз учун ҳам ажойиб хушхабар бўлди. Ушбу фармон келгусида, аввало, миллий тил ва адабиётнинг жаҳон миқёсидаги ривожи ҳамда тараққиётига замин бўлса, иккинчи тарафдан, сўз санъатимизнинг дунё миқёсидаги мавқеини кучайтиришга, хориж китобхонларини ўзбек адабиётининг асл дурдоналаридан  имкон қадар кўпроқ баҳраманд этишга жуда катта рағбат беради. Зотан  тил, адабиёт  халқ ва миллатнинг гўзал маданияти, анъаналари ва тафаккур кучини намоён этувчи ойнадир.

Мен илмий сафарлар чоғида хорижлик шарқшунослар, таржимонлар билан учрашувлар, суҳбатларда таржима қилишга арзийдиган, жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олишга муносиб кўплаб миллий сўз санъатимиз намуналари мавжудлигига иқрор бўлардим. Шу ўринда қабул қилинган фармоннинг муҳимлигини тасдиқловчи яна бир ҳолат ҳақида  эслаб ўтишни истардим. Ўзбек ҳикояларидан айрим намуналарнинг хориждаги нашрини таъминлаш орзусида америкалик таржимон ва олима, Нью-Йорк университети профессори Анна Олдфилдни ҳамкорликка таклиф қилдим. Чунки таржима асарларининг хориждаги мукаммал нашрини тайёрлаш муайян тил эгалари ёрдамисиз бироз мушкул масала. Дастлаб Анна хоним ўзбек адабиётидан яхши хабардор бўлмагани учун лойиҳанинг муваффақиятли чиқишига шубҳа қилди.  Кейин мен ХХ аср  ва замонавий ўзбек адабиётидан айрим ҳикояларни таржима қилиб, унга юбордим. Профессор Олдфилд мен таржима қилиб юборган бадиий асарлардан таъсирлангани ва ҳамкорликка сидқидилдан  розилиги ҳақида хабар берди. Таржимон олима “Мен ўзбек адабиётида бундай кучли, бетакрор мазмун-моҳиятга эга асарлар борлигидан бехабар эканман”, дея мендан ҳатто узр ҳам сўраган эди. Ҳозир таржималар дастлабки тақризлардан муваффақиятли ўтди. Умид қиламанки, ўзбек адабиётининг гўзал намуналари тез орада Америкада нашр этилиб,  китобхонлар қўлига етиб боради…

Мен бу биргина мисол билан бугун ўзбек адабиёти намуналарининг хорижий тилларга таржималари, тарғиб ва ташвиқотига оид жараёнлар Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қанчалик муҳим  ва долзарб эканлигининг амалий тасдиғи эканини айтмоқчиман. Адабий алоқалар доирасида олиб бораётган тажрибаларга таяниб, мазкур фармон  нафақат ўзбек халқи, балки  хорижлик адабиётимиз мухлислари, тадқиқотчилар учун ҳам қувонч­ли хабар, дея оламан. Зеро, уларнинг ўзбек адабиёти намуналарини ўз тилларида ўқиш, миллий адабиётимизда акс этган халқимиз тарихи, маданияти, урф-одатларидан баҳраманд  бўлиш иштиёқи кундан-кунга ортиб бораётир.

Умид қиламизки, янги ташкил этилган  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига муносиб кадрлар, талабалар жалб этилади ва муҳтарам Президентимизнинг фармонида кўзда тутилган улуғ мақсадлар шак-шубҳасиз ўзининг ижобий натижаларини беради.

 

Зулхумор  МИРЗАЕВА,

филология  фанлари номзоди

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

- - -


< Orqaga qaytish